Ҳўллайдими ёки ҳўлламайдими?

Азиз НЕСИН

 

Ҳажвий ҳикоя

Ишсизлик мени бутунлай ҳолдан тойдирди. Мен ҳар қандай ишга рози эдим.

Ҳар қандай, ахлат йиғувчилик бўлса ҳам.

Бир танишим айтиб қолди:

— Рақиббейга одам керак экан, сени ўшанга жўнатақолай.

— Ҳа, у одам излаётган бўлса, мендан яхшисини тополмайди… Ҳа, қанақа ишга экан?

У бир парча қоғозга нималарнидир ёзиб мени Рақиббейга юборди.

Мен хонага кириб борганимда Рақиббей икки эркак билан гаплашаётган эди:

— Менинг қўлимда бир шиша сув бўлсин… Афандим, ўша бир шиша сув билан бу ернинг ҳаммасини ҳўллай оламанми ёки йўқми? Нима дедингиз? Албатта, қилолмайман. Шундай экан, ҳўллаб бўлмас экан, демак…

Мен ёзувли қоғозни узатдим.

— Ўтиринг, марҳамат, — деди Рақиббей.

Улар яна бироз гаплашишди, кейин у иккаласи кетди. Иккаламиз ёлғиз қолгач у менга мурожаат қилди:

— Мен эллик олти ёшга кирдим. Кўп нарсани бошдан кечирдим. Ҳаётий тажрибалар асосида охир-оқибат шундай хулосага келдим…

Эллик олти йиллик ҳаётий таж­рибадан келиб чиққан доноликни яхшироқ англаб олиш учун кўриш ва тинглашга зўр бердим.

— Ҳаёт тажрибаси асосида шундай хулоса чиқардим: масалан – агар қўлимда бир шиша сув бўлса… Нима дедингиз? Мен шу шишадаги сув билан бутун хонани ҳўллай оламанми ёки йўқми? Кечирасиз, эшитмадим.

У шундай оҳангда сўрардики, жавоб бермасликнинг иложи йўқ. Аммо унга ёқиши учун қандай жавоб бериш керак. “Ҳўллаш мумкин” дейиш керакми ёки “Мумкин эмас” дейиш. Ахир эндигина Рақиббей шу саволни берди ва салбий жавоб қайтарди-ку.

Ўйланиб қолганимни кўриб Рақиббей саволни такрорлади:

— Ҳа, қандай, ҳўллаш мумкинми? А?.. Нима?

Мен лицейнинг битирув имтиҳонидаги ўқувчидай қалтирардим.

Мен хонанинг майдонини кўз билан чамалашга интилдим. Эни тўрт метрча бор, узуни олти метр­­ча бор.

— Мумкинми ёки йўқ? Нима дедингиз?

— Ҳа, қанақа шиша? – сўрадим мен.

У саросимага тушиб қолди.

  Қанақа шиша?

— Сиз хонани ҳўлламоқчи бўлган сувли шиша?

У бундай саволни кутмаганлиги юз ифодасидан сезилди.

— Ҳа… одатдаги шиша. Сувли яхши шиша.

— Ҳўллаб бўлмайди, афандим.

— Кўрдингизми? Мана, ҳўллаб бўлмайди! Шундан келиб чиқиб, ҳар бир одам, бу ҳақиқатни билган ҳолда, шунга мувофиқ… Шундай эмасми?

— Ҳа.

— Мен сизни ишга қабул қилдим. Бу ерда битта одам бор. Ҳозир сизнинг иштирокингизда уни ишдан бўшатаман.

Мен қийин аҳволда қолдим. Демак, мени деб кимдир ишдан ажралади. Бунга виждоним йўл қўймайди.

— Бойафандим, — дедим мен. – Мен бошқа бир одамни бир бурда нонидан бенасиб қилмоқчимасман, уни оёғидан чалишни истамайман.

— Йў-ў-қ, деди у. – Агар мен сизни ишга олмаганимда ҳам, барибир уни ишдан бўшатардим. Мен бунақа қайсарни кўрмаганман. Қизиқсангиз, ҳозир уни чақираман, ўзингиз кўрасиз.

У қўнғироқ қилиб, хизматчига деди:

  Бир шиша сув олиб кел ва Мумтозбейни бу ёққа чақир!

— Хонага Мумтозбей кирди. Бу одамни кўрибоқ менда ёқимли хислар уйғонди. Хушмуомала, хушчеҳра одамга ўхшайди, қайсарга ўхшамайди.

— Хизматингизга тайёрман, афандим, — деди у хўжайинга.

Шу вақтда хизматчи сувли шишани олиб кирди. Мумтозбей сув­ни кўриши биланоқ юзи тундлашди, қошлари чимирилди, жағи осилиб қолди. Мен шундай чиройли юздаги бундай кескин ўзгаришдан ҳайратда эдим. Сиз айрим романлар ва қўрқинчли фильмларда кундузи одам қиёфасида юрадиган, ой чиққач эса ҳайвонга айланадиган қаҳрамонларни, албатта, кўргансиз. Мумтозбейнинг юзи ҳам ҳайвон башарасига айлангандай эди.

Хўжайин қўлига шишани олиб деди:

— Агар шу шишадаги сувни тўксам, у шу хонани тўла ҳўллайдими йўқми?.. Нима дедингиз?..

— Ҳўллайди! – қичқирди Мум­тозбей.

Бу қичқириқ эмас, наъра тортиш, ҳайқириш эди. Мумтозбейнинг юзи узлуксиз ўзгариб тумшуғи тўмтоқ итникига ўхшаб қолди.

Хўжайин деди:

—Йўқ, ҳўлламайди!

Мумтозбей тишлари орасидан бўкирди:

— Ҳўллайди!

— Ҳўлламайди!

— Ҳўллайди!

— Ҳўл-ла-май-ди!

— Кўряпсанми, — деди менга Рақиббей, — кўриниб турган ҳақиқатни у қандай рад этяпти… Айтгин-а, қўлимдаги шишадаги сув билан ҳаммаёқни ҳўл қилиб бўладими ёки йўқ? Нима?

— Йўқ, — дедим мен.

— Албатта, йўқ! Бу сув ҳаммаёқни ҳўл қила олмаслиги учун ҳам – мен бундай одам билан бирга ишламайман.

У Мумтозбейга ўгирилди:

— Биз бошқа сиз билан бирга ишлай олмаймиз. Ишларингизни ҳозироқ якунланг ва кетаверинг.

Мумтозбейнинг юзлари ўзгариб, аввалгидай ёқимли тусга қайт­­ди.

— Миннатдорман, бойафандим, хайр, — деди у.

Мен саросимага тушиб қолдим.

— Бойафанди, мен қандай иш бажараман, билсам бўладими?.. — сўрадим мен. Эҳтимол Мумтоз­бей бажарган ишни мен уддалолмасман.

— Менга мантиқий фикрлай оладиган одам керак, — жавоб берди Рақиббей. — Аввало, мантиқ. Сиз тушундингизми? Агар мен шишада бор сувни тўксам, у ҳаммаёқни ҳўл қила оладими ёки ҳўл қилолмайдими? Нима дедингиз?

—Ҳўл қилолмайди.

—Жуда тўғри! Бу айни мен хоҳлаган гап! Қўшни хонага киринг. Дамирбой Мумтозбейдан мулкларни қабул қилиб олсин.

—Хўп бўлади.

Қўшни хонага кирдим. Мумтозбей нарсаларини йиғиштиряпти. Қандай хушмуомала, ёқимли одам эди! Яна шундай одам қандай қилиб яқиндагина хўжайиннинг иштирокида ҳайвондек беўхшов қиёфага кирди?

Мен хижолат тортиб унинг олдига келдим.

— Жуда афсусдаман, — дедим мен, — чамаси, мени деб ишингиздан айрилдингиз.

— Йўқ, азизим, нега энди айнан сиз сабабли бўларкан? Сиз бўлмасангиз бошқаси келарди.

— Кечирасиз, аммо, “Ҳўлламайди” деб қўяқолсангиз нима бўларди.

— Э, ҳозир нима десанг ҳам бефойда, мен буни сизга айтолмайман, деди у. — Кейин ўзингиз тушуниб оласиз. Мен бир йил ичида у алмаштираётган бешинчи одамман. Мен фақат икки ярим ойга чидадим. Ишсизлик нималигини биламан. Шунинг учун ҳам сизни қўрқитишни хоҳламайман. Хайр. Оллоҳ сизга сабр берсин.

— Оқ йўл!

Мумтозбей портфелини олди ва кетди. Мен бу ерда нима қиламан, вазифам нимадан иборат билмасдим. Стол томонга ўтдим. Стулга ўтирдим.

Маълум вақт ўтгач хўжайиннинг хонасидан баҳслашаётган одамларнинг баланд овози эшитилди. Хизматчи кирди.

— Сизни чақиряпти, — деди у.

Хўжайиннинг хонасида яна уч киши бор эди. Улар қандайдир савдо битими ҳақида гаплашишар, аммо бу қандай битим эканлиги ҳақида тушунчага эга эмасдим.

— Агар мен бир шиша сувни тўксам у бутун хонани ҳўллайдими ёки йўқми? Нима дедингиз?

— Ҳўлламайди! – тантанавор эълон қилдим мен.

У бошқаларга ўгирилди.

— Кўрдингизми? Ҳўлламайди. Сиз бўлса оддий ҳақиқатга қарши боряпсиз.

Қатнашчилардан бири тушунтирмоқчи бўлди:

—Бу ишнинг сувга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз беш фоиздан ортиқ тўлолмаймиз.

Хўжайин деди:

— Энг аввало мантиқ. Мантиқ – ҳамма нарсанинг асоси.

Ўша куни хўжайин мени тўрт марта хонасига чақирди. Ҳар гал у менга айни ўша саволни берарди. Мен ҳам жавоб берардим:

— Ҳўлламайди!

Кейинги куни ҳам шу ҳолат так­рорланди, бутун ҳафта шундай ўтди. Баъзида кунига уч-тўрт марта, бошқа кунлари беш-олти марта “Ҳўлламайди” деб айтардим. Шанба куни иш ҳақи олдим – юз лира. Бутун ҳаёти давомида орттирган тажрибасига асосланиб хўжайин шундай буюк ҳақиқатга ишонтирарди: “Бир челак сув билан ҳўллаш мумкин бўлган жойни, одамлар бир шиша сув билан ҳўллашга интилмасликлари керак”. Ва буни худди мақолдай тилидан туширмасди. У буни худди фалсафий ақидадай, ҳикматли гапдай мустаҳкамларди. Менинг вазифам ана шу ҳақиқатни тасдиқлашдан иборат эди холос.

Хизматнинг бир ойи ўтди. Мен бу вазифани бинойидек бажарганим учун хўжайин ҳафталик мао­шимни юз эллик лирага оширди. Энди у мени ҳамма ерда олиб юрар, ишида қандайдир муаммо пайдо бўлиши биланоқ дарров сўрарди.

— Агар мен бир шиша сувни тўксам бу ерни бутунлай ҳўллайдими ёки йўқми? Нима?

— Ҳўлламайди! – жавоб бераман мен.

Мен бу сўзларни кунига йигирма, ўттиз марта айтардим, аммо шунга яраша хўжайин ҳам ҳафталик маошимни икки юз лирага оширди. Энди у мени уйи­­га олиб келди. Мен у билан энди фақат ухлаганда ажралардим.

Хотини ёки ўғли пул, ёки қизи мато сўрайдими, у шундай жавоб берарди:

— Мен бунақа ишларни тушунмайман. Мен кўп йиллар яшадим ва натижада бир ҳақиқатни анг­ладим: мана қўлимда сувли шиша, агар уни тўксам – у ҳаммаёқни ҳўл қила оладими йўқми? Нима?..

Хўжайиннинг гапи охирига етмай қичқираман:

— Ҳўлламайди!

Жуда чуқур маънони ифодалайдиган шу қисқа ибора шарофати билан хўжайиним ҳамиша ҳақ бўлиб чиқади. Мантиқ-да, бунинг нимаси таажжубланарли?

Бошқаларни ўзининг ҳақлигига ишониши учун мажбурлаши, ақл билан иш қилаётгандай мақтаниши учун унинг буйруғи бўйича шишадаги сув полнинг катта майдонини ҳўллай олмаслигини тасдиқлашга мажбур эдим.

Мен беш ой ишлаб қўйдим. Ҳафталик иш ҳақим икки юз эллик лирагача кўтарилди. Ҳа… бажарадиган ишим эса кунига қирқ, эллик марта “Ҳўлламайди!” деб қичқиришдан иборат.

Бу ишга менчалик узоқ муддат бардош берган одам ҳали бўлмаган. Аммо менинг ҳам тоқатим тоқ бўлди. Мен тойни орқамга кўтаришга, ишсиз, емай-ичмай сандирақлаб юришга тайёр эдим. Ишим ўзим учун чидаб бўлмас даражага келганди.

Бир куни идорада унинг хонасида қандайдир маҳсулотни сотиш бўйича баҳс бошланди: “Етти фоиз, йўқ, саккиз…” Хўжайин мени чақирди.

— Агар бу ерга шишадаги сувни қуйсам, у бутун пол юзасини ҳўллайдими ёки ҳўлламайдими? Сиз нима дедингиз?

— Ҳўллайди! – қаттиқ бақирдим мен.

— Нима?

У кутмаганидан қотиб қолди.

— Ҳўллайди!

— Ҳўллайдими?

Рақиббей ўзининг ҳақлигига шунчалар ишонардики, менга шишадаги сувни полга тўкишимга тўғри келди. Сув полнинг бешдан бирини ҳам ҳўлламади. Хўжайиннинг юзи бир вақтлар Мумтозбейнинг юзи ўзгарган каби ўзгарди. У тишлари орасидан хириллади.

— Ҳўллайдими ёки ҳўлламайдими?

— Ҳўллайди! – тасдиқладим мен.

Унинг қаршисида ўтирган одамлар кулиб юборишди

— Ҳўллайдими?

— Ҳўллайди!

— Йўқ, ҳўлламайди!

— Ҳўллайди!

— Ҳўлламайди!

Бор овозим билан бақирдим:

— Ҳўллайди! Эй, эшитяпсанми, ҳўллайди! Ҳўллайди, ҳўллайди!

—Йўқолиб кет! Кўзимга кўринма! – қичқирди хўжайин.

Қўлимни силтаб, кўчага чиқдим. Аммо яна бир йилгача хўжайиннинг шарпаси кўз олдимдан кетмади. Кўчаларда дайдиб, кемаларда кезиб юрганимда, трамвайда, ҳатто уйқумда ҳам ғўлдирардим:

— Ҳўллайди! Ҳа, ҳа, ҳўллайди! Ҳўллайди! Ҳа, ҳўллайди!

Худога шукур, “Ҳўллайди!” деб қичқиришларим сони хўжайиннинг хизматида юриб “Ҳўлламайди” деб айтганларим сонига етгандан кейин, бу дарддан қутулиб кетдим.

Рус тилидан 

Ҳабиб СИДДИҚ

таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =