Туман газеталари ҳам керак!

“Hurriyat” газетасининг шу йил 31 май, 21 сонида берилган таниқли ижодкор Ҳаким Сатторийнинг   “Туман газетаси нега ёпилди?” сарлавҳали мақоласини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим ва айнан шу соҳада 40 йилдан ортиқроқ вақтдан бери   фаолият юритиб келаётган маҳаллий нашр вакили сифатида унга ўз муносабатимни билдиргим келди.

Аввал бошидан оқ муддао ва қатъи хулосамни айтиб қўя қолай: туман ва шаҳар газеталари — керак!

Нима учун? деган савол туғилиши табиий ҳол, албатта. Шунинг учунки, туман ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар ҳам мамлакатимизнинг муҳим маъмурий-ҳудудий тузилмаларидир ва бу тузилмаларда давлат тузимининг барча соҳа ҳамда тармоқ тузилмалари мужассам. Жумладан, Мактаб ва мактабгача таълим бўлими, дейсизми, пенсия таъминоти жамғармасими, судлар, прокуратура, адлия, Ички ишлар, Миллий гардия, Мудофаа бўлими, туман ва шаҳар ҳокимлик­ларидан тортиб, то маҳалла фуқаролар йиғинларигача, соғлиқни сақлаш, маданият,   савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги тизимлари, саноат, курилиш, таранспорт, алоқа, қўйингки, барча   хизмат турлари мужассам.

Шундай экан, нега энди   бу ҳудудий тузилмаларнинг ўз оммавий ахборот воситалари, жумладан, газета ва журналлари бўлмаслиги керак?!

“Туман газеталари керакми?” деган саволни қўйишнинг ўзи ғалати, ножоиз.

Бу нашрларнинг ҳаётий эҳтиёж эканлигига далиллар етарли. Айтайлик, бизнинг Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўрта Чирқиқ тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Машъал” ижтимоий-сиёсий газетаси 92 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мана шу йиллар давомида халқимиз не-не синовларни бошидан кечирган бўлса, уларнинг барча — барчаси Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон (аввалги Тўйтепа) шаҳри аҳли ҳаёти мисолида “Машъал” газетаси саҳифаларида ўз аксини топган.

Илк бор 1932 йилнинг 17 февралида лотин имлосидаги ўзбек тилида 2000 нусхада чоп этилан бу газета халқимиз ўз бошидан кечирган барча тарихий жараёнлар: Шўро тузимининг коллективлаштириш, индустирлаштириш, кооперациялар ва пайчилик ҳаракатлари, оммавий қатағон, Иккинчи жаҳон уруши, урушдан кейинги даврларни, пахта яккаҳокимиги сиёсати, миллий ўзликнинг ўйғониш жараёнлари ва ниҳоят,   Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллиги,   унинг шонли саналарини мисли ўзида   қуёшни акс эттирган қатра мисоли фаолият кўрсатиб келмоқда. Тошкент вилоятидаги деярли барча туман-шаҳар газеталари ҳам худди мана шундай узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган ҳолда, бугун уларнинг айиримлари   5000, 6000, ҳатто 7000 ададда аҳоли хонадонлари ва ишхоналарга етиб бораётир ҳамда улар, ҳеч қандай муболағаларсиз, туман – шаҳар аҳлининг қувонч ва ташвишлари, ёруғ умидлари билан яшаб келмоқда. Шунинг ўзи ҳам бу нашрларнинг ҳаётий эҳтиёж эканлигини кўрсатиб турибди.

Давлат оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, газета ва журналлар — улар қандай мақом ва миқёсда бўлмасин — давлат сиёсатининг, жамият ҳаётининг ўткир қуроли. Буни ҳеч қачон назардан қочирмаслик керак. Қолаверса, улар билим, таълим ва тарбиянинг муҳим воситаларидан бири эканлигига ҳам шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Чунки, ҳали шу пайтга қадар газета ва журналлар мутолаасидан бирор киши зарар кўрмаган. Аксинча, ҳозирда газета-журналлар ва китоблар мутолааси ўрнини эгаллаган телефонлар, турфа тармоқлар орқали тарқатилаётган ҳар хил хабарлар ёшларни йўлдан адаштирмоқда.

Мана шу масалаларни эътиборга олган ҳолда муаллиф Ҳаким Сатторийнинг “Туман газетаси нега ёпилди?” мақоласида жуда долзарб масалалар кўтарилганлигини эътироф этиш ўринли. Гарчи, муаллиф сарлавҳага олиб чиққан саволга очиқ-ойдин жавоб беролмаган бўлса-да, маҳаллий нашрларнинг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини теран англайди. Бу унинг “Туман ва вилоят газеталари республика учун малакали кадрлар тайёрлаб берадиган гўёки устахона бўлган”, деган иқроридан ҳам кўриниб турибди. У бундай ҳаққоний ва ҳаётий ҳақиқатлар ҳақидаги фикрларини мана бундай изоҳлайди: “Туман газетасида ҳаммамизнинг тамоғимиз (танг­лайимиз — бўлиши керак. М.Б) кўтарилган, десак хато бўлмас. Боз устига, мустақиллик туфайли ҳудудий матбуотнинг юмуши яна ҳам кўпайди. Ахир ўша жойдаги тарихий масканлар, қадриятлар, таниқли кишилар ҳақида ўша жойнинг одамлари кўпроқ билади ва “қотириб “ёза олади. Бу мавзудаги чиқишлар юртимизнинг энди ёзилажак тўла тарихига чизгилар бўлиб қўшилиши бор гап”.

Ўтган йилнинг 5 ноябрь санасида 5 йиллигини нишонлаган ва Президентимиз ташаббуси билан “Нурафшон” дея аталган гўзал шаҳримизнинг қадим ўтмиши ва бунёдкорликда кечган 5 йиллик солномасини, унинг таниқли, мардона ўғлонлари, қадриятлари-ю, табаррук қадамжолари тарихларидан иборат улкан китоб газетамиз базасида яратилганлиги ҳам бу фикрларни тасдиқлайди. Бу каби хайрли ишлар Оҳангаронда, Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани “Давр овози” газетиси базасида ва яна кўплаб туман ва шаҳар нашрлари негизида амалга оширилганлигидан ҳам хабардормиз.

Шунингдек, таниқли ижодкорнинг газета ва журналлар кириб борган жойга маърифат – зиё кириб бориши ҳақидаги, журналист меҳнатини қадрлаш, журналистиканинг умуминсоний мезонлари борасидаги фикр-мулоҳазалари жуда ҳам ўринли эканлигини эътироф этишни истардим.

Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Машъал” газетаси ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + seventeen =