Фарғонада замонавий “Экошаҳар”

ёки чўл бағрида яшнаган маскан

Фарғона вилоятида Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳар ва қишлоқларини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар янада жадаллашмоқда. Айни кунда Фарғона шаҳри, Ёзёвон ва Фарғона туманларида “Янги Ўзбекис­тон” турар-жой массивларини қуриш борасидаги ишлар авж палласида. Бундан икки-уч йил аввал “гиёҳ унмас, тош-шағалдан иборат кенгликларда замонавий шаҳарлар қурилади” деган гапга ҳеч ким ишонмаган. Бугун, бу ҳақиқатга айланди.

Замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида қад ростлаётган янги шаҳарларда аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган инфратузилма тармоқлари, дам олиш масканлари қуришга алоҳида эътибор берилмоқда. Осмонга бўйлашган биноларга ҳамоҳанг амалга оширилаётган янги боғ ва хиёбонлар, ҳордиқ мас­канлари, таълим, тиббиёт, спорт мажмуалари, савдо ва хизмат кўрсатиш, сервис шахобчалари қурилиб ишга тушириляпти.

Фарғона шаҳридаги “Илғор” МФЙ ҳудудида умумий ҳажми 300 гектар ерда замонавий экошаҳар — “Янги Ўзбекистон” массиви қурилишининг биринчи босқичи поёнига етмоқда. Қурилиш-бунёдкорлик ишларида қудратли техникалар, 50 дан ортиқ пудратчи корхоналар, 4 минг нафардан зиёд қурувчи-ёшлар меҳнат қилмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 73 та замонавий кўп қаватли уйлар қурилди. Шунинг­дек, 420 ўринли 3 та мактабгача таълим ташкилоти, 990 ўринли 2 та умумтаълим мактаби, 250 қатнов ўрнига эга марказий поликлиника қурилиши поёнига етди.

Ўзига хос меъморий қиёфага эга шаҳарча ло­йиҳаси мамлакатимизда “камёб” саналади. Бу ерда экологик тоза, яшил иқтисодиётга асосланган ло­йиҳалардан фойдаланишга эътибор қаратилган. Ҳар бир уй энергия тежашга мослаштирилган. Шаҳар об-ҳавосини мўътадиллаштириш, ҳудудни “оби ҳаёт” билан таъминлаш мақсадида, умумий узунлиги 11 километрдан иборат канал қурилиши поёнига етди. Мавжуд сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, исроф бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ариқлар бетонлаштирилди, ақлли суғориш тизимлари жорий этилди. Сунъий кўл ва замонавий фавворалар қурилиши поёнига етмоқда. Дамкўл қишлоғидан 14, 2 километр тоза ичимлик суви, 7, 5 километр юқори кучланишга эга бўлган электр тармоқлари тортилди. 11, 2 километр янги канализация қувурлари ишга туширилди. Истиқболли режалар дастурига кўра, бу ерда 500 дан ортиқ болалар майдончалари, 300 та ўйингоҳ, 10 та боғча ва 6 та мактаб қурилади. 50 гектар майдонда кичик саноат зонасининг ишга туширилиши ҳисобига 20 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.

— Қурилаётган уй-жойлар мустаҳкам ва сифатли бўлишини мунтазам назорат қилиб боряпмиз, — деди Фарғона вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси Умиджон Узоқов. — Аввало, ер қатламини ковлаш, пойдевор қуриш, ғишт териш, иссиқ ва совуқдан ҳимоя воситалари, энергия тежамкор жиҳозлар ўрнатиш, зилзилабардошлилик билан боғлиқ жараёнлар эътиборга олинган. Бундан ташқари, хавфсизлик чораларига амал қилиш, ишчи-хизматчилар малака ва маҳоратини ошириш, қурилиш жараёнидаги янги техника ва технологиялар борасида суҳбат ва кўргазмалар ўтказиб келяп­миз.

Етмиш гектарлик “Янги Ўзбекистон” боғида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳор ва кузги мавсумининг ўзида 15 мингдан ортиқ дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Хонадонларни иссиқлик тизими билан таъминлаш мақсадида 21 минг мегаватт қувватга эга марказлашган иситиш қозони қурилмоқда.

— Биринчи босқичда учта етти қаватли 140 хонадонга мўлжалланган уй-жойларни қуриб битказдик, — дейди “Марғилон бинокор таъмир” МЧЖ директори Фазлиддин Тожибоев. — Корхонамизда бетон плиталари ва ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Бу эса уйларни тез ва сифатли, арзон битказишда ўзига хос имкониятлар берди. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан янги уйларнинг ертўла қисмида кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 10дан ортиқ замонавий уй-жой қуриб, фойдаланишга топширдик.

Латофатхон Шокирова Қўштепа туманидаги “Қамиштепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Бир нафар фарзанди билан турмушдан ажрашгач, бир неча йилдирки, акасининг хонадонида яшаб келарди. Эндиликда бу оила турмуш тарзида янги ҳаёт бошланди. Унга имтиёзли тарзда бепул уй-жой берилди.

— Ҳар ким ўз уйи, Ватани бўлишини орзу қилади. Бундай қувончли, унутилмас онларни сўз билан таърифлаб бера олмайман, — деди янги уй соҳибаси Л.Шокирова. — “Марғилон бинокор таъмир” корхонасида фаррош бўлиб ишлайман. Оилавий шароитимни ҳисобга олиб, менга 3 хонали уй-жой беришди. Уйларимиз жуда шинам, ҳамма шароитлари бор. Мана шундай уйларда яшашни орзу қилардим, ниятларимга етдим. Янги уй оилам учун янги имкониятлар яратди. Бизни қўллаб-қувватлаб, амалий ёрдам берган саховатпешаларга раҳмат.

Янги шаҳарчага кўчиб келган аҳоли муҳташам уй-жойларда яратилган шароитлардан жуда мамнун. Уйлар ҳовлисидаги спорт-соғломлаштириш майдончалари маҳалла ёшлари билан гавжум, файзли.

— Экошаҳарга яқин ҳудудда яшаганимиз боис, янги шаҳар қурилиши жараёни билан бевосита танишман, — дейди фарғоналик Дилноза Раҳмонова. — Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматни ўтаб, нафақага чиқди. Бизга исталган ҳудуддан уй-жой танлаб олиш имконияти берилганди. Ҳеч иккиланмасдан бу ерга кўчиб келдик. Кўркам, чиройли уйларда яшашнинг завқи ўзгача бўларкан. Янги уйда қўни-қўшнилар билан тез тил топишиб олдик. Уй-жой оламан деган ҳар бир оилага мақбул нархларда, узоқ муддатли кредит, субсидия асосида берилаётгани айни муддао. Ҳамма қулайликлар мужассам, чиройли. Яшаш ҳудудимизга туташ мактаб, боғча, тиббий хизмат, савдо сингари кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган тармоқлар қурилиб, ишга туширилгани оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилмоқда.

Кўп қаватли уй-жой ва бошқа ижтимоий бино-иншоотлар қуришда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиляпти. Бу уйларни қишда совуқдан, ёзда иссиқдан ҳимоялаш имкониятини беради. Ҳар бир уй том қисмига ўрнатилган қуёш панеллари аҳоли ва хизмат кўрсатиш тармоқларига узлуксиз электр энергия етказиб бермоқда. Йўл ва йўлак­лар, уйнинг кириш қисмига ўрнатилган ақлли чироқ ҳамда беминнат қуёш ёритиш панеллари ўзига хослиги билан эътиборни тортади. Уй-жой “Ипотека маркази” ташкил этилган. Бу ерда банк кредити, субсидия ажратиш, имтиёзлар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари қамраб олинган. Уй олувчилар фуқаролик паспорти билан марказга келиб, янги уй соҳиби бўлиб қайтиш имконияти бор.

* * *

Фарғона туманидаги Миндонобод массивида умумий майдони 21 гектар майдонда қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массиви кўҳна маскан қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.

Бу ерда жами 1428 та хонадонли 33 та уй-жой қуришга киришилди. Эътиборли жиҳати, шу кунга қадар Фарғона туманида 7 ва 9 қаватли муҳташам уй-жойлар қурилмаган. Аксарият ҳолларда “Сувимиз юқорига чиқмайди, коммуникациямиз кўтармайди” деган баҳоналарни рўкач қилиб, рухсат беришмаган. Чунки уй-жой учун ер майдонлари ажратиш, қандай уй қуриш юқоридан белгилаб берилган. Бундан ўн йиллар аввал туманда кўп қаватли уй-жойлар бармоқ билан санарли эди. Бугун эса уларнинг саноғига етиб бўлмайди.

Фарғона — Водил катта автомобиль йўли бўйлаб ястаниб ётган Миндонобод адирликлари асрлар давомида кўпнинг эътиборидан четда қолди. Ерларни ўзлаштириш, уй-жойлар қуриш, сув, йўл, электр, табиий газ сингари инфратузилма тармоқлари тортиш ушалмас орзу сифатида қаралган. Эндиликда бундай ишончсизлик ўрнини яратувчанлик, бунёдкорлик, ижодкорлик эгаллади.

Осмон қадар юксалиб бораётган “Янги Ўзбекистон” массиви одамлар ҳаёт тарзида янги имконият эшикларини очди. Яхши умидлар, эзгу мақсад йўлида бу ерни Ватан тутганлар дашт ерларни ўзлаштириб, обод масканга айлантириш борасида баракали меҳнат қилмоқда.

Умумий майдони 20 гектардан ортиқ бўлган янги массивда бунёдкорлик ишлари авжида. Бу ерда кўп қаватли энергия тежамкор уй-жойлар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Бугунга қадар 990 ўринли мактаб, 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 50 қатнов ўрнига эга бўлган оилавий поликлиника қуриб битказилди.

Ер қазиш ишларини бажараётган бульдозерлар, пойдевор тиклаётган, ғишт тераётган, ободончилик юмушлари билан машғул бўлган ишчи-хизматчилар бир дам бўлса-да тўхтагани йўқ.

— Бу ерда 5 қаватли, бир подъездли 20 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уй қуряпмиз, — дейди “Иморат қурилиш инвест” МЧЖ раҳбари Аҳаджон Якубов. — Янги уйларни мустаҳкам, сифатли ва арзон қилиб қуришга эътибор қаратяпмиз. Йигирмадан ортиқ малакали қурувчилар жалб этилган. Айни кунда пардозлаш ишларини олиб боряпмиз. Уй-жой олиш истагида бўлган фуқаролар қурилиш жараёнлари билан бевосита танишиш, таклиф бериш, танлаш имкониятига эга.

Ўзига хос меъморий қиёфага эга шаҳар ло­йиҳаси ҳудудга улуғворлик олиб кирмоқда. Умумий майдони 4 гектарга яқин бўлган “Янги Ўзбекистон” боғига минг тупдан ортиқ турфа манзарали дарахт­лар экилди. Боғ ҳудудида сайилгоҳ, дам олиш мас­кани, кўнгилочар ўйингоҳлар, умумий овқатланиш шахобчалари қурилади.

— Кейинги беш йилда туманимизда 67 та кўп қаватли ва 230 та намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қурилди, — дейди Фарғона туман уй-жой бўлими бош мутахассиси Одилбек Нўъмонжонов. — Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги имкониятлар кўламини янада кенгайтирди. Авваллари чекка ҳудудларда 5-7-9 қаватли замонавий уй-жойлар қуриш ушалмас орзу эди. Эндиликда бундай осмонўпар иморатлар қурилиши кундан-кунга ривожланиб бораётгани нафақат ҳудуд, балки атрофдаги қишлоқлар, одамлар турмуш тарзига ўзига хос ўзгариш, фаровонлик олиб кираётгани билан аҳамиятли.

* * *

Ўтган асрнинг ўрталарида қум барханлари ўрнида бунёд этилган Ёзёвон тумани ҳақида гап кетса, “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди” дея таъриф берилган. Бу бежиз эмас. Марказий Фарғона ерларининг қоқ ўртасида қўним топган масканнинг иссиқ ҳарорати, изғиринли куз-қишларида жон сақлашнинг ўзи бўлмасди. Яхши умидлар, эзгу мақсад йўлида бу ерни Ватан тутган ёзёвонликлар ерларни ўзлаштириб, обод масканга айлантирди. Эндиликда бу жойларни “чўл” дейишга тил ожиз.

У ерда кенг ва равон йўллар, замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари қурилди. Халқ фаровонлиги, юрт ободлиги йўлида амалга оширилаётган бунёдкорликлар нафақат туман маркази, балки олис қиш­лоқларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Гўзал қишлоқ ва маҳаллалар, хизмат кўрсатиш соҳалари мужассам бўлган мажмуалар, спорт, дам олиш иншоотлари, боғча, мактаблар барпо этилди. Аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган барча шарт-шароитлар яратилди.

Кўлами кенг ислоҳотлар, энг аввало, ёзёвонлик­лар турмуш даражасида ўз аксини кўрсатяпти. “Юқори Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишлари қизғин паллага кирган. Йил якунига қадар бу ерда 104 та янги хонадон қуриб битказилади. Шу кунга қадар битта мактаб ва боғча, поликлиника ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш ва савдо марказлари қурилиши поёнига етди.

Катта автомагистраль йўл ёқасида қад ростлаётган кўп қаватли турар-жой ва маиший бинолар ўтган-кетганнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳудудда ер ости сизот сувлари яқин жойлашган. Шунинг учун ҳар бир бинонинг дастлабки пойдеворидаёқ мустаҳкамликка эътибор бериш зарур. Пойдевор изоляцияси — ҳимоя қатлами сифатли бажарилса, иншоотлар умрбоқийлиги таъминланган бўлади. Ҳар бир уй ва иншоотлар томига қуёш сув иситиш коллекторлари, қуёш электр панеллари ўрнатилмоқда. Бунинг натижасида бутун уй-жойда фойдаланиладиган иссиқ сувнинг 25 фоизи, электр токининг 10-15 фоизи муқобил энергия ёрдамида қопланади. Шунингдек, бинолар фасад қисми базальт қоплама билан қоп­ланиши, сэндвич панелдан тайёрланган эшик-ромлар хонадонларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.

— Қуриб битказилган уйдан яхши ниятлар билан уч хонали хонадон сотиб олдим. Банкдан имтиёзли кредит ҳам беришди. Фарзандларим, оила аъзоларимнинг қувончи чексиз, — деди Дилмуроджон Қодиров. — Кўпчилик бу яйдоқ ҳудудда кўркам шаҳарча бўлишига ишонгиси келмаган. Бугун кўрганнинг кўзи қувнайди. Электр, сув, табиий газ ли­ниялари тортилган, оқова сув тармоғи — канализация барпо этилган. Яқин кунларда бу ер гавжум шаҳарчага айланади.

Бунёдкорлик, яратувчанлик халқимизга хос қад­риятлардан. “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши эса ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тимсолини яратмоқда. Бир-бирини такрорламаган, шарқона латофат ва нафислик, замонавий меъморчилик анъаналари билан уйғун тарзда юксалиб бораётган қадди баланд янги мегаполис шаҳарлар кўҳна мас­канларга улуғворлик касб этмоқда.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 5 =