Газета рост ёзса — миллат рост яшар

(Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ижодида матбуотнинг ўрни ҳақида айрим мулоҳазалар)

 

Болаликдан газета-журналларга ошно бўлиб улғайганмиз. Матбуотга бўлган меҳр бизни 1980 йилда журналистика факультети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, ўша даврдаги ТошДУ)га ўқишга чорлаган. Талабалик давримиз бу даргоҳда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Аҳмаджон Мелибоев, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Анвар Обиджон, Тоғай Мурод, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Ҳалима Худойбердиева, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Шарифа Салимова, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид каби таниқли ёзувчи-шоирлар ҳам таҳсил олганларини эшитиб, ҳаяжонга тушгандик. Уларга мудом ҳавас билан қарардик.

Ўша ҳавас ҳанузгача сўнмаган. Бироқ улар даражасида етук ижодкор бўла олмадик. Ўша устозлар билан ўзимизни қиёслаб кўрганда, анчайин ортда эканимиз кўриниб туради. Ижодда ҳам, меҳнат фаолиятида ҳам.

Инчунун, ўша талабалик кезлари ҳавас билан қараган шоир Сирожиддин Саййид қатор йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасида самарали меҳнат қилди. Халқимизнинг севимли нашрлари бўлган “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналларига, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига раҳбарлик қилди. Ҳозирги кунда эса элимизнинг ардоқли шоири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида фаолият юритмоқда. У Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлди.

Сир эмаски, бугунги интернет даврида газеталарга ҳар ким ҳар хил кўз билан қарайди. Кўплар баралла танқид қилаверишади ҳам. Аммо тан олиб айтиш керакки, бугун катта адабиётда номлари алоҳида жой олган адибларнинг аксарияти илк бор эл суйган қатор газета ва журналлар орқали танилганлар. Катта-катта асарларнинг “хамиртуриши” аввал газета-журналлар саҳифаларида эълон қилинган очерк, эсселар, шеърий гулдасталар бўлган десак хато бўлмайди.

Фаолиятининг асосий қисмини газета-журнал таҳририятларида ўтказган Сирожиддин Саййид ижодида ҳам агар кузатсак, унда босма нашрларга алоҳида меҳр-муҳаббатни илғаш қийин эмас. У “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига атаб ёзган “Ҳаёт кўзгуси” деб номланган шеърида шундай ёзади:

 

Гарчи кўп бўлса-да аймоғи, насли,

Бу ёруғ дунёда ёлғон оз яшар.

Миллат газетадан бошланар асли,

Газета рост ёзса — миллат рост яшар.

Неча авлодларнинг сабру саботи,

“Ўзбекистон адабиёти…”

 

Тонг чоғи боғлиқ тил, боғлиқ бел билан,

Кетмонни елкага олиб кетган сен.

Каззоб замонларда юпун эл билан,

Сўлғин далаларда заҳар ютган сен.

Сенда шу тупроқнинг унди фарёди,

“Ўзбекистон адабиёти…”

 

“Миллат газетадан бошланар асли, Газета рост ёзса – миллат рост яшар” деган фикр ҳар бир журналистнинг қалб амрига айланса, қандай соз!

Айтиш ўринлики, бугунги журналистлар бунга эътибор бермаган тақдирда ҳам талабаларимиз – бўлажак ҳамкасблар, албатта, эътибор қаратадилар.

Шоирнинг матбуотга меҳри унинг “Постда” газетасига бағишлаб ёзган қуйидаги шеърида ҳам гўзал ифодаланган. Ушбу сатрларга бир эътибор беринг-а:

 

Ёмонлик – ёмонда,

Меҳр – дўстдадир.

“Постда” газетаси доим постдадир.

Адолатнинг қўли баланд келса гар,

Разолат доимо тубан, пастдадир.

 

Шу тариқа бошланган шеърда газета мазмун-моҳияти, ўз олдига қўйган мақсадлари ёрқин бадиий бўёқлар воситасида очиб берилган…

Ярим асрдирки, шоир Сирожиддин Саййид сиймосида Ватан ишқи, эл ташвиши билан яшаш фазилатини кўрамиз. У ҳар тонг фао­лиятини эли учун бир умидбахш сўз айтиш ва хайрли ишга қўл уришдан бошлашини тасаввур этамиз. Буни шу ўтган йиллар орасида ўқувчилар қўлига, таъбир жоиз бўлса, қалбига етиб борган “Руҳим харитаси”, “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Куйдим”, “Ватанни ўрганиш”, “Ватан абадий, “Сўз йўли”, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…”, “Буғдойбўй Ватан”, “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди” каби тўпламлари, шунингдек, бир неча жилддан иборат “Танланган асарлари”дан ўрин олган ҳамда кўплаб нашрларда, ижтимоий тармоқларда ёритилган шеърлари мисолида кўришимиз мумкин.

Юзлаб таниқли ёзувчи ва шоирлар камолга етган ЎзМУ журналистика факультетида таҳсил олганлар, энг аввало, журналист ҳисобланишади. Уларнинг аксарияти турли газета-журналларда, нашриётларда, телерадио каналларида фаолият кўрсатишганларини бугунги талабаларимизга ибрат қилиб кўрсатамиз. Зеро,   “журфак” фахрига айланган Абдулла Орипов “Гулхан”, Эркин Воҳидов “Ёшлик”, Ўткир Ҳошимов “Шарқ юлдузи” ва “Театр”, Ҳалима Худойбердиева “Саодат”, Эркин Аъзам “Тафаккур”, Собир Ўнар “Ёшлик”, Сирожиддин Рауф “Шарқ юлдузи” журналларида, Хуршид Дўстмуҳаммад “Hurriyat”, Аҳмаджон Мелибоев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Жаҳон адабиёти” Азим Суюн “Ўзбекистон овози”, Саъдулла Ҳаким “Маърифат”, Умида Абдуазимова “Тонг юлдузи”, Салим Ашур “Туркистон” (ҳозирги “Ёшлар овози”), “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” нашрларида бош муҳаррир вазифасида самарали фаолият кўрсатганлар, айрим устозлар эса бугунги кунда ҳам фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. (Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин).

Шундай. Устоз Сирожиддин Саййид ҳам қатор йиллар “Тошкент оқшоми” газетасида, “Муштум” журналида турли лавозимларда меҳнат қилди. Шундан сўнг юқорида айтганимиздек, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журнали ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррир сифатида ўзига хос ижодий маҳорат мактабини яратди.

Шоирнинг ижодий маҳорат мактабига бугунги талабаларимиз катта қизиқиш билан қарайдилар. Зеро, қўлига қалам тутган ҳар бир ёш ижодкор шоир ижод йўлидан катта сабоқ олиши мумкин. Ана шу ижодий маҳорат сирларини шогирдларга уқтириш биз каби устозларнинг ҳам бурчидир.

Шу ўринда айтиш жоизки, соғлом, дўстона руҳдаги ижодий рақобат қаламни чархлайди, янги марраларга мотивация беради. Курашчи полвонлар, улоқчи чавандозлар, бир даврага йиғилган бахши-шоирлар бу туйғуни жуда теран англашади. Кураш, улоқ, бахшилар юрти бўлмиш Сурхон воҳасида камол топган шоир Сирожиддин Саййид бетакрор ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан яқин дўст, маслакдош эди. Уларни “Тошкент оқшоми” газетаси таҳри­риятида кўп кузатганмиз. Эл суйган бу шоирлар қайсики таҳририятда фаолият кўрсатишса, у ерда ижодий муҳит юксак даражада бўлар эди. Икки ёш забардаст шоир басма-басига шеър ёзишга интилаётгани яққол сезилиб турарди. Шеърият шайдолари гоҳ Сирожиддин Саййид, гоҳо Муҳаммад Юсуф шеърларига ошно бўлиб юришарди.

Газеталар фаолиятига шеърий баҳо бериш Сирожиддин Саййиднинг ўзига хос маҳорати десак янглишмаймиз. Унинг “Тошкент оқшоми”га деб номланувчи қуйидаги шеърини ҳам мухлислари ўз вақтида   завқ-шавқ билан мутолаа қилишган:

 

Устоз Ғафур Ғулом дуоси билан

Парвозин бошлаган уйғоқ газетам.

Сен борсан — қалбимнинг туғроси баланд,

Асло якун топмас менинг қасидам.

Элнинг хавотиру оғриқларидан

Юпанч, тасаллидай бунёдга келдинг.

Машъум зилзиланинг ёриқларидан

Оқ атиргул бўлиб дунёга келдинг.

 

Шу тариқа давом этадиган шеър ўқувчини мушоҳада қилишга ундайди. Демак, ҳар бир газетани шу зайлда тарғиб қилиб бориш ҳам бесамар бўлмайди.

Сурхондарёнинг олис бир қишлоғида таваллуд топиб, пойтахти азимда камолга етган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг ёш ижодкорлар учун ўгитини ҳар бир ижодкор ёшларимиз қалбига жо қилиб олса арзийди:

 

Бу диёрда тоғу тош шоир бўлиб,

Ерга тушгайдир қуёш шоир бўлиб.

Ўргатар куйлашни булбул сувлари,

Майса ҳам тебрайди бош шоир бўлиб.

Бундайин ҳеч бир диёр оламда йўқ,

Гул билан гул рангталош, шоир бўлиб.

Сиз унинг заҳматларига дил беринг,

Дардларига елкадош шоир бўлиб.

 

Сўзимиз аввалида ЎзМУ журналистика факультетидан етишиб чиққан бир гуруҳ шоир-ёзувчилар номини тилга олдик. Уларнинг ижодий маҳорат мактаблари ҳақида бежиз сўз юритмадик. Асл муддао шуки, бугун Ўзбекис­тон Миллий университетида таҳсил олаётган ёшларни ҳам ана шу устозлар даражасида камолга етказа олсак, армон қолмасди…

Тўлқин ЭШБЕК,

филология фанлари

номзоди, доцент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =