Ёш журналистлар — уюшма аъзолари сафида!
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари сафи ўз касбига меҳр қўйган, янгиликка интилувчан, билимли ва иқтидорли ёш журналистлар ҳисобига тобора кенгайиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури”да уюшмага аъзолар қабул қилишни такомиллаштириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани ёш журналистларни ҳам уюшма аъзоси бўлишга руҳлантирди.
Шу ўринда умумий гапларни эмас, аниқ мисолларни келтириб ўтсак. Сабина Алимова — 2019 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавр, 2021 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг магистратура босқичини тамомлаган. “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган. Айни пайтда “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” газеталари таҳририятида маданият ва маърифат бўлими мудири вазифасида фаолият юритмоқда.
Беҳруз Худойбердиев, 2023 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети “Интернет журналистика ва медиаменежмент” факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Халқаро ахборот” таҳририятида етакчи муҳаррир бўлиб ишлаган. Ҳозир ЎзА Президент “POOL” маркази етакчи муҳаррири.
Ёш журналистлар — уюшма аъзолари сафида!
Ислом Асилбеков, 2023 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини босма ОАВ йўналиши бўйича тамомлаган. 2021 йилда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган. Ҳозирги вақтда “Hurriyat” газетаси етакчи мухбири.
Бугунги кунда “Renessans TV” телеканалида “Оvоzа” информацион дастури мухбири сифатида фаолият олиб бораётган Нурулло Расуловни ҳам шундай иқтидорли ёш журналистлар қаторига киритиш ва бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Хўш, биз юқорида тилга олган ёш журналистларни қандай жиҳатлар бирлаштириб туради? Улар 2-3 тадан чет тилларини мукаммал билишади, тезкор замон билан ҳамнафас, ижтимоий фаол, янада муҳими, ҳали ёш бўлишларига қарамасдан, журналистика соҳасида ўз сўзини айта олган ва эътирофга сазовор бўлган. Демак, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлишга тўла муносиб номзодлар десак, муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов уюшма аъзолигига қабул қилинган Сабина Алимова, Беҳруз Худойбердиев, Нурилло Расулов ва Ислом Асилбековга янги намунадаги аъзолик гувоҳномаларини топширар экан, уюшма аъзоларига яратилган имкониятлар, медиа соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди.
Хусусан, журналист ва таҳририят ходимларини хориж мамлакатларига тажриба алмашиш, стажировка ўташ, нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборишда уюшма аъзоларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
— Ҳар қандай рағбат ва эътироф ижодкорга куч беради, илҳом бағишлайди, — деди Ислом Асилбеков. — Ёш бўлишимга қарамай, устозлар томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси деган номни олишимнинг ўзи масъулият. Табиийки, масъулият бор жойда тинимсиз меҳнат, сўзингиз, қаламингиз билан инсонлар қалбига кириб бориш вазифаси ётади. 29 ёшимда уюшма аъзолигига қабул қилинганим, албатта, мазкур тизимда ёшлар билан ишлашнинг янги механизмлари ривожланаётганидан, ёш журналистлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилишидан далолат беради. Уюшма аъзоси деган номни оқлашга сидқидилдан ҳаракат қиламан.
Ижодкорлар билан учрашув
“Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасини тайёрлашда иштирок этган ижодкорлар куни кеча Самарқанд вилояти Матбуот уйида бўлишди. Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталари таҳририяти фаолияти билан танишди.
Тадбирда уюшманинг вилоят бўлими раиси А.Ҳайдаров, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев таҳририятлардаги ижодий муҳит, журналистларга яратилган шароитлар, янгилик ва хабарларнинг ёритилиши ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида меҳмонлар вилоят матбуоти тарихи музейи билан танишдилар. Улар бу ерда вилоят, туман ва шаҳар газеталарининг архив маълумотлари, тахламлар, таҳририятда ишлаш билан боғлиқ тарихий манбаларни кўздан кечирди.
“Маҳорат мактаби”: мавзу танлаш маҳорати
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими қошида атоқли журналист Шарап Уснатдинов номидаги “Маҳорат мактаби” ташкил этилиб, фаолият олиб боряпти.
Куни кеча ушбу “Маҳорат мактаби”нинг навбатдаги машғулоти Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг филология факультети журналистика таълим йўналиши талаба-ёшлари иштирокида ўтказилди. Машғулотни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Маҳорат мактаби” раҳбари Раўаж Отарбаев “Шарап Уснатдиновнинг мавзу танлаш маҳорати” мавзусида олиб борди.
Машғулот давомида ёзувчи ва журналист Ш.Уснатдиновнинг “Кимге кеш, кимге таң сәҳәр” (“Кимга кеч, кимга тонг саҳар”), “Соңғы аңшы” (“Сўнгги овчи”) китоблари ва газеталарда турли йилларда чоп этилган мақолалари таҳлил қилинди. Талаба-ёшларга таниқли ижодкорнинг ҳаёт йўли ва асарлари ҳақида маълумотлар берилди.
“Бир қатим нур” китоби тақдимоти
Навоий вилояти Кармана тумани Ахборот-кутубхона марказида тажрибали журналист Салима Умарованинг “Бир қатим нур” номли китоби тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими, Навоий педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ОАВ вакиллари, шоир ва ёзувчилар, ўқитувчи ва мураббийлар, кутубхона ходимлари, журналистлар ҳамда китобхон ёшлар иштирок этди.
Маънавий-маърифий тадбирда Салима Умарованинг “Бир қатим нур” китобига киритилган ҳикоя, қисса ва бошқа маърифий битиклар, уларда акс этган қаҳрамонларнинг кечмиши тўғрисида ва бу асарларнинг шахс тарбиясидаги ўрни хусусида сўз юритилди.
— Кутубхонамизда мавжуд бўлган ҳар бир китобнинг ўз ўқувчилари бор. Агар яхши китоб бўлса, албатта, ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетади, — деди Кармана тумани Ахборот-кутубхона марказининг Ахборот-библиография хизмати раҳбари Лайло Наврўзбаева. — Салима Умарованинг китоблари ҳам ўқувчилар томонидан кўп ўқиладиган адабиётлар сафида эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Ижодкорнинг нафақат назм йўналишида, балки наср йўналишида ёзган асарлари ҳам китобхонлар қалбидан чуқур жой олаётгани қувонарлидир.
Тадбирда Салима Умарованинг шогирдларидан Раъно Раббимова, Жамшид Бўронов ва Латофат Ражабова сўзга чиқиб, устоз-ижодкорнинг сермаҳсул ижоди, ибратли хислатлари, журналистлик фаолиятида эришган ютуқлари ҳамда “Бир қатим нур” номли янги китобига киритилган ҳикоялар ва маърифий битикларнинг маънавий ҳаётимиздаги аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати.