Муносиблар беллашган майдон

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловининг ғолиб ва совриндорлари  тантанали равишда тақдирланди

 

Сўз қачон мўъжизага айланади? Яратган “Ярал!” деганидан бунёд бўлган ўн саккиз минг олам сўзнинг қудратидан далолат эмасми аслида?! Сўзни ҳаёт маёғи деб биладиган касблардан бири бу  журналистикадир. Журналист нигоҳи қаратилган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Унинг қалами кириб борган жойларда жамоатчиликнинг ҳушёрлиги ортиб, ёзганлари бесамар кетмаяпти. Бугун сўз журналист учун қудратли қуролга айлана олди.

Куни кеча пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилган “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда ҳам ана шундай соҳа фидойиларидан бир гуруҳи муносиб эътироф этилди. Нуфузли маросим давлатимиз раҳбарининг “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан”, деган сўзлари ифодаланган махсус видеоролик намойиши билан бошланди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари — Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов иштирок этди.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб ташкил этилган ушбу тадбирга  оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳага  оид олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, экспертлар, ёш ижодкорлар, юртимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва элчихоналарнинг вакиллари, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлардаги медиа уюшмаларининг мутасаддилари таклиф этилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б, танлов ташкилий қўмитаси раиси Холмурод Салимов кейинги йилларда мамлакатимизда миллий журналистика соҳасини тубдан ислоҳ этиш, фуқароларнинг сўз ва ахборот олиш эркинликларини таъминлаш борасида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, 2006 йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлови журналистларни ижодий изланишга чорлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, ислоҳотлар шиддатини тезкор, холис ва ҳаққоний тарзда аҳолига етказишда муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ҳамда уларда фаолият олиб бораётган журналистлар учун янада кенг имтиёз ва имкониятлар яратилган. Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилдан бош­лаб  “Олтин қалам” танлови рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага кўпайтирилди. Бош миллий мукофот соҳибига енгил автомобиль берилиши белгиланди. Жорий йилдан 1-ўринга базавий ҳисоблашнинг 200, 2-ўринга 175, 3-ўринга 150 баробари, шунингдек, рағбатлантирувчи номинация ғолибларига эса 100 баробари миқдорида пул мукофотлари топширилди.

Таъкидлаш жоизки, бу йил “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловда ҳар йилгидан кўп — 500 дан зиёд ОАВ вакиллари 4 мингга яқин ижодий ишлари билан иштирок этди. Хусусан, телевидение йўналиши бўйича мамлакатимиздаги давлат ва нодав­лат телеканалларда фаолият олиб бораётган 125 нафар журналист қатнашган. Ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг  900 га яқин ижодий ишлари кўриб чиқилгани танловнинг ушбу йўналиши бўйича материаллари тақдим этилган ижодкорлар орасида халқимиз меҳрини қозонган, кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган, шунингдек, турли танловларда ғолибликни қўлга киритган журналистлар кўп эканлиги алоҳида эътирофга молик, албатта.

Радио йўналиши бўйича ҳакамлар ҳайъати  томонидан 43 нафар журналистнинг 300 дан зиёд ижодий ишлари кўриб чиқилди. Мазкур йўналиш бўйича танловда иштирок этганларнинг кўпчилиги  аёл журналистлар. Уларнинг ижодий ишларида информацион-таҳлилий материаллар, Янги Ўзбекистон руҳи, Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти, маданият ва санъат намояндалари билан суҳбатлар асосий ўрин эгаллайди.

Бу йил ҳам “Олтин қалам” танловида босма оммавий ахборот воситалари йўналиши бўйича иштирок этган журналистлар кўпчиликни – 173 нафарни ташкил этди. Уларнинг бир минг икки юздан ортиқ ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Тақдим этилган ижодий ишларда бугунги долзарб мавзуларга алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларни рози қилиш мақсадида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аниқ мисоллар асосида очиб берилган.

Ўтган йили “Олтин қалам” танловида интернет-журналистика йўналиши бўйича 45 нафар журналист иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 76 нафарга етди. Ушбу йўналишда нодавлат интернет нашрлари фаол­лиги кузатилди. Танловга тақдим этилган ижодий ишларда ёш журналистлар турли соҳаларга доир кўп­лаб муаммоларни дадил кўтариб чиққани, журналистик суриштирувлар кўпайгани акс этган. Улар асосида жамоатчилик фикри шаклланиб, ҳатто турли соҳаларга оид қарор лойиҳаларига ўзгартиришлар киритилганини кўриш мумкин. Интернет-журналистика йўналишидаги ижодий ишлар оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан ҳам “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилаётганидан далолат беради.

Чет эллик журналистларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маданият, туризм ва бошқа соҳаларни ёритишга интилиш кучли бўлгани учун уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги ижодий ишлари сони йилдан-йилга ортмоқда. “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловда 25 давлатдан 50 дан зиёд журналист қатнашгани, улар орасида Европа ва Осиё қитъасидан соҳа вакиллари борлиги ҳам буни тасдиқлайди.

“Олтин қалам” танловининг рағбатлантирувчи номинациялари бўйича жорий йилдан бошлаб 12 нафар журналист мукофотланадиган бўлди. Мазкур 12 номина­циядан бири — “2022 йилда чоп этилган публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” йўналиши бўйича ғолибни 28 нафар журналист-публицист орасидан аниқлаш ҳакамлар ҳайъати аъзолари учун осон бўлмаганлиги айтиб ўтилди. Танловнинг “Энг яхши фоторепортаж учун” номинацияси ғолиби эса  19 нафар фотожурналистнинг  150 га яқин ижодий ишларини баҳолаш орқали аниқланган. Қолган ўн номинация ғолиблари танловнинг телевидение, радио, босма ОАВ, интернет-журналистика йўналишлари бўйича 500 нафардан зиёд ОАВ вакиллари орасидан мукофотга лойиқ кўрилган.

Таъкидлаш жоиз, “Олтин қалам” танлови мамлакатимизда  фаолият олиб бораётган  халқаро ташкилотлар, қатор  хорижий мамлакатлар элчихоналарида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу йил танловда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқи ва Бельгиянинг GOPA Com., S.A.DNA компанияси ўз номинациялари билан иштирок этди.

Биз ҳам тақдирлаш жараёнида бу йилги ғолиб ва совриндорларнинг ҳаяжонли онларининг гувоҳи бўлдик.

Маҳлиё МИРСОАТОВА, Журналистика соҳасида “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловида Бош миллий мукофот совриндори — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети декани:

— Бу мукофот нафақат бизнинг жамоамизга, балки Ўзбекистоннинг етук журналистларини камолга етказган отахон ва табаррук даргоҳга бўлган эҳтиром ва эътироф ифодаси бўлди. Ахир Янги Ўзбекистон журналис­тикасининг айни  пайтдаги дадил қадамлари ҳам ушбу даргоҳда сабоқ олган ижодкорларнинг ютуқлари билан баҳоланмоқда. Бу рағбат бизга жуда катта шижоат бағиш­лайди. Келгусида юртимиздаги ислоҳотларни теран англаб етган ҳолда талабаларни бугунги журналис­тиканинг замонавий услуб ва янгиликларидан баҳраманд этишга ҳаракат қиламиз.

Шунқор ЧОРИЕВ, танловнинг “Энг яхши журналистик материал учун” (телевидение) биринчи ўрин соҳиби, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston 24” телерадиоканали директори ўринбосари:

— Эътироф қилишимиз керакки, сўзни қадрлайдиган, эркин сўзни тўғри талқин қиладиган давлат раҳбари қўллаб турганидан кейин журналистлар ишлаяпти бугун, ўзини кўрсатаяпти. Яъни “Олтин қалам”  шунчаки танлов эмас, бу сўз эркинлигининг катта бир мукофотига айланиб боряпти. Давлатимиз раҳбари бот-бот так­рорлаётган “Мен журналистни қўллаб-қувватлайман. Мен уларнинг ортида турибман”, деган сўзлари шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. Бу сўзлар бизларни янада руҳлантириб, очиқлик, ошкораликни таъминлашимиз, воқеликларга холисона ёндашувимизда далда бўляпти. Демак, елкамизда катта масъулият бор. Шу катта вазифани, катта масъулиятни бажаришимиз керак. Бу мукофот ана шу йўналишда бизга янада куч бўлади.

Қурбанбай Байниязов, танловнинг “Энг яхши журналистик материал учун” (матбуот) биринчи ўрин соҳиби, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси Бош муҳаррири:

— Сўз ва фикр эркинлиги бугун ўз кучини кўрсатмоқда. Мазкур танлов эса эркинлик минбари бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун фаолият олиб бораётган газетамизда ёш кадрлар салмоғи кўпроқ. Улар ўзларининг креатив фикрлари, ғоялари билан босма нашрлар соҳасига янгича руҳ олиб киришмоқда. Давлат раҳбари доим сўз қадрини улуғловчи биз–журналистларни қўллаб-қувватлайди. Бундай юксак ишонч журналистга фақат ва фақат қанот беради. Танловда Қорақалпоғистон Республикасида бўлаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар таҳлилига бағишланган публицистик материалларимиз билан иштирок этдик. Ғолиблик эса бутун жамоамизга икки карра масъулият юклайди.

Лазиз Ҳамидов, “Интернет тармоғида эълон қилган энг яхши материали учун” номинацияси ғолиби, “Ular” подкаст ло­йиҳаси муаллифи:

— Мен турли мавзуларда материаллар тайёрлайман. Яқинда Қорақалпоғистон Республикасидан Орол денгизи бўйича видео тайёрлаб, Youtube даги ўзимнинг шахсий каналимга жойлаштирган эдим. Бундан ташқари, “Жадид”, “Мустақиллик”, “Сув” сингари лойиҳаларимиз ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Мен ушбу танловга ҳеч қандай ҳужжат, материал топширмасам ҳам ҳакамлар ҳайъати эътибор қаратганидан хурсанд бўлдим. Айтиш жоиз: шу пайтгача ҳужжат топширмаганлар танловда иштирок этишмас эди. Ушбу воқелик бу йилги танлов учун янгилик бўлди. Шу каби ўзига хос ёндашувлар, янгиликлар ёш журналистларга ҳам мотивация беради.

Шерали Авезметов, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси ғолиби, “Фарс ньюс” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири (Эрон Ислом Республикаси):

— Ўзбекистонда катта ўзгаришлар жараёни кетмоқда.  Хусусан, ОАВ ходимлари ва журналистларга эътибор ўзгача. Буни барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Президент Шавкат Мирзиёев халқ ва инсон манфаатлари йўлида жуда катта ислоҳотларга бош-қош бўлаётгани ҳам сўзимиз исботидир. Мазкур танловда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маданият, туризм ва бошқа соҳаларни ёритишга қаратилган ишларим билан қатнаш­дим. Натижалар аъло. Эътирофдан жуда хурсандман. Ўз навбатида соврин менга катта масъулият юклайди.

Назира Тошпўлатова, “2022 йилда чоп этилган публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинацияси ғолиби, ЎзЖОКУ кафедра мудири, профессор:

— Одатда танловларда кўпроқ ижодий ишлар тақдим этилади. Олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари асосан илмий ишлари билан қатнашгани учун унчалик эътибор берилмасди. Бу йилги танловда эса янги номинация қўшилди. Бу ҳам бўлса “Энг яхши пуб­лицистик асар” учун бериларкан. Мен университет профессори ўлароқ доимо қўлида қалами бўлган ижодкор сифатида “Йўлдаман…” номли публицистик асаримни танловга тақдим этгандим. Мазкур китоб ғолибликка тавсия этилгани нафақат менинг, қолаверса, бутун журналис­тика соҳасида фаолият юритаётган ҳамкасбларимнинг ютуғи деб ўйлайман.

Шоқаҳҳор Салимов, “Инсонга эътибор мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси ғолиби, фахрий журналист:

— 40 йилдан буён Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ишлаб келаяпман. Куни кеча менга топширилган  “Олтин қалам”  менга олтин қушдек қанот бағишлади. Бу мукофотга эришишим учун, энг аввало,  устоз­ларимдан  миннатдор бўлдим. Зеро, ўқиш бошқаю тажриба бош­­қа. Шу боисдан ўзимча ўзимга қуйидаги қои­дани “қонун”  нормаси қилиб қўйганман: материал ёзиш учун, аввало, билим, кейин тажриба, таҳлил-таққос ва хулосавий фикрлар керак! Назаримда, шу меъёрларга риоя этиш, албатта, мукофотларга, эътирофларга етак­лайди. Янги Ўзбекистоннинг “Олтин қалам”и ғолиб бўлган барча касбдошларимга муборак бўлсин, дейман!

Феруза Адилова, “Энг яхши журналистик материал учун” (матбуот) учинчи ўрин соҳибаси, “Тонг юлдузи” газетаси Бош муҳаррири:

Ҳар гал “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорлари билан танишганимда, “Нега ҳужжат топширмадик, улар сафида “Тонг юлдузи” ҳам бўлиши мумкин эди-ку”, деган гинахонлик ҳам ўтар эди. Бу йил эса қалб хоҳишига қулоқ солдик, ақл мураббий бўлди, керакли ҳужжатларни танловга тақдим этдик, ғолиб бўлдик, қувондик, хурсандчилигимизга атрофдагиларнинг шерик бўлиши бизни янада суюнтирди.

Тўғри, кимлар учундир “Тонг юлдузи” кичкинагина болалар нашри. Аммо миллат боласининг келажаги учун қайғурадиган, элим, юртим деб куюнадиган, шу муқаддас Ватан тақдири учун жон куйдирадиган яхши инсонлар учун “Тонг юлдузи” газетаси БОЛАЛАРНИНГ КАТТА НАШРИ!

Бугун қувончимизнинг чеки йўқ. Сабаби, “Олтин қалам” ХVII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг Босма нашрлар йўналиши бўйича “Энг яхши журналис­тик материал учун” номинациясида “Тонг юлдузи” газетаси 3- ўринга лойиқ топилди. Шунингдек, шу йилнинг 6 май куни болалар нашри Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик Меморандумини имзолаган бўлса, кечагина Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги муносабати билан газетхонларимиз ўртасида “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” танловини эълон қилдик. Бу каби эзгу ишларимиз бардавом бўлиши учун бизга янада қўшқанот бўлган, ютуқларимиздан ўзимизданда кўпроқ суюнган меҳри дарё устозларимиз, ҳамкасбларимиз, дўстларимиз, газетхонларимизга КАТТА РАҲМАТ.

Шу ўринда танловни юксак савияда ташкил этишга ҳаракат қилган, бор куч ва маҳоратини ишга солган Журналистлар уюшмасига ҳамда “Тонг юлдузи” газетасини ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрган ҳакамлар ҳайъатига катта раҳмат дегим келади.

Мухтасар айтганда, “Олтин қалам” — ижод аҳлига муносиб рағбат, журналистикага юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яққол тимсоли. Шу боис барча саъй-ҳаракатлар мазкур танловнинг холис, шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлашга қаратилди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 4 =