Сўздан улкан боғ яратган ижодкор

Иброҳим Ғафуров таваллудининг 85 йиллиги

 

Маълумотларга кўра, асаларилар бир кило асал йиғиш учун учиб ўтадиган масофаси Ер шарини ўн марта айланиб чиқишга етар экан. У бир томчи шира йиғиш мақсадида мингдан ортиқ гулларга қўниб, нектарни сўриб бўлгач, ўзидан бир белги қолдираркан. Токи унинг шериклари ўша гулга қўниб, нектар излаб вақтлари кетмасин

Асалари олиб кетаётган нектарнинг оғирлиги танасининг учдан бирига тенг келиши эса, бу бир тонналик машина 300 килограмлик юкни олиб кетаяпти, деганидир. Ушбу ҳашарот нектарни олиб, инига қайтар экан, йўлда нектарни асалга айлантириш бўйича ўта мураккаб кимёвий амалиётларни бажаради. Уясига етиб боргач, қайта ишлов берилган маҳсулот яна қайта ишланиб, соф асал ҳолига келтирилади.

…Иброҳим Ғафуров ҳақида сўз кетганда бу ижодкорни беихтиёр асаларига қиёслагимиз келаверади. Бу бежиз эмас, албатта. Асалари қандай меҳнаткаш, меҳнаткаш бўлганда ҳам фойдали меҳнаткаш бўлса, Иброҳим ака ҳам худди шундай заҳматкаш ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ тер тўкади. Энг муҳими, ҳар бир асари худди болдек кони фойда. Шунинг учун ҳам у Иброҳим Ғафуров бўлиб юзага чиқди. Ижодкорнинг асарлари, таржималари, эълон қилган долзарб мавзулардаги мақолаларини бир қур кўз ўнгидан ўтказган киши бу фикрга дарров қўшилади, қўшилмасдан бошқа иложи ҳам қолмайди. Асалари “виз-виз” учиб, тинмай бол йиғаётган боғ эса, шубҳасиз, сўздан бино бўлган адабиёт боғидир.

Дарҳақиқат, Иброҳим ака сўздан улкан боғ ярата олган ижодкор. Бугун ушбу боққа “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Унутилмаган боғ”, “Она юрт куйчиси”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-­яшил дарахт”, “Ўртоқ шоир”, “Юрак — аланга”, “Прозанинг шоири. Саид Аҳмад маҳорати”, “Лириканинг юраги”, “Шеърият — изланиш демак”, “Ўттиз йилнинг изҳори”, “Илтижо”, “Дил эркинлиги”, “Ҳаё — халоскор”, “Мангу латофат”, “Таржимонлик мутахассислигига кириш”, “Таржима назарияси”, “Қуръон таржималари: Тажрибалар”, “Ҳаёт — хаёл — хиёбони” деб аталган ифорли гулу райҳонлар ўзгача кўрк бўлиб турибди. Улар нафақат боққа фусун бағиш­лаган, айни чоғда бунга ташриф буюрган инсонлар баҳри дилини очиб, уларга ўзгача кайфият улашган, руҳан юксалишига илҳом берган.

Бу боғнинг бор бўйи, таровати шулардангина иборат эмас. Иқтидорли ва чин маънода меҳнаткаш ижодкор ўз боғига дунёнинг турли минтақаларидан нафис гулларни, ажиб манзарали дарахтларни келтириб ўтқазди, уларни маҳаллийлаштирди. Бугун уларни кўрган киши борки “булар Амириқо, Африко, Осиё ёхуд бош­­қа бир жойдан келтирилган”, деса сира ишонмайди, “булар ўзимизники-ку”, дейишади. Дарвоқе, шундай. Дунёдаги кўплаб нафис дурдоналар Иброҳим ака томонидан шунчалик моҳирлик билан ўгирилган, агар ўз сўзимиз билан айтадиган бўлсак, маҳаллийлаштирилганки, уларни мутолаа қилган киши аввал бош­­қа тилда ёзилиб, кейин ўзбекчага таржима қилинганига асло ишонмайди.

Бунинг далили қилиб Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, “Алвидо, қурол”, Паустовскийнинг “Олис йиллар”, Кожевниковнинг “Қилич ва қалқон”, Мирзо Иброҳимовнинг “Бўрон қуши”, Сулаймон Раҳимнинг “Моҳитобон”, Ги де Мопассаннинг “Азизим”, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, Нозим Ҳикматнинг “Сурур”, Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат”, “Чингизхоннинг оқ булути” номли улкан чинорларга қиёс этса бўладиган асарларини келтириш мумкин.

Эътиборлиси шундаки, санаб ўтилган мазкур асарларнинг барчаси рус тилидагисидан кўра ўқишли ва равонлиги билан ажралиб туради. Бу ҳам, албатта, ижодкорнинг улкан салоҳиятидан, моҳир таржимонлигидан дарак беради. Ушбу ҳақиқатни англаш учун мутахассис бўлиш шарт эмас, оддий ўқувчи ҳам мутолаа жараёнида дарров фарқлай олади.

Иброҳим ака профессионал мунаққид сифатидаги салмоқли фаолияти давомида кўп­лаб ёзувчи ва шоирлар асарларининг мазмун-моҳиятини, ютуқ ва камчиликларини ўз тафаккур призмасидан ўтказар экан, миллий адабиётшунослигимиз ҳам бир қадар ўсди. Янги назарий умумлашмалар, ёлқинли фикр ва қарашлар билан янада бойиди. Баъзан бир томонлама баҳо бериб келинган, догматик ёндашувлар парчаланиб, адабиётга чинакамига санъат сифатида, бадиият олами сифатида қараш кучайди. Энг муҳими, янги-янги истеъдодлар кашф этилди, уларга ажиб бир назокат билан, қалбларини оғритмайдиган мулойим усул ва услубларда панд-насиҳат берилди, юксак марраларга эришишнинг ойдин йўллари кўрсатилди.

Ижодкор адабий ва публицистик мақолаларида замонамизнинг энг долзарб муаммоларини қаламга олди. Шу орқали халқимизнинг миллий ўзликни англаши, азалий қадриятларни улуғлаши, Ватанга садоқат, умуминсоний ғоя­лар ва кечинмаларга ҳурмат билан қарашни шакллантириш, истиқлолнинг қадрига етиш ва уни асраб-авайлашдек эзгу ишларга камарбаста бўлди. Мисол учун, “Дил эркинлиги” китобига киритилган “Ҳужайрадаги сувратлар” мақоласида нафақат ўтган асрнинг 90-йилларида, балки бугунги кунимизда ҳам муҳим бўлган — ёшу қарини бирдек ўйлантирадиган масалалар ҳақида сўз юритади. Ўзбек халқининг тарихий тақдири ҳақида кенг ва очиқ мулоҳазалар билдиради. Инсон учун энг катта фожиа руҳан қарамлик, унинг ҳужайраларигача сингиб кетган қўрқоқлик, эзгинлик, қуллик психологияси эканлигини ҳаётий мисоллар, теран фикр­лар асосида очиб беради. Бу иллатларнинг пайдо бўлиш сабабларини, оқибатларини таҳлилдан ўтказади. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ижодига мурожаат қилиб, унинг “Юрагингда макон тутган қул”, “Диагноз”, “Савагич” шеърлари ва Матмуса образи айни мавзудаги бадиий умумлашмалар эканлигини қайд этади. Шоир тасвирлаган юракларни макон тутган қуллик, доим боши эгиклик, мутелик, ижтимоий оғир дард инсон, жамият ҳужайралари сувратлари эканлигини таъкидлайди. Бу асоратлардан бугунги илғор жаҳон цивилизацияси сари шитоб билан қадам ташлаш билангина халос бўла олишимизни урғулайди.

“Бизни ҳужайраларимиздаги ўтмиш асоратлар ва дардли эзгин сувратлардан фақат ва фақат цивилизациягина қутқаради. Бизнинг бир катта ютуғимиз бор. У ҳам бўлса, кўп нарсаларни ўзимиз учун қайта кашф қилишга вақт сарфлашимиз шарт эмас. Тайёр жаҳон тажрибаларини тез ва пишиқ ўзлаштиришнинг ўзи кифоя. Ўйлайманки, халқимизнинг идроки бунга етади”, дейди муаллиф.

Бу каби дадил фикрлар, теран мушоҳадалар ўқувчини мулоҳаза қилишга ундайди. Идрокига собиқ тузим даврида сингиб кетган ва ундан мустақилликдан кейин ҳам қутула олмаётган қуллик, лаббайчилик, боқимандалик, руҳан мутелик исканжаларини парчалашга чоғлантиради. Юртдошларимизнинг миллий ғурур, ватанпарварлик, жасорат, бунёдкорлик, ижодкорлик туйғуларини юксалтиришга ҳисса қўшади.

Ижодкорнинг соҳир қаламидан тўкилган қайноқ мақолалар қаторига бошқа ҳеч бир жойда ўхшаши бўлмаган мансураларини қўшсак, чиндан ҳам Иброҳим ака яратган боғ нечоғли улкан ва ажабтовур эканлигини тўлиқ ҳис этамиз, англаб етамиз. Айниқса, мансураларининг тафти, таровати, таъбир жоиз бўлса, таъми, мазаси ўзгача. Бундай мевани бошқа ҳеч бир боғда учратмайсиз.

Ижодкор мансураларидан бирида шундай ёзади: “Илоҳий борлиқ энг олий қадрият. Пегининг сўзлари ўйга ботирар. Одам боласи ҳам шу илоҳий борлиқ ичидамикин? Илоҳий борлиқни тасарруф қилишга буюрилганми одамизод? Тасарруф — фойдаланиш, еб-битириш. Еб-битиришга чорланганми одамизод? Ва ё сақлашга буюрилдими одамизод? Одамзоднинг шу илоҳий борлиқдан ўзга мулки, ўзга бойлиги, давлати йўқ. Лекин вазифасини анг­ладими одам? Илоҳий борлиқда ўз вазифасини биладими одам? Илоҳий вазифани оддий инсоний воситалар билан бажариш — шу энг илоҳий, энг олий вазифа. Қора терга тушаман Пегининг бу сўзларидан. Бахтнинг шу оддий инсоний воситаларини қачон кашф этамиз? Ва қачон англаб етамиз уларни? Ҳар бир одам ўз ҳаётида инқилоб қилсин. Ҳар бир кимса ўз ичида ҳам инқилоб ясасин. Мураккаб дунёни қандай қуришликни ўргатар файласуфлар. Илоҳий инқилоб! У қалбимда! Турғунлик деви енгилмас эмас”.

Ушбу асар ихчамгина бўлиши билан бирга, моҳиятига улкан юкни, яъни ҳар бир инсонни, ҳар биримизни мудом ўйлантириб келадиган саволлар ва улар жавобини мужассам этган. Уни ўқиб бўлишингиз билан каттагина ҳажмдаги романни ўқигандек ҳис этасиз ўзингизни. Янаям аниқроғи, катта романдан олинадиган таассуротларга эга бўласиз. Бу, албатта, сўз боғбонининг улкан салоҳияти мевасидир.

Чинакам истеъдод турли майда қарашлардан, турмушнинг маиший муаммоларидан доим устун туради. У кимларнингдир ғийбатини қилишни, чақимчилик, ҳар хил фисқу фасодларга берилишни, бировларнинг тагига сув қуйишни, ҳасад ва иғво қўзғашни ортиқча дахмаза ҳисоблайди. Уларга вақт ажратмайди, истамайди ҳам. Иброҳим Ғафуров ҳам ҳаёти давомида бундай номаъқулчиликлардан узоқ бўлди. Юзни шувит қиладиган бундай ишларга ҳеч қачон юз бурмади. Халқ хизматидан бўш вақтларида, ижоддан ҳоли бўлганида китобга ошно тутинди, ўқиди, изланди, маҳоратини бойитишга интилди. Оиласи даврасида, яқинларига бахт улашишга ҳаракат қилди.

Иброҳим аканинг оилапарварлиги ҳақида кўп гапириш мумкин. Элимизнинг суюкли шоираси Ойдин Ҳожиева билан бирга ўтказаётган ҳаёти — икки ижодкорнинг худди Ойбек ва Зарифа Саидносирова, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова каби адабиётимизнинг забардаст вакиллари қатори инжа санъат боғида қўш дарахт каби бир-бирига суяниб, ўзаро таянч бўлиб кўкка бўй чўзгани, вафо ва садоқатнинг ширин мевалар беришини ўз умрлари мисолида исботлаб яшаётгани кўплаб бадиий асарларга сюжет бўла олади.

Таажжуб, Иброҳим ака ниманинг ҳисобига бу юксак мақомга кўтарила олган? Назаримизда, бунинг замирида Худо берган катта истеъдод билан бирга, ўз тийнатида эзгу фазилатларни тарбиялаш, ҳар бир ишга ўта масъулият билан ёндашиш, тинимсиз ўқиб-изланиш, мулоҳазамиз бошида келтирганимиздек, худди асаларидек меҳнаткашлик ётибди. Йўқса, барчамизнинг фахримизга айланган Иброҳим Ғафуровнинг бебаҳо ижодий мероси, унинг сўздан бино қилган улкан боғи ҳеч қачон вужудга келмас, яратилса-да, ҳозиргидек маҳобатли бўлмас эди.

Шу боисдан ҳам ижодкорнинг 60 йиллик тўйи муносабати билан Озод Шарафиддинов вақтида шундай ёзган эди: “…мунаққид, таржимон, шоир, публицист, журналист, зўр ташкилотчи, депутат… Қизиғи шундаки, бу соҳаларнинг биронтасида Иброҳимжон зиммасидаги ишларни чала қилгани йўқ, ҳар бир соҳада шундай салмоқли ва мазмундор ишлар қилдики, улар умуммаданиятимиз ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Масалан, у кўп йиллар мобайнида нашриётда ишлади, ўнлаб китоб­ларнинг туғилишига доялик қилди, анча вақт адабиёт газетасига раҳнамолик қилганлардан бири бўлди. Сўнгги йилларда эса “Миллий тикланиш” газетасига бош муҳаррир бўлди. Бу газета аслида йўқ эди, у янги ташкил қилинди. Иброҳимжон уни йўқдан бор қилди…”

Ҳаққи рост. Иброҳим Ғафуров бир умр сўзлар билан сўзлашиб, улардан кўркам ва жозибали боғ бино қилди. Ҳозир бу боғдаги гул ва дарахт­лар янада чирой очмоқда, янада юксалмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкорга 80 ёшга киргани муносабати билан йўллаган табригида таъкидлаганидек, мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнлар янги, юксак босқичга кўтарилиб, ҳал қилувчи кучга айланаётган бугунги кунда Иброҳим Ғафуров сингари чуқур билим ва ҳаётий тажрибага, фаол ижтимоий позицияга эга бўлган, қалби, виждони уйғоқ замондошларимизнинг ҳаётдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Бу инсоннинг мана шундай улуғ ва табаррук ёшда ҳам фаол ва жўшқин ижод билан шуғулланаётгани барчамиз учун, аввало, навқирон истеъдод эгалари учун юксак ўрнак ва ибрат намунасидир.

Сўздан латиф боғ яратган ижодкор, атоқли маърифатпарвар адиб, йирик олим, фаол жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров бугун умрининг табаррук 85-довонини ошиб ўтмоқда. Тилагимиз, Иброҳим ака шу боғдаги гуллардек мудом ифор сочиб, ихлосмандларининг димоғини шод қилаверсин, унинг ижодда  дарахтлар каби кўклар қадар юксалаётганига ҳайрат ва ҳавас билан боққанларнинг бошидан дўпписи тушаверсин!

 Ўткир РАҲМАТ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 8 =