Жасоратнинг машаққатли йўлларида

“Hurriyat” газетаси таҳририятига!

Газетанинг доимий мухлиси сифатида уни мудом ўқиб, кузатиб бораман. Ўз номига, танлаган йўли ва мавзусига содиқ қолиб, газетхонларни хурсанд қилаётган таҳририят ходимларининг заҳматкаш меҳнатига раҳмат айтиб, ташаккур, деймиз.

Аслида газетанинг асл қиёфаси ва ўз айтар сўзи бўлиши керак. Бу сўзга газетхон ишониши керак. Олди-қочди, таги пуч ва ёлғон нарсаларни чоп этиб келаётган айрим газеталарга ўқувчи ишонмайди. Кейин ўқимай қўя қолади.

“Hurriyat” газетаси таҳририятида бўлган бир давра суҳбатида, “газетада журъат бор, лекин жасорат етишмаяпти”, деб айтганимда, айрим дўстлар андак хафа бўлиб эътироз билдирган эди. Газетанинг бугунги чиқишларини кўриб, ўқиб, у Жасорат пиллапоясини ҳам забт эта бошлаганидан бениҳоя хурсанд бўлдим. Илоё, кўз тегмасин!

Масалан, сўнгги пайтларда пешма-пеш эълон қилиниб келаётган ва аллақачон газетхонларнинг тили ва дилига тушган қизиқарли мақола ва ижодий асарларни яна бир бор эсга олмоқчиман. Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг заҳматкаш олим Бойбўта Дўстқораевни эслаб ёзган “Заминдай вазмин меҳнаткаш мушфиқ” (2023 йил 25 январь) мақоласи фақат хотира эмас, балки мунгли бир қўшиқдай ўқилади. Фалсафа фанлари доктори, профессор Виктор Алимасовнинг “Маданият ходими ким?” (2023 йил 1 февраль) мақоласи соҳа мутахассислари ўртасида жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлганига гувоҳман. Журналист Камолиддин Рўзиматовнинг “Наҳотки, наҳотки, наҳотки… ёхуд айрим хусусий телеканаллардаги бачкана лойиҳалардан мақсад нима?” (2023 йил 22 февраль) мақоласи ўз вақтида айтилган фойдали танқид бўлди. Мақолада айтилганидек, сўнгги пайтларда хусусий телевидениеларда алжирашлар кўпайиб, сийқалашиб кетди. Журналист Ислом Асилбековнинг таниқли ҳуқуқшунос, актёр, блогер Отабек Маҳкамов билан “Мақсадим пул топиб эмас, ижод қилиб танилиш…” (шу йил 15 март) суҳбатини фақат ёшлар учун эмас, балки катталар учун ҳам жуда кераклигини алоҳида таъкидламоқчиман. Таниқли олим Ҳалим Сайиднинг ниҳоятда куюнчаклик билан ёзилган “Матбуотга муносабат қачон ўзгаради” (2023 йил 29 март) теран мақоласи фақат биз, матбуот ходимлари, соҳа ижодкорлари балки газетхонларни, оммани ҳам қизиқтираётган мавзудаги теран мақола бўлган. Бу шиддати ва жасорати учун муаллифга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Таҳририятдан эса, ушбу долзарб мавзуни давом эттиришларини илтимос қилиб қоламиз. Журналист Ситора Тожиддинованинг яқинда чоп этилган “Номуссизлик” мақоласи ўз вақтида бонг уриб ёзилган, журналистнинг қалб нидоларидай ўқилади. Ҳақиқатни ва тўғри сўзни ёзганда қаламингиздан ҳамиша ана шундай ўтли ҳарорат уфуриб турсин, синглим, деб ният қиламан.

Газетада махсус “Адабиёт” саҳифасининг бериб борилаётгани таҳсинга сазовор. Саҳифада бериб борилаётган асарларни ўқиб, адабиётнинг бугунги нафасини сезиш мумкин. Масалан, ажойиб шоир Абдураззоқ Обрўнинг “Пародиялари” (1 февраль), таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошнинг “Намуна” (29 март) ва газетанинг бир неча сонларида мунтазам эълон қилиб келинаётган ижодкор Баҳром Акбаровнинг “Меҳрибонлик” деб номланган туркум оилавий ҳангомаларини ҳузур қилиб ўқиганимни алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Таклифим: “Адабиёт” саҳифасини янада жонлантириш керак.

Энди икки оғиз Баҳром Акбаровнинг “Меҳрибонлик” туркуми ҳақида. Аввало, Баҳром Акбаров машҳур адиб­лар Абдулла Қодирий, Ўткир Ҳошимов, Анвар Обиджон асарларини севиб мутолаа қилишидан хабардорман. Шу боис ҳам унинг ёзганларидан миллий руҳ, тасвир ва воқеалар яққол уфуриб турибди. Бундай ноёб воқеалар фақат ўзбекларнинг оиласида бўлиши мумкин. Ҳангомаларни фақат ўзбек аёлларигина яратиши ҳаётий ва ҳаққоний чиққан. Тўғриси, етук ҳикоя ва ҳажвияларнинг юки бор ҳар бир ҳангомани яйраб, кулиб, мазза қилиб ўқидим. Яшанг, Баҳромжон ука, бор экансиз-ку! Қойил қилиб ёзса бўларкан-ку. Қаламингизга барака, деб дуо қилдим. Аслида ижодкорнинг асосий вазифаси ўқувчини ёзганларига ишонтиришда. Энг муҳими, Сиз ишонтира олдингиз, Баҳромжон.

Аввало, бундай муаллифни топиш, унинг ҳангомаларини давомли чоп этиш таҳририятнинг ютуғи ва изланиш­лар самарасидир.

Шоир Абдураззоқ Обрў ёзганидек:

Фақат битта газет – ўша ягона,

“Hurriyat”дир ундан ўша бегона.

Рост гапни айтади, дадил мардона

Унга етиб борар нола, фиғонлар…

Бу дил изҳорларим, айрим мулоҳазаларимни ёзишдан мақсад “Hurriyat”ни мақтаб, юксакларга кўтариш ва айни пайтда бошқа матбуот нашрлари нуфузига соя ташлаш дегани эмас. Мутлақо. Масалан, “Янги Ўзбекистон”, “Ишонч”, “XXI аср”, “Миллий тикланиш” газеталаридаги дадиллик ва жасоратни ҳам қўллаб-қувватлайман.

Жасорат, дадиллик ва журъат аслида бош муҳаррирда бўлиши керак. Ўшанда муҳаррирнинг юрагидаги жасорат газета саҳифаларига кўчади. Бундай муҳаррир жасоратнинг машаққатли йўлларидан кетаётганларига асло шубҳа йўқ.

Шу ўринда бир ҳақиқатни очиқ айтишни лозим топдим. Бугун матбуот­­га жасоратни, дадилликни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бераётганлигини унутмайлик. “Орқангизда мен борман”, деб доим такрорламоқда Президентимиз.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясида барча соҳалар қаторида оммавий ахборот воситаларининг ҳақ-ҳуқуқлари ХV бобда моддалар асосида қонун билан белгилаб қўйилган. Бу келажакда оммавий ахборот воситаларини яна ривожланишга, қонунлар асосида тараққий этишига, оммалашувига хизмат қилади, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб барча ҳамкасбларимни 30 апрель куни бўладиган умумхалқ референдумида бефарқ бўлмасдан биринчилар қаторида овоз беришга чақираман.

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + twenty =