Қадрдон овоз

Ҳалима Худойбердиева исми шарифини айтганимизда ҳам, эшитганимизда ҳам қулоғимизда  устознинг гулдураган (мен бу овозни бошқача таърифлай олмайман) овози янграй бошлайди:

 

Дўстим, сен мени олқишлашинг керак…

Ҳар мушкул, ташвишингга

                                           ҳамкорлигим учун.

Шўхлигим, қўшиғингга  жўрлигим учун,

Заифлигим, гоҳо ғўрлигим,

Хуллас, бу дунёда борлигим учун

Олқишлашинг керак!

 

Нақадар қадрдон овоз бу! Биз болалигимиздан, айниқса, ўсмирлигимиздан мафтун бўлган овоз бу. Радио тўлқинларида қулоғимизга чалинса, телевизор экранларида сувратига кўзимиз тушса,  қўлимиздаги ҳар қандай юмушни ташлаб, бутун вужудимиз қулоққа айланарди:

 

Елкага

Ҳали кўп юкларни юклармиз.

Кўп хазон боғларни тиклармиз.

Кўтара олмасмиз юкни гоҳ,

Ва ёки туйғумда қулар тоғ.

Шунда яна янгидан

Тафаккурда тоғлар яратишимиз,

Сўлган боғлар ўрнида ям-яшил

Дарахтлари шовуллаб турган боғлар

Яратишимиз керак!

О, менинг қаттиқ жоним!

Ишонаманки,

Сен чидаб берасан, бу талабларга жим!..

 

Авваллари эшитаётганимизни бор эни-бўйи билан англамасак-да, сўзларнинг жарангига, шоиранинг фақат ўзига, ҳа, фақат ўзига хос ўқиш тарзига ошуфта эдик.

 

Кўзларимда ёнади офтоб,

Кўзларимда саратон, июль.

Бир шўх нигоҳ ташлаганим тоб,

Ўзга дилда ўстираман гул…

 

Улғайганимиз сари Ҳалима Худойбердиева шеърларининг моҳиятига яқинлаша бошладик. Бу шеърлар замиридаги тоза меҳр, покиза муҳаббат туйғулари бизни оҳанрабодек ўзига торта бошлади. Ёд ола бошладик. Айниқса, талабалигимизда шоира бизнинг меҳр чўққимиздаги ижодкорлардан бири эди. Пахта далаларида, кечқурун  гулхан атрофларида шеърларини жўр бўлиб айтардик:

 

Бегим, Сизни табиат расо қилиб яратган,

Кимларнидир ўйчан-у Сизни кулиб яратган.

Ногаҳон бериб қўйиб бу ақлни, камолни,

Ўзи ҳам рашк,  ҳасадда тўлиб-тўлиб яратган…

 

Тўғрисини айтиш керакки, етмишинчи, саксонинчи йилларда Ҳалима опага тақлид қилмайдиган, унинг овозига ўхшатиб, ифода усулларига ўхшатиб шеър ўқишга ҳаракат қилмайдиган ҳаваскор шоиралар кам эди:

 

 

Алвон-алвон қўшиқлардан айт,

Омон-омон қўшиқлардан айт,

Оҳанг бўлиб қўшиққа бу кеч

Қўшилишиб кетадиган пайт.

 

Шахсан ўзим раҳматли устозимиз Ойдин Ҳожиеванинг олдларига машқларимни кўтариб илк бор келганимда:

— Ҳалимахонни ҳаммамиз яхши кўрамиз. Лекин у битта. Машқларингизда унинг ҳамма биладиган, ҳамма севадиган шеърларига жуда яқин оҳанглар бор. Иложи борича тақлиддан қочинг, ўзингизни топишга ҳаракат қилинг, — деганлар. Ўғирлик устида қўлга тушгандек, уялиб, жуда-жуда уялиб кетганман. Шу-шу ёзганларимдан устознинг нафаслари келмаяптими, деб шеърларим битгач, қайта-қайта овозимни чиқариб ўқирдим.

Устоз шоира билан илк бор қачон, қаерда учрашганим эсимда йўқ. Лекин бирга ишлаган йилларимизда (1983-1987) муносабатларимиз оддий ходим билан раҳбар орасидаги муносабат эди. “Саодат” журналида қизғин ижодий муҳит ҳукм сурарди. Ходимларнинг ишдан ташқари майда-чуйда гаплар билан банд бўлганини эслай олмайман. Мавзуларни ўзимизга ташлардилар:

— Мана бу кун, мана бу соатда янги сонимизнинг режасини қиламиз. Бугун одамлар нимани ўқишни хоҳлайди? Биз аёлларга нимани ўқитишимиз керак? Нимани ўқитсак, улар ўзларини кучли, ҳар қандай машаққатларни енгишга қодир ҳис қилади? Мавзуларни осмондан олманглар, ерда юринглар, одамлар , аёллар орасига киринглар, дардини эшитинглар, — дер эдилар. Биз нуқул долзарб мавзулар ахтарар эдик, баъзан ҳазиллашиб бир-биримизга “Проблемахон, проблема топдингми?” деб мурожаат қилардик. Ҳалима опам билан ўша йилларда қалбан яқин бўлмаганимизнинг сабаби бордек эди, назаримда. Ўша пайтлари опанинг атрофи зич эди. Табиатимда уфқда турган довруқли инсонларга интилиш туйғуси йўқлиги учун бу зич сафни ёриб киргим келмасди. Лекин Ҳалима опамдан шоира сифатида ҳайратланишимда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Мен ҳамишагидай, балки, аввалгидан ҳам кучлироқ бир ришталар билан шоира шеърларига боғланиб борардим. Чунки, Опа “чўмилиб” ёзадиган турк, Турон мавзуси менга ҳам жуда яқин эди. Мен ҳам бир фуқаро, бир қаламкаш сифатида миллатимизни ер бағирлатиб бораётган қуллик, қарамлик занжирларидан нафратланардим. Одамларимиз орасидаги зиёсизлик орқасидан келиб чиқаётган хатолар менинг ҳам аламимни келтирар эди. Мен ҳам миллатимиз келажагини Ватан озодлигида кўрардим. Шунинг учун ҳам қачонлардир устоз шоира билан йўлларимиз, кўнгилларимиз туташишига ишонардим. Аммо, бу туташиш шоиранинг тақдирида қийин кунлар бошланган пайтга тўғри келди. Мен бундай бўлишини сира ҳам истамагандим, албатта. 1994 йил, етти йилдан буён фарзанд тарбияси билан уйда ўтирардим. 1987 йилда  туғилган қизим Орзу бир ярим ёш бўлганида ишга чиққим келмаган, тўғрироғи, ёшим катта бўлиб топган арзандамни ҳали боғчага боришни эплай олмайди, деб қўрққанман. Ҳалима опамга:

— Яна ярим йил ўз ҳисобимдан таътил беринг, — десам:

— Қутлибека, адабиёт бўлимининг иши оқсаб қолди. Ўзингиз ишга чиқмасангиз, ўрнингизга вақтинчаман, деб омонат ишлайдиган одамни эмас, ишига маҳкам ёпишадиган ходим олмоқчиман, — деди. Ариза ёзиб чиқиб кетдим. Опа эртасига қўнғироқ қилиб:

— Йиғлаб чиқиб кетибсиз, мендан хафа бўлдингизми, биз яхши ишлаганмиз. Қачон қайтиб келаман, десангиз, мен сизга иш топиб бераман, — дедилар.

— Йўқ, сиздан хафа эмасман. Одам иш жойига боғланиб қолади, шундан кетаётиб кўнглим бузилди, — дедим. Аммо, уйда ўтирган йилларимда жуда яхши ижод қилдим. “Саодат”да ҳам бир неча  мақолаларим чоп этилди. Опага, айниқса, Марина Цветаева ҳақидаги “Бунча оз ёзасиз, ёмон ёзасиз!” деб номланган мақолам жуда  ёққан. Кўп жойларда яхши маънода гапириб юрганлар. Ҳатто Дўрмонда бўлган бир адабий анжуманда нима ҳақдадир фикр сўрашганда:

— Мен бир уйда ўтирган одам бўлсам, — дея гап бош­ласам, Ҳалима опам:

— Ҳамма шоир уйда ўтирса, Сизга ўхшаб ўтирсин, — деган эдилар.

1994 йил воқеаларига келгандим. Ҳалима опамнинг ўринларига яна бир катта шоирамиз Ойдин опа келдилар. Улар билан ҳам бирга ишлаган даврларимиздан қадрдон эдик. “Бошлаган ишингиз ўзингизга-да, элу юртга-да хайрли бўлсин”, дегани бордим.

— Ишга қайтмайсизми? — дедилар.

Ўша куни эрталаб онамдан хат олгандим. “Фалон газетада мақолам чиқди”, деб ёзибсан. Икки жумланинг бошини қовуштирган одам мақола ёза олади. “Саодат”нинг конвертларида хатлар келса, роса фахрланардим. Энди одамларга “Қизим Тошкентга мақола ёзгани кетган экан, дейманми?” деган аламли гап­лар бор эди. Шу сабаб бўлиб Ойдин опамга: “Ишлайман”, — деб юбордим-у, лекин ўзим уч кеча ухлай олмадим. Кўзимни юмсам, Ҳалима опамнинг гинали чеҳраси кўз олдимда тураверарди. Ҳолбуки, айтганимдай, у қадар яқин эмасдик.

Ахийри, ўзим билан ўзим олишавериб чарчадим-да, Ҳалима опамларнинг уйларига бордим. Уйларида ҳеч ким йўқ экан. Бир парча қоғозга: “Ҳалима опа, уч кундан буён “Саодат”да ишлаяпман, лекин худди тиканнинг устида ўтиргандекман. Агар кўнглингизда “Қутлибека менга хиёнат қилди”, деган заррача гина бўлса, мен кетаман”, деб ёзиб эшик тутқичига қистириб келдим. Шу куниёқ кечқурун қўнғироқ қилдилар.

— Ойдин опа мени курсимдан итариб, ўрнимга ўтиргани йўқ. Бу – вазият тақозоси. Биз икковимиз ҳам Сизга опа ўрнидамиз, кўнглингизни бўлмай ишлайверинг, – дедилар.

“Ишласанг ишлаб, кетсанг, кетавермайсанми, менга нима?” — дейишлари мумкин эди. Аммо, Опа бутун вужудининг кучини юрагига тўплаб, ҳаёт мураккаб­ликларини, дардни енгишга уринардилар. Мен шундай кунларда Ҳалима опам билан яқинлашдим. Кунда-кун­ора уйларига борардим. Ичкарига кирмай, Опани ташқарига чақирардим. Уй атрофи қўриқланар, мен эса атайин Опани ташқарида олиб юрардим. Гўё бу билан “Биз учун ҳеч нарса ўзгармади, устоз бизга кечагидай қадрли”, демоқчи бўлардим гўё. Ярим, бир соатлар  шу атрофни айланиб суҳбатлашиб юрардик. Мен ҳозирдан мутлақо гап очмасдим, адабиёт ҳақида суҳбатлашардик, китоблар ҳақида, ким нима ёзяпти…

Мен бу гапларни мақтаниш учун айтаётганим йўқ. Ҳалима опа билан дўстлигимиз (У киши менга кейинчалик ҳам гоҳ “Қизалоқ”, гоҳ “Дўстим”, деб мурожаат қилардилар) покиза бир туйғулар устига қурилганлигини айтмоқчиман, холос. Шу-шу орамиз яқин бўлиб қолди. Туғилган кунлари, фарзандларининг тўйларида ҳамиша борганман. Икромжон, Чори, Қўчқор, Салимжон, Эшқобил каби йигитлар, Зебо, Гулжамол каби қизлар доим ёнларида эди. Дилбар опа (Маҳмудова), Бахшанда опа, Маҳбубахон, Мукамбархон исмли ўртоқлари, Раҳимахон, Гулнорахон сингиллари билан атрофларидан келаётган шамолларнинг аёзи қалбига бир қадар ўтмай турарди. “Гулистон”га ишга келганларида жуда суюнганман. Дилбар опага:

— Домлага (Тилаб Маҳмудов) айтиб қўйинг, мен Ҳалима опамни яна шу бинога олиб келганлари учун у кишидан миннатдорман, — деганман, “Санам” ҳам шу бинода эди-ю, мен  сариқ матбуотга шоирани муносиб кўрмасдим. Баъзан нималардандир сиқилиб кетардим-да, учинчи қаватга югуриб чиқардим. Ишлаб ўтирган жойларида орқаларига ўтиб, бўйинларидан қучиб олардим-да, бир нарсаларни жаврай бошласам, Ҳалима опам:

— Қўйинг шу майда гапларни, шеърдан олинг, — дердилар. Ўзимга ёқиб кетган шеъримни баланд овоз билан ўқиб берардим. Мақтовларига қўшилиб ўзим ҳам:

— Зўр-а, яхши ёзибман-а, — деб суюнардим. Кейин Ҳалима опам ўқирди. Мен:

— Аввал сиздан бўлсин, — десам:

— Йўқ, ўзларидан. Қани, ўқисинлар, — деб манзират қилардилар. Улар ўқигач:

— Ҳозиргина мен ғурур чўққисида тургандим, Сиз ўқидингиз-у, яна юмалаб кетдим, — дердим. Менимча, опага шу самимий лутфим ёқарди. Шу тариқа гапириша-гапириша кўп йилларни бирга босиб ўтдик. Етмиш ёшларида “Эл-юрт ҳурмати” ордени берганларида роса суюндим. Минбардан туриб:

— Ҳалима опамнинг кўзидаги қувонч учун муҳтарам Президентимизга бошимиз ерга теккунича таъзим қиламиз, — деганман. Ҳалима опам уфқда пайтлари эди (аслида, бу гапни шартли равишда ишлатяпман. Опа ҳар доим биз — мухлисларининг кўнгил осмонида яшаганлар), уйда ўтирардим. Ҳужжатларимни олишган. Мен нимага олишганларини ҳам билмаганман. Кейинчалик девондан телефон қилиб нималарнидир сўраганларида, бирорта “Фахрий ёрлиқ” беришса керак, деб ўйлаганман. Аммо, менга мустақиллик байрами арафасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонини беришган. Сал ўтиб девонда ишлайдиган қўшниларимиздан бири:

— Ҳалима опа Сиз учун жуда қаттиқ турдилар, – деган.

Мен шунда ҳам Опанинг олдига бир даста гул кўтариб бормаганман. Фақат қўнғироқ қилиб:

— Мени деб чеккан жафоларингизни эшитдим, раҳмат, – деганман.

Аммо, кейинчалик кўп гуллар тақдим қилдим, мукофот учун эмас, яхши шоирлиги, яхши шеърлари учун, кенг қалби, филдай бардоши учун. Лекин, Яратган эгамнинг  шоира учун ҳозирлаган синовлари яна бор экан. Умиджон кетди, кўп ўтмай Мирзо Анвар… Умиджон ўтганда борганимизда ер бағирлаб қолган эканлар:

— Синглим, ота-она, жигарларнинг куюги бир тараф экан-у, боланики суягинггача қақшатиб кетаркан, – дедилар синиқ, жуда синиқ товушда…

Президентимиз яна руҳиятларини кўтаришнинг йўлини қилдилар, опа учун махсус “Дугоналар” журналини ташкил қилиб бердилар. Чиройли қилиб тақдимотларини ўтказдик.

…2018 йилнинг 17 августи… Навоийдан келаётган эдик. Машинага чиқишимдан аввал  қизим:

— Ойи, мана буни тилингизнинг остига ташлаб олинг, — деб валидол берди. Хўжайинимнинг мазаси йўқ эди, бўшашиб кетдим.

— Даданг… —  дедим.

— Йўқ, Ҳалима опангиз… дунёдан ўтибдилар…

Етти соатлик йўл давомида сувратлари шундай кўз ўнгимда турди. Овозлар қулоғимда:

 

Турон ухлар, ўғил-қиздан сўрайман,

Бобо Темур босган издан сўрайман,

Тишимдан қон сизиб Сиздан сўрайман:

—Туронни турғизар ул топиларми?

 

“Шоир юз йил яшаши шарт эмас. Шу ёшда ҳам айтадиганини айтиб кетди. Ҳар бир сатри, ўзлари айтмоқчи, яроғ кўтариб турган туркий лашкарларга ўхшайди”. Таскинимга, рост таскинимга юрак кўнмайди. “Яшаса бўларди, арслондай келбатлари бор эди, ичларидан нураб кетдилар-да”…

 

Қалбга экинг:

Қадим турк чинорлари кўкарсин!

Қон-қардошнинг чин дўсту

                           чин ёрлари тиклансин,

Ҳар юракда бир

           Турон минорлари тиклансин,

Улуғ мамлакатни кўтаринг!

 

“Йўқ, бундай даъватларни айтган шоирга нисбатан “нуради” деган сўзни айтиб бўлармикан… Бўлмайди”. Барибир юрак бу таскинга ҳам кўнмайди “К-е-т-д-и”, дея изиллайди ичимдаги бир оғриқ типратикандек ғужанак бўлиб олиб.

Элим, сени муте кўрсам,

Кўздан қолай, кўзим куйсин.

Дема, унда не деюрсан,

Сўздан қолай, сўзим куйсин…

 

Байроқдай кўтарилиб турган мана шундай шеърларини эслай-эслай, яна ўзим билан ўзим олишиб, йиғлаб-йиғлаб, бир аҳволда Опанинг қадрдон уйига кириб келганимдан буён, мана, анча вақт ўтибди. Ҳалима Худойбердиева  номидаги ижод мактаби фаолият олиб боряпти, мактаб олдида шоиранинг ҳайкали, ичида уй-музейи, опанинг қўлёзмалари, таниш ёзувлар… либослари… Ҳар йили таваллуд кунларида хотирлаймиз… Китоблари ҳануз қўлма-қўл… Қайси соат, қайси лаҳзада мардона, жасоратли сўз керак бўлса, Устоз шеърлари “Лаббай!” деб етиб келади. Гўё опанинг руҳини шод этаётгандаймиз… “Орамизда яшаяпти”, деган гапларни айтамиз. Барибир юрагимнинг тубида ўша оғриқ, армон… Яшаса бўларди…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 19 =