“Матбуот дўкони”нинг матбуотга дахли борми?

Ўзбекистон Миллий университети биноси жойлашган ҳудудга туташ йўлда пештоқига “Матбуот дўкони” деб ёзиб қўйилган дўконча бор. Журналистика факультетида таҳсил олаётганимиз учун устозлар биздан кундалик газеталарни кузатиб бориш, қизиқарли мақолаларни ўқиш, танқидий чиқишларга муносабат билдиришни талаб этишади. Шу мақсадда  дўкончага яқинлашдим, мақсадим бир-иккита газета сотиб олиш эди. Аммо… адашибман  — “Матбуот дўкони”да газета сотилмас экан. Аниқроғи, бу ерда газета-журналлардан бошқа ҳамма нарсани харид қилса бўларкан.

Соддалигим қурсин, турли майда-чуйда маҳсулотлар савдоси авжида эканини кўриб турган бўлсам ҳам, сотувчи аёлга: “Газеталарнинг янги сонлари борми?”, дебман. Қўрсгина қилиб, “Бу ерда газета сотилмайди”, деди. – “Нега сотилмайди, ахир бу матбуот дўкони-ку?”, дегандим, ёзиб бўлмайдиган одобсиз сўзларни айтиб, кайфиятимни бузди.

Бирор кор-ҳол юз бермасин яна, деб ортимга қайтдим. Бўлган воқеани курсдошларим билан муҳокама қилдик. Кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқди: сотувчи аёлнинг харидорга бундай муомала қилиши ҳеч бир  қоидага тўғри келмайди, дўконча матбуот дўконими,  шу яқин орада журналис­тика факультети жойлашганми, талабалар орасида ёш ҳаваскор мухбирлар борми, демак, бу ерда, албатта, газета-журналлар сотилиши, дўкон сотувчиси матбуот дегани нималигини озроқ тасаввур қилиши лозим.

Бошқа фикрлар ҳам бўлди. Баъзилар: “Бугун газета-журналларга қизиқиш камайган, ҳамма ахборотлар интернетда бор, қоғоз маҳсулотга эҳтиёж қолмади”, дейишди. Устозларимиздан бири бу фикрга аниқлик киритди: “Интернет ўқувчининг хабардорлик даражасини оширади, чунки унда тезлик бор. Босма нашрлар эса ўқувчи тафаккурини чархлайди. Шу боисдан ҳам, кўпчилик  давлатларда, масалан, АҚШ, Япония, Буюк Британияда интернет тезлиги ва самарадорлиги биздагидан  бир неча баробар ортиқ бўлишига қарамай, бир, икки миллион нусхада кундалик газеталар ҳам чоп этилади”.

Хуллас, кўп баҳс, тортишув бўлди. Якуний хулоса шу бўлдики, “Матбуот дўкони” деб қўйилганми, демак, бу ерда газета-журналлар сотилиши керак, борди-ю бунинг биз билмаган қандайдир сабаблари бўлса, унга пештоқдаги ёзувни “Майда-чуйда нарсалар дўкони” (“Тысяча мелочей” деган дўконлар монанд.) деб ўзгартириш лозим.

Сиз нима дейсиз?

Ҳилола ТУРСУНАЛИЕВА,

ЎзМУ журналистика факультети

1-босқич талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 14 =