Соҳилларга сиғмаган соғинч
Оқшом чўкди. Соат ўн етти-ю қирқ беш минутга бонг чалди. Чарчаб кўзим илинган экан. Сакраб ўрнимдан турдим. Вой, эсим қурсин! Сафардошлар билан ўн саккизу ноль-нолда учрашувимиз борлигини эсимдан чиқарибман-ку! Апил-тапил кийиндим, сочимни тартибга келтирдим. Меҳмонхона остонасида ўн бешта кам олтида тўпланишга аҳдлашгандик. Энди шерикларим нима деб ўйлашади?
Тўғри мулоҳаза қилган эканман. Улар сабр-тоқат ила кутиб туришган экан. Гарчанд шундай бўлса-да, аччиқ-тизиқ, зардали тарзда кесиб-кесиб гапирмадилар. Аксинча, чиройлигина жилмайиб қўя қолдилар.
Об-ҳаво бинойидек. Яқингинада севалаб ўтган ёмғир ва гулу чечаклар ҳиди димоққа урилади. Сан-Франциско кўчалари унчалик ҳам тирбанд эмас. “Ҳар ҳолда, ватандошларимиз зиёфатни очиқ ҳавода ўтказмаса керагов”. Дарвоқе, бугун тўққизинчи декабрь бўлса-да, кенг майсазор майдон, шовуллаган дарахтлар кўркам эди. Боз устига, ҳаво анчагина салқин. Бошига кавбойча шляпа кийган эркаклар, хонимларнинг ўзларига ярашган ясан-тусанлари, кўп қаватли бино ва иншоотларнинг салобати ва маҳобати, автобус, трамвай, троллейбус қатнови, умуман олганда, қайноқ ҳаёт ҳозир бир маҳаллари қишлоқда танча теварагида ўтириб томоша қиладиганимиз — Америка киноларидаги манзараларни ёдга соларди. Меҳмонхонадан кўзланган манзилгача пиёда борадиган бўлдик. Оралиқ масофа атиги олти-етти дақиқалик экан. Баҳонада оёқлар чигалини ёзамиз. Кўчаларни, осмонўпар биноларни кўрамиз. Одамларни кузатамиз.
Сан-Франциско шаҳри марказидаги “Ўзбек миллий таомлари” ресторанига етиб келганимизда, биз — ўзбек журналистлари шарафига уюштириладиган зиёфат учун барча нарса тахт эди. Қудрат Раҳимхўжаев бошчилигидаги Муҳаммадаюб, Нозимжон, Асроржон каби ўт-олов миллатдошларимиз бизни самимий кутиб олдилар. Яқинларини кўргандек, бағирларига босиб омонлашдилар. “Олисдаги Ватанимиз ифорини, соғинчини келтирдингизлар”, дея тавозе ила ҳурмат бажо келтирдилар. Аслида, Ўзбекистон отлиғ жаннатмакон ўлкадан йироқда истиқомат қилаётган бу одамларнинг ўзаро муносабатларида аллақандай соддалик сезилиб турарди, ҳозирги шу тобдаги байрамона кайфиятнинг ўзида ҳам алланечук майинлик зоҳир эди. Айниқса, шу чоғда, буларнинг қаршисида ўзим жони-жаҳоним, борлиғим билан яхши кўрадиган Ўзбекистоним, қадимий давлатимнинг ҳидлари бир маъводай кўз ўнгимда гавдаланиб кетди. Хаёлда беихтиёр Ўзбекистон халқ шоири Миртемирнинг “Кўлу тоғлик, Боғу роғлик ўзбек элим. Момо юрти, Бобо юрти, чамбил белим… Тирикликда диёримсан, бол ва оқ сут, Ўлсам агар мозоримсан, эй, Она юрт” деган ўтли сатрлари жонланди. Мезбонлар ўнгу сўлга таъзим қилиб, юртимизга омонлик, халқимизга осойишталик, Юртбошимизга соғлиқ тилаб дуо қилдилар. Тўсатдан менга ресторанга кўрк бағишлаш учун қўйилган сўзана, кашта ва турли хил кулолчилик буюмлари бир қадар жонлангандек туюлди. Улардан кўз узолмай қолдим. Мезбону меҳмонлар бир-бирларига кўрган-билганларидан сўзлардилар. Айниқса, Фарғона водийсида таваллуд топган Қудрат ака, Муҳаммадаюб, Нозимжон ва Аброржон одобу меҳмондўстлик борасида ажралиб турарди. Боз устига, барчалари инглиз тилини сув қилиб ичиб юборгандилар. Ўзбек дунёнинг қай бир манзилида яшаса ҳам, барибир, қонига тортиб, меҳмондўстлигича қолаверар экан. Агар шундай бўлмаганида, Сан-Франциско шаҳридаги “Ўзбек миллий таомлари” ресторани соҳиблари тахминан бир вақтда Сан-Франциско ва унинг теварагидаги етти юз нафарга яқин ўзбек аҳли жамоаларини тўпламас эдилар. Ош, манти, сомса, норин, лағмон, кабоб, манпар сингари бир-биридан мазали таомларни истеъмол қилганлар ўз юртларини бежизга эслаб кетмайдилар. Бу улар учун юртидан олисдаги энг ҳашаматли зиёфат бўлади. Шу боис бу жойдан ҳамиша ватандошларнинг қадами узилмайди. Сабаби, ўзбек ресторанида қуруқ маҳобат йўқ, балки заминда бақувват тўқлик, ҳақиқий ўзбекона турмуш, тутум яққол сезилади. Шу ўринда бир гапни айтмасам бўлмас. Мезбонлар билан илк бор қўл бериб кўришаётганимда, уларнинг юз-кўзларида меҳмонларга ҳурмат, манзур бўлиш иштиёқи жўш ураётганини пайқадим. Гўё мезбонларнинг кўзлари “бул ноз-неъматларнинг бариси сизлар учун, юртимиз учун” деб чорлаётгандай туюлди. Шуни ўйладим-у, ўзбекнинг мард ва тантилиги, кўкси очиқлиги учун ғурурланиб кетдим. Ичимдагини дарҳол ташқарига чиқардим. Самимий ибораларда Қудрат акага ўзбек ресторанининг баракали ва қулайлигини мақтадим. Чиндан ҳам, ўзбек юртдошларимиз саъй-ҳаракати ила олис Сан-Франциско заминида қад ростлаган “Ўзбек ресторани” ўша чоғда тўлиб бўлган эди. Биз, асосан, Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, халқимизнинг фаровонлиги, икки давлат муносабатлари ва умид ниҳоллари бўлган ёшлар ҳақида гурунглашдик. Ҳатто урф-одат, анъана ва тутумлар ҳам четда қолмади. Ватандошларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ҳурмат қилар эканлар. Ҳар йили уларнинг таваллуд кунлари тантана қилинар экан.
Шундан кейингина мен, афтидан, тўрт-беш киши бемалол ўтириб олиб, ҳордиқ ёзадиган чорпояга ўхшаш қўналғага чиқиб олишга муваффақ бўлдим. Айтганча, айнан ўша ернинг ўзида қаҳрамонларимизнинг кўрган-кечирганларини, орзу-истакларини оқ қоғозга жо этишни ўйлагандик. Қудрат доктор жуда закий, сўзамол одам экан. Шу важдан суҳбат олови ловуллади. Суҳбатдошим “Ўзбекистон-24” радиоканали муҳаррири Абдувоҳид Ачиловга, “Qalampir.uz” сайти ходими Шаҳзод Нусратуллаевга ялт этиб қаради. Бу: “Оға, бошламайсизми?” дегани эди, чамамда.
Аслида, Абдулла Қодирий бобомизнинг “Ўткан кунлар” романида маромига етказиб тасвирланган кўҳна Марғилонда Қудрат ака дурустгина ҳаёт кечирарди. Қачонлардир, бундан ўн саккиз йил бурун ёшларни ҳаракатга келтириб, турткилаб, уйғотиб юборган буюк куч уни ҳам ўз юртидан олиб чиқиб кетганди. Ақли расо киши қарашларидан келиб чиқиб қараса, бу оқилона қарор эди. У АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрига келиб, қанчадан-қанча хайрли ишларни амалга оширди. Қолаверса, ўз ҳаёт йўлида кўп синовларни бошидан кечирди. Бора-бора бу ердаги ҳаётга кўникди.
“Ўзбеклар дунёдаги баъзи халқларга нисбатан озчиликни ташкил этса-да, буюк халқдир. Халқлар мавқеи эса уларнинг оз ё кўплигига қараб эмас, тарихи, маданияти, инсониятга етиштириб берган буюк даҳоларига қараб белгиланади”, деганида канадалик олим ва адиб Билл Фримен минг бор ҳақ эди. Чиндан ҳам, ўзбеклар дунёдаги энг қадимги халқлардан саналади. “Қадим ўзбек халқисан, Асл одам авлоди, Миср эҳромларидан Тарихинг қарироқдир. Хоразмнинг ҳар ғиштида Боболарнинг ижоди Англо-саксонлардан Анча юқорироқдир” отлиғ ўтли сатрлари билан академик Ғафур Ғулом халқимизнинг қадимийлиги ва буюклигига ишора этган бўлса, ажаб эмас.
Ўзбекистонда туғилиб, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар… Улар ҳақида авваллари эҳтиёткорона сўзлар эдик. Ваҳима, қўрқув, шубҳа тўрлари юрагимизни ўраб-чирмаб олганди. Аллоҳга шукур, эндиликда бу тўрлар сидириб ташланди. Тақдир тақозоси ила ўзга юртга кетиб, яшаб қолган, ўша ерларда фарзандлари туғилиб, ҳамон ўз киндик қони томган муқаддас Ўзбекистонни Ватан деб билганларни халқимиз ўзига хос ҳурмат, иззат-икром, меҳрибонлик ила қарши оладилар. Уларни бағрига босиб, жонига жойлайдилар. Сир эмас, собиқ Бухоро жумҳурияти раиси Усмонхўжанинг ўғли Темирхўжа тақдир тақозосига кўра Олмонияда яшаган. Унинг тубандаги сўзларини тинглаганингда, юрагинг бир қалқиб кетади. Шу тобда ўша сўзларни айнан келтиришни маъқул топдик. “Шуни айтмоқчиманки, Ватандан чеккада ҳам ватанпарварлар яшайди, улар ҳам Ватанни худди сизлар каби севади, улар ҳам шу халқ йиғласа, йиғлайди, кулса, кулади… Ватан — бу илдиздир. Бу юртда илдиз отмаган, унинг тупроғини ҳурмат қилмаганлар бу ерни Ватан қилолмайди. Илдиз — рўпарангда боболар арвоҳи чирқиллаб туришидир. Илдиз — шу ернинг тилини, урфини, фақат тилига эмас, қалбига сингдиришдир. Бизнинг боболар ҳам Туркистонни Ватан дейди, чунки илдизимиз, бизни кўкартирувчи, яшнатувчи тупроқ шу ерда. Биз бу тупроқни ҳеч қаердан топа олмаймиз. Тупроғини унутган одам — ўзлигини унутган одамдир. Мен Ватанда эмасман, Ватан менинг ичимда!…”
Дарҳақиқат, бугунги кунда Америка Қўшма Штатларининг турли минтақаларида яшаб, ўқиб, ишлаётган ватандошларимиз орасида жони Ватанда, Ўзбекистонимизда сақлангувчи кишилар оз эмас. Булар сафига қаҳрамонимиз Қудрат Раҳимхўжаевни ҳам қўшса бўлади. У Сан-Франциско шаҳар шифохонасининг жарроҳлик бўлимини бошқариш асносида “Ўзбеклар” жамиятига ҳам раислик қилади. Жамиятнинг асосий вазифаси ватандошлар бошини қовуштириш, АҚШ — Ўзбекистон ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқимизнинг минг йиллик урф-одатларини сақлаб қолиш, Мустақиллик, Наврўз байрамларини ўтказиш ҳамда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди билан ватандошларни таништириб боришдан иборатдир. Ана шу камтарона хизматлари инобатга олиниб, ўтган йили Қудрат Раҳимхўжаев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу хушхабар Қудрат акани билганларни беҳад мамнун этди. Турмуш ўртоғи Нозимахон Тожиматова, Калифорния университети тиббиёт йўналиши бўйича учинчи босқич талабаси, қизи Нодирабегим, ўғли Султонбек (11-синф ўқувчиси), кичик қизи — 4-синф ўқувчиси Комила дадалари билан фахрланишади. Ҳатто олис Андижондан қайнотаси Алижон Тожиматов ҳамда қайнонаси Намуна Раҳимовалар телефон қилиб, куёвини муборакбод этдилар. Уйлари даста-даста гулу чечакларга тўлиб кетди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллик қутлуғ шодиёнасини хориждаги ватандошларимиз ҳам кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Албатта, эрк, ҳуррият, истиқлолда буюк рамз мужассам. Сан-Франциско шаҳри ва кўрфази теварагида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари маслаҳатни бир жойга қўйиб, полиция кузатуви остида кўрфаздан машиналар кортежини ўтказдилар. Айнан ўша куни Сан-Франциско узра Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турди. Алҳол, ҳуррият байрами шодиёналари океан ортида Сан-Франциско шаҳри ва кўрфази теварагида ажойиб тарзда тантана қилинганлигини эшитиб, кўксимда ғурур туйғусини ҳис этдим.
… Ўзбек халқида “Отнинг оқлиги ой ўрнини боса олмайди” деган илиги тўқ гап бор. Тунда кўк тоқида балқиган ойнинг, қамарнинг танҳолиги, бебаҳолигига ишора бор бунда. Шу маънода, туғилган ер ўрнини, Ватан ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Бўлмаса, дунёдаги энг бой, энг қудратли шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ватани тупроғида, Андижон заминида ўсиб-унган қовуннинг бир тилими устида кўз ёш тўкиб ўтирмаган бўларди. Ватанни олови сўнмаган муқаддас ўчоқ дейинми? Ёки бўлмаса, чироғи мангу ёниқ муборак, файзли хонадон дейинми? Нима демай, Ватан ҳамиша қалбимизда, ботинимизда.
Халқимизда “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас” деган асрлар синовидан ўтган нақл бор. Ўзбек миллати хислати ва фазилатлари билан ҳар қанча фахрланса, шунча оз. Ресторан ичкариси айнан шу руҳда жиҳозланган. Ўзбекона миллий руҳ шундоққина уфуриб туради. Дарвоқе, биз ресторанда бўлган кунимиз ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз йиллик шодиёнасини нишонлаётган эканлар. Аслида, Қомусда барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз тўла мужассамлашган. Унда барча мамлакатлар Қомусидаги каби халқ манфаатлари устувор. Чиндан ҳам, у ерда ватандошлар кўрсатган эъзоз ва эътибор бизни мамнун этди.
Куртак ёзаётган ниҳоллар, бу — ёшлар. Дарҳақиқат, ёшлар шундай бир ниҳолки, ел ғирилласа, тебранади, шамол эсса, чайқалади, бўрон гувласа, гувранади.
Асроржон Арабжонов Америка Қўшма Штатларидаги истеъдодли йигитлардан бири. Унинг қувноқ ва беғубор болалиги Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги Қўрғонтепа шаҳарчасида кечган. Айни чоғда АҚШдаги университетнинг ҳуқуқ йўналиши бўйича магистратурасида таҳсилни давом эттирмоқда. Тиниб-тинчимас йигит бўш юришни эп билмай, истиқболли лойиҳага қўл урди. Мазкур лойиҳа мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди. Аёли Асал Ҳамидова қизалоғининг тарбияси билан банд. Шу аснода солиқ маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритади. Ёш оиланинг келажакдан умидлари кўп. Бу ҳақда Асроржон тўлқинланиб гапирди.
Муҳаммадаюб Акбаров босиқ, мулоҳазали йигит. Ҳуда-беҳудага орини солавермайди. Дунё кўрган. Эҳтимол, онаси Муҳаррам Валиева қаттиқ туриб, ўғлининг қўлидан етаклаб, Андижон шаҳридаги “Тараққиёт ўқув маркази”га олиб бормаганида, барчаси бошқа томонга ўзгариб кетган бўлармиди? Хуллас, Геннадий Морозов деган ўқитувчи ёшгина Муҳаммадаюбга қунт ва сабот билан кўп билимларни ўргатди. Олган билимлари беиз кетмади. Дастлаб у Андижон машинасозлик институтида, (онаси айни шу институтда талабаларга дарс берарди), кейинчалик уч йил давомида Норвегиядаги университетда сабоқ олди. Сал ўтиб, Сан-Франциско университетининг бакалавр дипломини олиш бахтига муяссар бўлди. Келажакда молия бошқаруви соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиш ниятида. Назаримда, Муҳаммадаюб юртидан узоқда юриб, она меҳри, опа, ака, ука, сингил қадрини англаб етгандай. Боғишамолга, Мирзо Бобур номи ила аталадиган боғга, музейга тез-тез бориб турарди. Улкан саркарда ва беқиёс шоир унинг учун мудом етиб бўлмас чўққи бўлиб қолаверади.
Асли андижонлик Нозимжон Тожиддинов оилада ёлғиз ўғил. Ота-онаси, яқинлари унга кўз тикиб турибди. Америка Қўшма Штатларига келганига ўн икки йил бўлибди. Шу вақт мобайнида минтақанинг йигирма бешта штатини кезиб чиқди. Ошна-оғайни, таниш-билиш орттирди. Ўзиям удли-шудли, қувноқ, кўнглида заррача кири йўқ йигит. Ҳамиша одамларга яхшилик қилиб юради. Ҳозирда оиласи билан Сан-Франциско шаҳрида туради. Линкольн университетида магистратурада молия йўналиши бўйича ўқияпти. Шу ердаги нуфузли университетда ишлайди ҳам. Ўз аравасини бировнинг кўмагисиз, мустақил тортишни ёқтиради. Унинг ўзини тутиши, фикр-мулоҳазалари бизга маъқул тушди. Назаримда, улар учун илмнинг ғунчалари энди очилади. Чунки уларда ижодкорлик, ўз устида ишлаш иштиёқи жуда кучли, юксак. Шунинг учун бу ёшлар иқболини, бахтини гоҳ иқтисодиёт, гоҳ ҳуқуқий, гоҳ таълим жабҳаларидан излаяптилар.
Ватан соғинчи, меҳр-муҳаббатини тараннум этишда ҳазрат Бобурнинг олдига тушадиган шоир топилмаса керак. Баъзида ўша маҳзун сатрларни ҳофиз ижросида тингласангиз, кўнглингиз сел бўлиб кетади:
Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
* * *
Эй ел, бориб аҳбобқа номимни дегил!
Ҳар ким мени билса, бу номимни дегил!
Мендин демагил гар — унутулғон бўлсам,
Ҳар кимки мени сўрса, саломимни дегил!
Зеро, инсон учун Ватан туйғуси муқаддасдир. Сени эъзозлаган, асраган юртни севиш эса бурчдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, Ватан Аллоҳ томонидан берилган буюк инъом, тақдири азал битигидир. Шунданми, ҳар бир онгли инсонни азиз ва муҳтарам ватанимиз соғинчи тинч қўймайди. Алҳол, шоира Хосият Бобомуродова мадҳ этганидек: “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”. Назаримда, бошқа гапга ҳожат йўқ.
* * *
Эртасига Нозимжон бизларга Сан-Франциско кўрфази устига қурилган кўприкни, Стифсон университети бинолари ва тажриба хўжалигини ҳамда қатор номдор телефон компанияларини кўрсатди. Университет ёрдамчи хўжалигининг бошқа жойлардан фарқи шу эдики, бу манзилда дов-дарахт, бута ва гуллар бисёр эди. Шох-шаббалар худди тиланчи гадоларнинг қўлларидай чўзилган, жўяк тортиб, экин экилган ерлар худди қушлар титиб ташлаган қопқадай.
— Ҳар куни тонг азондан бош қашлашга вақт тополмайдиган ёрдамчи хўжалик соҳиблари ишлари кўпайиб кетишига қарамай, қуёш ботгунча қадар тупроқни сиқимлайдилар. Айниқса, талаба ёшлар тадқиқотлар устида роса чаққон бўлиб кетадилар. Қани, ҳамма одамлар ҳам уларга ўхшаса, — деди шу университетда фаолият олиб бораётган ватандошимиз Нозимжон Тожиддинов.
Нозимжон шу тариқа ўсимликлар, дов-дарахтлар, буталар ҳамда бошқа кўрган-билганларини бир чеккадан гапириб берди. Унинг ҳикоясига қараганда, бу жой кўнгилга яқин бўлиб кетган. Шундай бўлса-да, у ўсимликлар хусусиятларини аниқлаб олмоқчи бўларди.
Кечки сайр маҳали Сан-Франциско кўрфази соҳилида ажойиб манзарага дуч келдим. Очиғи, менга денгиз мушукларини учратиш завқли эди. Гарчанд осмон булутли бўлиб, ёмғир томчилаб турган бўлса-да, шимимнинг орқа чўнтагини титкилаб, қотирилган нон бўлакларини олиб, денгиз мушукларига улоқтирдим. Улар нон бўлакларини тутиб олиб, тезда чангини чиқардилар. Назаримда, улар улуш олавериб, устаси фаранг бўлиб кетган эдилар. Шу тахлит овоз чиқариб, бир-бирларига суйкалиб, миннатдорчилик билдириб қўйди.
— Агар Сан-Франциско кўрфазида денгиз мушукларидан бошқа нарса борми деб қизиқаётган бўлсангиз, тортинманг! Расамади билан сўзлаб бераман, — деди очиқ кўнгиллик билан Нозимжон.
— Яхши бўларди, — деб уни рағбатлантирдим.
Соҳил бўйида Голливуд киноижодкорлари “Денгиз” деб номланган кинони суратга олган. У тез орада машҳурлик шоҳсупасига кўтарилди. Ҳув ана, катта сувлик ўртасида қаққайиб турган оролчани кўраяпсизми? Илгари қамоқхона бўлган. У ерда жиноятчилар сақланган ва қаттиқ қўриқланган. Соҳил бўйидан ҳар куни куй-қўшиқ янграр, аёл-эркаклар рақсга тушиб, хурсандчилик қилишар экан. Шодиёна ва хурсандчилик садолари қамоқхонага ҳам етиб борибди.
— Оҳ, нақадар ажойиб, нақадар роҳатбахш кеча! Ақлли-ҳушли одамлар ҳаётдан, тирикликдан шодон, беҳад ҳузурланишаяпти. Рости, уларга ҳавасим келаяпти. Умримнинг энг гўзал, беғубор дамлари сим тўсиқ ортида ўтаяпти. Мен одам эмасман. Нега деганда, ҳайвон ҳам ўз жигарини бекорга нобуд қилмайди. Бундан кўра қора ер бағрига кирсам бўлмайдими? — дея афсусланибди Жек деган маҳбус.
Аммо кеч эди. Ғишт қолипдан кўчган эди. Одамлар ҳанузгача маҳбуслар мана бу шеърни тилидан қўймаганлигини сўзлашади:
Майли, баён қилсин ғамгин қиссасин,
Ёдда тутганларга ўтган кунларни.
Қутлуғ бешигимиз — она замин-у,
Шиддатли, оловли, бўронли.
Уларнинг ғамгин, жилмайиб минғирлашлари ҳануз олис-олислардан садо бериб туради. Бу маҳбуслар қалбида армон бўлиб кетган ҳаётни соғиниш ҳақидаги хотирадир. Соҳил бўйи оқшом тушганда ажойиб манзара касб этади. Сон-саноқсиз чироқларнинг жимирлашидан кўз қамашади. Сувлик узра улкан кема сузиб юрибди.
Ўтган йилнинг охирларида кечган океан орти диёрига сафаримиз чоғида ёдда қоладиган лавҳалардан энг тотлиси Сан-Франциско шаҳридаги миллатдошларимиз билан суҳбатлар бўлди. Биз уларнинг нигоҳларида Ватанга соғинч туйғулари жилоланиб турганини ҳам илғадик. Тинч океани қадар бепоён, адоқсиз соғинч!
Улуғбек ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.