“Оқ қарғалар” — уларга йўл очилгани чин бўлсин!

“Hurriyat”, “Маърифат”, “Ишонч” — ҳар ҳафта орзиқиб кутиб ўқийдиган нашрларим. Бу нашрларда мулоҳаза этишга ундайдиган мақолалар, севимли ижодкорларимизнинг ижодидан намуналар берилади, долзарб мавзулардаги муаммоли материаллар жасорат билан ёритилади.

“Hurriyat” газетасининг шу йил 31 май сонидаги журналист, юрист Ҳабибулла Олимжоновнинг “Оқ қарғалар ёхуд генерал Абдуғаниевнинг кундаликлар китобини ўқиб” мақоласини қайта-қайта ўқиб чиқдим.

Юқори мансабларда ишлаган генералнинг халқ ҳаётини ўрганиш учун эски чопон кийиб “бечора деҳқон” қиё­фасида картошка сотгани, коржома кийиб эски “Жигули”да таксичилик қилиши, “ўғирланган” машинасида шаҳар кезиб, давлат автомобиль инс­пекциясининг фаолиятини ўрганиши, божхона қўмитаси биносини таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини юзга яқин ходимлар билан бўш вақтларда бажарганлари — бари унинг виждонли, жасоратли инсон эканига яққол мисол. Айниқса, 130 та темир панноларга мумтоз шоир, алломаларнинг шеър ва ҳикматларини божхона қўмитаси биноси кираверишига ёздириб қўйгани эса генералнинг юксак маънавият эгаси бўлганини кўрсатиб турибди.

Мақолани мутолаа қилиш жараёнида кўз олдимга академик, Қўлёзмалар институтининг раҳбари, раҳматли Азиз Қаюмов хонадонлари келди. Ҳурматли олимимиз хонадонларида бир неча бор бўлганмиз ва ҳайратга тушгандик. Кичкинагина ҳовлида учта хона: кутубхона, ётоқхона ва ошхона бўлиб, бирор ялтироқ буюмга кўзим тушмаган. Уй деворига ҳам Ҳазрат Навоий ва Абдураҳмон Жомий сурати тикилган гиламча илинган, жавонда эса қатор китоблар тахланган эди. Шундай таниқли академик ниҳоятда содда, камтарона яшаб ўтганлари ҳаммамизга ибрат эмасми? Ёки генералнинг қадим замонлардаги каби ҳукмдорларнинг оддий кийимда юриб “халқим нима деяпти, қандай яшаяпти” деб кечалари айланиб юришларидан ўрнак олгани ҳозирги айрим раҳбарларга намуна бўла олмайдими?

Муаллиф тўғри таъкидлаган: ҳозирги кунда олий ўқув юртларига кириш шаффофлашяпти. Биргина мисол. Яқинда неварам Аслзода Баҳодирова француз тилидан фан олимпиадасининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб олий ўқув юртига имтиҳонларсиз бюджет асосида ўқишга кирди. Ҳеч ким орқасидан югурмади. Бундан ўн-ўн беш йиллар аввал олимпиадаларда ғолиблик учун эҳҳ-е, таниш-билишлик авж олган эди. Ҳатто, олимпиада ғолиби бўлиш учун тўрт йиллик ўқишнинг шартнома пули миқдорида пора сўралишлари ҳам ҳақиқат эди. Мана, шундай кунлар келдики, ўқиган қоқилмайди, ниятига етади.

Бургут елкасига миниб олиб бўйнини чўқилаётган қора қарға ўрнини бургут атрофидаги оқ қарғалар эгалласин.

Бу мақолани ҳар бир раҳбар, ҳоким ва газетхонлар ўқиб, хулоса чиқаришини хоҳлардим.

Маҳмуда ВАЛИЕВА,

Юнусобод туманидаги 274-мактабнинг

ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 8 =