Нега жиммиз?

ХХI аср деймиз. ХХI аср — ривожланиш, ахборот асри деймиз. Лекин нега бу аср оқибатсизлик, меҳрсизлик асри демаймиз. Дейишимиз керак, деганда ҳам бақириб-чинқириб айтишимиз керакка ўхшайди. Нега дейсизми?

Яқинда ижтимоий тармоқларда икки видео-лавҳа тарқалдики, тарқатганларга “қойил” қолмасдан иложи йўқ. Бирида Хоразмдаги болажоннинг боши ободонлаштириш машинаси томонидан “текислаб” кетилгани тасвирланган бўлса, бирида Тошкентдаги аёлнинг танасини поезд иккига бўлгани кўрсатилган. Хўп, улар билан бахтсиз ҳодиса юзага келибди. Яқинларига Яратган сабр-тоқат берсин. Лекин шу икки ҳолатни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришдан не наф? Эрта-индин ана шу ватандошларимизнинг яқинлари телеграмда ё бошқа тармоқларда ўз туғишганларининг аянчли аҳволи тарқаб кетганига нима муносабат билдиради? Улар хурсанд бўладими? Йўқ, албатта. Аксинча, ҳар кўрганда яралари янгиланмайдими?

Эй, шу аянчли ҳолатларни видеотасвирга олганлар, эрта бир кун (тавба қилдим, Худо ҳаммамизни асрасин) шу каби ҳодиса сиз билан ё сизнинг яқинингиз билан бўлса-ю шуни ҳам кимдир видеога олса, нима қиласиз? Тўғри бўладими шу?

Эй, видеоларни каналларида айлантираётган муҳтарам админлар, наҳотки каналингизни нуронийлар, ёшлар, ҳомиладор аёллар кузатишини билмайсиз… Биласиз-ку. Ахир шу видеоларни кўриб, кимнингдир мазаси қочиши, қон босими кўтарилиши ҳам мумкин-ку. Йўқ, сизлар бу нарсаларни ўйламайсиз. Сизларга шов-шув, кўпроқ like, обуначи бўлса, бас экан-да!

Ўзи ижтимоий тармоқлар аёлларига хиё­нат қилаётган эрлар, эрларига хиёнат қилаётган аёллар ҳақидаги видеоларга тўлиб кетган бўлса. Бир томондан ҳар ойда бир ОНАЛАР, ОТАЛАР ўз болаларини қийнаб, уриб, тепиб, видеоларини тарқатиб туришган бўлса. Шулар бизга етмайдими? Ахир буларнинг бари уят эмасми? Майли, буларга чидармиз, чидармиз эмас, кўникиб ҳам қолдик. Аммо…

Алам қиларлиси, танаси иккига бўлиниб кетган аёлни видеотасвирга олган одамнинг гапини қаранг: “Олиб қўйиб, яна жойига қўйиб қўйсак бўладими?” Эй азизим, ундан кўра марҳумни бир чеккага олиб, тегишли масъуллар келгунча устига нимадир ёпиб қўйишни ўйласангиз бўлмайдими?!

Хоразмлик болакайни-ку жимгина видео­­га олишган. Жимгина… Эй азизим, шуни видеога олгунча “Тез ёрдам” чақирсанг бўлмасдими?

Нима бўляпти, нималар бўляпти бизга? Бунчалар бефарқ, бағритош ва томошабин одамларга айланиб қолдик… Қани меҳр-оқибат, қани қардошлик, ватандошлик муносабати? Тўғрисини айтиш керак, сўнгги пайтларда кимдир уришаётган бўлса, уларни ажратувчидан кўра видеога олувчилар кўпайган. Мана бизнинг ҳолимиз… Биз ана шу жараёнда жабрланувчиларга ёрдам беришдан кўра ҳодисани тезроқ ва тиниқроқ видеога олишни ўйлайдиган кимсаларга айланиб боряпмиз.

Бу икки мудҳиш ҳодисага алоқадор кишилар қариндошларим эмас, аммо қариндош­ларимдек ватандошларим. Энди улар интернет “қаҳрамонлари” томонидан ви­деога олинганлари учун ҳеч нарса дея олишмайди. Аммо биз дея оламиз-ку. Нега жиммиз, яхшилар? Нега?!

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ,

Гулистон давлат

университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × five =