Вақтнинг ўзи — олий ҳакам

ёки инсон қадри улуғланаётган юрт

 

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дас­турининг 323-бандида коронавирус қайтадан тарқалишининг олдини олиш, унинг инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш йўналишидаги мақсадни амалга ошириш механизмларидан бири сифатида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш вазифаси қўйилган бўлиб, айнан ушбу вазифани амалга ошириш вазифаси Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ва туман (шаҳар) бўлинмаларига юклатилган.

Пандемиянинг дастлабки пайтларида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-Ф-сонли фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлар бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилинган эди.

Жамғарма Низомига асосан туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари тегишли маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаронинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳажмини шакллантирадилар. Секторлар томонидан йиғилган маълумотлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига киритилиб, депутатлар муҳокамасига қўйилади. Кенгаш сессияси қарорига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан маблағлар аниқ кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.

Навоий вилоятида жорий йил ўн бир ойи давомида эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қарорлари асосида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ва туман (шаҳар) бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан 25 минг 913 нафар эҳтиёжманд фуқароларга 26 миллиард 889 миллион сўм маб­лағ сарфланди.

Жумладан, вилоят прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида (Қизилтепа ва Конимех туманларида) истиқомат қилувчи кам таъминланган эҳтиёжманд 4430 нафар фуқарога 5 миллиард 279,3 миллион сўм миқдорда ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, ушбу маблағлар пул шаклида моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари хариди учун, бемор бўлган эҳтиёжманд фуқаролар даволаниши ва бошқа мақсадлар учун йўналтирилди.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларини тасарруф этиш сектор раҳбарлари таклифлари асосида Халқ депутатлари кенгашлари қарорлари қабул қилинар экан, шу ерда 2-сектор раҳбарлари ташаббусларига тўхталишни лозим деб биламан.

Вилоят 2-сектор раҳбари (вилоят прокурори) томонидан жойларда ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида эҳтиёжманд ва хасталиги бор 22 нафар фуқароларни вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан даволаш ва уларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш таклифи Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинган ва 446 миллион маблағ ажратилган.

Жумладан, Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро Хосият Собированинг жарроҳлик амалиёти учун Республика нейрохирургия марказига 15 миллион сўм,  фуқаро Н.Акрамовнинг оёғига эндопротез мосламасини қўйдириши учун 21 миллион сўм, Конимех туманида яшовчи фуқаро Н.Алмуратов даволаниши ва жарроҳлик амалиёти ўтказиши учун 19,5 миллион сўм маблағ ажратилди.

Хатирчи тумани 2-сектор раҳбари (туман прокурори) ташаббуси билан туманда яшовчи уйда таълим олаётган 168 нафар ногирон ўқувчи болалар рўйхатлари шакллантирилиб, уларга 2022 йил учун зарур бўладиган дори-дармонлар рўйхати тузилди ва Халқ депутатлари Хатирчи туман кенгаши қарорига асосан туман “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 230,3 миллион сўм маблағ ажратилиб, ўқувчи болаларга дори-дармон воситалари олиб берилди.

Нурота тумани 2-сектор раҳбари (туман прокурори) мурожаати Халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 150 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ушбу маблағлар Халқ депутатлари Нурота туман кенгаши сессия қарори билан 2-сектор ҳудудида яшовчи эҳтиёжманд фуқаролар муаммолари ечимига сарфланди.

Мана учинчи йилдирки, “Саховат ва кўмак” жамғармаси жуда кўплаб эҳтиёжманд оилаларга наф келтирмоқда. Вақтнинг ўзи ушбу Жамғарма ўз вақтида ва тўғри ташкил этилганлигини яққол кўрсатмоқда.

Фахриддин СОЛИЕВ,

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди

Навоий вилоят бўлими бошқаруви  раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 5 =