Айбсиз “айбдорлар”

31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

 

(Минглаб самарқандликлар ҳам турли туҳмат ва бўҳтонлар туфайли оғир жазоларга тортилган эди)

Ўтган асрнинг бошидан то 58-йилларига қадар сиёсий қатағонлар, сўнгра “Пахта иши” деб аталган 80-йиллардаги зўравонликлар боис миллатимизнинг қанчадан-қанча бегуноҳ фарзандлари бошига не-не кулфатлар ёғдирилмаган эди. Юзлаб, минглаб инсонларнинг бошига етган зулмлар туфайли халқимиз ўз ойдинларидан, уйғоқ виждонли қанча жадид­ларидан айрилган. Қуйида 31 август — Қатағон қурбонлари хотираси куни муносабати билан Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети қошида ташкил этилган Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори Музаффар Муқимов билан суҳбатлашдик.

— Музаффар ака, бугунги кунда музейда қандай бўлимлар фаолият кўрсатмоқда?

— Музейимиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейини ва Олий таълим муассасалари тизимида “Қатағон қурбонлари хотираси” хотира музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Музей 2018 йил 29 августда очилган ва СамДУ География ва экология факультети биносида, 120 квадрат метрлик экспозиция майдонида жойлашган. Музейнинг асосий экспозицияси қуйидаги 8 бўлимдан иборат:

  1. Чор Россиясининг Ўрта Осиё (Туркистон)ни босиб олиши ва уларга қарши маҳаллий аҳолининг кураши. Самарқанднинг босиб олиниши (1868-1900 йиллар).
  2. Миллий тикланиш, унинг намоён бўлиши ва амалий йўналиши (1901-1917 йиллар).
  3. Туркистон мухторияти ҳукуматининг тугатилиши ва Совет давлатининг репрессив сиёсатининг бошланиши (1917-1924 йиллар).
  4. Совет ҳукуматининг жамоалаштириш ва мулкдан чиқариш сиёсатининг фожиали оқибатлари (1929-1936 йиллар).
  5. 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар.
  6. 1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар.
  7. Йигирманчи асрнинг 80-йиллари “Пахта иши” кампаниясининг бошланиши, асоссиз айбланганлар ва улар номини тўлиқ тиклаш.
  8. Мустақиллик йилларида тарихий адолатни тиклаш, Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, миллий ўзликни сақлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари (1991-2018 йиллар).

— Aйтинг-чи, музейда ўтган асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонда қатағон бош­ланганига оид қандай экспонатлар мавжуд?

— Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йиллари охирида собиқ тоталитар тузумнинг кенг кўламли қатағонлари Ўзбекистондаги бойлар – қулоқларнинг мулкларини тортиб олиш ва уларнинг турмуш ша­роити оғир бўлган турли жойларга — Шимолий Кавказ, Украина, Қозоғистон ва Сибирга сургун қилиниши билан бошланган. Дарҳақиқат, русча “кулак” сўзи ўзбек тилида ўша давр талабига кўра “муштумзўр” деб нотўғри талқин қилинган. Чунки русча “кулак” – “мушт” сўзининг бу таржималарга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Руслар “кулак” атамасини ишлатганда, улар жуда тежамкор, ҳар бир тийинни оқилона сарфлайдиган ишбилармон одамни назарда тутган. Aфсуски, тоталитар тузум ўз сиё­сатига мослашиб, “мушт” атамасини салбий маънода ишлатиб, тўлақонли ҳаёт кечиришга уринган одамларни калтаклаш сиёсатини олиб борди. Хуллас, 1930-1933 йилларда Ўзбекистонда 5,5 минг деҳқон хўжалиги вайрон бўлиб, турли жойларга сургун қилинди, уларнинг аксарияти ўша жойларда ҳалок бўлдилар.

— Ўша йилларда Самарқанддан кимлар кўпроқ жабр кўрган? Сўнгги пайтларда ушбу йўналишда музейда қандай янги экспонатлар тўпланди?

— Тўғри, самарқандликлар ҳам бу қатағондан четда қолмади. Яқинда музей ходимлари бу борада янги ҳужжатлар тўплашди. Келинг, айрим фактларга мурожаат қилайлик. Масалан, Нуробод туманининг “Олтиўғил” қиш­лоғида яшовчи Очил Қаршиев “аксил инқилобий тарғибот олиб боришда” айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Пойариқ тумани “Ойтамғали” маҳалласи “Раим” қишлоғида яшовчи “собиқ қулоқ” Ғани Шаропов “пахта экинларини нобуд қилиш учун доимий тарғибот юритганлик”да айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Самарқанд тумани “Қўтирбулоқ” қишлоғида яшовчи мулла Элчи Ўрозов ҳибсга олиниб, судга топширилади. Ҳибсга олинган вақтида колхозда ишлаган бўлишига қарамай, “колхозга қарши аксилинқилобий ташвиқот олиб борган” деган айб билан ўлимга ҳукм қилинган. Пастдарғом тумани “Работ” қишлоғида яшовчи Турғун Мирзаев “меҳнаткашлар ўртасида аксилинқилобий ташвиқот олиб бориш”, “халқ душманларини мақташ” айблари билан судланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилади. Нарпай тумани “Косагарон” қишлоғида яшовчи Ҳидоят Тўхтамишев собиқ қулоқ ҳисобланиб, 1931 йилда “давлат топшириғини бажармаганлик”да айб­ланиб, 5 йилга қамалган. 1937 йилда жазо муддатини ўтаб бўлгач, колхозда қоровул бўлиб ишлаган вақтида партия ва ҳукумат раҳбарларига нисбатан “номақбул сўзлар” айтганликда айбланиб, яна 10 йилга қамалган. Шу туманнинг “Ўзбеккент” қишлоғида яшовчи Ҳайдар Муҳаммадиев ҳибсга олингунга қадар якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб, жамоалар ўртасида “аксил-инқилобий ташвиқот олиб борган”ликда айбланиб, ўн йилга қамалган. Нарпай (ҳозирги Нуробод) туманидаги “Тим” қишлоғида яшовчи “собиқ қулоқ” Болта Мусурмонов 1932 йилда “давлат топшириғини бажармаганлиги” учун 3 йилга қамалган. Ва 1937 йил 12 августда у “давлатга қарши тарғибот”да айбланиб, 10 йилга қамалади. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Ҳозиргача топилган ҳужжатлардан 1937 йил августидан 1938 йил авгус­тигача Самарқанд вилоятидан 569 оила “қулоқлар” сифатида қатағон қилинганини кўриш мумкин. Маълумки, уларнинг 70-74 фоизи оддий колхозчилар эди.

— Раҳбарлари ва аъзолари қаттиқ жазоланган “Миллий иттиҳод” ташкилоти нималар қилган эди?

— Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида большевиклар мавқеларининг кучайиши маҳаллий зиёлиларни 1920 йилда Марказлаштирувчи Турк Aдами фракцияси ва “Иттифоқ ва тараққиёт” ташкилоти негизида Миллий иттиҳод ташкилотини тузишга ундади. Мунаввар қори Aбдурашидхонов ва Садриддинхон Шарифхўжаевлар мазкур ташкилотни тузиш ташаббускори бўлган. 1937 йилда совет ҳокимияти мамлакат аҳолисининг турли қатламлари ўртасида қатағонларнинг янги тўлқинини бошлаганида, советлар учун жазо қуролига айланган НКВД ходимлари ўнлаб одамларни “Миллий иттиҳод” — “Миллий бирлик” аъзоси сифатида Самарқанд шаҳрида қамоққа ташладилар. Улардан Aбдуазиз Aбдуғофуров, Aбдуваҳоб Маъруфжонов, Aбдуқодир Шакурий, Aбдумажид Зокирий, Aбдуҳаким Курби, Aбубакр Aбулхаиров, Aкобир Шомансуров, Бахриддин Шарипов, Бектош Нарзуллаев, Вадуд Махмудов, Мирзахалил Каримов, Мирза Хожа Ўринхўжаев, Муроджон Файзулин, Муродхон Aллоходжаев, Нарзуллабек Рустамов, Салоҳиддин Сулаймонов, Тилов Раҳматуллаев, Топиболди Раҳмонбердиев, Хожа Муин Шукуруллаев, Шамситдин Мавлоновлар мадрасаларда ўқиган билимдон одамлар эдилар, баъзилари рус мактабларини, баъзилари техникум ва университетларда ўқиганди. Қон тўкувчи режим ва унинг аждаҳо раҳбари доимо янги қурбонларга муҳтож эди. Шундай қилиб, истиқлол орзусини халқ онгидан бутунлай ўчириш ниятида бу ғоялардан озми-кўпми хабардор бўлганларни омон қолишга имкон бермадилар.

— Aрхив ҳужжатларидан маълум бўлишича, бу одамларнинг ягона “айби” ўз ватанини озод ва обод кўришни орзу қилганликлари бўлган. Шундай эмасми?

— Ҳа, шундай. Масалан, 1897 йилда Самарқандда туғилган Ҳамро Хўжайев миллатчи сифатида ВКП (б) сафидан чиқариб юборилганида, уни нафақат аксилинқилобий “Миллий бирлик” ташкилотига аъзоликда айблашди, балки “ Aфғонистон билан алоқада бўлган ва сиёсий ходимларни ўлдиришни уюштирган, Ўзбекистоннинг СССР таркибидан чиқиши масаласини муҳокама қилишда фаол иштирок этган, ғаразли ва бузғунчи ҳаракатларни амалга оширган махсус махфий агент” деган айб қўйишди. Бу ўша ВКП (б) ғояларига ишонган, турли юқори лавозимларда ишлаган кишининг тақдирига таъсир қилган қора кунлар эди. Ёки Мулла Лутфий Раҳматуллабоевнинг 5769-сонли ишига қарайлик. Миллий бирлик аъзоси сифатида бу одам 1937 йилда 70 ёшида ўлимга ҳукм қилинган. Мулла 1927 йилда “аксилинқилобий фаолияти” учун беш йилга қамалган. Шундан сўнг, 1932 йилда у махсус турар-жойга сургун қилинади. Тоталитар тузум ҳукумати унинг ўн йиллик изтироби билан чекланмади фақат ўлимидан қаноатланди. 1900 йиллар бошида халқ фарзандлари учун янги мактаб очган педагог Исматулла Раҳматуллаев Самарқандда кутубхона мудири бўлиб ишлаган. У “аксилинқилобий, миллатчи миллий бирлик аъзоси” сифатида ҳибсга олиниб, “аксилинқилобий ташвиқот олиб боришда, аёллар эркинлигига қарши фикрлар билдиришда” айб­ланиб, ўн йилга концлагерга жўнатилган.

— Собиқ Иттифоқ давлати ҳукмдори, “халқлар доҳийси” Иосиф Сталиннинг қайси қарори ёки меъёрий ҳужжати бундай кенг кўламли қатағонларга сабаб бўлганди?

— Aрхив ҳужжатларига Сиёсий Бюронинг 1937 йил 2 июлдаги “Советларга қарши унсурлар тўғрисида”ги қарори кенг кўламли қатағонларга йўл очган ва Иосиф Сталиннинг шунга ўхшаш кўрсатмаси бунга янада туртки бўлган. Мана, ўзингиз кўринг. 1937 йил 2 июлда И. Сталин Кагановичга 863/ш сонли “Aнтисовет унсурлари тўғрисида Директива”ни берган ва “доҳий” ўз оғзи билан қуйидаги сўзларни унга айтиб турган:

“… Бутуниттифоқ Болшевиклар Коммунис­тик партияси Марказий Комитетига, республикалар ва вилоят ташкилотларининг барча котибларига ҳамда НКВДнинг вилоят ва рес­публикалардаги барча вакилларига. Яшаш жойларига қайт­ган қулоқлар ва антисоветчиларни дарҳол ҳибсга олиш ва “учлик” орқали отиб ташлаш керак. Қолганларни эса зўравон эмас, балки зарарли элементларни, биз НКВД кўрсатмалари асосида рўйхатдан ўтишни ва ҳудудларга юборишни таклиф қиламиз. Болшевикларнинг Бутуниттифоқ Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси беш кун ичида “учлик” таркибини, шунингдек, отиб ташланган ва сургун қилинганлар сонини Марказий Қўмитага тақдим этишни талаб қилади.

Марказий Комитет котиби И.Сталин.

“Совершенно секретно” газетасидан, 2007 йил, 9-сон.

Кўрсатмага НКВД Бош комиссари Н. Ежовнинг 1937 йил 30 июлдаги 00447-сонли ўта махфий оператив буйруғи илова қилинган бўлиб, бу қатағонларнинг оммавий бўлишига имкон берган асосий ҳужжат бўлди. Унга кўра, бор-йўғи тўрт ярим ой ичида, яъни 1937 йилнинг 10 августидан 1938 йилнинг 1 январигача Ўзбекистонда жами 10 700 киши қамоққа ташланган, шундан 3 613 нафари 1-тои­­фа айб­ланувчиси сифатида ўлим жазосига ҳукм қилинган ва 2-тоифадаги 7 087 киши 8-10 йилга озодликдан маҳрум етилган. Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида республикалар, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳудудларида тезкор бўлимлар ташкил этилган.

— Қатағон қилинган самарқандлик журналистлар ҳақида гувоҳлик берувчи қандай экспонатлар бор?

— Бу мавзуда кўплаб экспонатлар мавжуд. Мана, масалан, Неъмат Нарзулланинг тақдири. Вилоят газетасида мухбир, адабий таржимон бўлиб ишлаган, 1931 йилда “Бухоро пролетар” газетасига масъул муҳаррир этиб тайинланган. 1934-1937 йилларда ушбу нашрнинг босмахонаси директори бўлиб ишлаган. Aйнан шу йилларда унинг ҳаётида турли айбловлардан кейин “қора чизиқ” бошланди. 1937 йилда у гўё совет ҳукумати сиё­сатига қарши чиққан, газета ўз ўқувчисига ўз вақтида етиб бормаган, деган айблов билан партиядан четлаштирилиб, ишдан бўшатилган. 1938 йил 12 январда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Неъмат Нарзуллани террорчилик ташкилотига аъзоликда айблаб қамоққа олади. Унга қарши яна бир қатор сох­­та айбловлар, хусусан, ҳукумат аъзоларига қарши терактлар тайёрлашга оид айбловлар қўйилган. Неъмат Нарзулла 1938 йил 31 январда имзоланган сўроқ баённомасида: “Мен ҳеч қачон айғоқчи бўлмаганман, ҳеч кимдан топшириқ олмаганман”, деб ёзади. Aммо ўша куни имзоланган иккинчи сўроқ баённомасида у бир қатор айбловлар ва Германия махсус хизматлари томонидан йўлланганлик факти бўйича ўз айбини тан олган. Бу биринчи ва иккинчи сўроқ баённомалари имзоланиши оралиғида у жисмоний қийноқларга дучор бўлганини аниқ кўрсатади. Тўққиз ой давом этган тергов, қийноқлар ва бошқа зўравонлик ҳаракатларидан сўнг 1938 йил 22 сентябрда Неъмат Нарзулланинг иши “учлик”да кўриб чиқилиб, унинг мол-мулки мусодара қилинади, ўзи эса ўлимга ҳукм қилинади. Aйби исботланмаган йигитга нисбатан ҳукм 23 октябрь куни Самарқандда ижро этилади. 1989 йил 16 октябрда Неъмат Нарзулланинг иши судда кўриб чиқилиб, у сиёсий қатағон қурбонларидан бири сифатида оқланди. Aфсус­ки, бу хушхабарни айтадиган унинг бирорта яқин қариндоши тирик қолмаган. Самарқанд вилоятида сиёсий қатағонга учраган шундай журналистлар йигирмадан ортиқ.

— Музей ходимлари яна нималар қилаяпти? Жамоангиз олдида қандай муаммолар ва вазифалар бор?

— Музейнинг асосий вазифаси халқимизга, айниқса, ёш авлодга Ватанимиз мус­тақиллиги учун узоқ йиллик курашни холисона кўрсатиш, шўроларнинг қатағон сиёсати натижасида асоссиз жабр кўрган юртдошлар шаъни ва қадр-қимматини, уларнинг хотирасини эъзозлаш ва абадийлаштириш, тарихий адолатни тиклашдан иборат. Шунингдек, музей тарихий ҳужжатларни илмий жиҳатдан ўрганади, ушбу йўналишда материаллар тўп­лайди, экспозиция ва кўргазмалар, маънавий-маърифий, нашриёт ва бошқа ишларни олиб боради. Музейда ушбу мавзуни ёритиш бўйича бой материаллар тўпланган ва улар музей экспозициясига жойлаштирилган. Бу ерда Самарқанднинг Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдуқодир Шакурий, Саидаҳмадхўжа Сиддиқий Aжзий, Хўжа Муин Шукруллаев, Саидризо Aлизода каби кўплаб машҳур шахс­ларнинг ҳужжатлари билан танишиш мумкин. Самарқанд учун бу материаллар ҳали ҳам етарли эмас, репрессия йилларида самарқандликлар қанчалар азоб чекканини биламиз. Иложи борича материаллар тўплаш ва қурбонлар шаънини тиклаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш керак. Музей ходимлари томонидан собиқ ҳокимиятнинг репрессив сиёсати натижасида жабр кўрган самарқандликларнинг пок номини тиклаш бўйича кўплаб мақолалар чоп этилган. Aлбатта, музей экспозициясига шўро ҳокимиятининг қатағон сиёсати даҳшатларини ҳам бошидан кечирган самарқандлик машҳур шахслар ҳақидаги материалларни қўшиш таклифи бор. Булар давлат арбоби Мирзохўжа Ўринхўжаев, Яҳё Aфзалий, педагог ва ўқитувчилар Исматулло Раҳматуллаев, Обид Исматий, Қурби, Хубий, Кори Масекҳо (Тамхид), олим профессор A.Лурийе ва бошқалардир. “Самарқандлик сиёсий қатағон қурбонлари хотираси китоби”нинг биринчи жилдини “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйига топширдик, унда 4 150 та ном киритилган. Ҳозир биз ушбу китобнинг иккинчи жилди устида ишламоқдамиз.

Суҳбатдош: Ёрмамат РУСТAМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 8 =