Саводсизликка «like» қўйманг!

“Hurriyat”нинг шу йил 14 июндаги 23-сонида ЎзФА адабиёт музейи докторанти Ситора Тожиддинованинг “Пойдеворсиз уй қуриш мумкинми? ёки сўзимиз қурилиш соҳаси ҳақида эмас” сарлавҳали мақоласини ўқиб каминанинг ҳам кўнглидан бир қатор ўйлар, кечинмалар ўтди.

Яқинда бир танишим менга SMS жўнатди. Унда ишлатилган ўнта сўзнинг деярли ярми хато билан ёзилган эди. “Шошилинчда ёзгандир-да”, деб қўя қолдим. Кўп ўтмай у билан бир даврада учрашиб қолдик.

Танишим ўзи борган хориж мамлакатидаги саё­ҳат ҳақида гапира туриб, “Мен Дубай давлатига бориб келдим”, дея яна хато сўзларди. Мен унинг гапларини бир амаллаб эшитгач:

— Дўстим, биринчидан Дубай давлат эмас, у Бирлашган Араб Амирликларидаги шаҳар – деб хатосини тузатган бўлдим.

Шунда у:

— Қанақасига Бирлашган Араб Амирликлари Африкада-ку, — деб қовоғини солди. Нуфузли олий таълим муассасасини тамомлаган бу йигитнинг саводсизлиги ҳафсаламни пир қилди.

Ёки яна бир шунга ўхшаш мисол. Тунов куни жиянимнинг қўлидаги бир дафтар муқовасига кўзим тушди. Биргина дафтарда иккита хатоликка йўл қўйилгани мени ҳайратлантирди. Биринчидан, муқовадаги сурат остига Абу Али ибн Сино деб ёзилган. Аслида эса суратда Абу Райҳон Беруний тасвирланганди. Иккинчидан, аллома яшаб ўтган йиллар 1441-1501 деб берилган. Ваҳоланки, Абу Али ибн Сино 980-1037 йилларда яшаб ўтган. 1441-1501 йилларда эса улуғ шоир Алишер Навоий яшаган. Воажаб! Суратда берилган инсон Абу Райҳон Беруний, дафтар муқовасида келтирилган исм – Абу Али ибн Сино. Яшаб ўтган йиллар эса на Берунийга ва на ибн Синога тегишли. Бу турдаги саводсизлик миллатимиз учун уят эмасми?! Мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларига биргина дафтар орқали етказилаётган нотўғри маълумот келгусида қандай оқибатларга етаклашини ўйлаб кўришнинг ўзи кифоя, бизнингча.

Қачонлардир муқоваси кераксиз матоҳлар сурати, ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган тас­вирлар билан тўлдирилган дафтарларни танқид қилиб, муқовасида аждодларимиз сурати тасвирланган дафтарни сотувга чиқариш кераклиги айтиларди. Бу мақсадга қисман эришибмиз.

Бироқ аждодларимизнинг суратини танимасак, исмини нотўғри ёзсак, туғилган йилини бошқа мутафаккир билан адаштирсак… Бундан ортиқ кўргулик бўлармикин?!

…Афсуски, бугун ана шундай саводсизлар сони глобал миқёсда ҳам ортиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан олинган маълумотларга қараганда, айни пайтга келиб дунёда вояга етган аҳолининг 750 миллионлик қисми саводсиз бўлиб, уларнинг учдан икки қисмини аёллар ташкил этар экан. Мактаб ёшидаги 250 миллион бола савод чиқармаган, 124 миллион бола эса мактаб нима эканини билмайди. Жаҳондаги аксарият мамлакатларда ҳукм сураётган тўхтовсиз урушлар ва бу мамлакатларнинг ички ишларига ғарблик “ёрдамчилар”нинг аралашуви сабаб мактаб ва бошқа таълим муассасаларининг фаолияти тўхтаган. Бу ўз-ўзидан саводсизликнинг ортишига шароит яратмоқда. Саводсизлик нафақат нотинч мамлакатларда, балки ривожланаётган давлатларда истиқомат қилаётган ёшлар орасида ҳам мавжуд.

Охирги 50 йилда таълим соҳасида эришилган ютуқларга қарамай, сайёрамиз аҳолисининг каттагина қисми саводсиз бўлиб қолмоқда. Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, саводсиз одамларнинг 45 фоизи жанубий Осиёда, 27 фоизи Африкада (Саҳрои Кабирдан жанубда), 10 фоизи шарқий ва жануби-шарқий Осиёда, 9 фоизи шимолий Африка ва ғарбий Осиёда, 4 фоизи Лотин Америкаси ва Кариб денгизи давлатларида яшайди.

Бундан ташқари, ЮНЕСКО талқинига кўра, дунё бўйлаб мактабга бормайдиган болаларнинг сони 263 миллион кишига етган. Уларнинг учдан бири можаролар бўлаётган ҳудудларда яшайди. “Мактабларга ҳужумлар сони ортмоқда. Статистикага кўра, мактабга бормайдиган муҳожир-болаларнинг сони беш маротаба ошиши мумкин. Энг оғир юк хотин-қизлар бўйнига тушди. Саҳрои Кабирнинг жанубида жойлашган Африка давлатларида қизларнинг ноқулай шароитда эканлиги боис улар фақатгина 2086 йилга бориб мактабга бориш имкониятига эга бўлиши мумкин экан. Бундай бўлмаслиги учун давлатлардаги таълим билан боғлиқ ёндашувларни ўзгартириш керак”, дея айтилади маълумотда. Халқаро ташкилот таълимни биринчи ўринга қўйишни таклиф этади: “Ёндашувларни ўзгартиш керак. Айниқса, ўртача ва паст даромадга эга бўлган давлатларга билимли, салоҳиятли кадрларни олиб бориш ҳамда уларни айнан таълимнинг барча жабҳаларига сафарбар этиш керак”.

Ёхуд юртимизга қўшни давлат — Афғонис­тонни олиб кўрайлик. Бир замонлар маънавият бешиги бўлган бу заминда узоқ йиллик уруш ва нотинчликлар сабаб, неча ўн минглаб ёшлар мактаб нелигини билмайди. Қизлар мактабга бормайди.

Олий таълимда ўқув йили давомида талаба оралиқ, жорий, якуний назорат ишларини топширади. Бундай пайтда уларга “беминнат ёрдамчи” “telegram” қўл келмоқда. Талаба аудиторияда ўқитувчи берган топшириқни бажаришдан олдин мавзуга оид маълумотни манбадан олади ва ижтимоий тармоқ орқали гуруҳдошларига етказади. Назорат ишларини текшираётган ўқитувчи эса талабаларнинг жавоби бир хил ва айнан тўғри ёзилганига ҳайрон бўлади. Ахир, уларнинг бир-биридан кўчиришига имконият йўқ эди-ку!

Албатта, кўпчиликнинг узоғини яқин қилиб, вақтини тежаётган, глобал тармоқни ёмонотлиқ қилишдан йироқмиз. Бироқ тарозининг ҳам икки палласи бор. Саводсизлик сўнгги йилларда таълим тизимидаги қусурлар ҳамда глобал тармоқ сабаб палак отмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, МДҲ мамлакатларида аллақачон оммалашиб улгурган “odnoklassniki”, “telegram” ва бошқа ижтимоий тармоқларда бўлаётган ўзаро мулоқотларда бирор сўзни тежаш мақсадида ишлатилаётган қисқартмалар ўзини “ақлли” деб ҳисоблайдиганлар томонидан ўйлаб топилмоқда. Мулоқотлардаги бундай “кашфиётлар” уларнинг тенгдошлари онгу шуурига муҳрланиб, ўқиш ва ишида, ҳаётнинг турли жабҳаларидаги фаолиятига таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти.

Мақолани тайёрлаш жараёнида мавзу юзасидан турли хил фикр-мулоҳазаларга дуч келдик:

Муҳаббат ҲАМИДОВА, болалар ёзувчиси, Халқ таълими аълочиси:

– “Гулхан” журналининг навбатдаги сонини тайёрлаш жараёнида бир муаллиманинг мақоласи кетаётганди. Унинг фамилияси паспортида Иркинова деб ёзилган   экан. Мен адабий тил қоидаларидан келиб чиқиб уни Эркинова қилиб тўғриладим. Ва одоб юзасидан бу ҳақда муаллифни огоҳлантидим. Аммо муаллиф   тузатишни кескин рад қилди. Ҳужжатда   шундай ёзилган. 40 йилдан буён ҳеч ким эътироз билдиргани йўқ. Агар сиз   И ни Э қилиб ёзсангиз, мен   мақола меники   эканлигини раҳбаримга   қандай исбот қиламан, деди у. Биз ҳам “Ҳа майли, бир марта Эркин Иркин бўлса бўлар, осмон   узилиб ерга тушармиди” деган тантилик билан Иркиновнанинг эътирозини қабул қилдик. Бироқ бу муросасозлигимиз билан она тили қоидаларига ҳамда 5 минг обуначимизга хиёнат қилдик. Ўзбек тилимизнинг бағри кенг   хўрсиниб қўя қолар, бироқ   Эркинни Иркин деса ҳам бўлаверар экан деб ўрганган 5000 та журналхон-чи? Бу хатоимизни умр бўйи   давом эттирмайдими?!

Назаримда, она тили қоидаларининг бузилишига рекламани   ёритувчилар, қўлбола таржимон ҳам бел боғлаб хизмат қилишяпти. Кўчалардаги реклама, афишалардаги баъзи “таржималар”ни кўриб қолсак ёки ўқисак биз тилни тушунувчи, уни яхши кўрувчилар сочимизни юлгудек бўламиз. Баъзан керакли жойга эътироз ҳам билдирамиз. Аммо   ҳар бир саводсизлик учун ҳам фикр билдираверишга эринамиз. Балки шунинг   учун ҳам биз лоқайд­роқ бўлиб қолгандирмиз, қирғиз ўрнига — киргиз, ҳам ўрнига — хам, мазза — маза   қилиб ёзилган сўзларни ҳам осонгина қабул қилиб кетяпмиз. Ваҳоланки,   бу жуда катта хато. Бу сўзлар бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Холида ЭГАМБЕРДИЕВА, журналист:

– Бугунги кунда саводсизликни ҳар қадамда учратиш мумкин. Афсуски, бу оғриқ тишлардек азоб беради бизга. Энг ачинарлиси, ўсиб келаётган ёш авлодга биздан кейин нималар қолади ўзи? Энг катта муаммо мана шунда.

Ижтимоий тармоқлардан кўп фойдаланганимиз учун, сизга яна бир оғриқли нарсани айт­моқчиман: аъзолари сони 500 мингдан ортиқ бўлган телеграм канал юритувчиси билан суҳбатлашиб қолдим. “Нимага каналингизда маълумотлар хатолар билан берилади, аввал тузатиб, кейин оммага ҳавола қилсангиз бўлмайдими?” деган саволимга унинг берган жавоби мени лол қолдирди. “Хатоларсиз берсам, зерикарли бўлиб қоларди. Ҳозир оммани мана шундай жайдари, осон ҳазм бўладиган нарсалар қизиқтиради. Агар бехато, садафдек терилган жумлалар билан ёзадиган бўлсам, мен бу қадар кўп аудитория йиға олмасдим. Айнан шу хатоларим туфайли менинг кузатувчиларим кўп”, — деди у.

Бу жавобни эшитиб ижтимоий тармоқлардаги саводсиз материалларнинг эгалари ҳам асли “саводсизлик касали”га чалинганига, вақтинчалик обрў учун, бир неча минг обуначи ёки “like”лар учун ишлаётганига амин бўлдим. Уларга миллат, ватан маънавияти, саводхонлиги аҳамиятсиз эканлигини билиб вужудим музлаб қолди. Ачинарлиси, аудиториянинг энг катта қисми ҳам мана шу ижтимоий тармоқларда. Биласизми, мени доим бир савол қийнайди: қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?

Суюндик МАМИРОВ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош мутахассиси:

– Бугун биз ижтимоий тармоқлар орқали саводсизлик эпидемияси кун сайин авж олаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ҳолат жамият ҳаётида, катта-кичик давралардаги мулоқот жараёнида, ҳар биримизнинг кундалик фаолиятимизда ҳам ўз аксини топмоқда десак муболаға бўлмайди. Мактабда, олий ўқув юртида таълим олган ва бугунги кунда бирон-бир ташкилотда ишлаётган йигит-қизнинг ёзма саводсизлик даражаси ҳаминқадар бўлиши мумкинми? Мантиқан олиб қаралганда, албатта, йўқ. Реал ҳаётда эса қўлида дипломи бор ёшларнинг аксарияти ўз она тилида фикр-мулаҳазасини ёзма ифодалаб бериш у ёқда турсин, иккита гапни ҳам бехато ёза олмайди.

Хўш, уларнинг бундай аянчли аҳволга тушиб қолишига ким айбдор? Умумий таълим мактаблари ва олий ўқув юртларида тест тизимига ўтилиши ва ёзма саводхонлик масаласига панжа орасидан қаралиши мана қандай оқибатларга олиб келди? Мактабни тугатган ўқувчини қўятурайлик, институтни тамомлаган талаба ҳам она тилида хатосиз ёза олмаса, буни оқлаш мумкинми? Албатта, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани барчамизга бирдек фахр-ифтихор бағишлайди. Хусусан, нуфузли анжуманлар, спорт мусобақаларида ўзбекона каломлар янграётгани, интернет тармоғида ўзбек тилидаги сайтлар, чет элларда ўзбек тилини ўрганувчилар сони ортиб бораётгани ҳам тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеи юксалиб бораётганини англатади.

Аммо шаҳримиздаги баъзи кўчаларга йўлингиз тушса, дўконлар, ошхоналар, ресторанлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларининг ажнабий тилларда ёзиб қўйилган номларини ўқиб, ҳайрон қоласиз. Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Биз — ота-оналар фарзанд­ларимиз билимли бўлишини, чет тилини ҳам яхши билишини истаймиз. Мактабда берилаётган таълим билан чекланиб қолмасдан, ўқув марказларида ўқиб-ўрганишини қўллаб-қувватлаймиз. Чет тилини ўрганишдан олдин биринчи навбатда ўз она тилини билиши зарурлигини эса негадир ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Дилшод ФАЙЗУЛЛАЕВ, ЎзМУ талабаси:

– Саводсизликка қарши курашишда аҳоли гавжум жойларда, жумладан, бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидаги номларнинг, турли чақириқ ва тарғибот материалларнинг тайёрланишида имловий хатоларга йўл қўймаслик керак. Чунки тарғибот материаллари омманинг доимий эътиборида бўлади. Машойихлар саводсиз халқ таназзулга юз тутади, деб бежиз айтмаган. Бугун сизу биз учун аҳамиятсиз туюлган кичкина имловий хато ўз ортидан катта хатоларни — саводсизликни келтириб чиқараверади.

Мулоҳазаларимизни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин. Аммо сўзимизни мухтасар қилиб ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг қуйидаги фикр­ларини келтиришни жоиз деб билдик: “Ҳайдовчи қоидани бузса, милиция ходими ҳуштак чалиб жаримага тортади, лекин тилимизни бузиб гапираётганларга нега жарима йўқ? Уларга ҳуштакни ким чалади?”. Ҳақ гап. Ҳуштакни чалиш фақат милиция ходимларининг эмас, қалбида миллат маънавияти бор, саводли авлодни тарбиялашдек улуғ мақсадларни жо қилган ҳар бир ватандошимизнинг бурчи бўлиши керак эмасми?!

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =