Сурхондарё фаровон гўшага айланади

Тан олайлик, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг нафақат узоқ юртларга, катта-кичик мамлакатларга, балки юртимиз ҳудудларига қиладиган ташрифлари ҳам одамларда ҳамиша эртанги кунимизга ишонч, ёруғ умид ва эзгу режаларни янада мустаҳкамлайди. Шу йилнинг 13 март куни Президентимизнинг ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлгани ҳам худди шундай бўлди: бу барча сурхонликларни, қолаверса, жамики юртдошларимизнинг ҳам диққат-эътиборида бўлди.
Бугун ҳаёт шу қадар тезкор, шиддатли-ки, энди бирон-бир янгиликни бир замонлардагидек фақат газетадан ўқиб билишмайди одамлар. Шу боис Президент ташрифига оид хабар ва жамики тафсилотлар аввал интернет нашрлари, ижтимоий тармоқларда эълон қилингани, телеканаллар кенг ёритгани учун асосий тафсилотлар ҳақида сўз юритишдан йироқмиз. Аммо ғурур билан айтишни истардикки, Юртбошимиз вилоятдаги сафари давомида Сурхон элининг дилидаги гапларни, орзу-умидларни тилга олди. Бир қанча янгидан ташкил этилган корхоналар фаолияти билан танишди, фермер хўжаликларида бўлди. Ватанимиз сарҳадларини куну-тун қўриқлаётган чегарачилар, хусусан, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасини қўриқлаш жараёни билан яқиндан танишди. Ҳатто, энг катта муаммолардан бири Сурхондарё йўллари бўйича одамлардан тушаётган эътирозларни инобатга олиб, Президентнинг ўзи автомобиль ҳайдаб кўришга қарор қилди. Йўлларни равон, замонавий тарзда таъмирлаш учун мутасаддиларга топшириқлар берди. Бу эса ўша соатлардаёқ турли интернет тармоқларида, телеканалларда намойиш этилди, миллионлаб одамларнинг эътиборини қозонди. Ҳатто, “Мир 24” телеканалида ҳам эфирга узатилди.
Президентимизнинг Янги Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсат майдонида ким томонда бўлиши ҳақидаги мана бундай дангал айтган: “фақат жавоб битта: миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимиз манфаати дейман” деган сўзлари эса ҳар қандай ватандошимизни ғурурлантирди, тўлқинлантириб юборди.
Вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда гарчи ташкилий масала, вилоятга биринчи раҳбар тайинланиши бир томон бўлса, асосий мезон мамлакат етакчисининг фаоллар билан бўлган ана шундай самимий суҳбати бўлди. Унда давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятини саноати ривожланган осуда ва обод ҳудудга айлантириш, ёшларининг билимли ва эртанги кунга жавоб берадиган салоҳиятли кадрлар бўлиб етишиши йўлида қилиниши лозим бўлган вазифаларга алоҳида тўхталди. Жумладан, бунинг учун Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Булар орқали 325 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, воҳани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.
Шубҳасиз, бу эзгу мужда барча-барчани тўлқинлантириб юборди. Узоқ йиллар давомида кўпдан-кўп муаммолар йиғилиб қолган Сурхон воҳасида ҳам кейинги йилларда рўёбга чиқарилаётган ишларни, янгиликларни санасак кам эмас, албатта. Лекин юртимизнинг жанубий ҳудуди янада фаровон, ривож топган гўшага айланишига имкониятлар эшиги очилмоқда.
А. ПАРДАЕВ