Агар Берунийни ўқисак…

Ўзбекистон тарихида яшаган шундай буюк сиймолар борки, улар қолдирган бебаҳо дурдона асарлардан нафақат биз, балки жаҳон аҳли ҳам фойдаланади. Шу сабабли ҳам уларнинг номи ва шони асрлардан асрларга ўтиб мангу яшайверади. Ана шундай зотлардан бири қомусий олим Абу Райҳон Берунийдир. Маълумки, Абу Райҳон Беруний 973 йилда Хоразмда туғилган. Унинг асл исми Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад бўлиб, тарихий манбаларга кўра у ота-онасидан эрта етим қолиб, ўз даврининг машҳур олими Абу Наср Мансур ибн Али ибн Ироқнинг қўлида таълим олади.

Беруний тарихан қисқа вақт ичида ўз даврининг машҳур олимларидан бирига айланади. Бунга у ўз иқтидори, билими ва юксак тафаккури ҳамда зеҳни орқали эришади. Беруний замона зайлига кўра кўп юртларга боради. У ўзи борган давлатлар олимлари билан яқиндан танишади. Айниқса, Берунийнинг ўз ватани Кот шаҳрида ўша даврнинг яна бир буюк олими ватандошимиз, асли Бухоронинг Афшона қишлоғида таваллуд топган Абу Али ибн Сино билан танишуви иккала олим ҳаётида ўчмас из қолдиради. Унинг Ибн Сино билан ўзаро ёзма мулоқотлари ҳозирги кунгача жаҳон олимларининг диққат марказида туради. Уларнинг табиат ва олам ҳақидаги фикрлари, ўзаро саволларга жавоблари ҳали-ҳануз ҳозирги олимларнинг ақлини лол қолдиради. Беруний тахминан йигирма беш-ўттиз ёшида ўзининг машҳур асарларидан бири – “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”ни ёзиб тугатади. Ушбу китоб XXI бобдан иборат бўлиб, унинг биринчи бобида кундуз билан кечанинг моҳияти ва ўша давр халқлари – форслар, яҳудийлар, юнонлар, сўғдлар ва бошқа халқлар олимларининг бу масалага муносабати очиқ таҳлил қилиб берилади. Беруний астрономия ва математика илмини чуқур билганлиги сабаб кеча ва кундуз, йиллар ва ойлар ҳақида ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмайди.

Қисқача айтганда, “Нега шундай?” деган саволларнинг барчасига тўғри, содда ва одилона ҳамда ишончли ечим топадики, бунга фақат қойил қолиш мумкин, холос. Яна ажаб­ланарли томони шундаки, у бу масала моҳиятини тушунтиришда “Қуръон”дан ҳам иқтибосларни ўз ўрнида келтиради ва бу билан олим “Қуръони карим”ни чуқур англашини ҳамда тушунишини исботлайди. Беруний бу китобида намоз вақтлари (бомдод, пешин, аср, шом, ҳуфтон)га ҳам алоҳида аҳамият беради ва астрономик жиҳатдан бу вақтларни тўғри қабул қилинганини изоҳлайди. Ойнинг 28 жо­йидаги юлдузларнинг сони, уларнинг метрологик масалаларга ҳам диққатни жалб қилади. Беруний бу асарини унга ҳомийлик қилиб турган Каспийбўйи ерларининг ҳукмдори Қобус ибн Вашмгирга бағишлаган бўлиб, унинг арабча номи “Осор ал-боқия”дир. Бундан келиб чиқадики, Беруний жуда кўп тилларни (айрим манбаларда 10 га яқин деб айтилади) яхши билган ва уларда бемалол гаплаша олган. Мазкур асарда Беруний қадимги халқларнинг байрамлари, урф-одатлари ҳамда ўзигача яшаган дунё халқларининг сулолалари ҳақида ҳам фикр билдирган. Энг ҳайратланарли жиҳати, олим Ислом тарихи ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаётини аниқ ёритиб беради. Бу асарнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, унда ўша даврдаги Хоразм ҳақида ва унда яшаган буюк шахслар ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

Берунийнинг яна бир ажойиб асарларидан бири “Ҳиндистон” 1030 йилда ёзилган. Бу асарга нафақат ўзимизда, балки Европа давлатларида ҳам юксак баҳо берилган. Асар дунёнинг жуда кўп тилларига, жумладан, инглиз, немис, рус ва ҳинд тилларига таржима қилинганлигининг ўзиёқ унинг нуфузидан дарак беради. Бежиз Ҳиндистон бош вазири бўлган, ҳинд халқининг улуғ зотларидан бири Жавоҳарлал Неру буюк бобомиз ҳақида “Беруний Ҳиндистонда қисқа муддат яшаса-да, бизга ўз тарихимизни ёзиб берди” дея айтмаган эди.

Дарҳақиқат, олим нафақат бутун Ҳиндистон тарихи, балки қадим ҳинд халқининг урф-одатлари, қадриятлари, тили, маданияти ҳақида чуқур маълумот беради. Мутафаккир ана шу асарида ҳатто Атлантика ва Тинч океанининг ёнида улкан қуруқлик, яъни Америка қитъаси жойлашганлигини ҳам илмий асослаб беради ва   бу билан у Христофор Колумбдан деярли 500 йилга илгарилаб кетади. Беруний мазкур асарида Ҳиндистон халқларининг урф-одатлари, маданияти, илм-фани, дини, ёзуви, адабиёти ҳақида қимматли маълумотлар келтиради. Ушбу ки­тобга шарқшунос олим В.Р. Розен қуйидагича баҳо берган: “Бу асар ўзининг мукаммаллиги билан ягона бўлиб, нафақат ҳозирги Шарқ ва Ғарбда, балки бутун қадимги ҳамда ўрта асрлар адабиётида ҳам тенги йўқдир”.

Берунийнинг шунингдек, “Турар жойлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун манзилларнинг чегараларини белгилаш (Геодезия)”, “Қонуни Маъсудий” (2 та том), “Юлдузшунослик санъати асосларини тушунтириш китоби” (“Тафҳим”), “Математик ва астрономик рисолалар” номли китоблари унга жуда катта шуҳрат келтирди.

Беруний фаннинг деярли барча соҳаларида ижод қилган. Тахминларга қараганда, у 150 га яқин асарлар ёзиб қолдирган. Афсуски, уларнинг барчаси бизга етиб келмаган. Ношир дўстим Юсуф Музаффарнинг айтишича шундай нақл бор экан: Беруний ижод қилган фан соҳаларининг ҳисобини айтгандан кўра, олим қўли тегмаган фан соҳаларини айтиш осонроқ. Берунийнинг фан соҳаларидаги шуҳрати туфайли XI асрнинг ярми “Беруний асри” деб ҳам аталган.

Яна шуни фахр билан айтиш жоизки, бу дунёда не-не алломалар, улуғ олимлар, донишмандлар ўтмаган. Аммо буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Берунийдек ҳар томонлама етук, сермаҳсул олим жаҳонда жуда кам ўтган.

2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарори ­эълон қилинди. Қарорда буюк олимнинг ижодини кенг ўрганиш ва у ёзган асарларини чоп этиш ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Ушбу қарорда Берунийнинг 1050 йиллик юбилейи ЮНЕСКО томонидан 2023 йилда кенг нишонланиши ҳам қайд этилган. Мен юқоридаги Беруний асарларининг номларини қайд этишим ва улардан айримларига қисқача изоҳ беришимга сабаб, ушбу 7 та китоб “O‘zbekiston” НМИУда 2022 йилда нашр этилди. Ушбу нашр этилган китоб­ларнинг барчасида изоҳлар берилган. Бу ҳолат эса ўқувчига, ёшидан қатъи назар, китобдаги воқеалар, ҳодисалар, жараёнлар ҳамда шахслар ҳақида маълумотга эга бўлишига ва асар моҳиятини тўлиқ тушунишларига сўзсиз ёрдам беради. Бу нашр этилган ва нашри режалаштирилган дурдона асарлар “O‘zbekiston” нашриётининг буюк олимга нисбатан чексиз эҳтиромининг бир намунаси, холос. Ҳозирги кунда буюк олимнинг яна учта машҳур асари нашрга тайёрланмоқда. Умуман олганда, жаҳонаро Биринчи Ренессансга асос солган олимлардан бири ҳисоб­ланган буюк бобокалонимиз ҳақида қанча кўп билсак ва қанча кўп гапирсак шунча оз. Зеро, яна бир буюк миллатпарвар ёзувчимиз Абдулла Қодирий айт­ганидек, “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрликдир”. Ана шундай хайрли ишларни амалга ошираётган ноширларнинг заргарона ишларини қайд этиш бизнинг халқимиз олдидаги бурчимиздир.

Мен оддий, заҳматкаш журналистнинг эл олдидаги бурчларидан бири элни илмдан хабардор этиш, маърифатга чорлаш, уни янги нашр этилган китоблардан бохабар қилиш деб биламан. Ёшларимиз ушбу нашр этилган китобларни ўқиса билим даражаси ортади, тафаккури кенгаяди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Ш.Мирзиёев ўз нутқларининг бирида: “Ҳаммамиз учун ҳозирги кунда энг долзарб вазифа ёшларимиз орасида китобхонликни кенг ёйиш…”, – деган эди. Бу сўзларга ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Фақат шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бугун мамлакатимизда китоб ва китобхонлик соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Узоқ йиллар давомида чоп этилмаган ноёб дурдоналар нашрдан чиқарилмоқда. Аммо шундай бўлса-да, айрим ёшларнинг умуман китоб ўқимаслиги, ҳатто газета-журналлардан узоқлашиб бораётгани дилни оғритади. Минг афсуски, юртдошларимиз орасида, айниқса, ёшлар орасида Берунийдек зотларни ҳам билмаслиги, шундай улуғларнинг бетимсол, ниҳоятда нодир асарларини ўқимаслиги таассуфли ҳол. Абу Райҳон Берунийдек буюклар маънавий меросидан баҳраманд бўлмасликни эса асло оқлаб бўлмайди.

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =