Гўзал ернинг нафаси

Дунё сайёҳлик обидалари рўйхатида Америка Қўшма Штатлари Калифорния ўлкасидаги Жошуа Три миллий паркининг борлиги ҳам кишини қувонтиради. Бу жойда бўлганимда дилимда ажиб туйғулар барқ ургани рост.

Инсон, борди-ю, ўз тарихини, кўрган-кечирган кунини билмаса, илдизи йўқ дарахтдан фарқ қилмай қолади. Ҳар халқнинг, гарчанд у улуғ, хоҳ мўъжаз халқ бўлсин, ўзига хос қадимий тарихи бўй кўрсатади. Ана шу тарих вақт деб аталмиш ҳукмдор оёқлари остида сувга тушган тош мисоли  йўқолиб кетмайди. Америка Қўшма Штатларининг йирик миллий боғларидан ҳисобланган Жошуа миллий паркида бўлганимда,  идрокимни шундай мубҳам ўйлар банд этиб улгурганди. Қадимий ҳиндулар истиқомат қиладиган бош­паналар вайрон қилиниб, кули кўкка совурилгач, ўз киндик қонлари томган ўлка ҳимоячиларини сақлаб қоладилар. Улар шошилинч равишда ўз юртларидан узоқлашадилар.

“Ўткир кўз” лақабли сардорнинг узоқни ўйлаганлиги туфайли омон-эсон уммон қирғоқларига етиб оладилар. Ҳиндулар йўлда мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни, кўпдан-кўп саргузаштларни бошидан кечирадилар. Орадан узоқ йиллар ўтиб ҳинду қабилалари анор донаси мисоли ер юзининг кўп жойларига тарқаладилар. Ўзлари учун бош­пана тиклаб, тирикчилик аравасини торта бош­ладилар. Маълумки, Америка Қўшма Штатлари минтақалари бўйлаб жойлашган кўплаб манзиллар ўша кезлари америкаликлар томонидан батамом йўқотиб юборилган. Аслида ўша қабила, яшаш масканлари билан бирга ҳиндулар ҳам, ноёб қадриятлар ҳам, тил ва дин, урф-одатлар, аънаналар ҳам изсиз йўқ бўлиб, тупроққа қоришиб кетди. Бепоён ва адоқсиз ҳудуд америкалик­лар илкига ўтди. Дарвоқе, ҳинду қабилалари ҳамиша оловни энг тоза, энг покиза унсур деб билганлар. Негаки, оловга шайтон ҳам, арвоҳ ҳам яқин йўлай олмайди.  Марҳум ёқиб юборилса, барча гуноҳларидан фориғ бўлиб Яратган ҳузурига пок бўлиб боради деб билганлар. Ҳар ҳолда, уларнинг тушунчаси бўйича олов муқаддас.

Осмонга бўйлашган маҳобатли тоғлар, ўлмас қоялар, шалдироқ сойлар, сирли даралар ўзингиз билмаган ҳолда руҳиятингизни ҳали олдинда ҳам ажойиб бир чаманзор бор дегандек етаклаб кетаверади. Жошуа миллий паркига бизни талпинтирган куч, борлиқнинг ўн саккиз ёшли келинчакдек жамоли эди. Кўм-кўк майдонлар ястаниб ётибди. Улкан дарахт мисоли ўсган кактуслар шамолда оҳиста силкинади. Тошлардан нарида ям-яшил ўтлар, тўда-тўда пальма дарахтлари барқ уриб ўсиб ётибди. Кедр дарахтлари шохида чумчуқсимон қушчалар бир-бирини қувлашади.

Калифорния штатидаги тоғ тизмаларининг жануби-шарқий этагида жойлашган Жошуа водийси тоғлар оралаб ичкарига қараб чўзилиб борган. У ердаги бетакрор табиат олами — кактус, пальма, кедр, ёввойи тол каби дарахтлардан иборат ўрмонларнинг саховати  одамни ҳайратга солади. Серўт яйловлар, шифобахш гиёҳзорларнинг чеки-чегараси йўқдай… Водийдаги кўпдан-кўп тарихий ёдгорликларни айтмайсизми? Палеолит даврига оид тоғликлар қароргоҳи — ғорлар, ибтидоий манзилгоҳлар, вулқон отилиши натижасида тош қотган кратер, харсангтошлар, инсон заковати бовар қилмайдиган ҳайкал шаклидаги қоялар…

Водийга ичкариласангиз, узоқ асрларга оид қадимий харобалар кўзга ташланади. Тоғ-тош­лар, ҳиндулар барпо этган бошпаналар кўзга чалиниб турган манзаралар тоғлар орасидаги бу маскан  бир пайтлар гуллаб-яшнаганлигидан далолат беради. Кўриниб турибдики, Жошуа водийси  фақат Америка Қўшма Штатлари учунгина эмас, балки бутун дунё аҳамиятига молик табиат ва тарихий ёдгорликларнинг очиқ музейидир. Дарвоқе, миллий парк ҳудудида ўсган дарахтларни бежизга ҳидоятга чорлаётган Пайғамбарга ўхшатишмаса керак. Негаки, бу дарахтлар Юша деган ном билан атаб келинади. Бани Исроилга Мусо алайҳиссаломдан кейин раҳбар бўлган Юша ибн Нун алайҳиссаломни бир эсланг. Набий Юша Мусо алайҳиссаломнинг жияни  дейишади.  Хорун алайҳиссалом вафот этганларидан кейин бани Исроил одамлари катта бир саҳрода адашиб-улоқиб юришади. Оллоҳ таоло уларни жазолаб, Сайно саҳросида адаштириб юришни маъқул кўрган эди. Мусо алайҳиссалом ҳам ўша пайтда вафот этганлар. Мазкур ҳолат қирқ йил давом этади ва бани Исроил орасидан тирик қолганлар Юша алайҳиссалом билан бирга чиқадилар. Юша алайҳиссалом тахминан 27 йил  Таврот билан ҳукм юритган эдилар. Жошуа Три миллий паркидаги бу дарахтларнинг балки ўша давр ва Юша алайҳиссалом билан боғлиқлиги бордир, эҳтимол. Тағин бир гап. Калифорниядаги Жошуа Три шаҳарчасида Юша отли бир юз эллик йилгача умр кўрувчи дарахтлар ўсиб ётганлигини кўрдик.  Қизиғи, уларни ҳидоятга чорлаётган пайғамбарга ўхшатишади. Нажот қўриқхонаси қоя деворларида ибтидоий жамоа вакиллари чизган петроглифлар, қўл тегирмони сақланиб қолган. Жошуа Три шаҳарчасининг ўзида 7500 нафарга яқин аҳоли бор. Шу ерлик бир олим ёзда жазирама, қишда совуқ шамолли бу ҳудудда доимий яшашининг сабабини ўта оддий қилиб тушунтирди: “Чунки бу ерлар жуда гўзал!”

Ҳозирги кунда Америка Қўшма Штатларида олтмиш еттита миллий парк бўлиб, улар саксон миллион акр ер майдонини банд этади. Парк офиси жойлашган манзилда миллий парк ходими Родди Маккаллей тинимсиз сўзлайди. У бизга эринмасдан паркда ҳаракатланиш, ўзини тутиш қоидаларини тушунтирди. Ҳатто махсус қайднома қоидалари билан танишганимиз ҳақида қоғозга имзо чектириб олди. Аслида, қоидалар оддий бўлиб, унда ўсимликларни юлмаслик, тошларни жойидан жилдирмаслик, оёқ билан босмаслик  ёки тош ҳолатини ўзгартирмаслик, йирик тоғ чўққиларига мосламасиз чиқмаслик, ёнғин чиқишига сабабчи бўлувчи ҳолатларни пайдо қилмаслик талаб этилади. Шундан сўнг табиат қўриқчиси билан биргаликда тоғ ва тошлар чўққисига ўрмалаб чиқувчи спортчиларидан бири бўлган Родди бизга қисқача миллий парк тарихи, флора ва фаунаси ҳақида маълумот берди. Жумладан, википедия маълумотида қайд этилишича, Жошуа Три миллий парки Америка Қўшма Штатларидаги Калифорния штатининг жануби-шарқида жойлашган миллий боғ бўлиб, мазкур паркнинг майдони 3196 км. квадратни ташкил этади. Бир минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилдан АҚШнинг миллий ёдгорлиги сифатида  эътироф этиб келинади. Бир минг тўққиз юз тўқсон тўртинчи йил ўттиз биринчи октябрдан эътиборан АҚШ президенти Билл Клинтон (эндиликда собиқ) уни мамлакат миллий боғи  деб эълон қилди. Жошуа Три миллий парки Америка Қўшма Штатларининг жануби-ғарбий қисмида  жойлашган ажойиб тош мажмуалари туфайли сайёҳлар ўртасида шуҳрат қозонди. Мохове чўли паркнинг шимолий қисмини эгаллайди. Унинг ҳудудида — Жошуа дарахти ўсади. Шу боис, парк ўша дарахт номи билан аталган. Боғнинг шарқий ва жанубий қисмлари креозот буталари ва сокрошхоия каби ўсимликлар туфайли Соноран чўлини эслатади. Миллий боғда сут эмизувчиларнинг эллик етти тури, судралиб юрувчиларнинг қирқ тўққиз тури ва қушларнинг икки юз элликдан ошиқ тури яшайди. Энг кўп учрайдиган турлари ер синсаплари, кенгурулар, антилопалар, коётлар, калтакесаклар, қарғалар ва бошқалардир. Бир вақтлар миллий боғ ҳудудида аҳоли пункт­лари бўлган. Ҳозирда уларнинг сони жуда кам. Лекин ўша пайтда аҳоли яшаган хонадонлар бугунги кунда асл ҳолича сақланиб келмоқда. Хусусан, биз айланган ҳудудда икки оила хонадонлари сақланиб қолганлигини билдик. Эътиборлиси, бу оила аъзолари тоғ оралиғида кичик тўғон қуришнинг уддасидан чиққан экан. Шу орқали улар сув­ни тўплаб, ундан турли мақсадларда фойдаланишни йўлга қўйишганди. Бугунги кунда бу кичик тўғоннинг бир қисми табиий равишда бузилган бўлиб, сақланиб қолган қисми ёмғир ва қор чўққиларидан қор сувларини оз миқдорда бўлса-да тўп­ланишига етарли бўлади. Махсус табиат қўриқчилари сайёҳларни хавфсиз ҳолда табиатдан баҳра олишига кўмаклашиб, паркнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида ҳикоя қилиб бормоқдалар. Умуман олганда, Жошуа паркида экотуризм бў­йича беллашувлар ташкил этиб борилади. Боғ ходими Родди Маккаллей билан хайрлашар эканмиз, шундай ажойиб табиат масканига ташриф буюрганимиздан хурсанд эканлигимизни айтдик.  Қарийб бир кун давомида миллий паркнинг пурвиқор тоғлари, гўзал водийлари ҳамда турфа ўсимликларидан завқланиб автомашина ёнига қайтдик. Умуман, иш куни бўлишига қарамасдан, миллий парк ҳудудига келган сайёҳлар сони анча кўп эди. Айтганча, маймунзан илдизи сероб. У ҳар қандай меъда касаллигини даволашда ажойиб таъсир кўрсатади. Бинобарин, уни кўпчилик “мўъжизакор дори” деб ҳисоблайди. Унинг аччиқ қайнатмаси дардни енгиллаштиради. Дарвоқе, жентмунларни ейиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Шу чоғ ўша ўсимликдан малҳам тайёрлаган ҳиндуларни кўз ўнгимда тасаввур қилдим.

Қатор чўкмалар,  ҳатто қолдиқ тоғлар чўл рельефини ўзгартириб юборган. Бундан бир юз олт­миш миллион йил аввал яшаган динозаврлар суяклари қолдиқлари ҳамма қитъаларда топилганидан хабардорсиз. Бироқ, ўша қолдиқлар айнан қайси махлуқларга  дахлдор эканлиги  кўпдан бери савол остида қолмоқда. Билгичларнинг айтишича, Жошуа миллий парки ҳудудида бу махлуқлар бўлганлигини тасдиқловчи далилларнинг борлиги ҳайратда қолдиради. Қадимги замонларда бу ерларда ҳинду қабилалари тўп­ланиб, ҳар хил ибодатлар ва қурбонликлар ўтказган. Айнан шу жойда қонун-қоидани бузган ўн одамга чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилган эди. Эпчил ва қўрқмас йигитлар сардор топшириғига биноан айбдорларни шу ерга олиб келадилар. Айбдорлар атрофида ҳиндулар айлана ҳолида турардилар. Улар учи ўткир камонларини қўлларига олиб, айбдорларни майдоннинг ўтин тўпланган тарафига ҳайдаб борадилар. У ердан орқага йўл тўсилган эди. Фақатгина тубсиз жарликка сак­раб, жон сақлаб қолиш мумкин эди. Аммо, бунинг иложи йўқ эди. Узлуксиз сўроқлар, узоқ вақт соқчилар назорати остида юриш ва бошқа талай азоб-уқубатлар ўлимга ҳукм этилганларни инсоний қиёфадан маҳрум қилган эди. Улар қорайган ва сўлайган ҳамда арвоҳ мисоли қўрқинчли ва ваҳимали эдилар. Ҳиндулар камондан отишга уста эдилар. Жуфтакни ростламоқчи бўлган  қочоқлардан бирини камондан ўқ узиб қулатдилар. Қочоқ додлаб юборди, ўз оёғига ёпишганича йиқилди ва ғингший бошлади. Аммо, шериклари уни юришга мажбур этардилар. Маҳбус оқсоқланар, сакраб-сакраб юрар, яраланган оёғини босишга чўчир ва тўхтовсиз қичқирарди.

Баланд ва маҳобатли тоғлар қўйнида улкан қоялар  бўлади. Улар неча-неча асрлар давомида қору ёмғирларга, кўчки ва зилзилаларга мардонавор дош берадилар. Совуқ, изғирин шамоллар ялаб ўтади. Ушбу қояларнинг ёнида эса соялар қимтиниб кўзга ташланади. Табиат буюк, уста мусаввир. Бир-бирига мингашиб кетган қирларга, қирлардан анча берига айро тушган турфа шакл­даги тепаликларга, қорли чўққилари кўкка санчилган юксак тоғларга, қир-адирлар ўнгирларидаги ўйноқи ва ўта сершовқин кичик ирмоқларга, яшил ўтлоқларга, юқорига тирмашган, чирмашган илонизи сўқмоқларга бирма-бир боқсангиз, борган сари ўзингизни митти сеза бошлайсиз. Қаршимизда бўй ростлаган манзара ажойиб эди. Худди мана шу шафқатсиз булутлар остига яширинган маҳобатли тоғ ва ўрмонлар қачонлардир бир кун табиат мўъжизаси туфайли вужудга келган. Баъзида улар тўполон қилиб, жазавага тушадилар. Чиндан ҳам, АҚШнинг Калифорния ўлкасида қарор топган Жошуа ва Ёсемите миллий парклари безагига айланган тоғлар, ўрмонлар ўзининг шу хусусияти билан эмас, балки бошқа ажойиботлари асносида ғаройиб эди. Уни ҳар тарафдан тик турган гранит қоялар ўраб олган эди. Қоялар аввалги қабилалар тошларни текислаб  ясаган устунларга ўхшамас эди. Мен бу маконга биринчи марта келгандаёқ ўша тошлар табиат инъоми эмас, балки Оллоҳ яратиғи эканлигига ишонч ҳосил қилган эдим. Воқеан, гўзал ернинг нафаси руҳиятимизга кўчиб ўтди.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =