Ибратли умр сабоқлари ва ҳайратлари

Замондошимиз ҳақида китоб

 

Шундай инсонлар борки, уларнинг жуссаларидан кўра, юраги катта бўлади. Юраги катта одам кўп улуғвор ишларга қодир бўлади. Бундай одамлар қаерда, қайси лавозимда ишламасин жамиятга ҳам, инсонларга ҳам фойда келтиради. У юрган йўлларда яхшиликлар, эзгуликлар илдиз отади. Меҳр гуллайди. Инсоний фазилатлар камолга етади.

Бундай одамлар сахий ва баракали бўладилар. Уларнинг юраклари ҳамиша қуёш каби порлаб туради. Одамлар ҳам бундай одамнинг ҳузурига интиладилар, ундан маслаҳат ва мадад сўрайдилар. Бундайларни халқимиз “фариштаси бор одам” дей­ди.

Эл-юрт ҳурматини қозонган ана шундай Ватанпарвар ва миллатпарвар инсонлардан бири – машҳур ҳуқуқшунос, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Алишер Мардиевдир.

Ҳаёти ва иш фаолияти давомида ибратли ва нурли излар қолдираётган бу улуғ инсон ҳақида таниқли журналист Арслон Эшмуродовнинг “Муносиб яшамоқ бахти” (“Ижод нашр” нашриёти, 2023 й.) номли китоби чоп этилди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсияси билан ёзилган ва кенгаш ҳомийлиги асосида чоп қилинган.

Китобга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ёзган сўзбошида шундай ўтли сатрлар бор: “Тарих фақатгина мангуликка дахлдор бўлганлар мадҳи эмас. Шу билан биргаликда бугун кексалик гаштини суриб орамизда яшаётган, теран ҳаётий хулосага эга, тажрибаси, донишмандлиги ва зукколиги билан атрофдагиларга, ёш мутахассисларга куч-қувват бағишлаётган кишилар ҳам тарихимизнинг ажралмас бир қисмидир.”

Таниқли ҳуқуқшунос, ўз соҳасининг юксак билимдони, катта лавозимларда фидойилик ва ҳалоллик билан қизғин фаолият юритган Алишер Мардиев ҳам аллақачон Ватан шонли тарихининг “ажралмас бир қисми”га айланган.

Китобнинг дастлабки саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Алишер Мардиевга 2022 йилда Янги йил айёми билан йўллаган табриги берилган. Ушбу табрикда жумладан шундай ҳароратли сўзлар ёзилган: “Ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган Сиздек дуогўй ва мўътабар нуронийларимиз ҳамда қадрли зиёлиларга мус­таҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва улкан ижодий ютуқлар ёр бўлсин!”

Давлат раҳбарининг билдирган самимий тилаклари ҳамиша Алишер Мардиевга куч-қувват ва ғайрат бағишлаб келади. Китобни ўқиш жараёнида бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.

Китоб қаҳрамони 1951 йил 17 августда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги Мўминхўжа қиш­лоғида таваллуд топган. Отаси Марди Султонов узоқ йиллар тумандаги собиқ Ленин номли колхозда раислик қилган. У инсон ўз даврининг етук ва номдор раҳбарларидан бўлган. Умри қисқа экан, 1964 йил 49 ёшида бевақт вафот этган. 1990 йилда қишлоқдаги умумий ўрта таълим мактабига Марди Султонов номи берилган.

Алишер Мардиевнинг онаси Маҳсума Султонова турмуш ўртоғи вафотидан сўнг, 7 нафар фарзандни ёлғиз ўзи тарбиялаб, вояга етказди. Чеккан машаққатлари, азоблари бесамар кетмади. Фарзандларининг бахт-камолини кўриб, айниқса, Алишер Мардиев эришган яхши кунлар, ютуқ ва мартабаларни кўриб, онаизор Яратганга қайта-қайта шукроналар қилиб яшади. Маҳсума Султонова 2013 йилда қазо қилди.

Китобда ҳар икки инсон – мўътабар ота-оналар ҳақида қизиқарли ва батафсил ёзилган. Улардаги фидойилик, ҳалоллик, халқпарварлик, камтаринлик фазилатлари Алишер Мардиевга ўтганлигини кўрамиз.

Алишер Мардиевнинг асосий касби ҳуқуқшунос. У 1968–1973 йилларда ҳозирги Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олди. Ўз фаолиятини прокуратура соҳасида ишлашдан бошлади. Самарқанд вилояти, Пахтачи, Жиззах, Пастдарғом туманлари прокуратураларида турли вазифаларда ишлаб, малака оширди.

Сўнгра 1978-1990 йилларда Самарқанд вилояти Суди аъзоси, раис ўринбосари ва раиси лавозимларида ишлаган йиллари Алишер Мардиев меҳнат фаолиятининг қизғин, самарали ва ибратли даврини ташкил қилди. У қонун билимдони, ҳимоячиси ва чинаккам ҳалол судья сифатида одамлар ўртасида обрўси янада ошди.

Судга иши тушган одамлар уни ҳақиқий адолат посбони, деб тан олдилар. Бу судья учун энг катта ва бебаҳо мукофот эди. У чинаккам халқ судьяси мартабасига эришган саноқли ҳуқуқшунослардан бири сифатида эътироф этилди.

Китобдан ўрин олган Алишер Мардиевнинг суд ва судья ҳақидаги теран фикрларидан айрим ихтибослар келтирсак:

“Судья адолатни излаши ва шу жараёнда рус тилида айтганда, “метод убеждение”, яъни томонларни ишонтириши керак. Эринмасдан, ҳафсала ва теран ақл билан томонларни муросага келтириш, яраштириш чораларини ҳам кўриш лозим. Шундай тўғри йўлни тутингки, иккала томон ҳам рози бўлиб, чиқиб кетсин…”

“Ўрни келганда айтиб ўтмоқчиманки, бугунги судьяларимизнинг ойлик маоши ҳар қандай рўзғорни тебратишга етади. Ҳозир бировнинг қўлига қараш ёки таъмагирлик қилишдан уялиш керак. Бир сўз билан айтганда, виждонга қараб, тоза-покиза ишлайдиган замон келди…”

“Нафсни жиловлаш масаласида инсоннинг маънавияти ва маърифати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Инсоний ахлоқ, деган тушунча судья шахсининг устунига айланиши шарт, деб биламан…”

“Судьялик касбини танлаган инсон бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан бироз воз кечиши лозим, деб биламан. Агар бунга қурби етмаса, уддалай олмаса, яхшиси бу касбни танламагани маъқул…”

“Мен маънавиятсиз инсоннинг адолатли бўлишига ҳеч қачон ишонмайман. Ҳақиқат, адолат, поклик, маънавият, маърифат каби тушунчалар, менинг назаримда бир-бирига уйғун тушунчалардир…”

“Судья хато қилишдан чўчиб яшайди. Безовта, беҳаловат ҳаёт кечиради. Бунинг каби умргузаронликни ҳамма ҳам ҳавас қилавермайди…”

Китоб қаҳрамонининг юқоридаги теран фикрлари бугун, келажакда ҳам судьялик касбини танлаётган мутахассислар учун дастурдек зарур. Бу ҳаётий ҳикматлар Алишер Мардиевнинг ўз касбига қўйган меҳр-муҳаббати ва узоқ йиллик иш тажрибасидан келиб чиқиб айтган мушоҳада дурдоналари.

Китобнинг “Алишер Мардиев адлия вазири” бобида бу тажрибали инсоннинг 1993–1995 йилларда мамлакатнинг нуфузли бошқарув идорасида вазир лавозимида ишлаган даврлари ёрқин тарзда очиб берилади. 1994 йилда вазир ташаббуси билан Адлия вазирлигининг 70 йиллиги кенг нишонланади. Қисқа давр ичида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Адлия вазирлиги аппарат тузилмасини, сўнгра вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида қатор қарорлари қабул қилинади. Ҳуқуқ ва қонунга оид барча ҳужжатлари, қарорлари, қонунлари Адлия вазирлигининг Қонунчилик бош бошқармаси назоратидан ўтмасдан кўриб чиқилмас, қабул қилиш учун Олий Мажлисга киритилмас эди.

Алишер Мардиев Адлия вазири бўлиб ишлаётган даврида АҚШга бориб, ўша пайтдаги мухолифат “Эрк” партияси, “Бирлик” ҳаракати раҳбарлари билан учрашиб, ўзининг катта дипломат эканлигини намоён этди. Фахр ва ғурур билан Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилди. Ўша учрашувни китоб қаҳрамони шундай хотирлайди: “Америкада ўша пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича ноҳукумат ташкилоти фаолият кўрсатар экан. Мухолифат билан учрашувимиз шу ташкилотнинг идорасида бўлиб ўтди. Очиқ, ошкоралик руҳида ўтган мулоқотдан билиниб турибдики, иштирокчиларда жиддий эътироз бўлмасдан, қандайдир бир қониқиш пайдо бўлди. “Бирлик” ҳаракати раҳбари Абдураҳим Пўлатов сўз олиб: “Адлия вазири иштирок этаётганлиги учун бу мулоқотни расмий Ўзбекистон ҳукумати билан учрашув деб айтиш мумкин. Мен Адлия вазирининг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, Ўзбекистонга нисбатан танқидий фикрларимнинг ярмидан воз кечдим. Фикрларим ўзгарди”, деди.”

Китобни ўқиб биламизки, шу учрашувда ўзларини “мухофилат вакиллари” деб ҳисоблайдиган бошқа кишилар ҳам юқоридагига монанд фикрларни билдиришган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 21 ноябрдаги Фармони билан Алишер Мардиев Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тайинланди. Энди бу шарафли вазифа у киши учун яна бир катта синов эди. Китоб муаллифи ёзганидек: “Самарқанддек вилоятга раҳбарлик” бобида Алишер Мардиев раҳбарлик қирраларининг янги саҳифаларини ибратли мисоллар билан очиб берган. Масалан, 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллик юбилейи катта тантаналар билан нишонланди. Шу йил 18 октябрда Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланди. Шу сана Самарқанд шаҳри куни деб белгиланди. Машҳур ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов номидаги ёш хонандаларнинг Республика кўрик-танлови бўлиб ўтди. Яна бир тарихий тадбир – илк “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказилди. Яхши эслайман. Бевосита Алишер Мардиевнинг ташаббуси ва махсус қарори билан 1997 йил май ойида Нуробод туманида “Муштум” журнали жамоаси ва таниқли санъаткорлар иштирокида “Кулги ва қўзи байрами” ўтказилгани ҳам маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлган. Аслида Алишер Мардиевнинг Самарқанд вилоятидаги ҳокимлик даврида амалга оширган бунёдкорлик ишларини батафсил ёзилса, яна бир катта китоб бўлади.

Ҳар доим ширин-шакар мевалар етказиб берадиган дарахтнинг душмани албатта топилади. Унга тош отишлари тайин. Шундай бўлди ҳам!.. Қаҳрамонимиз ҳоким вазифасидан озод қилинганида, унинг шаънига туҳмат ва бўҳтон гаплар айтилганидан хабардормиз.

Алишер ака бу оғир кунларни сабр ва донишманд­лик билан енгди. Онасининг дуоларига суянди. Иш билан бўлиб ўқимаган китобларини ўқиди… Атрофида гирдикапалак бўлиб юрадиган дўстлари, оғайниларнинг қадамлари узилди. Аммо у руҳан чўкмади.

Мавлоно Жалолиддин Румийда шундай ҳикмат бор: “Тупроққа йиқилсанг, янгидан гул бўлиб бош кўтаришингни кут. Ўтмишда неча бор тупроқ бўлганингни эмас, неча бор гул бўлиб турганингни хотирла”.

Алишер Мардиев узоқ йиллик тажрибаларига, бирга ишлаган яхши одамларнинг ўгитларига амал қилиб, сабр-қаноат билан гул бўлган даврларини қайта-қайта эслайди. Яратган унга яна янгидан гул бўлиб бош кўтариш имконини берди. Бу нурли лаҳзаларни у киши шундай хотирлайди: “Сабр одамга яна яхши кунларни ҳадя этар экан. Мен 2002–2005 йилларда Самарқанд Адлия бошқармаси бошлиғи, 2005–2006 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси, 2006–2011 йилларда яна қайта вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимларида 11 йилдан ортиқ ишлаш бахтига муяссар бўлдим…”

Китоб қаҳрамони раҳбар инсоннинг кўпчилик эътиборига тушиш, уларнинг ҳурматига сазовор бўлишни одамларнинг кўнглига йўл топа билиш, ташаббускор ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлиш, дунёқараши теран, тафаккури кенг, ҳаммага бирдек талабчан, энг кераклиги ҳар куни, ҳар лаҳзада тинимсиз изланиш ва кўпроқ ўзига ўзи ҳисоб бериб туриши талаб этилади.

Бу фикрлар тўғри. Аслида Алишер Мардиев ишлаган мартабаларда эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиш учун Оллоҳдан берилган истеъдод бўлиши керак. Китобни катта қизиқиш билан ўқиб чиққач, унинг қаҳрамони, машҳур ҳуқуқшунос, давлат ва жамоат арбоби Алишер Мардиев Худонинг суюкли бандаларидан эканлигига чин дилдан ишонч ҳосил қиламиз.

Китоб муаллифи Арслон Эшмуродовни эса яхши асар билан табриклаймиз. Ўзбекистон Республикаси судьялар Олий кенгаши бошлаган қутлуғ ишлари бардавом бўлсин!

Мақолани мухтасар этиб, китобдан ўрин олган таниқли журналист Фармон Тошевнинг “Тафаккур фарзанди” мақоласида ёзган ушбу сўзлар билан якунламоқчимиз: “Алишер Мардиевдаги ибратли фазилат шуки, кўп гапирмайди, ҳар нарсани гапирмайди. Фикр­лаб, ўйлаб, шошилмасдан хулоса чиқаради. Ҳаётдан нолимайди… Бировни ёмонламайди, ҳамма нарсани тақдирдан кўради, ҳатто ўз шаънига билдирилган туҳматларни ҳам Яратганнинг синови деб билди.”

Эҳтимол, бу Алишер Мардиевнинг фазилатли инсонлигидан ва у кишидан ҳамиша Самарқанднинг мўътабар тафти келиб туришининг сири ҳам шунда бўлса керак.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =