Халқ йўлини ёритган юлдуз ёхуд мовий осмоннинг тўртбурчак деразаси

“Шарқ юлдузи” журнали — 90 ёшда

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Халқ шоири

 

“Шарқ юлдузи” деганда менинг кўз ўнгимда шеър, ғазал, матал ва достонларга бой олис болалик паллалари гавдаланади. У вақтлар бизнинг ҳовлимизда ҳамма назмий тил билан сўйлар эди. Ойбиби момом урчуқ йигириб, нолакор овозда нималарнидир хиргойи қилар, ён қўшнимиз усто Ҳабиб амаки сандиқ ясаб, ёғоч йўнаётиб Саъдулла фақат ўзигагина маълум соғинчларни эслаб ҳазин хониш қилар, байту достон айтишга ҳамиша ҳозиру нозир Исломиддин тоғам эса, халқ ижодиётининг кони эди: у билмаган эртак-афсона, у айтмаган достону қисса йўқ эди, қандай мавзу бўлмасин тоғанинг унга шеърий жавоби ҳамиша тайёр эди. Рўпарадаги ҳовлидан эса кўклам чоғи равоч тергани борганда тоғу тошда чақмоқ уриб жувонмарг бўлган Ахтамқул деган ўғли доғида куйиб жизғанак бўлган Ҳожибиби момо маҳзун- маҳзун нола чекарди…

Мана шу ҳазин товушлар дунёсида менинг болалик ҳаётимга илк бор “Шарқ юлдузи” журнали кириб келгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Чамаси етти-саккиз ёшимда, ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталари мактабда ишлайдиган отам бир куни зангор муқовали қалин дафтарга ўхшайдиган китобни уйи­мизга олиб келди. Онамнинг ҳайрон қолиб берган саволига: “Чингиз деган ёзувчи чиқибди, шуни берибди. Бир кунга сўраб, ўқишга олдим. Жуда зўр де­йишаяпти” деган сўзларни айтиб, қўлидаги журналдан қалин сочлари орқага таралган, қошлари қуюқ, дўрдоқ лаблари кулиб турган кўркам кишининг суратини кўрсатди…

Шу кундан эътиборан ушбу журнал менинг болалик идрокимдан муқим ўрин олди. Бу зангор муқовали мажаллани мен гоҳ дала шийпонларида, гоҳ Қутбиддин малим, Бекмирза домла, адабиёт ўқитувчиси Иброҳим Сафаровнинг қўлида ҳар замон-ҳар замонда кўриб қолар эдим. Унинг зангор муқоваси бошимиз узра нурга чулғаниб ётган мовий осмонларнинг мактабимизга тушган тўртбурчак деразалари эди гўё.

Бу сеҳрли нашр биз Тошкентга ўқишга киргандан кейин айниқса, ажралмас ҳамдам-ҳамнафас дўстимизга айланиб қолди.

Эсимда, 1974 йил устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиеванинг “Ёшлик девони”, “Руҳим”, “Оқ олмалар” китоблари теварагидаги шов-шувлар давом этар, шеърият ишқи ила сурурга лиммо-лим кўнгилларимиз, янгиликка ўч онгу шууримиз ҳар шеъру достонни симириб ўқийдиган, ёдлайдиган беармон дамлар эди.

ТошДУнинг журналистика факультетида, дарсхоналар ва йўлакларда, Сирдарё далаларининг ястанган пахтазорлари, узун эгатлариаро шеърий мушоираларимиз қизғин кечар, шеър айт­маган, шеър ўқимаган кунимиз ҳам, тунимиз ҳам йўқ эди. Ана шундай кунларнинг бирида Абдулла акага Озод домла оқ йўл бериб сўз ёзган эканлар, шу сўз “Шарқ юлдузи”да босилган экан деган гапни эшитиб қолиб, оромимиз йўқолди. Журналнинг 1964 йилги ранги униқиб кетган 5-сонини то университет кутубхонасидан олиб ўқиб кўрмагунимизча тинчимадик. Унда “Оқ йўл, Абдуллажон!” деб сарлавҳа қўйилган домланинг сўзлари, Абдулла аканинг ўсмирлик сурати ва бир туркум шеърлари босилган эди. “Мен нечун севаман Ўзбекис­тонни” номли машҳур шеърни ҳам ўшанда ўқиганмиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчаси 1-уйдаги биносидан журнал таҳририятига биринчи қават ўнг қанотидан жой берилган эди. Биз бир гуруҳ ёш ижодкорлар, асосан, ҳаваскор шоирлар журналнинг наср бўлими мудири вазифасида ишлайдиган Шукур ака, Шукур Холмирзаевни кўргани келар эдик. Ўша пайтлар Шукур аканинг “Қадимий Бақтрия тупроғида” эссеси журналда босилиб, анча-мунча овоза бўлган эди.

Журнал шу халқнинг бошига нима кўргилик-савдо, нимаики ёруғлик тушган бўлса, барчасини бирга баҳам кўрган, халқ қийналса, қийналган, халқ севинса, хурсанд бўлган. Шу сабабдан эл-улус орасида унинг обрў-эътибори ҳамиша баланд эди.

Бир мисол келтирадиган бўлсак, сув танқислиги, дарёлар ва кўллар масаласи бугунги кунда айниқса, оламшумул муаммога айланди. 80-йилларда Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга буришдек номақбул режалар ҳам ўз-ўзидан барбод бўлгани ҳаммамизга маълум. Журналнинг 50-йилларда чиққан сонларидан бирида босилган таниқли адиб, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг кенг кўламли “Сув йўли” номли катта очерки – пахта яккаҳокимлиги, беҳуда исрофгарчилик келажакда катта экологик фожиаларга олиб келиши ҳақида огоҳлантириш бонгидай янграган эди.

Собиқ мустабид тузумнинг ошкоралик деб аталмиш интиҳо даври журнал учун ҳам гўё уйғониш палласини бошлаб бергандай, ўша пайтлар шу вақтгача босилмай келинган муаммовий мақолалар, тақиқланган тарихий асарлар, айниқса, Қуръони Карим таржимасининг йил давомида эълон қилиниши ижтимоий-маънавий ҳаётда катта воқеага айланган эди. Бироқ сиёсий-мафкуравий таназзулга юз тутган тузум иқтисодий таназзулга ҳам учраган эдики, бу йўқчилик журналга ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. Лекин “Шарқ юлдузи” ҳамда “Звезда востока” журналлари қандай ҳолат бўлмасин, ўз қиёфаси, ижтимоий бурчи ва масъулиятини сақлаб қололди. Ўша мураккаб замонда журналга бош муҳаррир бўлган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ва таҳририят аъзоларининг шижоати беҳад ибратлидир. Журнал саҳифаларида жуда кўп устозларимизнинг адабиётимизда воқеа бўлган муҳташам асарлари босилгани элимизнинг маънавий хазинасини бойитди, эртанги кунга ишончини мус­таҳкамлади.

Не бахтки, мен ҳам ўз камтарона ижодий фаолиятим давомида ушбу нашрнинг меҳру эътиборидан баҳраманд бўлдим, илк шеърий туркумларим, достон ва таржималарим шу журнал саҳифалари орқали ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Адабиёт – халқнинг юраги” деган юксак даъвати халқ қалбининг ифодаси сифатида янграр экан, бугунги кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар даврида “Шарқ юлдузи” – “Звезда востока” нашрларининг ҳам замон қўрғонини бунёд этиш жабҳасида ўзининг муносиб ўрни бор. Салкам бир асрлик ёшга етган адабий-бадиий жаридаларимизнинг қадди баланд, қомати расо бўлсин, деймиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 5 =