Сўз эркинлиги: ҳуқуқий кафолат ва масъулият

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

 

Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Асосий Қомусимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир.

Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган асосий Қонунимиз жаҳон меъзонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатади. Бу мазмундаги эътирофларга ўз-ўзидан сазовор бўлингани йўқ. Халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётган Конституциямиз инсон ҳаёти давомида дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Конституциямиз қабул қилингандан буён ўтган 30 йил Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қў­йилган халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган устувор тамойилларнинг нақадар тўғри эканлигини амалда исботлади. Айтиш жоизки, инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб белгиланган Конституциямизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган.

Амалдаги Конституциямиз мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг сиёсий қурилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, давлат ва фуқароларнинг, жамият тузилмаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларига оид масалаларни қамраб олди, барча соҳада эришилган ютуқларимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб келди. Лекин вақт деганлари югурик. Замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Буни ҳам ҳисобга олишимиз шарт, албатта. Асосий қонунимизни амалга оширилаётган ислоҳотларга, жамиятдаги реал воқеликка, юртдошларимизнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларга, ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириш ҳаё­тий зарурат ҳисобланади.

Агарда бу борада дунё тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги 30 йилликда 90 га яқин давлатда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, улардан 53 тасида янги конс­титуциялар қабул қилинган.

Хўш, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар нима учун керак ва бу ислоҳотлар мазмун-мо­ҳиятида қандай мақсадлар мужассам, деган савол туғилиши табиий.

Эътироф этиш жоизки, бугун келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда Конс­титуция тамойиллари асосида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллаши каби мақсадлар мужассам.

Хусусан, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш – Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси еттинчи йўналишининг дастлабки ва муҳим мақсади сифатида белгиланган. Бундан шуни англаш мумкин: биз яшаётган глобаллашув ва ахборот асрида ҳаётимиз, жамият тараққиёти, мамлакат равнақи замонавий медиамакон ва ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Албатта, мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳалар қаторида Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати учун ҳам ўзига хос ўзгаришлар даври бўлди. Ўзбекистон Давлат мустақиллигига эришган 1991 йилдан 2002 йилгача соҳага тегишли бўлган 5 та яхлит қонун қабул қилинган бўлиб, кейинги давр­­да бу қонунчилик босқичма-босқич такомиллашиб келмоқда. Кейинги 6 йил ичида ОАВ сонининг 30 фоизга ошиб, интернет нашрлари эса 2 баробарга кўпайгани юқорида айтилган фикримизнинг яққол далилидир. Бу ўринда, айниқса, хусусий медиа ҳиссаси салмоғи янада ортгани, уларда мавжуд муаммолар эркин ва очиқ тарзда ёритилаётгани эътиборга моликдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари орқали объектив ва ҳаққоний маълумот олиш имкониятлари янада кенгайиб, сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани юртимизда демократиянинг барча тамойилларига амал қилинаётганлигини кўрсатмоқда. Зеро, демократия давлатнинг ОАВга бўлган эътибори ва муносабати билан ҳам ўлчанади.

Техника ва технологиялар тараққиёти жамиятда ахборотнинг аҳамиятини янада оширди. Ахборот барча соҳага чуқур кириб боргани, инсон ва жамият ҳаётига таъсири мисли кўрилмаган даражада ортгани, ўз навбатида, уларни тартибга солиш заруратини ҳам юзага келтирди.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқини янада кенгроқ рўёбга чиқариш учун имкон яратиш, ОАВларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фао­лияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда   жамият ва давлат бошқарувини танқидга, айниқса, қарама-қарши фикрларга тўғри муносабатни шакл­лантиришда сўз эркинлиги учун холис хизмат қиладиган ахборот воситалари ҳамда унда фаолият юритиб келаётган журналистлар учун, авваламбор, конституциявий кафолатлар жуда муҳим.

Умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган янги Конституциявий қонун лойиҳасининг 67-моддасида: “Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди” деган норма ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Бунинг эътибор ва эътирофга лойиқ томони шундаки, давлат ОАВ ҳамда Ўзбекистоннинг тараққиёти ва халқнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш йўлида ўз фаолияти билан улкан ҳисса қўшиб келаётган журналистлар фаолиятининг эркинлигини қонун йўли билан ҳимояланишини давлатнинг асосий қонуни билан кафолатлашни таъминламоқда.

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари таж­рибасига кўра, сўз ва матбуот эркинлигини таъминламай туриб, иқтисодий ривожланишга эришиш ҳам, жамият аъзоларининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳам оғир кечади. Агар Ўзбекистон Респуб­ликасининг амалдаги Конституцияси 67-моддасига чуқурроқ назар ташласак, ушбу моддада ОАВ ҳамда журналистларнинг ўз касбий фаолиятини эркин амалга ошириши учун зарур ва етарли кафолатлар белгиланмаганлигига амин бўлиш мумкин. Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги моддада эса, айнан ана шу “бўшлиқ” тўлдирилиб, ОАВ ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, 67-моддада “Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган норма мавжуд.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июнда қабул қилган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бундай имкониятлар медиа соҳаси вакилларидан мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ҳар қачонгидан ҳам фаол, холис, ҳалол ва ўта масъулиятли бўлишни талаб этмоқда.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижросини назорат қилиш ва   эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда камчилик­ларни очиқ-ойдин айта олишда жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли ортиб бормоқда.

Сўз эркинлиги конституциявий жиҳатдан кафолатланган жамиятларда, албатта, бу ҳуқуқдан фойдаланишнинг муайян тартибга солинган қонун-­қоидалари ҳам мавжуд: масалан, сўз ва ахборот эркинлигининг ҳуқуқий ҳимояси ахборотнинг мазмун-мундарижаси ва уни ифода этиш воситаларига, усулларига боғлиқ. Ахборот эркинлиги интернет ва замонавий ахборот технологиялари шароитида шахснинг бош­­қа ҳуқуқларига, хусусан, ҳар бир шахс­нинг инсоний қадр-қиммати ва шаъни билан боғлиқ, шахсий маълумотларнинг махфийлиги билан боғлиқ ҳуқуқларига зарар етказмаслиги керак.

Шу боис, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг 67-моддасида “Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир”, деган норма киритилгани соҳа вакилларининг ахборотни олиш, тўғрилигини текшириш ва тарқатиш борасидаги масъулиятини янада оширишга туртки бўлади, деб ўйлаймиз.

Конституциямизнинг 56- ва 67-моддаларига қўшимча тарзида киритилаётган, кенг жамоатчилик томонидан келиб тушган таклифлар асосида такомиллашаётган Конс­титуциявий қонун лойиҳасида белгиланган ҳуқуқий нормалар оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш ҳамда миллий журналистикамизни янада ривожлантириш, соҳа вакиллари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда янги имкониятларни очиш баробарида эл-юрт манфаати ва Янги Ўзбекистон тарақ­қиётига ҳам хизмат қилади.

Конституциявий ислоҳотлар жараёни журналистлар олдига шундай вазифаларни қўймоқдаки, Асосий қонунга киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимчаларни, энг аввало, журналистнинг ўзи чуқур англаши, ҳар жиҳатдан холисона таҳлил эта олиши зарур. Бу ўз навбатида, журналистнинг тайёрлаган материали орқали жамоатчилик эътиборига тўғри ва мукаммал ифодаланган ҳолда, ҳавола этилиши шарт.

Журналистиканинг асосий вазифаларидан бири – жамоатчилик фикрини шакллантириш, жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар моҳиятини аҳолига, ҳар бир шахсга тўғри тушунтиришдан иборат. Токи ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс конституциявий ислоҳотлар келажак учун муҳим эканлигини, таҳрир этилаётган ҳар бир норма, ҳар бир банд оддий бир инсон, фуқаро ҳаётида нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини тушуниб етсин.

Шубҳасиз, журналистлар жамиятнинг бош­қалардан кўра бир қадам олдинда юрадиган илғор вакиллари сифатида ўз миссияларини тўлиқ адо этаётган бўлишади. Айни ислоҳотлар жараёнида эса биз журналистлардан чиндан ҳам бошқалардан кўра бир қадам олдинда юриш талаб этилмоқда.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 9 =