Маънавият ва маърифат – энг устувор вазифа

Тезкор ўзгаришлар билан кечаётган бугунги шиддатли замонда бозор иқтисоди қонунлари жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларига бирдек кириб бормоқда. Манфаат, фойда масаласи аксар ҳолларда ўзаро муносабатларда биринчи ўринга қўйилмоқда. Глобаллашув­нинг турли кўринишлари таъсирида инсонлар, мамлакатлар, бутун бошли цивилизациялар ўртасидаги тўсиқлар камайиб, ўзига хос жиҳатлар, тафовутлар йўқликка юз тутмоқда.

Маданиятлар орасидаги фарқларнинг йўқолиб бориши оқибатида инсон тафаккури тобора бир хиллик чоҳига қараб сурилмоқда. Ривожланишнинг юқори чўққисига чиққан бўлса-да, маънавий-маърифий соҳада йўл қўйилган хатолар бадали ўлароқ маънавий таназзул қора туйнугига ютилиб бораётган миллат ва халқлар йўл қўйилган хатолар ҳақида бугун бошқаларга афсус билан бонг урмоқда.

Шу йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилиши мана шундай мураккаб, маънавият ва маърифат масалалари долзарб аҳамият касб этаётган бир шароитда ўтгани билан ҳам ғоят аҳамиятга молик. Негаки, бозор муносабатлари ҳар бир соҳага кенг ёйилаётган, моддият биринчи ўринга чиқиб, одамлар барча фазилатларни бир четга суриб қўйиб, фақат бойиб қолишни, “тангани тангага уриштириш”ни биринчи ўринга қўядиган бир паллада маънавият масаласи Давлатимиз раҳбари томонидан кун тартибига қўйилди. Йиғилишда адабиёт ва санъат, маданият ва маънавият соҳалари ривожи атроф­лича таҳлил қилинди, долзарб фикрлар ўртага ташланди, муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Юртбошимиз томонидан ўтказилган мазкур тарихий йиғилиш мамлакатимизда Президент раислик қиладиган икки муҳим кенгашдан бири нима учун Маънавият ва маърифат кенгаши деб номланишини барчага етарлича тушунтира олди десак хато бўлмайди. Зеро, юртимизда маънавият ва маърифат, маданият ва санъат масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари даражасида қаралмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида юртимизда маданият, санъат, ижод, маънавият ва маърифат соҳаларидаги барча муҳим масалаларни санаб ўтиб, аниқ ечим ва таклифларни берди. Жумладан, Президентимиз бугун дунё халқлари қадриятлар тизимида рўй бераётган чуқур ўзгаришларни алоҳида таъкидлар экан, шундай деди: “Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда”.

Дарҳақиқат, бугун инсоният илм-фан ва иқтисодий соҳаларда илгарилари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган улкан ютуқларга эришмоқда. Бироқ айни пайтда жаҳонда азалий қад­риятларнинг депсиниши, айтиш мумкин бўлса, ахлоқий деградация, маънавий таназзул жараёнлари борган сари кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бир жинсли никоҳ, оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг оёқости қилиниши, “дунёга келдингми, истаганингча яша” қабилидаги ҳаётга бўлган эгоистик ёндашувлар бугун дунёда кундалик оддий ҳолга айланиб қолмоқда. Айрим мамлакатларда ҳар қандай онгли кишига аён бўлган оддий ҳақиқат: иккита жинсни тан олиш ўрнига “инсонлар орасида 72(!) та жинс мавжуд”, деб жар солаётган одам кўринишидаги мавжудотларни қандай тушуниш мумкин?! Бу каби ахлоқий таназзул ҳолатлари бугун ўзини, ўзлигини йўқотишни истамаган ҳар қандай кишини сергакликка тортиши лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, бу ёруғ дунёда “Ўзбек” ва “Ўзбекистон” деган ном билан яшаб қолишни истасак, юқоридаги каби маънавий таназзулга қарши туришда ёшлар тарбияси борасидаги амалий ҳаракатларимизни бугундан бошлашимиз шарт. Бу борада маънавият бизнинг ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланиши керак.”

Давлат раҳбари нутқида жаҳон сиёсий майдонида юз бераётган кескин ўзгаришлар ва мамлакатимизнинг бу борадаги қатъий позицияси ҳақида ҳам муҳим фикрлар янгради:

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз”.

Дарҳақиқат, бугун жаҳон сиёсатида, халқаро муносабатлар тизимида тектоник ўзгаришлар юз бермоқда. Шу пайтга қадар шаклланган глобал кучлар мувозанати бузилиш арафасида турибди. Қудратли марказлар ўртасидаги кескинлик ҳаддан ташқари ортиб кетди. Бундай мураккаб вазият минтақамиз ва мамлакатимизга ҳам жиддий таъсир қилиши сир эмас. Шундай бўлса-да, қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон конструктив ва рационал ташқи сиёсат юритиш курсини сақлаб қолмоқда. Дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик алоқалари давом эттирилмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўла жавоб беради.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Шу кунларда айрим оғзига кучи етмаган, мияси ўлик империя васвасаси билан карахт бўлган нусхалар томонидан мустақил давлатлар, шу жумладан, биз учун муқаддас бўлган мамлакатимиз суверенитети ҳақида тутуриқсиз фикрларни айтишгача боришмоқда. Президентимиз кенгаш йиғилишида бежиз: “Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар”, дея таъкидламади. Зеро, юрт тақдири учун, унинг гуллаб-яшнаши учун чин кўнгилдан қайғурувчи замонавий жадидларнинг етишмаслиги бугун шахсан давлат раҳбарини ҳам ўйлантираётган жиддий масала бўлиб қолмоқда.  “Яқинда “Миллий тикланиш” газетасида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Жадидлар” деган шеърини ўқиб қолдим. Ҳурматли шоиримиз “Жадидлар етишмаяпти, жадидлар”, деб, бугунги кунда кўпчилик халқимизни, жумладан, мени ҳам қийнаётган саволларга жавоб излаган”, – дея Президент барча зиёлиларни жадид боболаримиз каби фаол бўлишга чақирди. Шундай экан, катта-ю кичик барчамиз мамлакатимиз тараққиёти, унинг мустақиллиги, эртанги фаровон кунимиз учун чин кўнгилдан қайғурадиган замонавий жадидларга айланишимиз давр талабидир.

Давлат раҳбари йиғилишда миллий ғоя масаласини ҳам кўтарди. Шу хусусда сўз борар экан, бу борада алоҳида дастурий ҳужжат яратиш кераклигини, бунда янги таҳрирдаги Конс­титуциямиз талаблари инобатга олиниши лозимлиги таъкидланди. Дунёвий давлат концепцияси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Шу ўринда савол туғилиши табиий: нега бу концепция керак? Бош қомусимиз ва қонунларимизда дунёвийлик принципи шундоғам аниқ-тиниқ ёзилган-ку! Бу саволга жавоб маърузанинг ўзидаёқ берилди. Афсуски, бугун жамиятимизда диний эркинлик тушунчасини мутлақо тескари талқин қилаётганлар, билиб-билмай конституцион тузумдан оғишишга тарғиб қилаётганларнинг борлиги ҳақиқат. Янгиланган Конституциямизнинг 1-моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” дея қатъий белгилаб қўйилган. 154-моддада эса “Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу модда иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмаслиги” белгиланган. Бундан давлатчилигимиз устунлари суверенитет, демократия, ижтимоийлик, ҳуқуқийлик ва дунёвийлик эканлигини англашимиз мумкин. Шундай экан, давлатчилигимизнинг муҳим устунларидан бири бўлган дунёвийлик принципининг шубҳа остига олинишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний эркинликни таъминлашга кенг эътибор берилмоқда. Бундай эркинлик муҳитининг яратилиши эса, аввало, аҳолимиз орасида диний маърифатни тарғиб қилиш учун хизмат қилиши лозим.

Афсуски, бугун ёшлар орасида диний радикализм тузоғига илинаётганлар кўплаб топилади. Дин ҳақида уч-тўртта маълумотни чала ёдлаб олиб, ижтимоий тармоқда ҳаммага ақл ўргатаётган, такфирчилик билан шуғулланаётган, ўзини “блогер” деб номлаб олганларнинг саноғи йўқ. Хўш, нима учун бугун тузук-қуруқ диний билими йўқ кимсалар ёшларга нима тўғри-ю, нима нотўғри эканлигидан ваъз ўқишлари керак? Буни қатъий назоратга олиш ва чеклашнинг вақти келмадими? Саволлар бисёр. Жавоб устида эса яхшилаб бош қотириш лозим. Шу ўринда ўз тажрибамда бўлган бир воқеани эсга олишни истардим. Яқинда ижтимоий тармоқлардан биридаги саҳифага бехосдан кўзим тушди. Унда обуначи йиғишдан бошқа дарди йўқ, “просмотр” ва “лайк” илинжида ҳар нарсага тайёр кимса инсоният тарихидаги энг даҳшатли иккинчи жаҳон урушини бошлаган кимсанинг(исмини айтишим шарт эмас) қилмишларини оқлаб видеороликлар тайёрлабди. Антисемитизм руҳига тўйинган видеолар изоҳларида эса аксарият ўзимизнинг ёшларимиз инсон кўринишидаги иблиснинг жиноятларини олқишлаш, хаспўшлаш, уни улуғлаш билан овора бўлибди. “Афсус, у бу ишини охирига етказмаган экан, улгурмаган экан” қабилидаги изоҳларни ўқиб, очиғи, даҳшатга тушдим. Қачондан бери бутун бир халқни қириб юбориш (геноцид) жинояти ёшларимиз орасида шарафли иш ўлароқ, ҳарбий жиноятчи эса қаҳрамондек қабул қилинишни бошлади? Бу ёвузликка қарши курашиб, ўзини қурбон қилган минглаб боболаримиз қонига бўлган ҳурматимиз шу бўлдими? Бу каби саволлар барчамизни бирдек ўйлантириши, ёшлар орасида диний радикализмнинг олдини олиш борасидаги ишлар янада кучайтирилиши зарурат экан. Давлатимиз раҳбари кенгаш йиғилишидаги нутқида бежиз уламоларимиз ва дин пешволаримизни бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотларда янада фаолроқ бўлишга чақирмади.

Афсуски, кўпинча биз турмуш, мол-у дунё ташвишини маънавий ҳаётимиздан устун қўя олмаймиз. Аммо тирикчилик учун маънавиятимизни қурбон қилишга ҳаққимиз йўқ! Технологик, иқтисодий жиҳатдан юксак даражаларга эришган ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам кўрсатмоқдаки, моддиятга урғу берилиши, моддий бойликнинг маънавий бойликдан устун қўйилиши, бу борадаги эътиборсизлик миллат, мамлакат келажагига соя ташлайди, маънавий таназзул томон етаклайди. Маънавият масаласи охирги масала эмас, энг устувор вазифалардан бири бўлиши, Президентимиз таъбири билан айтганда,  “бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!”

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + one =