Зарифбой Ибодуллаев: “Руҳиятида ногиронлик бор шахслар ўта хавфлидир”

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда бот-бот вояга етмаганларга нисбатан тажовузлар содир этилаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Ҳатто, бу воқеаларнинг айримлари болаларнинг ўлими билан тугамоқда. Кенгроқ миқёсда қаралганда, нафақат бизда, балки бутун дунё бўйлаб педофилия билан боғлиқ жиноятлар сони ошаётганини кузатиш мумкин. Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Бу турдаги жиноятларни камайтириш, бутунлай йўқотиш учун қандай чоралар кўриш керак? Айни масала юзасидан нейропсихолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашдик.

— Зарифбой ака, педофилликнинг илдизини айрим мутахассислар руҳий ноқислик, яъни касалликдан эмас, балки ижтимоий сабаблардан излашади. Сизнингча бу ҳодисанинг омиллари қаерда? Сизнингча, бу иллат нега урчиб кетяпти?

— Инсонлар бир хил бўлмагани каби уларнинг руҳияти ҳам турличадир.   Кишилар руҳий соғломлиги бўйича 3 тоифага ажратилади: руҳияти мустаҳкам шахслар, руҳияти беқарор инсонлар ва руҳий ногиронлар.

Руҳиятида беқарорлик устун кишиларнинг 50 фоизи хавфлидир. Булардаги хавфлилик руҳиятидаги ўта таъсирчанлик, бирор воқеа-ҳодисага тез берилиб кетувчанлик сабабдир. Улар ижтимоий тармоқда мавжуд ахлоқан бузуқ тасвирларга ҳам ёки ишхонасидаги маънан бузуқ кимсаларга ҳам осон эргашиб кетаверади. Бундайлардан турли номаъқулчиликларни ҳам кутиш мумкин. Руҳиятида ўзгарувчанлик сабабли бундайлар соғлом микромуҳитда яхши томонга ўзгариши мумкин.

— Иккинчи тоифадаги инсонлар шунчалик хавфли бўлса, сиз боя санаб ўтган учинчи тоифага мансублар ҳақида нима дейиш мумкин?

— Ҳамма бало мана шу учинчи тоифадан келиб чиқади-да. Учинчи тоифа одамлар жамиятнинг ичида ҳеч қандай ташқи белгиларсиз турли лавозимларда, турли корхона ва ташкилотларда ишлаб юравериши мумкин. Аммо руҳиятида ногиронлик борлиги боис айнан уларда педофилликка мойиллик кучли бўлади. Бундайлардан эрига жаҳл қилиб уч нафар дилбандини 8 қаватдан пастга ирғитиб юборадиган ёки хотинига аччиқ қилиб, сокин уйқуда ётган 3 нафар бегуноҳ фарзандининг умрига зомин бўладиган ёки ҳали жинояти бўйнига қўйилмаган кишини ҳеч қандай судларсиз маҳкамада уриб ўлдирадиганлар ҳам чиқиши мумкин. Улардан ҳар нарса кутиш мумкин!

— Фикр-мулоҳазаларингиздан шу нарса аён бўлаяпдики, педофилия носоғлом муҳит маҳсулидир. Шундайми?

— Яна бир томони: педофилияни фақат руҳан носоғлом қишиларнинг хатти-ҳаракатига боғлаб қўйиш нотўғри. Кўринишидан соғлом, гапи-сўзи жойида бўлган одам ҳам бу жирканчликни қилиши мумкин. Болаликда бошидан кечирган зулмлар, ҳар хил руҳий босимлар ҳам бу иллатга сабаб бўлган ҳолатлар бор. Ўша оғир руҳий кечинмалар ҳаётдаги ахлоқсизлик, ижтимоий тармоқлардаги номақбул видеомаҳсулотлар таъсирида ривожланиб боради.

Ҳа, педофилия носоғлом жамият маҳсулидир. Қоғозга ўрамай гапираман: жамият маънавий ҳаёти кундан-кунга ўпирилиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётган аянчли, ноахлоқий воқеалар ҳаётимизда содир бўлаётганларининг тахминан 25 фоизи, холос. Жамоатчилик хабар топмаётганлари қанча?! Болаликда катта ёшлилар томонидан зўравонликка учраган бўлса, бундайларнинг аксарияти улғайгач педофилликка мойил бўлишади. Бу ҳолат илмда ҳам, ҳаётда ҳам ўз исботини топган.

— Педофилия қурбони бўлганларнинг руҳан соғлом бўлиб кетишига умид борми?

— Албатта бор. Бироқ, психореабилитация жараёни узоқ давом этади. Бундай руҳий жароҳат олганларнинг тезроқ тузалишида оиладаги яхши муҳит ва соғлом жамият ҳам муҳим роль ўйнайди.

— Педофилларнинг психикаси тўлиқ даволаниб кетишига умид бўлмаса, улар жамиятга хавф-хатар туғдириши турган гап. Бу каби жинсий зўравонликка турли давлатларда жазо турлича. Масалан, Хитойда ўлим жазоси, Россияда жарроҳлик йўли билан кастрация қилиш ва умрбод озодликдан маҳрум этиш, АҚШда кимёвий кастрация ва узоқ муддатли қамоқ жазоси, Европанинг кўплаб давлатларида кимёвий кастрация ва қамоқ жазоси тайинланади…

— Мен педофилларнинг кастрация қилиниши ва кўп йиллик қамоқ жазосини маъқуллайман. Чунки бу жирканчликни қилган кимса яна ва яна бу қилмишини такрорлаши мумкин. Яна қайта айтишни истардим: бу жиноятга жазони кучайтириш керак!

— Жамиятимизда бу иллатнинг олдини олиш учун нималарни тавсия қиласиз?

— Мен ҳар доим суҳбатларимда айтиб келаман: мактабларда тарбия масаласига ҳам жиддий қараш керак! Нафақат таълим, балки тарбия ҳам ёнма-ён олиб борилиши лозим. Оилада бошқа гап, мактабда бошқа гап бўлмаслиги керак. Тизимли тарбияда кўп муаммоларнинг ечими бор. Булар – салом-аликдан бошлаб иймон, эътиқод, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳалоллик, ор-номус, виждон, диёнат, мадрлик, поклик, ростгўйлик, илм олиш ва меҳнатга муҳаббат, диний ва дунёвий илмларга ҳурмат ва ҳ.к.

Мана шу фазилатлар боғча ва мактабларда, болаликнинг илк даврида шакллантирилса, юқорида тилга олинган беъмани иллатлар бўлмайди ёки кескин камаяди. Мен буни инсон психологиясини 35 йилдан буён ўрганиб келаётган нейропсихолог олим сифатида ишонч билан айта оламан!

Яна бир таклифим борки, жойлардаги маънавият-маърифат марказларини “Аҳолига тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш марказ”ларига айлантириш лозим. Бизга, жамиятимизга тиббиёт психологлари керак. Айнан тиббий психологлар жамиятни ҳам, одамларни ҳам руҳан даволай олиши мумкин.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 1 =