Меҳрибонлик – 4

Хотинимнинг томдан тараша тушгандек “қармоғига илинтирмоқчи” бўлган, фақат ўзининг фойдасига ишлайдиган устомонликларидан зукколигим туфайли кўп ҳолларда омон қолардим ва ўзимнинг донолигимдан қувониб юрардим. Аммо бу сафар…

— Дадаси, – деди хотиним эрталабки чойни тайёрларкан жуда ёқимли овозда. Назаримда, овозида менга нисбатан ҳурмат ошгандек эди.

— Нима дейсан? – дедим у узатган пиёладаги чойни оҳиста ичарканман.

— Қўшниларимиз сизни айтган сўзининг устидан чиқадиган бир сўзли моҳир журналист экан, деб мақташяпти. Ниҳоят, кўчамиз асфальт бўлди, дейишяпти.

— Кўрдингми, хотин, – дедим бу гаплардан талтайиб, – ҳатто улар ҳам менинг қандайлигимни билишибди. Хўш, сен нима дединг?

— Тўғри айтасизлар, дедим мен ҳам, – дея гапида давом этди жиддий оҳангда хотиним. – Ҳайитга кийишимга янги кўйлак олишимга пул берарман девдилар. Шуни бугун оламан, дедим. Тўғрими?..

— Тўғри! А?!.

 

*  *  *

Дам олиш кунларининг бирида чой ичиб ўтиргандим, ўғлим келиб қолди. Суҳбат бошланди.

— Дада, – деди ўғлим қандайдир сирли оҳангда, – нега доим онамга ўғлингга айт, у ишни бундай қилсин, бу ишни ундай қилсин, деб айтасиз. Нима, мен фақат онам­нинг ўғлиманми? Мен туғилганимда хурсанд бўлмаганмисиз?

— Нега ундай дейсан ўғлим? – дедим ичимни бир нима тирнагандек бўлиб. – Ахир…

— Ахир, пахири йўқ, – деди ўғлим ҳеч кутилмаганда кескин оҳангда. – Мен сизнинг ўғлингиз, ота ўғил бўлишни хоҳлайман.

Ўғлимнинг бу жавоби мени тўлқинлантириб юборди.

— Унақа хафа бўлма болам, – деди хотиним тўсатдан гапга қўшилиб. – Отанг сени қанчалик яхши кўришини билсайдинг. Сен албатта ичингдаги дардингни биринчи навбатда отангга айтишинг керак. Ана шунда ота ўғил бўласан. Тўғрими, дадаси?

— Онанг тўғри гапиряпти, – дедим бирданига кўнглим бўшашиб. – Нима дардинг бўлса, айтавер болам.

— Бугун келинингиз билан учрашувга чиқмоқчийдим, – деди ўғлим бироз маъюс оҳангда.

— Яхши, хафа бўлмай айтавер. Нима янги кийим керакми?

— Йўқ…

— Туфлимни бериб турайми?

— Э…

— Пул керакми?

— Йўқ, – деди ўғлим ва нима учундир жовдираб онасига қаради.

— Аҳ, ўғлим-а, – деди хотиним бирданига портлаб. – Ўргатганимни ҳам эплолмайсан-а. Отанг шунча нарсани сўраса нега “йўқ” дейсан. Машинангизни ҳам бериб туринг десанг бўлади-ку. Бунақада қачон бу пишиқ отангдан бирон нарса ундирасан, билмадим…

 

*  *  *

— Буни қаранг, дадаси, – деди хотиним худди ўзига янги кўйлак олгандек қувониб. – Мана бу кўчатларни кўринг, – деди у ҳовлига янги экилган ниҳолларни кўрсатиб. Ўғлингиз эккан дарахтларнинг ҳаммаси кўкарибди.

— Кўкаради-де, – дедим ғурурланиб. – Ахир бу кўчатларни мен – аканг қарағай олиб келганман-ку.

— Тўғри, – деди хотиним шаҳд билан. – Сиз олиб келгансиз, лекин ўғлингиз экиб, катта қиляпти. Ўзингиз айт­гандай ҳамма туққан она – она бўлавермайди, боққан она бўлади.

 

* * *

— Қалай? – дедим хотинимга янги кўйлак устидан тақилган чиройли рангдор галстукни кўрсатиб.

— Яхши, лекин сизга ярашмабди, – дея бошини лиқиллатди хотиним.

— Нега?

— Бу ёшларники-де.

— Нима, мен қариб қолдимми?

— Ёшмисиз?

— Ия, бу нима деганинг. Ҳали ўнта йигитнинг ғайрати ва кучи бор менда. Гапингни ўйлаб гапир.

— Шунақами? – деди хотиним худди шуни кутиб тургандай, — ундай бўлса ҳовлидаги ерни ўзингиз чопинг. Йўлакдаги қопдаги картошка билан пиёзни ўғлингизни келишини кутиб ўтирмай, ертўлага ўзиз олиб тушиб қў­йинг. Хўпми!

 

* * *

Ишдан келсам хотинимнинг ранги ўчган, бир аҳволда.

— Нима бўлди?

— Ўғлингизнинг мазаси бўлмовди, “Тез ёрдам” чақирдик.

— Нима деди? – дедим ҳовлиқиб.

— Укол қилди. Бироз шамоллаши бор экан, – деди.

— Ҳа, майли қўявер. Уч-тўртта укол олса ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади, – дедим анча хотиржам бўлиб.

— Шу уколларини сиз олсангиз-чи, – деди хотиним илтижоли назар билан.

— Эсинг жойидами, хотин? Нималар деб валжираяпсан?

— Нима қипти, олсангиз? Осмон узилиб ерга тушадими? – деди хотиним бирданига образга кириб. – Жа, ўғли учун жонини тиккан Бобурга ўхшагингиз келарди-ку! Ўғлингизнинг жонига оро кириб бир сафар уколларни олсангиз нима қилади? Ўшанда ҳам айтувдим-а, барибир Бобур бўлолмайсиз деб. Мана, гапимнинг исботи…

 

*  *  *

— Тинчликми, дадаси. Нечук ишдан вақтли қайтдингиз? Рангингиз ҳам сўлғин аҳволда, – деди хотиним қўлимдаги нарсаларни оларкан.

— Ҳа, энди, – дедим хотинимни синаш мақсадида, – ўғлинг ўқишда йиқилибди.

— Вой, шўрим, – деди хотиним жонҳолатда, – ҳеч нарса қилмабдими? Хабар олдингизми? Доктор-похтор келибдими?

— Қаёқдаги гапларни гапирасан-а, – дедим кулиб.

— Нега қаёқдаги гаплар бўлади? Кеча бекорга ёмон туш кўрмаган эканман. Ўзи қани?

— Келиб қолар. Мунча ваҳима қилавермасанг-чи. Имтиҳондан йиқилибди. Тушундингми?

Бу гапни эшитган хотиним бирданига ўзгарди.

— Ҳе, гапизам қурсин! Ўтакамни ёрай дедингиз. Имтиҳондан йиқилса, йиқилар, – деди хотиним қўлидаги нарсаларни стол устига қўяркан.

— Нега ундай дейсан? Ўқиса шунақа бўлмасди, – дедим асабийлашиб. — Ҳозир ўртоқлари билан юргандир сандирақлаб.

— Ота ўғил-да. Ота ўғил! – деди хотиним ҳам бўш келмай. – Ишхонада аттестациядан ўтолмасангиз чойхонама-чойхона юрасиз-ку. Ё гапим нотўғрими?

 

*  *  *

— Ойлигимни ҳеч етказаолмайман, – деди дўстим шикоят қилиб.

— Нега етказаолмайсан? Ойлигинг камми?

— Йўқ. Ойлик олган куним хотиним дарҳол олиб қўяди.

— Берма…

— Қандай қилиб?..

— Ойлик олишингдан уч-тўрт кун олдин хотининг билан уриш. Гаплашма. Ана шунда хотининг пул сўролмайди ва ойлигинг ёнингда қолади. Қалай, зўрми?

— Бу ҳунаринг иш бермади.

— Нега?

— Хотиним дўстингизнинг ҳийласини менга ўтказаолмайсиз, дейди. Назаримда, хотининг буни аллақачон хотинимга айтган. Шун-чун дўстим энди сен ҳам янги ҳийла ўйлаб топ. Бўлмаса менга ўхшаб пулсиз қоласан.

Бу менга яхши дастак бўлди. Оилавий сирни ошкор қилган хотинимдан ўч олиш ва уни чув тушириш мақсади-да ғазаб билан уйга келдим.

Бахтимга эшик қулф эди. Очиб, ёлғондакам жаҳл билан уйга кирдим. Стол устида хат турарди. Олиб ўқий бошладим.

“Биламан, дадаси, эртага ойлик оласиз. Мен билан “уришаман” деб хомтама бўлманг. Болаларни олиб уйга кетдим. Жаҳлдан тушганингизда келаман ва албатта, ойликни оламан. Сизнинг устомон хотинингиз”.

Баҳром АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + twelve =