Жўшқин қалам соҳиби эди

Муҳаррирлар ҳақида гап кетганда, бугунги катта авлод Асқад Мухтор, Иброҳим Раҳим, Одил Ёқубов, Аҳмад Исмоилов, Мақсуд Қориев, Саъдулла Кароматов сингари забардаст устозлар номини ҳурмат билан тилга олади. Бу рўйхатга газетачиликда ўзидан ёрқин из қолдирган муҳаррир Аҳмаджон Мухторовни ҳам қўшиш мумкин.

Аҳмаджон Мухторов истеъдодли, бир неча тилларда равон ва таъсирчан ёза оладиган, вилоят газетасида узоқ йиллар ишлаб, ижод қалами   чархланган, таҳрир санъатини мукаммал эгаллаган, ғайратли, шижоатли, фикрида собит, баҳс-мунозарадан қочмайдиган журналист эди. “Қишлоқ ҳақиқати” – “Сельс­кая правда” газеталари ташкил этилганида янги нашр редакторлигига (у пайтлари матбуотда “муҳаррир” сўзи ишлатилмасди) номзод топиш осон бўлмади. Вилоят газеталари раҳбарларининг ҳужжатлари ўрганилди, пойтахт газеталарининг таниқли журналистлари билан суҳбатлар ўтказилди. Ниҳоят, бу лавозимга Самарқанд вилояти газетаси редактори Аҳмаджон Мухторовнинг номзоди таклиф этиладиган бўлди.

Қарор қабул қилинишидан аввал, ўша йиллари мен катта идорада ишлаганим боис, Самарқандга бориб, кадр танлашда ўрнатилган тартиб-қоидага биноан, газетанинг учта масъул ходимидан Мухторов ҳақида ёзма фикр олдим. Ўқиб кўрсам, ҳар уч киши Аҳмаджон акани ишчан, ташаббускор, ўзига, ходимларига ўта талабчан, саёз, шунчаки ёзилган мақолаларга тоқат қилмайдиган раҳбар сифатида тарифлашибди. Ёзма фикр қоидасига биноан номзоднинг ижобий хусусиятларидан сўнг “Вместе с тем…” деб айрим камчиликларини ҳам айтиш қатъий шарт эди. Шу боис, улардан бу хусусда ҳам фикр билдиришларини сўрадим.

Янги газеталар Аҳмаджон Мухторов имзоси билан чиқа бошлади. Нишона сонида Чингиз Айтматовнинг янги газета ўқувчиларига қутлови эълон қилинди. “Қишлоқ ҳақиқати” қисқа фурсат ичида ўз йўли ва овозини топиб, ўқиладиган газеталар сафига қўшилди. Матбуотда қишлоқ ҳаёти анча кенг ёритила бошланди. Соҳага доир таҳлилий, тавсиявий мақолалар кўпайди.

Кейин Аҳмаджон ака янги ташкил этилган “Халқ сўзи” газетасига бош муҳаррир бўлди. Газета ўз фаолиятини шиддат билан, ўзгача тарзда бошлади. Унинг саҳифаларида халқнинг сўзи, таклиф-мулоҳазалари, мавжуд муаммолар очиқ-ойдин кўрина бошлагани ўқувчиларда жиддий қизиқиш уйғотди. Ижтимоий фикр, ошкора танқид, ҳаяжонли публицистик руҳ миллий матбуотимизда янги йўналиш сифатида намоён бўла бошлади. Оддий касб эгалари учун у ёки бу маънода фикр айтиш, камчиликлар, муаммолар, турли адолатсизликлар хусусида эмин-эркин мушоҳада юритиш имконияти юзага келди. Матбуот туфайли жамият ҳаётида фикрлар хилма-хиллиги юзага келаётгандай эди. Газета атрофида журъатли, фикрли муаллифлар пайдо бўлди. Шу чоққача юзага чиқмаган кўплаб мавзуларга дадил қўл урилди. Бу жараённи газета муҳаррирининг ўзи бошлаб берди.

Мухторов фақат газета билан шуғулланмай, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаоллик кўрсатди. Собиқ иттифоқнинг сўнгги йилларида СССР халқ депутати бўлди. Сайлов арафасида машҳур телепублицист Александр Бовин бошлиқ бир гуруҳ номзодлар Ўзбекистонга келишди. Улар сафига Мухторов ҳам қўшилиб, уч-тўрт жойда жиддий учрашувлар ўтказдик. Номзодларга шоир Нормурод Нарзуллаев иккимиз ҳамроҳлик қилдик. Александр Евгеньевич — дунё кезган, энг катта давраларда бевосита иштирок этган, биринчи раҳбарнинг “ёзма қўли”, сўзамол ва ҳозиржавоб киши – расмий учрашувлардан кейинги тор “чойичди”ларда бизга кўп нарсаларни, жумладан, Леонид Брежневнинг сўнгги кунларини, деярли овқат емай қўйгани, ошпазлар ниқобидаги врачлар унга бир нималарни мажбуран едиришгани, узоқ давом этадиган йиғилишларга, менсиз ўтказсанглар бўлмайдими, деб болаларча тихирлик қилгани ва бошқа шунга яқин гапларни айтарди.

Бовиннинг бу гапларидан кейин суҳбатга қўшилиб, бир нималар дейиш осон бўлмай қолди. Аҳмаджон ака бир илож қилиб, мавзуни ўзгартирди. Мамлакатда кечаётган мураккаб жараёнларга, узоқ-яқин ўтмишда юз берган қора ишларга, ўттиз еттинчи йилги қама-қамаларга рад қилиб бўлмайдиган далиллар билан фикр билдириб, ҳурматли меҳмоннинг эътиборини қозонди, Алекесандр Евгеньевич бир-икки: “Мушоҳадаларингизга тўла қўшиламан, ўртоқ ўзбек номзод, креатив фикрлар экансиз”, — деди.

Сайлов ўтди. Аҳмаджон Мухторов халқ депутати бўлди. Кремлнинг маҳобатли саройида оташин нутқ сўзлади. Газетада куюнчак мақолалар ёзди. Кўп йиллар дилида сақлаб юрган фикрларини юзага чиқарди. Бошқаларни ҳам шундай қилишга даъват этди. Таҳлилчилар 90-йиллари мамлакатимизда матбуот туфайли ижтимоий уйғониш юзага келганини таъкидлашади. Бунда бир қатор ёзувчи ва шоирлар билан бирга Аҳмаджон Мухторовнинг ҳам ҳиссаси бор.

Ўша йиллари ўзбек журналистлари Номоз Саъдуллаев, Лутфулла Кабиров, Ҳабибулла Олимжонов ва яна бир неча киши собиқ иттифоқнинг нуфузли нашрларида малака ошириш амалиётини ўтадилар. Аҳмаджон ака уларни ҳар томонлама, яъни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаб турди. Айтишим керакки, Аҳмаджон ака қўли очиқ, бирор киши ёрдамга муҳтож бўлса, беминнат қўллайдиган саховатли инсон эди. 90-йиллар бошларида журналистлар орасида ночор аҳволга тушиб қолганлар оз эмасди. Уларнинг кўплари бундай саховатдан баҳраманд бўлганлари сир эмас.

Хотира мақоламиз ўта жиддийлашиб кетмаслиги учун кичик “лирик” чекиниш қилмоқчиман. 90-йиллар бошларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ўзининг журъатли чиқишлари билан машҳур бўлди. Истеъдодли муҳаррир Жаб­бор Раззоқов раҳбарлик қилаётган “Туркистон” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси   биз билан ижодий журъат борасида баҳсга киришди, Аҳмаджон Мухторов раҳбарлигидаги “Халқ сўзи” ҳам бу баҳсда кўриниб турарди. Устоз муҳаррир Мақсуд Қориевдан қолган, бугун мутлақо унутилган анъанага мувофиқ, биз – шу уч муҳаррир биргаликда тушлик қилиб, баъзи масалаларни, масалан, бирор қалтис мавзуни қандай ёритиш, пешона тери билан ёзилган таҳлилий мақолани цензурадан оёқ-қўлига лат еткизмай ўтказиш хусусида фикр­лашиб олардик. Тушлик гурунгларимиз кўпроқ Аҳмаджон аканинг хизмат уйида бўларди.

Бир гал кутилмаган воқеа юз бериб, орамиз бузилишига сал қолди.

Аслида, айтишга арзирли воқеа юз бермаган. Газетанинг навбатдаги сонида Неъмат Аминовнинг кўк чойнинг сифати ёмонлашиб бораётгани ҳақидаги ҳажвиясини эълон қилгандик. Душанба куни эрталаб Аҳмаджон ака қўнғироқ қилиб, “Адаш, газетада чой ҳақида ҳажвия берибсизлар, мен билан маслаҳат қилмабсиз-да. Неъмат Аминов яхши ёзувчи, аммо бемаъни, асоссиз гапларни ёзибди, билмаган нарсасига аралашиб нима қилади”, дея қаттиқ хафа бўлди ва “Эртага сизга бир киши учрашади”, — деди.

Кайфиятим бузилди. Аҳмаджон акага ҳажвиянинг нимаси ёқмабди экан?   Қайта ўқидим. Унда ҳажвия қаҳрамонининг: “Чой қадоқловчиларга раҳмат. Кейинги тўрт-беш ой ичида унинг ичидан чиққан калта-култа ёғоч бўлаклар билан янги уйнинг томини ёпиб олдик, уйда ҳамма кўк чой ичишга ўтган, кузга қолмай вассали айвонимизни ҳам битириб оламиз”, деган юмор бор эди. Шу, холос.

Эртасига эрталаб хизмат хонамга савлатли бир киши қуюқ салом билан кириб келди. Қўлида оғир коробка. Саломлашдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Меҳмон узоқ куттирмай, муддаога ўтди. “Акажон, газетада бизни бир ёзувчи ёмонлаб ёзибди, ҳамма гапи ёлғон, исботлаб беролмайди”, деди жиддий оҳангда. Мен унга босиқлик билан ҳажвия бу – бадиий асар, у бирор ташкилотга бевосита   қаратилмаган, жиддий танқид ҳам эмас”, дедим. Ўтмади. “Неъмат ака бошқа чой қадоқлаш фабрикасини кўзда тутган бўлиши мумкин”, деб қутулмоқчи эдим, баттар бўлди. Меҳмон шу гапимни кутиб тургандай, дарҳол жавоб қилди: “Акажон, чой қадоқлаш фабрикаси Самарқанддан бошқа жойда йўқ”.

Енгил тазарру билан меҳмонни кузатдим. У киши олиб келган олий навли кўк чойни жамоамиз билан камида бир йил ичдиг-ов.

Хуллас, ҳаммаси рисоладагидек эди. Аммо кутилмаганда… “Халқ сўзи” газетаси муассиси ва бош муҳаррир ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Матбуотда ярим асрдан кўпроқ вақт ишлаб, бундай нохуш ҳолатга икки бор дуч келдим. Биринчиси шу, иккинчиси марҳум дўстимиз Сафар Остонов ва ЎзХДП раҳбарияти ўртасидаги зиддият. Сафар матбуотимиз фаолиятига доир қонунчиликда кўзда тутилган қоидалардан бири – муассиснинг таҳририятнинг ички (ижодий) ишларига аралашмаслиги тўғрисидаги талабга амал қилиб, бўш келмади. Аҳмаджон аканинг раҳбарият билан чиқишмаслиги эса, таассуфки, кун сайин чуқурлашиб борди ва охир-оқибат, бош муҳаррир ишдан олинди. Орадан маълум вақт ўтгач, Аҳмаджон ака лавозимига тикланди, аммо дарз кетган ойнанинг синиғи кимларнингдир кўз ўнгидан кетмади чоғи, у киши яна бир марта ишдан бўшатилди.

Бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Бундан кейинги воқеаларни батафсил тасвирлаш шарт эмас. Муҳими, икки томон ҳам муросага келиш имкониятидан фойдаланмади. Бу гапни очиқ айтиш керак. Аҳмаджон ака жаҳл устида бир-икки ўхшамаган ҳаракатлар ҳам қилди. Фойдаси бўлмагач, ўша вақтдаги давлат раҳбарига ўзига нисбатан ноҳақлик бўлаётгани тўғрисида мурожаатлар йўллади. Раҳбарнинг бевосита топшириғи билан “Ҳақиқати Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Шавкат Ниёзов Самарқандга бориб, Аҳмаджон Мухторовга республика раҳбарининг бир эмас, учта — Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раислиги, “Гулистон” журнали бош муҳаррири ёки   Самарқанд вилоят газетаси бош муҳаррири лавозимига қайтиш таклифини маълум қилди. Таассуфки, Аҳмаджон ака бу таклифларни қабул қилмади. Мен билан   суҳбатда “Адаш, қайсарлик қилаётганим йўқ, кўп нарса сўрамайман, ишимга тиклашсин, хонамга кирай, жойимга бир зум ўтирай, сўнг жамоани чақириб, ҳаммаларини дуо қиламан-да, ариза ёзиб ишдан кетаман”, деб туриб олди.

Бундай бўлмади. Аксинча, текшир-текшир бошланди. “Мухторовни Тошкентга ким олиб келган ўзи?”, деган савол пайдо бўлиб, у кишини “Қишлоқ ҳақиқати” – “Сельская правда” газеталари редакторлигига тайинлаш тўғрисидаги ҳужжатлар кўтарилди. Улар орасида камина тўплаган учта фикр ҳам бўлади. Не тонгки, ҳар уччала фикрнинг   “вместе с тем” деган жойида: “…бироз қайсарлиги бор”, деган жумла ёзилган экан.

Орадан бирмунча вақт ўтди. Асрбошининг алғов-далғовлари   ҳаммани ўзича банд қилиб қўйди. Шундай кунлардан бирида адабиёт газетаси таҳририятига Аҳмаджон ака кириб келди. Аввалги жасорат, чўткесарликдан асар ҳам қолмаган. Синиқ ҳолат. “Адаш, яхшиман, куним ўтиб турибди. Ижод қиляпман, туркум тўртликлар ёздим. Яна ёзаман. Эшикни ёпинг, сизга ўқиб берай”, — деди. Эшикни ёпдим. Ўн-ўн бешта тўртликни диққат билан тингладим. Аламли, ҳиссиётли сатрлар. “Адаш, сиздан ягона илтимосим — шуларни газетага чиқаринг”, деса-я, деган хавотирда қолдим. Йўқ, бундай бўлмади. Аҳмаджон ака хавотиримни сезгандай: “Ҳозир эмас, вақти келганда   чиқарасиз. Бир ишончли кишига қолдириб кетаман, ўша одам сизга олиб келади”, — деди.

Орадан кўп ўтмай, Самарқанддан совуқ хабар келди. “Қишлоқ ҳаёти”да кичик таъзия чоп этилди. Устознинг сўнгги илтимосини бажарадиган кишидан эса дарак бўлмади. Майли, энди бунинг аҳамияти йўқ. Чунки Аҳмаджон ака бирга ишлашган, бир дастурхонда нон-туз еган дўст-қадрдонлари, садоқатли шогирдлари хотирасида у яшашда давом этмоқда.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =