“Атиргул” оиламизга бахт келтирди

Ишонч биз учун ҳаётда энг муҳими! Чунки у бизни янги марралар сари етаклайдиган энг яхши восита. Ҳаётда доим ҳам текис йўлдан юрилмайди. Баъзан лой, баъзан ўнқир-чўнқир кўчалардан ўтиш жоиз бўлади. Бироқ биргина учқун сизни у қандай йўл бўлмасин, юришдан тўхтатмай, фақат олдинга қараб етаклайди.

2022 йил февраль ойи бошида “Атиргул” танлови ҳақидаги эълонга кўзим тушди. Аввалига “Бунга ҳам ҳужжатларимни юбораману аммо танлов адолатли ўтармикан?”, деган гумоним йўқ эмасди. Таҳририятдаги ўринбосаримиз: “Феруза, сизнинг материалларингиз тортади, албатта юборинг, ғолиб бўласиз, мен бунга ишонаман”, деди. Шу гап далда бўлиб, ҳужжатларимни тўплаб, танловга юборишга қарор қилдим.

5 март куни кечки соат 21:30 ларда қўнғироқ бўлди. Уюшма раҳбарининг овозини танидиму ичимда бир нима қалқишни бошлади. Эртага тақдирлаш маросимига етиб келишимни айтгач, гўшакни қўйди. Шу кеча оила аъзоларим билан маслаҳатлашиб, тонгда Сурхондан пойтахтга қараб машинада йўл олдик. Роса тўққиз соат деганда Тошкенти азимга етиб келдик.

Тақдирлаш маросими… Чиндан ҳам ғолиблар сафида мен ҳам бор эдим. Юрагим бош­қача уриб кетди. Бу менга танлаган йўлимдан қайтмаслигим учун билдирилган ишонч эди. Бари ҳақиқий, бари адолатли ўтганини устоз-журналистлар таъкидлашганида олис ҳудудда ижод қиладиган бир журналист сифатида бунга амин бўлдим.

Ҳа, танловдаги ютуғим икки ойдан сўнг оиламга жажжи меҳмон келишидек бахтга уланиб кетди. Ишонаманки, бу йил ҳам “Атиргул”да муносибларга ғолиблик насиб этади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш, эришган ютуқларини эътироф этиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган “Атиргул” танловида барча ҳамкасб опа-сингилларимизни иштирок этишга чорлайман!

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 2 =