Ютуқлар салмоқли, режалар эса янада юксак

Кейинги йилларда юртимизда таълимга эътибор ва ёшларга ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, сўнгги олти-етти йил ичида олий таълим тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳам бунинг яққол далилидир. Улуғ жадид боболаримиз бежизга: “Нажот таълимдадир”, дейишмаган. Муҳтарам юртбошимиз бу фикрни ривожлантириб: “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда, чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деганларида ҳам таълим соҳасидаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишга даъват қилгандилар. Албатта, бу фикрлар олий таълим тизимига улкан масъулият юклайди. Чунки олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар эртага етук кадрлар бўлиб етишиши лозим. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Мақсад фақат “олий маълумотли” деган дипломни тарқатиш эмас, балки мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган серғайрат ва билимдон ёшларни тарбиялашдир.

Жиззах политехника институти ҳам бу масъ­улиятни ўз зиммасига олиб, таълим соҳасида янгича ишлаш тизимини жорий қилди. Айни пайтда институтда ҳар бир ўқиётган талаба билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган. Бу ўзига хос услуб. Чунки таълим олишни ўз ҳолига қўйиб бўлмайди, ҳамма талаба бир маромда, бир хил савияда ўзлаштиради деб ўйлаш ҳам хато. Шунинг учун талабалар билан индивидуал ишлаш тизимини жорий қилганмиз. Агар бирор талаба ортда қолаётган бўлса, нега орқада қоляпти, сабаби нимада, унга қандай ёрдам бериш керак, деган масалаларга институтимиз жамоаси алоҳида эътибор қиляпти. Бу борада ютуқларимиз салмоқли, режаларимиз эса ундан-да катта.

Жиззах политехника институтида таҳсил олаётган талабалар етук мутахассис бўлиб етишиши учун зарур шароитларни яратиш, уларни назарий ва амалий машғулотлар билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш ҳамда сифатли дарс ўтилишини таъминлаш мақсадида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан яратилаётган дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳам жаҳон стандартларига жавоб беради. Тасарруфимиздаги қурилиш лабораториялари, марказлар, қатор саноат корхоналарида талабалар назарий билимларини мустаҳкамлаши учун етарли шароитлар мавжудлиги ҳам ҳавас қилса арзирли ютуқларимиздандир. Айниқса, ҳар бир изланувчининг лойиҳасини амалга ошириш учун етарли маб­лағ, алоҳида ишлаш хоналари ажратиб берилган. Шу жиҳатдан асосий штатдаги профессор-ўқитувчилар сони бир йилнинг ўзида 450 нафардан 512 нафарга ошди. Ўз навбатида илмий салоҳият ҳам 30,5 фоиздан 32,5 фоизга кўтарилди. Институтда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида 2023 йилнинг 8 ойи мобайнида профессор-ўқитувчилардан жами 27 нафари фалсафа доктори (PhD) ва 1 нафари фан доктори (DSc) диссертацияларини муваффақиятли ёқлади. Уларни яқин ойларда 45 нафарга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, йил бошидан буён 1 нафар ўқитувчи профессор, 25 нафари доцент илмий унвонини олганлиги ҳам илмий салоҳия­тимиз ошиб бораётганлигидан далолат. Олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида йил бошидан 72 та дарслик, 121 та ўқув қўлланма, 32 та монография, 15 та ихтиро ва фойдали моделларга патент, 37 та электрон дастурларга патент гувоҳномалари, 10 та ишланманинг амалиётга татбиқи бў­йича далолатнома олинди. “Scopus” халқаро маълумотлар базасидаги индексланган журналларда жами 195 та, хорижий илмий журналларда 418 та, ОАК тасарруфидаги журналларда 290 та, маҳаллий конференция ва халқаро хорижий конференциялар материалларида 1107 та мақола чоп этилди.

Институтимизда 6 та факультет, 28 та кафедра ва бир қатор бўлимлар мавжуд. Жумладан, 33 та кундузги бакалавриат таълим йўналиши, 16 та сиртқи таълим йўналиши, 16 та магистратура мутахассислиги, шунингдек, 2+2 қўшма таълим дастури асосида 4 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Шунингдек, институт қошида иккита техникум, “Қурилиш материалларини синаш ва сертификатлаш” илмий лабораторияси, “Лойиҳачи қурувчилар малакасини ошириш маркази”, касб-ҳунар марказлари мавжуд бўлиб, улар кенг тармоқли фаолиятнинг асосий устунларидан саналади. Таълим бериш жараёнида 1- ва 2-курс­лар кредит-модуль тизими бўйича ўқитишга ўтилди. Барча фанлардан ўқув, ишчи ўқув режалар, фан дастурлари ва силлабуслар тўлиқ кафедралар томонидан ишлаб чиқилди ва буларнинг барчаси институт кенгашида тасдиқланиши келажакка ишончимизни янада мустаҳкамламоқда. Ўқув жараёнининг сифатини ошириш мақсадида институтнинг учта ўқув биносидаги 145 та аудитория тўлиқ кузатув камералари билан жиҳозланди. 25 та смарт-телевизор билан жиҳозланган хоналар, видеодарсликлар ёзиш учун иккита медиамарказ, битта АТ инкубацион марказ фаолияти йўлга қўйилди. Онлайн машғулотлар олиб бориш учун вебинар хоналар сони саккизтага етказилди. Юз эллик дона юқори қувватли замонавий компьютерлар харид қилиниб, магистрлар ва талабалар томонидан лойиҳа-конструкторлик ишларини бажариш учун ўқув жараёнига татбиқ қилинди.

Институт ҳудудида 600 ўринли тўртта маъруза зали барпо этилиб, замонавий ўқитишнинг техник воситалари билан жиҳозланиб, жорий ўқув йили бошидан ишга туширилди. Видеомарказларда институт профессор-ўқитувчилари томонидан 2023 йилнинг январь ойидан 1 августга қадар уч юздан зиёд маъруза мавзулари бўйича видеодарсликлар ёзилди, 45 та дарслик, 69 та ўқув қўлланма яратилди. Бу дарсликлар, ўқув қўлланмаларнинг барчаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошидаги мувофиқлаштирувчи Кенгашдан ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилиб, гувоҳномалар олинди.

Шунингдек, жорий йил мобайнида 133 нафар раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчиларимиз офлайн ва онлайн тарзда ўз малакаларини оширишди. Жорий йилда “Кимё”, “Кимё­вий технология” ва “Йўл муҳандислиги”, “Умумтехника фанлари”, “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат технологияси”, “Физика”, “Қурилиш материаллари ва конструкциялари”, “Транспорт воситалари муҳандислиги”, “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” кафедраларига халқаро грантлар доирасида замонавий лаборатория жиҳозлари олиб келинди.

Институт академик лицейида иқтидорли ёшларни саралаш ва таълим сифатини ошириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Юқори кўрсаткичга эришган 23 нафар ўқитувчи ва ходимларига устама ҳақи белгиланди. 10 нафар аълочи ва жамоатчи ўқувчилар институт ректорининг стипендияси билан тақдирланди. Бундан ташқари лицейдаги тўртта кафедра профессор-ўқитувчилари ўз йўналишларидан келиб чиқиб, институтнинг “Олий математика”, “Физика”, “Ижтимоий фанлар”, “Хорижий тиллар” кафедраларига бириктирилди. Шу боис ўтган ўқув йилида академик лицейнинг 91 фоиз битирувчилари олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Институт қошидаги Пахтакор саноат технологиялари ва Шароф Рашидов политехника техникумларига институт кафедралари томонидан услубий ёрдам кўрсатилди. Қилинаётган бундай эзгу ишлар ёшларнинг илм олишга қизиқишини оширади, албатта.

Юксак марраларни эгаллаш учун хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш бугуннинг талабига айланди. Жиззах политехника инс­титутида ҳам бу борада самарали ишлар йўлга қўйилиб, кўплаб хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Жумладан, 50 нафар профессор-ўқитувчи ва 2 нафар талаба илмий семинар, анжуманлар, конференциялар, амалиёт жараёнлари, лаборатория машғулотлари ҳамда вебинарларни ўз ичига олган хорижий сафар ва стажировкаларда иштирок этишди. Ўз навбатида, 10 та хорижий делегация инс­титутга келди. Институтда Туркиянинг Ускудар университети, Россия Федерациясининг Урал федерал университети ва Хитой Халқ Республикасининг Нанкин профессионал транспорт технологиялари институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. “Ишлаб чиқаришнинг техник, муҳандислик ва технологик муаммоларининг инновацион ечимлари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-техник анжуманда эса 40 га яқин хорижлик иштирокчилар ўз мақолалари билан иштирок этди.

Ўтган йил якунига кўра, “UI GreenMetric” талқинига асосан Жиззах политехника инс­титути дунёда 327-ўринни, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида эса 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, Буюк Британиянинг нуфузли халқаро рейтинг ташкилоти — “Times Higher Education” агентлиги томонидан эълон қилинган “THE Impact Rankings” рейтингида мамлакатимизнинг 47 та олий таълим муассасалари ичида Жиззах политехника институти 17-ўрин, дунё олий таълим муассасалари орасида эса 1001+ ўринни эгаллади. Бу натижа институт тарихида эришилган энг нуфузли биринчи марра ҳисобланади.

Юқорида ҳам таъкидлаганимиздек, кўп­лаб профессор-ўқитувчиларимиз хорижий стажировкада бўлиб қайтишди. Жумладан, “Электр технологияси” кафедраси катта ўқитувчиси Учқун Мирзаев Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси томонидан молиялаштирилаётган “Faculty Enrichment Program (FEP)” дастури доирасида Америка Қўшма Штатларида тўрт ойлик малака ошириб қайтди. Февраль-март ойларида яна бир кафедра ўқитувчиси Ўткиржон Раҳматов Ҳиндистоннинг “ITEC (Indian Technical and Economic Cooperation Programme)” дастури бўйича техник ўқитувчилар малакасини ошириш ва тадқиқот миллий институтида “Техника касб-ҳунар таълими бўйича тренерлар ва режалаштирувчилар учун электроника бўйича кўникмаларни ривожлантириш” ўқув курси бўйича Ҳиндистоннинг Тамилнад штати, Ченнай шаҳрида стажировкада бўлиб қайтди. Институт ассистент ўқитувчиси Давронжон Орипов Венгриядаги “University of Debrecen”да бир йиллик стажировка ва битирувчи талабалардан Лочинбек Холмўминов ҳамда Асилбек Алимуҳаммедов “Budapest University of Technology and Economics”, “Budapest Business School — University of Applied Sciences” университетларида магистратура босқичида ўқиш имкониятини қўлга киритишди. Шунингдек, май ойида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган “Ёш олимларни хорижий ташкилотларга қисқа муддатли стажировкаларга юбориш” бўйича танлов ғолиблари бўлган икки нафар профессор-ўқитувчи Словакия Республикасининг Зилина университетида илмий стажировка ўтаб келишди. Айни кунларда Жиззах политехника институти “Энергетика” кафедраси профессори Уришбой Йўлдошев бошчилигида 2 нафар ассистент Хитой Халқ Республикаси Сзянсу провинцияси Уси шаҳридаги қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи “Wuhan Ooitech Trading Co.Ltd” компаниясида стажировка ўташмоқда.

Ўрни келганда айтиш лозимки, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш учун ректорлар форуми яхши самара бермоқда. Ўқув йили давомида шахсан ўзим Қирғизис­тон Рес­публикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Жаҳон ректорлар форуми”, Самарқандда ўтказилган “Ўзбекистон — Россия 3-таълим” форуми, Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган “Таълим сифатини таъминлаш бўйича VI халқаро Марказий Осиё форуми”, Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган “Франция — Ўзбекистон иккинчи таълим” форуми, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Ўзбекистон — Корея олий таълим муассасалари ректорлари форуми”, Ўзбекистон ва Польша олий таълим муассасалари ректорлари иштирокидаги халқаро конференция, Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида “Ўзбекистон — Венгрия олий таълим муассасалари ректорлари II форуми”да иштирок этиб, мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун илк қадамларни ташладик. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижаси ҳам қувонарли бўлди. Гап шундаки, Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “QS Higher Ed Summit: Asia Pacific 2023” доирасида QS рейтинг ташкилоти Осиё университет ва институтларининг 2023 йил учун рейтинг натижаларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатимизнинг 14 та олий таълим муассасаси ТОП-1000 таликдаги энг яхши университетлар рўйхатига киритилди. Жорий йилги халқаро тан олинганлик даражасини белгилашда асосий мезонлар — илмий-тадқиқотлар ривожи, таълим сифати, халқаро ҳамкорлик, академик мобиллик соҳалари бўйича Осиё ОТМлари рейтингида 25 та давлатдан қамраб олинган 856 та олий таълим муассасаси қаторидан Жиззах политехника институти ҳам жой олди.

Зарур шароитлар яратилган олий ўқув юртида таҳсил олаётган талабаларимиз ҳам ютуқларимиз салмоғини оширишга ҳисса қўшмоқда. Айниқса, уларнинг давлат мукофотлари билан тақдирланаётганлиги қувонарли. Жумладан, ассистент Бекзод Турсунов ҳамда талабамиз Қоплонбек Сафаров “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Биргина бу эмас. 2022 йилда 5 нафар, 2023 йилда 6 нафар талаба давлат стипендиялари совриндорлари қаторидан жой олди. Институтнинг иқтидорли талабаларидан икки нафари “Мирзо Улуғбек ворислари” респуб­лика танловида ғолибликни қўлга киритди. 2022 йил “InnoWeek.uz” доирасида “Табиий толалар ва матога ишлов бериш” кафедраси ўқитувчиси Фарҳод Содиқов, жорий йилда эса талаба Илёс Толлибоев “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони соҳиби бўлишди. “Академик ҳаракатчанлик дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этилган танловда Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари “Пневмотранспорт тизимида пахта хусусиятларини ўрганган ҳолда тола йўқолишининг олдини олиш назарий қонуниятларини яратиш” мавзусидаги (42 миллион сўмлик) ва “Машинада терилган пахта сифатини ошириш мақсадида ресурстежамкор такомиллаштирилган тола тозалагич ускунасини яратиш” мавзусидаги (37 миллион сўмлик) ҳамда 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови асосидаги “Янги яратилган ғўза навлари аралашмасидан мустаҳкам, рақобатбардош тикув иплари ишлаб чиқариш” мавзусидаги (724 миллион сўмлик) амалий лойиҳалари билан қатнашиб, ғолиб бўлишди.

Талаба-ёшларни соғлом, ватанпарвар, интеллектуал салоҳиятли, юксак маънавиятли шахс қилиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида институтимизда ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, спорт мусобақаларининг мунтазам йўлга қўйилганлиги нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларнинг ҳам соғлом турмуш тарзи фаоллашишига туртки бера олди. Жумладан, институтда волейбол, футбол, стол тенниси, мини-футбол, баскетбол, соғломлаштириш (фитнес), қўл тўпи (гандбол), миллий кураш, шахмат, шашка, кураш, бадминтон, регби, қўл жанги, дзюдо каби спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиши ҳам айни мақсадга хизмат қилмоқда.

Жиззах политехника институтида касбига содиқ ва етук мутахассислар сабоқ бераётгани, илмий жамоанинг ҳар бир аъзоси таълим соҳасидаги юксак масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ишга ёндашаётгани туфайли биз бугун шундай юқори натижаларга эришмоқдамиз.

Алишер УСМОНҚУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори, техника фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 12 =