Аёл фақат турмуш қуриш учун яратилганми?

Ўзбекистон Журналис­тика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил топ­ганинг беш йиллиги муносабати билан ушбу олий ўқув даргоҳида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг мақолалари — изланиш намуналаридан эълон қилмоқдамиз. Уларни ўқиб, танишиб ёш ижодкорларнинг ўй-кечинмалари, тил ва услуби, маҳоратини баҳолаш қийин эмас.

Қолаверса, улар мисолида эртанги матбуотнинг эгаларини тасаввур қилиш, уларнинг тафаккур тарзини англаш имкони ҳам мавжуд.

Қуйида бўлажак журналистлар қаламга олган лавҳалар билан танишинг.

Таҳририят.

 

Аёл фақат турмуш қуриш учун яратилганми?

 

Анча аввалроқ яратилган кинофильмларга ҳеч эътибор қилганмисиз? Мен уларни жуда қизиқиб кузатаман.  Ўтмишдаги аёлларимиз  қисматига ачиниб кетаман. Чунки улар  тасаввуримда бир хил турмуш тарзига эга одамлар, яъни уй бекаси, дала ишчиси, бир этак фарзандларни дунёга келтирувчи она қиёфасида гавдаланаверади. Уларнинг олдиларида битта муҳим вазифа бор, у ҳам бўлса, уй ишларидир. Мисол учун, Шароф Бош­бековнинг “Темир хотин асари асосида режиссёр Исамат Эргашев 1990 йилда суратга олган кинофильмидаги Қўчқор аканинг хотини Қумри образи. Қумри туну кун пахта даласида минг чаноққа минг марталаб эгилиб пахта териши, 50-60 кг. юкни кўтариб хирмонга олиб бориши, нон ёпиб, уй-рўзғор ишларини бажариши керак. Бу ишлар муштаккина жуссали ўзбек аёлига оғирлик қилмайдими?!

Аммо у  югуриб, елиб бўлса ҳам, ишларини эплайди. Бундан ташқари, сигир-бузоқларга ҳам қарайди. Бундай ишларни санасанг саноғи йўқ. Битта  ўзбек аёлининг қиладиган иши шунчалар кўпки, натижада ўша даврларда аксарият қизлар ўқимаган, олий ўқув юртларида таҳсил олмаган. Мен бу билан ўша кинони танқид қилмоқчи эмасман. Ҳақиқатан ҳам, бу фильм қойилмақом тарзда ишланган. Унда ўша давр  руҳи, муҳити айнан ёритилган. Aммо ҳозир ҳам чекка-чекка ҳудудларда бу каби ҳолатлар  йўқ эмас-да. Энг ёмони ҳам мана шунда.

Бугунги кун телесериалларига  ҳам разм солайлик, таҳлил қилайлик. Улардаги асосий мазмун фақат оиладаги можаролар, келинлик вазифалари, иккинчи хотин қисмати, қайнона ва турмуш ўртоқ билан муносабатлардаги келишмовчиликлар…  Аёлнинг кўргани ғалва! Бундан бошқача ҳаёт борми ўзи?  Аёл зоти фақат шу вазифаларни  бажариш учун яратилмаганку. Нега давр мавзуси фақат шулардангина иборат? Уй юмушидан ортмаган, ўқимаган келин қиёфаси жамиятнинг юзими?!  Эллик йил кейин бу сериалларни кўрган авлодларимиз бугунги ҳаёт ҳақида қандай тасаввурга эга бўлишади?!

Ҳозирда ёшим йигирмадан ошяпти, атрофимда бу ёшда турмушга чиқмаган қизларни кам учратаман. Учратганларим ҳам қаердадир ўқишади, келажакдан  умиди, мақсади бор қизлар. Метрода, кўча-кўйда эрта турмуш қурган қизларни кўрганимда, улар билан суҳбатлашиб қолсам, “Сизга ҳавасим келади”, деб мени ҳайрон қолдиришади. “Aхир, ўзингиз шу ҳаётни танламаганмидингиз?” деган саволни берсам, “Ота-онам турмушга бериб юборишди” деган жавобни оламан. “Қиз бола бўйига етдими, бўлди, жойи чиқса, эрга бериш керак”, деган ақида ҳамон устувор.  Афсуски, жамиятимизда ҳали ҳануз аёлларга паст назар билан қараш мавжуд. Ҳаттоки, уларга нисбатан зўравонликлар ҳақида тез-тез эшитяпмиз. Кейинги пайтда рўй берган воқеалар, яъни оилавий меҳрибонлик уйидаги вояга етмаган қизларга нисбатан тажаввузларни эсланг. Интернет тармоқлари  “Воя­­га етмаган қиз таҳқирланибди” каби маълумотлардан бўшамайди, сабаб нимада? Аёллар фақат оғир меҳнат, зўравонлик қурбони бўлиш учун яратилганми?

Ҳаёт фақат шундай воқеликлардан иборат эмас аслида. Шукрки, хотин-қизлар ҳимояси давлатимиз қонунчилигида такомиллаштирилиб борилмоқда. Уларни  қўллаб-қувватлайдиган,  ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонунлар яратилмоқда, янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Бугун жамият ҳаётида ўз ўрнига эга хотин-қизларимиз талайгина. Спортчи қизларимиз жаҳон ареналарида, мусобақа майдонларида куч синашяпти. Масалан, Польшанинг Келсе шаҳрида бокс бўйича 54 кг. вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган юртимизнинг мард қизи Нигина Ўктамова жаҳон чемпиони бўлди. Нозимахон Қаюмова аёллар ўртасида пара-енгил атлетиканинг найза улоқтириш турнирида энг зўр натижа билан ном таратди. Моҳигул Ҳамдамова диск улоқтириш баҳсида ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтарди. Яқин ўтмишга қайтсак, Оксана Чусовитина ва Лина Черязовалар қўлга киритган ютуқлари сабаб исмлари тарихга муҳрланди. Қолаверса, қанчадан-қанча олимаю сенаторларимиз, шоираю педагогларимиз, қўли енгил шифокорларимиз элнинг дуосини олиб яшашмоқда. Улар бугун ўсиб келаётган қизалоқларимиз учун ўрнак бўлишлари, Зуҳро юлдузи каби йўл кўрсатувчилари бўлишлари керак. Демакки, аёлларимиз фақат уй-рўзғор учун яратилмаган экан. Ҳаракат қилсалар, мақсад сари интилсалар, ўқиб, ўргансалар, интилганга толе ёр деганлари чин. Ҳамонки, инсонга ҳаёт бир марта берилган экан, хотин-қизлар ҳам жамиятда ўз мав­қеига, ўз ўрнига эга бўлиши керак. Aгар аёл билимли бўлса, ундан илмли фарзанд дунёга келади ва юрт ривожланади, халқимиз маънавияти юксалади.

Дилдора ШОДИҚУЛОВА

 

Ўзбекистон Журналис­тика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил топ­ганинг беш йиллиги муносабати билан ушбу олий ўқув даргоҳида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг мақолалари — изланиш намуналаридан эълон қилмоқдамиз. Уларни ўқиб, танишиб ёш ижодкорларнинг ўй-кечинмалари, тил ва услуби, маҳоратини баҳолаш қийин эмас.

Қолаверса, улар мисолида эртанги матбуотнинг эгаларини тасаввур қилиш, уларнинг тафаккур тарзини англаш имкони ҳам мавжуд.

Қуйида бўлажак журналистлар қаламга олган лавҳалар билан танишинг:

 

Аёл фақат турмуш қуриш учун яратилганми?

 

Ҳамон тўйларимиз обрўимизми?

 

“Ўқимаган”ларнинг “ўқиган” болалари

 

Гуллар чаёнга айланмасин

 

Саҳифани  ЎзЖОКУ ўқитувчиси Ўктам МИРЗАЁРОВ  тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =