“Танқид  сараламоқдур”

Танқид бу – бирор нарсага баҳо бериш мақсадида уни таҳлил ва муҳокама  қилиш, камчилик­ларини атрофлича асослаш, таклиф ва фикрлар беришдир. Ўзи танқид дейилганда, кўп кишиларнинг кўз ўнгига фақат салбий ҳолатлар баёни келади. Ваҳоланки, ҳатто, адабиётшуносликда ҳам танқидий фикрлаш деган назария бор.

Авваллари танқид остига олинган асарлар юқори табақа вакиллари учун катта муаммо ҳисобланган ва бу йўналишда қалам тебратган жадидларимиз кўплаб тазйиқларга учрашган. Шу боис ўз исм-шарифларини сир тутган ҳолда оммага ўз фикрларини баён этишган. Ҳозирги кунда ҳам адабий танқидчилик давом этиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо кўп олимлар ҳозирги адабий танқиддан қониқишмаяпти. “Бадиий адабиёт нуқсонларини нега танқидчилар таҳлил қилишмайди”, деб мудом ёзғиришади. “Ўз айбини бошқалардан кўриш ва ағдариш азалдан давом этиб келади. Бу – маънавий ожизлик”, —  дей­ди адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. Аслида ҳам танқид бу ёзилган асарни бус-бутунлигича қоралаб ташлаш эмас, балки асарнинг нафислигини очиб бериш ва тушунтириш, ўрни келса камчилик­ларини ҳам баён этишдан иборат. Танқидий фикрлаш — ҳамма нарсани танқид остига олиш эмас, балки маълумотларни таҳлил қилиш, шубҳа остига олиб, асосларини текшириб чиқиш ҳамда уни мустақил баҳолашдир. Аммо ҳозирги кунда айрим танқидчилар фақат асарнинг ёмон томонларини кўришади ва ўқувчига асарни фақат қоралаб кўрсатишга ҳаракат қилишади. Бу — нотўғри талқин. Маърифатпарвар бобомиз Беҳбудий айтганидек, “Танқид – сараламоқдур”. Аслида ҳам танқид саралаш демак, қоралаш эмас.

Миллий танқидчилигимизнинг илк босқичида Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қодирийлар катта мактаби ибратли эди. Минг афсуслар бўлсинки, тоталитар тузум адабиётнинг ҳар жабҳасини қамраб олди ва адабий танқидчиликни ва унда қалам тебратаётган адиб­ларни ҳам четлаб ўтмади. Улар томонидан ёзилган ҳар бир асар мисоли хавфли ўқ каби қарши олинди. Шукрлар бўлсинки, бугун танқидчиликка муносабат орзу қилинганидек. Аммо ҳозирги кунда ёзилган асарларни синчиклаб кузатадиган адабий танқидчилар деярли йўқ. Борлари эса асарни тўлалигича таҳлил қилмай, бир ёқламалик билан муносабат билдиришмоқда.

Айтмоқчимизки, танқидчилик ҳам бир санъат.  Санъат эса яратувчи бўлиши керак, бузувчи эмас.

Турсуной БОҚИЕВА,

ЎзЖОКУ талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 4 =