Фаросат мактаби қаерда?

Ёки бепарволик иллати ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида

 

Айрим ёшларимизнинг жамоат жойларида ўзини тутиши, юриш-туриши, хатти-ҳаракати, муомаласи-ю, маданиятини кўриб, ё тавба, нималар бўлаяпти ўзи, қаёққа қараб кетаяпмиз, дея ўйланиб қоласан киши. Келинг, яхшиси гапни ҳар қадамда туртқиланиб, таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, камситилиб келинаётган она тилимиздан бошлайлик. Қани айтинг-чи, руслар, инглизлар ва бошқа миллатларнинг ўз тилига ўзбек сўзларини қўшиб гапирганини эшитганмисиз? Йўқ, эшитмагансиз! Бундан кейин ҳам эшитмассиз. Биз-чи? Нега биз ўз она тилимизга нафақат русча, ундан бошқа тилларни ҳам қўшиб сўзлаша бошладик? Икки ёш йигитнинг учта ўзбекча сўзга уч-тўртта русча, бунинг устига инглиз ёки бошқа тилни қўшиб гаплашганига нима дейсиз?!

Бу она тилимизни чала-ярим билишимизданми ёки уни ўзга тиллар ёрдамида энди-энди ўрганаётганимизданми?! Балки бу она тилимизни  бошқа тилларга таништириш йўлидаги биз бехабар янги бир ҳаракатдир? Йўқ, униси ҳам, буниси ҳам эмас. Чунки ҳар икковининг ҳам ҳуқуқий асоси йўқ. Хўш, унда нега аксарият ўзбек ёшлари ўз тилига русча, инг­лизча сўзларни қўшиб гапиришни одат қилишмоқда? Бу маданиятми, маърифатми ёки юксак маънавиятми? Нима бу ўзи? Ўз тили билан фахрланиш, ғурурланиш, уни меҳр-муҳаббат ила  қадрлашми? Йўқ албатта! Бу фаросатнинг ўзига яраша эканлигидан бошқа нарса эмас!  Ахир, соф ўзбек, араб, форс, рус, инглиз ва бошқа тилларда гаплашишни ҳеч ким тақиқлаб қўйгани йўқ-ку!  Баъзи бир ёшларнинг антиқа сўзлашишини оилада ота-онаси, мактаб ва олий ўқув юртида ўқитувчилари, маҳаллада қўни-қўшни ва ёши улуғлар эшитмаяптиларми? Эшитаяптилар. Унда “ҳой, барака топкур болам, она тилингга бошқа тилларни қориштириб гапиришинг яхши эмас. Бу нафақат ўз тилингга, энг аввало, сенга шу тилда алла айтган онангга, миллатинг ва қонунга, айни пайтда ўзга тилларга ҳам ҳурматсизликдир” дейишса биров ёқасидан оладими? Олмайди! Бу гапни айтиш учун она тилимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, авваламбор, биз катталарнинг қалбимизда доимо қайнаб, жўш уриб турмоғи керак! Ана шундагина ёшларимизнинг сўзлашиш маданиятига эътибор берадиган, панду насиҳатимизни аямайдиган, тилимизнинг софлиги учун қайғурадиган, ўрни келганда кесиб-кесиб гапирадиган бўламиз. Акс ҳолда ёшларимизни ўзимиз ва ўзлигимиздан узоқлаштириб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Яна шундай ёшлар борки, юзма-юз келганда хушига келса салом беради, бўлмаса йўқ. Йўл бериш у ёқда турсин, туртиб ўтиб кетаверишади. Бўш жойдан қуруқ қолмаслик учун метро поезди вагонлари эшикларининг очилишини пойлаб туришади. Ёш болаликлар, кекса отахону онахонларни ортда қолдириб, ҳаммадан олдин кириб олишади. Ўтириб олгандан сўнг, қайтиб турмаслик учун дарҳол нигоҳларини мобил телефонига қадайдилар. Улардан кейин чиққан кексалар эса ўзларини бир четга олиб, бош­ларини хам қилганча тик турадилар. Ёшлардан жой сўрашни эп кўрмайдилар. Вагон эшиклари ёпилиб, поезд ке­йинги бекатга йўл олганда овоз янграйди: “Ҳурматли йўловчилар! Ёш болалик, ногирон ва ёши катталарга жой беринг!” Илтимос оҳангида айтилган бу даъватни қулоқларига телефон овозини кучайтириб берувчи тугмачаларни ўрнатиб олган йигит-қизлардан ташқари ҳамма эшитади. Аммо бировнинг миқ этгиси келмайди.

Ҳеч кимнинг асаб бузишга тоқати йўқ-да. Шунинг учунми, кўпчилик “оч қорним, тинч қулоғим”ни маъқул кўради. Бундай лоқайдлик ёшларимизни янаям иззатталаб ва бефарқ қилиб қўймоқда. Ёш болалик аёлларга, ногиронлару кексаларга ҳурмат кўрсатиш инсоний бурчлари эканлигини унутишгача олиб бормоқда. Аҳвол шу даражага етдики, бир қатор ёшлар фаросатда ҳаминқадар эканликларини юзсизларча намойиш этмоқдалар. Бунга кўча-кўй, йўл уловлари-ю, жамоат жойларида ҳар куни бир эмас, бир неча бор шоҳид бўлаяп­миз. Йигит билан қизнинг метро вагонида ёки йўлак ёқасида қўйилган скамейкада турли ёшдаги одамлар кўз ўнгида куппа-кундуз куни уялмай-нетмай бир-бирига суйкалганча мусичаларга ўхшаб лаб уриштиришларини одобдан дейиш мумкинми? Йўқ! Унда, нега бу шармандликни кўриб туриб, индамаймиз?

Аччиқ бўлса-да айтиш керакки, бу ҳам биз катталарнинг бепарволигимиз оқибати. Яхшиямки, бунга тоқат қилолмайдиган журъатли одамлар бор. Кўпни кўрган, ёши улуғ инсоннинг ўша йигит-қизга қарата: “Ота-онангизнинг сизни чиройли кийинтириб, қимматбаҳо телефон олиб беришга етган ақли фаросатингизни тарбиялашга етмабди-да, афсус” деганини эшитганимизда қуш уясида кўрганини қилади-да, деймиз ўша одамнинг фикрини қувватлаб. Аслида шу гапни мен ёки ёнимдаги одам айтса ҳам бўларди-ку. Аммо “асабимни бузиб нима қиламан” деган ўй билан тилимизни тиямиз. Нари борса, эшитилар-эшитилмас қилиб, тарбиясизлар деб қўяқоламиз. Шу билан — тамом.

Луғатда фаросат сўзи “фаҳмлаш”, “ўткир ақл” маъноларини англатиши айтилган. Халқ орасида “Фаросат — ярим каромат” деган ҳикматнинг кенг тарқалгани ҳам бежиз эмас. Ҳаким Термизий бобомиз ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, зеро у Аллоҳнинг назари билан қарайди”, дея марҳамат қилган эканлар.

Аллоҳнинг назари билан қараш инсондан нечоғли зийракликни, доноликни, ақл-идрокни, заковату комилликни талаб этишини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. “Фаросатинг борми?” дейилганда мана нималар назарда тутилмоқда. Демак, фаросат инсоннинг энг гўзал фазилатидир. Хўш, бу нодир фазилатнинг ёшларимизда (ҳатто катталаримизда ҳам) кемтиклигининг асосий сабаби нима? Билимсизликми ёки маънавияту маърифатнинг саёзлиги?

Фикримнинг далили сифатида бир неча кун муқаддам интернет сайтларидан бирида эълон қилинган ғаройиб бир интервьюни мисол келтирмоқчиман. “Ренессанс” телеканалининг мухбир қизи суҳбатдошига савол бераяпти: “Амир Темур Иккинчи жаҳон урушида қанча аскари билан қатнашган? А-1000 та, Б-2000 та, В-3000 та.” Соҳибқирон бобомиз 1336 йилнинг 9 апрелида таваллуд топиб, 1405 йилнинг 18 февралида вафот этган бўлса, 1941-1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида қандай қатнашиши мумкин?! Билганга ҳазил, билмаганга чинми бу ёки миллатнинг буюк фарзанди — кимсан Амир Темурдек соҳибқирон устидан кулишми? Фаросатсизлик,  бетайинлик  бундан ортиқ бўлиши мумкинми? Ахир, буни кўзи билан кўриб, қулоғи билан эшитган минг-минглаб мактаб ўқувчилари-ю, олий ўқув юрти талабалари Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гап кетганда ўқитувчиси билан тортишиб-талашиб ўтирмайдими? Мухбир қизнинг устози ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир демаган экан-да. Эсиз-а, эсиз! Нима ҳам дер эдик. Шундай “билимдон тарихшунос”ни учирма қилган, аввало, унинг мактабига, агар ундан сўнг ўқиган бўлса, ўша ўқиган билим масканига минг раҳмат! Кечагина тухумдан чиққан жўжанинг қўлига микрофон бериб, “оғзингга келганини гапиравер” деган телевидение мутасаддиларига ҳам офарин! Дарвоқе, бу муҳим янгиликдан тарихчи олимларимиз бехабар қолмасинлар тағин!  Ахир, бу буюк “кашфиёт”-ку!

Ёшларни ёш десанг, баъзан катталарнинг фаросатсизлиги уларникидан ҳам ошиб тушади. Маҳалламизда жойлашган нуфузли идорада йилида бир-икки олий даражадаги анжуман ўтказилиб турилади. Ана шунда мазкур бинога қўшни бўлган кўп қаватли уйларимизни танимай қоламиз. Анжумандан уч-тўрт кун олдин ободонлаштириш хизматининг оддий фаррошидан тортиб, катта-ю кичик раҳбаригача Худонинг берган куни эрта тонгдан кечгача ҳай-ҳуйлаб, ҳамма жойни игна тушса кўрингудек қилиб қўйишади. Анжуман куни азонлаб уйларимизнинг олди-ортида милиса қаторлашади. Уларнинг ғулдур-ғулдури салкам кечгача давом этади. Улар кетгандан сўнг, қўшниларнинг сўкиниши-ю, қарғиши бошланади. Кечагина жаннатдек қилиб қўйилган жойлар – уйларимизнинг йўлакларидан тортиб, атрофларигача писта пўчоқлари, папирос қолдиқлари, турли ичимликлар идишлари, елим халталарга солинган овқат қолдиқлари билан тўлиб-тошган бўлади. Лекин буни ҳеч ким тозалаб кетмайди. Маҳалланинг раиси билан профилактика инспекторлари кўриб кўрмаганликка олишади. Қайси хонадонда ўзбек яшаса, аёли тўнғиллаб- тўнғиллаб супириб-сидириб қўяди. Бошқа миллат вакиллари эса осмонга қараганча ўтиб-қайтаверади. Агар, милиса ходимлари шу ташвишни орттирмаганида бу гаплар қаёқда эди?  Яна улар ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар эмиш. Бу ишни фаросати борлар қилса бўлмасмикан?!

Сизларни билмадиму, лекин камина яна баданини бўлар-бўлмас ёзувлару расмлар билан бежаб ташлаганларни ўлгудай ёмон кўраман. Биласиз, ёзнинг ёндираман деган 45-50 даражали иссиғида метрода юришдан яхшиси йўқ. Бекатлар ҳам, поезд вагонлари ҳам салқингина – роҳатижон. Дам олиш куни бўлгани учун йўловчилар сийрак. Куни кеча Юнусобод деҳқон бозоридан чиқиб, метрога тушдим. Кейинги бекатдан қўл телефонида гаплашганча ўрта бўйли, оқ-сариқдан келган, бўялган қошу кўзлари-ю, сочи ялтираб турган, эгнида ҳаворанг калта бир нима (либос дейишга тил бормайди), қизил гуллик енгсиз майка кийган бир қиз чиқди. Унга кўзи тушган киши борки, ҳайкалдай қотди. Қизнинг очиқ кўкрагида тимсоҳ, икки қўлида ўралган кобра илонлари тасвири. Мана сизга суқсурдай қизнинг афти-ангори-ю, шаҳарда кийиниб юриши. Одамларнинг муносабатини билиш учун мен бу тасқарани йўл бўйи кузатдим. Биринчидан, унга ҳеч ким яқин бормади. Қараб турганларнинг нигоҳида нафратдан бошқа нарсани кўрмадим. Лекин ҳеч ким қизга ётиғи билан мулойимгина қилиб дакки бермади. Қиз эса парвойи палак. Фаросати бўлмагандан кейин парвойи палак бўлади-да! Мана сизга эртага она бўладиган қизнинг аҳволи. Дарвоқе, у ўқувчилик йилларидаги орзулари, нияту мақсадларини эслармикан? Ўз тақдирини ўқиш, ўрганиш, ҳалол меҳнат билан яратишга интилаётган дугоналари билан юзма-юз келганда қилмишидан уялармикан? Билмайин босган тиконининг жабридан тезроқ қутилиш хаёлига келармикан? Қизиқ, ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари  ҳар гал унга кўзлари тушганда кўнгилларини қандай туйғулар чулғар экан? Қувончми, қайғуми, фахрми, қаҳрми? Нима?! Қўни-қўшни, маҳалла, таниш-билишлар-чи? Наҳотки, улар ҳам лоқайд бўлсалар? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Чунки, ўз фарзандларимизга, кўча-кўйдаги ёшларга лоқайд қарашимиз эртага ўзимизнинг уятдан бош кўтаролмай қолишимизга сабаб бўлиши мумкин. Шундай аҳволга тушмаслик учун маҳаллаларнинг, улар орқали оилаларнинг маънавий-маърифий фаоллигини ошириш лозим. Энг муҳими, ёшларимизнинг хатти-ҳаракати, жамоат ичида ўзини тутиши, муомаласи, маданияти биз катталарнинг эътиборидан асло узилиб қолмаслиги шарт! Аммо бу ўз-­ўзидан бўлмайди. Қуруқ гапдан амалий ишга, ёлғондан ростга ўтишни талаб этади. Бунинг учун маҳаллаларни салоҳиятли кадрлар билан мустаҳкамлаш керак.   Афсуски, ҳалигача аксарият ҳолларда маҳалла оқсоқоли халқнинг эмас, ҳокимнинг танлови билан қўйилмоқда. Уларнинг ичида бир йилда битта бадиий китоб ўқимайдиган, маънавияту маърифатдан йироқ бўлган ўрта маълумотли, ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган, ҳокимият топшириғини чала-ярим бажариш билан чегараланадиган, “сен менга, мен сенга тегмай” дейдиган қуп-қуруқ савлатлар кам эмас. Баъзан ана шундай оқсоқолларнинг етти-саккиз йиллаб судралиб юрганлигини кўриб, юқоридагиларга оғзинг қани деса қулоғини кўрсатадиганлар маъқул шекилли, деган ўй хаёлингда чарх уради. Қизиғи шундаки, бундай оқсоқоллар ўз тинчини ўйлаб, атрофига айнан ўзига ўхшаганларни йиғади. Албатта, бундай маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар ўлда-жўлда бўлади-да! Агар, биз сайлаган туман, шаҳар ва Олий Мажлис депутатлари маҳаллаларнинг четидан ўтмай, уларнинг туб-тубигача назар солганларида ва кўрган-билган камчиликлари-ю, муаммоларини аҳоли ўртасида очиқ-ойдин муҳокама қилиб, амалий ёрдам кўрсатганларида ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган катта-кичик жиноятларнинг олди олинган бўлармиди?!

Маҳаллаларимизнинг шарт-шароитини яхшилаш, қулай имкониятлар яратиб бериш борасида давлатимиз кенг кўламли ишларни амалга ошираётган  бир пайтда уларда фаолият кўрсатаётган кадрларнинг ҳаммасини ҳам ўз вазифасини сидқидилдан адо этаяпти деб бўлмайди. Зотан, маҳалла оқсоқоли (унинг ходимлари ҳам) фидойи, жонкуяр, ташаббускору тадбиркор, маънавиятли-ю, маърифатли бўлмас экан, бундай жойда илдизлари бақувват дарахт ҳам қурийди. Ахир, одамларнинг ташвишу қувончига шерик бўлмаган, аскар ухлаяпти, хизмат ўтаяпти қабилида ишлаётган раҳбар ва унинг ходимлари табиатнинг ҳаёти учун қайғурармиди?! Асло!

Куни кеча матбуотда эълон қилинган Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига Мурожаатини диққат билан ўқиб чиқиб, унда мени – оддий бир зиёлини ҳам ўйлантириб, ҳам ташвишлантириб келаётган бир қатор масалалар ҳақида бонг урилганлигидан хурсанд бўлдим. Чиндан ҳам бугунги дунёда глобал миқёсда инсон онги ва қалбини эгаллаш учун кураш кучайгандан кучайиб бормоқда. Бу борада ижтимоий тармоқларда ўта ахлоқсизликни турли шаклларда тарғиб қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга раҳна солиш, ёлғон ва бўҳтонни кўпиртириш, шу мақсадда ғоявий таҳдидлар ва ахборот хуружларини янада авж олдиришга зўр берилаётганлигини кўриб-билиб турибмиз. Ана шундай қалтис бир пайтда Худога шукур юртимиз тинч, халқимиз осойишта ҳаёт кечирмоқда дея хотиржамлик ва бепарволикка  берилишга ҳеч қайси биримизнинг ҳаққимиз йўқ! Нафақат оиламизу маҳалламизда, нафақат ўқиш ва иш жойларида, балки ҳамма-ҳамма жойда огоҳлик, огоҳлик ва яна огоҳлик Ўзбекистон фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг ватанпарварлик бурчига айланмоғи керак!

Мурожаатда таъкидланганидек, “…экстремизм, радикализм, ахлоқсизлик, коррупция, жиноятчилик каби жирканч иллатлар ҳали суя­­ги қотмаган, ҳаёт йўлини аниқ белгилаб олмаган, зарарли таъсирларга берилувчан, маънавий-мафкуравий иммунитети бўш ёшларимизни тўғри йўлдан чалғитишга уринмоқда. Эл-юртимиз равнақи ва фаровонлигини таъминлаш учун амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни атайин обрўсизлантиришга, уларнинг мақсади ва моҳиятини нотўғри талқин этишга, оилавий қадриятларни оёқости қилган ҳолда, жаҳолат, маънавий тубанлик, ёвуз­лик, жоҳиллик кўринишларини кенг тарғиб этиб, мўмай даромад олишга интилаётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Бу эса халқимизни ташвишлантириб, унинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.”

Мен бу фикрларни миллатпарвару ватанпарвар, фидойи ва жонкуяр инсонларнинг қалбларидан вулқон мисол отилиб чиққан нидо сифатида қабул қилдим. Бу ҳайқириқ ота-оналарга, зиёлилару устозларга, тадбиркору ишбилармонларга, маҳалла фаоллари-ю, ёшларга қарата қилинган мурожаатларда ҳам ички бир куюнчаклик билан қўнғироқдек янграб турганлиги кўтарилган муаммолар ечими йўлида бирлашиб, ҳамфикр бўлиб, ягона мақсад — халқимиз ва давлатимиз тинчлигига гард юқтирмаслик, “Бир болага етти маҳалла ота-она” нақлига амал қилиб, фарзандларимизни маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашдек умуммиллий вазифамиз йўлида пайдо бўлган барча ёвуз ниятлару иллатларга қарши маърифат билан астойдил курашишга даъват этиб турибди. Шундай экан, мазкур Мурожаат ҳар бир оилада, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир ўқув юрти ва иш жойларида чуқур ўрганилиши ва тегиш­ли хулоса чиқариб олиниши зарур! Бу масалада “бўлча-бўл”чилик, “урра-урра”чилик кетмайди. Ҳисобот учун номигагина тадбир ўтказгандан (бунақасини кўп кўрганмиз) кўра, бошни эгиб, четга чиқиб турган маъқул. Шу боис ушбу Мурожаатга бағишланган тадбирларнинг фойдали ва самарали бўлиши учун уларда Маънавият ва маърифат марказларининг масъул ходимлари иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир.

Азиз ўқувчим! Фаросат ҳақидаги фикрларимнинг маънавият билан якунланганига сираям ажабланманг. Чунки, фаросатли одам — шубҳасизки, маънавиятли одамдир.

Нуриддин ОЧИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =