Диплом бўлса бўлдими?
Телефонимизга ҳар икки куннинг бирида “Табриклаймиз, сиз талабаликка тавсия этилдингиз”, деган хабарларнинг келиши одатий ҳол бўлиб қолди. Айниқса, бу ҳолат имтиҳондан кам балл тўплаган абитуриентларда кўп учрамоқда. Бу ҳам майлику-я, эндигина тест топшириб чиққан абитуриентларнинг қўлига реклама қоғозчаларини тарқатишларига нима дейсиз? Бу нодавлат университетларнинг пиарими ёки нима бўлса ҳам бола тўплашнинг чорасими?
Мен ҳам биринчи йили ўқишга кира олмаганман. Ўша пайт қўшни Тожикистондаги олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилиндим ва биринчи курсни ўша ерда ўқиганман. Иккинчи йили ўқишимни кўчиришим керак бўлганда, яна ўзимизнинг олий таълимга омадимни синаб кўриш учун топширдим. Не бахтки, грант асосида ўқишга кирдим ва ўзимизнинг олий даргоҳда ўқий бошладим. Ўз юртингда ўқиш барибир бошқача-да. Аммо мана икки йилдирки, август-сентябрь ойларида телефонимга келаётган чақирув ва хабарларнинг кети узилмайди: “Табриклаймиз, сизни нуфузли университетга ўқишингизни кўчиришда ёрдам берамиз” деган хабарлар. Ўйлаб қоламан, мен қандай қилиб имтиҳонсиз ўқишимни кўчиришим мумкин? Ахир ўқишни кўчириш учун ҳам маълум бир талаблар бор эмасми?
Афсуски, бу каби саволлар битта мени эмас, кўпчилик ёшларни ўйлантирмоқда. Бироқ “талабаман”, деган ном учунгина турли хусусий университетларда ўқиётганларнинг борлиги маълум. Айрим хусусий таълим масканларида ўқийдиган талабалар билан суҳбатлашганимда эса деярли кўпчилиги “Ўқишдан паст балл тўплаб йиқилдим, бу ерда бир йил ўқиб давлат олий таълим муассасаларига перевод (кўчириш) қиламан” деган иддаоларни айтишади. Кўчириш бали кириш балига қараганда анча пастроқ экан. Маълумотларга қараганда ўқишни кўчириш бўйича тест синовларида иштирок этган талабгорларнинг 89,2 фоизи жорий йилда белгиланган талабларни бажара олишмаган. Хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича ўтказилган имтиҳонларда жами 41 минг 122 нафар талабгор иштирок этган. Уларнинг 4 минг 433 нафари ўтиш балини олган бўлса, 36 минг 689 нафари талабни бажара олмаган. Аслида, юқоридаги кўрсаткичлар нодавлат университетларнинг, уларда таълим олаётган талабаларнинг билим даражасига исбот эмасми”?! Қани бу ерда тенглик? Бу ерда йиллаб ўқиб, қийналиб ўқишга кирган талабалардан кўра, уларнинг осонгина ўқишини кўчиришлари учун арзимасгина балл тўпласа кифоя экан.
Ўзим билан тенгдош қизларнинг фикрини сўрар эканман, уларнинг кўпчилиги “Ҳозир қизларни дипломига қараб олишаяпти, ўқиган қизлар ўрнини тез топаяпти”, дейди. Ундай бўлса ота-онамиз мисқоллаб топган пулларини нодавлат университетларнинг контрактларига совуришимиз керак экан-да?
Ҳа, устозларимиз ўқувчилик чоғимизда бекорга келажакда ким бўлишимиз ва бунинг учун қайси касблар бўйича аъло ўқишимиз жоизлигини онгимизга сингдириб келишмаган экан. Донишманднинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим” деган ҳикматли ибораси бу борада ҳамма учун асосий мезон бўлиши керак, назаримда. Зеро, жамият ривожи ва ёшлар истиқболи учун билим эгаллашни таъкидламоқ барчамизнинг бурчимиздир.
Занжилой АБДУСАЛОМОВА,
ЎзДЖТУ талабаси.