Ҳаловатми ёки ҳалокат?

“Hurriyat” газетасининг 2023 йил 9 май 18-сонида журналист Ислом Асилбековнинг “Сунъий интеллект одамнинг эгизагими?” номли мақоласини ўқиб, бугун ҳаётимизда сунъий интеллект кириб бормаган, аралашмаган соҳалар камайиб бораётганига амин бўлдим. Муаллиф сўзи билан айтганда, “…яқин орада сунъий интеллект фикримизни ўқий олишига ҳам таажжубланмай қоламиз” чоғи.

Ҳақ гаплар. Сунъий интеллектнинг ривожланиши техниканинг имконият даражасини очиб бериши баробарида инсонни ўйлашга ундайдиган қатор  муаммоларни ҳам кўрсатмоқда. Шунинг учун унинг инсон ҳаётида, амалиётида чуқур илдиз отишида ҳам меъёр бўлиши даркор. Сабаби инсон тафаккури билан яратилган ушбу сунъий онг одамларга қарши исён бошлагандек гўё.

Унинг асосий томирларидан бири эса – телефон. Сунъий интеллект ҳақидаги мақолани ўқиётиб, телефоннинг зарарлари ҳақида ёзгим келди. Бу ҳақда ўйлаганда “Телефон ҳаловатми ёки ҳалокат”  деган савол хаёлимни чулғаб олади. Аслини олганда, техник қурилмалар, телефон, гаджетлар кишиларнинг меҳнатини енгиллаштириш, қисқа муддат ичида инсон омилисиз муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Узоқ машаққат натижасида бажариладиган ишлар бугун биттагина телефон тугмачасини босиш билан ҳал бўляпти. Дунё ахборот майдонида энг кучли қуроллар қаторидан ўрин олган телефонлару гаджетлар ўзининг қулайлиги билан бир қаторда муаммоли жараёнларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда ушбу севимли қурилмамиз тарихига бир назар ташласак. Шотланд ихтирочиси А. Белл томонидан 1876 йилда биринчи электроакустик қурилма — телефон ихтиро қилинган эди. Америкалик ихтирочи Т. Эдисон кўп йиллар мобайнида масофавий алоқани такомиллаштиришга доир ишлар олиб борди. Биринчи халқаро телефон линияси (Москва-Петербург) 1908 йилда очилди. 1939 йилда эса дунёдаги энг узун кўп қиррали телефон линияси (Москва-Хабаровск) ишга тушган. Ўзбекистонда (Тошкент) телефон алоқа 1887 йилда ишлай бошлаган, 1914 йилда унинг тармоғи ишга туширилган. ХХ асрнинг 90 йилларидан бошлаб рақамли ва уяли телефон тизими пайдо бўлди. Бизга “Смартфон”, яъни “ақлли телефон” номи билан маълум алоқа воситаси АҚШнинг ИБМ компанияси технологиялар тарихида смартфон дея тан олинган илк қурилмадир. Қурилма Лас Вегасдаги ComDex кўргазмасида намойиш этилган эди. У 1992 йил 23 ноябрда тақдим этилган бўлса-да, сотувга чиқарилиши 1994 йил 16 августдан бош­ланган. Бу гаджетларда илк маротаба сенсорли экран ўрнатилган бўлиб, электрон почтадан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд эди. Бугун эса смартфонларнинг 100 дан ортиқ тури мавжуд.

Мавзуга қайтсак. Бугунги кунда инстаграм, телеграм, файсбук каби мессенжерларнинг оммалашиши ёшлар ва бутун бошли аҳоли қатламини қамраб олди. Баъзи аҳоли қатламининг 50% дан кўп вақти ижтимоий тармоқларга сарфланади. Яқинда бир гуруҳ одамларга “Бир кунда қанча вақтингизни ижтимоий тармоқларга сарфлайсиз? деган савол берганимизда “…Камида икки соат”, – деган жавобни олдик. Таажжубланарлиси, улар орасида кун давомида мобил қурилмалардан тинимсиз фойдаланадиганлари ҳам бор экан. Албатта, телефондан керакли мақсадларда фойдаланиш яхши, аммо керагидан ортиқ, мақсадсиз ишлатишнинг инсон ҳаёти ва саломатлигига олиб келадиган салбий  оқибатлари ҳам бор гап.

“Эр хотинини телефон сабаб пичоқлаб ўлдирди”, “Телефонда гаплашиб, йўлдан ўтаётган пиёдани машина уриб юборди”, “Смартфонида диний нашида сақлаган йигит қамалди”, “Интернетда фейк хабар тарқатган блогер ҳибсга олинди”  каби маълумотларни тез-тез ўқиб қолишимиз оддий ҳолга айланиб қолгандек. Афсуски, буларнинг барчаси таҳлил қилинганда муаммонинг илдизи телефонга, ундан фойдаланишдаги ахборот маданиятининг етишмаслигига бориб тақалади.

Ахборот хуружини келтириб чиқариш, аҳоли ўртасида низоли вазиятлар пайдо қилиш, диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм каби ғояларни тарғиб этиш ҳам телефон орқали амалга оширилмоқда. Ўз ота-онасига қарши чиқаётган, ижтимоий тармоқдаги ҳолатлардан ўрнак олиб ёт ғояларга кўр-кўрона эргашаётган қўштирноқ ичидаги “ёшларнинг” тарбияси бузилишида, хатти-ҳаракатларида ҳам бош сабабчи – телефондир. Ёки яна бир мисол. Ўзбекистонда йўл транспорт ҳодисалари оқибатида бир йил давомида 2300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ачинарлиси, автоҳалокатларнинг 10% дан кўпроғи йўл-қатнов қисмида телефондан фойдаланиш оқибатида келиб чиққан.

Одамзод учун энг қимматли нарса бу – вақт. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари шундай деган экан : “Ким вақтини зое кеткизса, вақт душманига айланади, нафаснинг зое кетишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.

Мен телефон ҳалокат демоқчи эмасман. Вақтини ижтимоий тармоқларда беҳуда сарфлаётган баъзи ёшлар — тенгдошларга айтмоқчиман: “Вақтни беҳуда сарфлаш энг катта йўқотишдир. Телефон ва интернет учун зое кетказаётган вақтингизни оилангизга, яқинларингизга сарфланг! Умр жуда қисқа”. Зеро, телефондан мақсадли фойдаланиш ҳаловат бўлса, ундан самарасиз фойдаланиш – ҳалокатдир.

Отабек УСМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − one =