Жон омонат деганлари ҳақ

Авваллари таниқли қўшиқчилар бармоқ билан санарли эди-ю, мазза қилиб эшитадиган қўшиқлар кўп эди. Ҳозир-чи, ҳозир ҳаммаёқни қўшиқчи босиб кетгану эшитадиган қўшиқ йўқдек гўё. Бу фақат менинг гапларим эмас, балки ёши улуғ санъат мухлисларининг шу каби эътирозлари деярли ҳар куни қулоғимизга чалинади.

Бугунги озгина номи чиққан қўшиқчилар билан суҳбатлашганимизда эса уларнинг: “Ҳозирги қўшиқчиларга ҳам осон эмас, аксинча, жуда қийин. Қанча яхши қўшиқлар айтган бўлсанг ҳам ҳар куни телеэкранда, ижтимоий тармоқларда кўриниб турмасанг мухлислар дарров эсдан чиқариб юборади”, — дейишади. Эҳтимол, бу гапларда ҳам жон бордир. Бугунги тезкор замонда, ҳар куни янги қўшиқчи-ю янги қўшиқлар пайдо бўлаётган пайтда уларга-да осон эмасдир.

Шунинг учун бўлса керак ҳар куни телеэкранларда, ижтимоий тармоқларда ўзларини турли кўйларга солиб, ноқулай вазиятларга тушиб қолаётган, ҳатто кулгига қолаётган “санъаткор”лар кўпайиб бормоқда. Баъзан, анчайин ёши улғайиб, кўзга кўриниб қолганларининг ҳам уларнинг сафига қўшилиб қолаётгани ачинарли, албатта. Кўпинча, “шу шартмиди, уялмасмикан булар, яқинлари, айниқса фарзандлари олдида изза бўлмасмикан”, деган ўйлар ўтади хаёлимиздан. Аммо шуни ишонч билан айтиш жоизки, ҳақиқий истеъдоднинг қадри барибир ҳамиша баланд бўлиб, уни халқ ҳамиша севиб, қўллар экан.

Яқинда халқимизнинг қалбидан жой олган санъаткор, ўзигагина хос бўлган овози ва йўналишига эга бўлган қўшиқчи, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов оламдан ўтди. Бу воқеа санъатсевар ҳалқимизни қайғуга солди. Ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик тасирчан ва ёқимли овози, дилтортар қўшиқлари билан юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган ҳофиз ҳақида, унинг бетакрор қўшиқлари ҳақида ёзишди. Ҳамдардлик тарзида ёзилган фикр-мулоҳазаларни ўқиб кўнгил ўртанди. Ҳатто, Нуриддин Ҳамроқулов ҳақида яхши сўз айтиш асносида унинг ижро этган қўшиқларини бирма-бир санаб ўтган юртдошларимиз ҳам кўп эди.

Қизиғи шундаки, Нуриддин Ҳамроқулов кейинги ўн-ўн беш йил ичида “ойнаи жаҳон”да ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам кўринмаган.   Газеталарга интервью ҳам бермаган ҳисоб. Кўпчилик таниш журналистлар – “Ака Ойбек акани яхши танийсиз, гаплашиб кўринг, Нуриддин Ҳамроқулов билан суҳбатлашмоқчи эдик. Катта кўрсатув тайёрламоқчимиз. Негадир рози бўлишмаяпти”, — дейишганда Ойбек Ҳамроқуловга бир неча марта қўнғироқ қилганим ҳам бор гап. У киши отасининг бироз тоби йўқлигини, чарчаб қолишини айтиб узр сўрарди. Майли, бу энди бошқа гап.

Асосий гап шундаки, шунча йиллар турли телеканаллар, ижтимоий тармоқларда кўриниш бермаган санъаткоримизни санъат мухлислари унутиб юбордими? Унинг қўшиқлари бугун шинавандалар ёдидан чиқдими? Йўқ, албатта. Қаерда қўшиқчилик санъати, севимли ҳофизларимиз, улар айтган бебаҳо, ўлмас қўшиқлар ҳақида гап кетса, албатта, Нуриддин Ҳамроқуловнинг номи ҳам санаб ўтилади.

Бугунги ёш қўшиқчиларимиз эса унинг кўплаб қўшиқларини ижро этиб олқиш олаётгани сир эмас.

Унинг “Оламни сақланг дўстлар”, “Фасли баҳор”, “Ташна ҳислар”, “Ширинлигинг – шаккарлигинг”, “Ажаб сирлар”, “Сой кўрдим”, “Сенсиз”, “Менга ёқасан”, “Ширин хаёл”, “На сен дединг”, “Турналар”, “Икки дил” каби қатор қўшиқларини санъатсевар халқимиз унутмаган, унутмайди ҳам!

Бу дунё ўткинчи, келиш ва кетиш бор. Ана шу келиш ва кетиш оралиғида инсоннинг эли ва юрти учун қилган хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Шу сўзларни ёзиб турибману кўз ўнгимга куни кеча оламдан ўтган яна бир улуғ ҳофиз, ўзбек санъатида ўз мактабини яратган санъаткор Шерали Жўраевнинг сиймоси гавдаланади.

Ҳа, йилдан-йилга саҳналаримиз ғариблашиб бормоқда. Ахир улар ўзбек санъатининг пирлари эди.

Тўғрисини айтсам, ўзим бу икки санъаткорнинг қўшиқларини қачондан бери яхши кўриб эшитишим, қачон мухлис бўлганимни эслай олмайман. Менимча эсимни таниганимдан бери бўлса керак. Демак, 50 йилча бўлибди. Ярим аср! Шу йиллар ичида уларнинг қўшиқларини тингламаган куним бўлмаса керак.

Ҳа, ярим асрдан бери кайфиятимга қараб гоҳ “Ўзбегим”, “Инсон ўзинг”ни ёки “Ажаб сирлар”, “Ширинлигинг-шаккарлигинг”ни, баъзан эса “Ошиқ бўлдим”ни хиргойи қилиб юраман. Бу қўшиқларни хиргойи қилмай бўладими, унутиб бўладими?! Ҳали бундан кейин ҳам қўшиқчиларнинг неча авлодлари бу қўшиқларни ижро қилади, янгилайди. Фақат бир илтимос: қўлидан келадиганлари, бу қўшиқларни маромига етказиб айтадиганлари, улардаги нафисликни сақлай оладиганлари айтсин!

Шерали Жўраев иродали инсон эди. Уни не-не қаттол даврлар бука олмади. Аксинча, ўзбек санъатининг довруғини оламга ёйди. Халқимизнинг дардини, орзу армонларини, айниқса, бободеҳқонларимизнинг, чорвадор-чўпонларимизнинг қалбидаги аламию қувончини куйга солди. Санъатимиз тарихида унингдек қўшиқсевар халқимиз ичига сингиб кетган санъаткор бўлмаса керак. Шундан бўлса керак мухлислар доимо уни бошларига кўтарар, ардоқлар эди.

Аллоҳ бу ҳофиз билан кўришишни, қўшиқларини ёнларида туриб эшитишни кўп бор насиб қилди. Концертларига тушдим, тўйларда кўрдим. Хулосам шуки, унингдек ҳофиз йўқ, бу дунёга у каби санъаткор яна келармикан? Қайдам. Аллоҳ билгувчи. Шерали Жўраев Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Румий, Фузулий, Огаҳий, Махтумқули, Чустий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби аллома ижодкорларнинг шеърларини куйга солиб қўшиқ қилди ва бу ўлмас қўшиқларни элимизнинг қалбига қуйиб кетди.

У кириб борган давралар яшнаб кетарди. Ҳофиз шунчаки қўшиқ айтиб кетмасди, балки у ерда кайфиятга қараб саҳна асари қўйиб, гўёки спектакль саҳналаштириб, ўз мухлисларини қойил қолдирардики, бу ҳолат ўша жойда қатнашганлар ёдида бир умрга сақланиб қоларди.

Яна бир гап. Халқимиз орасида Шерали Жўраевнинг кўплаб оддий деҳқонларнинг, чорвадор-чўпонларнинг, бева-бечора ва қийналган оилаларнинг тўйларига бориб, беминнат хизмат қилгани, ҳатто даврадан тушган пулларни ўша оилага ташлаб кетгани ҳақида гурунглар юради. Бундай гап-сўзлар ҳам одамлар орасида бежиз айтилмайди.

Улуғ санъаткорнинг мухлислари ҳам ўзига ўхшарди. Шерали Жўраев санъатга, юртига, халқига қанчалик қаттиқ меҳр берган бўлса, мухлислари Шерали Жўраевга, унинг қўшиқларига шунчалик қаттиқ меҳр берган эди.

Шу ўринда бир мисол келтирсам. Поччам (аммамнинг эри) тўқсонга яқинлашиб оламдан ўтди. Бир умр Шерали Жўраевга мухлис бўлди. Эсимда Тошкентда тоғам раҳматли тўй қилди. Тўйга келган ҳофизни кўриб, кўзларига ёш келиб, бағрига босиб “ҳидингдан аканг, исингдан аканг, нега кўринмай кетдингиз, қаерларда юрибсиз”, – дея йиғлагани ҳанузгача кўз ўнгимда…

“Ўзбегим”, “Кўрмишам”, “Тушимда кўрсам эди”, “Инсон ўзинг”, “Аччиқ ҳақиқат”, “Биринчи муҳаббатим”, “Онагинам”, “Наврўзи ажам”, “Эл билса бўлди”, “Аввалгиларга ўхшамас”, ”Бандаман”, “Аста-аста”, “Она Туркистон”, “Куйдим”…. Бу каби қўшиқларнинг рўйхатини давом эттириш мумкин.

Ҳа, бу дунё бевафо деганларидек, шундай ўлмас қўшиқлар ижрочиси, такрорланмас санъаткор, Ўзбекистон, Тожикистон халқ артисти, Навоий номидаги халқаро мукофот соҳиби Шерали Жўраев ҳам оламдан ўтди. Нафақат ўзбек халқи, балки бутун туркий халқлар ўзининг ардоқли санъаткоридан айрилди. Минг-минглаб юртдошларимиз чуқур қайғу билан ўз ҳамдардликларини ижтимоий тармоқларда билдирмоқда. Жумладан, “Шерали Жўраев нафақат улкан ҳофиз, бетакрор мактаб яратган гўянда, балки вақтида қудратли сиёсат ҳам синдира олмаган метин эътиқодли шахс эди. Бундай шахслар юз йилда бир келадилар! Йиғла, Туркистон, йиғла!”, дея хоразмлик машҳур ижодкорлардан бири Рўзимбой Ҳасан ўз қайғусини изҳор қилган бўлса, таниқли тележурналист Рўзибой Қўлдошев ўзининг “Facebook”даги саҳифасида шундай ёзди:

“Нафақат ўзбек қўшиқчилиги балки бутун туркий дунё ўзининг буюк ўғлонидан жудо бўлди. Шерали Жўраев қўшиқчилик оламида бетакрор мактаб яратди. Миллионлаб мухлисларнинг севимли қўшиқчиси мақомига эришди. Эл орасида шуҳрат қозонди. Унинг шон-шуҳрати кимларгадир ёқмади. Йиллар давомида телерадионинг эшиклари у учун ёпиб қўйилди. Шу билан бирга ҳеч қайси қўшиқчига насиб этмаган унвону мукофотлар билан сийланди. Бир сўз билан айтганда Шерали Жўраев буюк ва оғир йўлни босиб ўтди. Ўзбекистон шаънини улуғловчи энг сара, энг зўр қўшиқларни ҳам ҳеч қайси санъаткор Шерали Жўраевдек куйлай олмади. Ва ниҳоят, бугун бу дунёнинг барча ҳойи ҳавасларига нуқта қўйиб, чин дунёга сафар қилди. Ўзбекистон булбули Шерали Жўраевнинг жойлари жаннатда бўлсин!”

Юракларга таскин берадигани шулки, элимизнинг Нуриддин Ҳамроқулов, Шерали Жўраев сингари бетакрор ҳофизлари яратган юзлаб қўшиқлари ўзбек деган миллат бор экан, ҳеч қачон ўлмайди, ўчмайди, ҳамиша янграйверади!

Носиржон ЭРКАБОЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − ten =