НАЖОТ КЎНГЛИНГДАДИР…
Ўткир РАҲМАТ
Дунёга назар сол…
Талотўп аро
Дам кулга дўнмоқда, дам ёнмоқда у.
Кунлари тунларга айланиб қаро
Оғриқлар ичида тўлғонмоқда у.
Дунёга назар сол…
Урчиб адоват,
Кимнингдир зулм-ла битми тузилди.
Бедор кўнгилларга чўкди ҳаловат,
Тап тортмас умидлар сафи узилди.
Дунёга назар сол…
Қўлларида ғул,
Орзиққан юраги озорга тушди.
Ёруғ кунларидан узилиб буткул,
Балки, сендайлар деб шу ҳолга тушди.
Ўйингда чарх урар недир, билмас тин,
Бир ёнингда нопок,
Бир ён ғаламис.
Бизни ўзинг билан сафдош билмагин,
Биз сен билан бошқа-бошқа йўлдамиз.
* * *
Хайрли ишларга шошмайсан энди,
Эзгулик нурига чулғанолмайсан,
Наҳот кўзларингни очмайсан энди,
Ғафлат уйқусидан уйғонолмайсан?
Учиб қўнасан бу шохга у шохдан,
Наҳот уялмайсан
сен ушбу тобда –
Беписанд, бепарво яшай олмоқдан
Аждодлардан қолган Она тупроқда.
Ҳамонки қаддинг тик,
Бошинг ҳам мағрур,
Ошингга бировлар сололмайди чанг.
Беманзил яшашдан қўрқмайсан бир қур,
Бемақсад яшайсан агар истасанг.
Йиғласанг хотиржам, кулсанг хотиржам
Яшайсан, билмайсан не қалб нолиши.
Қизиқтирмас ахир сени зарра ҳам
Сендан авлодларга нима қолиши…
Дунёга назар сол…
Қара қай кимса,
Бировлар ҳаққини юрар ўмариб.
У фақат яшаса, кунини кўрса,
Нега сен ҳақ сўзни айтмайсан бориб?
Кимлардир эрта-кеч чекади заҳмат,
Бир бурда нонини ейди ҳалоллаб.
Бепарво, беғамсан, сенда йўқ ҳиммат,
Мазлумлар дардини кўрмайсан ўйлаб.
Дунёга назар сол…
Ҳар истакни пул
Наҳотки амалга оширса зимдан?
Ҳалоллик, адолат чидамас буткул,
Бир садо чиқмайди нега ўзингдан?
Йўл топиб қай кимса бўлган амалдор,
Куни ҳам ўтади бамисли бойдек.
Кеча мироб эди, бугун дўкондор,
Шарқираб кўпирар гўёки сойдек…
Дунёга назар сол…
Нега ўйин кўп,
Бир-бирин алдаган тўп урарлардай?
Қўшиғи турфа хил, куйлари ҳам кўп,
Саҳнада ўзгармай кун кўрарлардай.
Қишлоғу овулдан келар овозлар,
Тафаккур олами сабза ургандай.
Ҳали чалинмаган ғуборсиз созлар,
Йўл топмай панада кутиб тургандай.
Ким борар уларни чин дилдан истаб,
Уларнинг бошини силовчи борми?
Ким борар уларни уфққа бошлаб,
Дунёда бахтиёр қилгувчи борми?
Дунёга назар сол…
Ғала-ғовурдан
Ўзлигин йўқотган, димоғи осмон.
Оёғи узилиб хорижда юрган,
Улар ҳам бандадир, улар ҳам инсон.
Она юрт тупроғи муқаддас, азиз,
Кун келиб соғинчи қийнайди ахир.
Умр ҳам ўтажак шамолдайин тез,
Неларга дуч қилмас бир куни тақдир.
Бегона ўлкада тортгандан азоб
Бағрингни қилгандан кўра юз бор хун,
Ўз тупроғинг, келгин, айлагин тавоф,
Шу ерда ғам чеккин, шу ерда суюн.
Умидингни сочиб яна елларга,
Турфа томонларга учарсан энди.
Бир ҳовуч дон истаб ўзга элларда
Наҳотки тузоққа тушарсан энди?
Наҳотки дилингда бирорта сўз йўқ,
Афсусу надомат чекмайсан ҳатто.
Нимадан, билмадим, ахир кўнглинг тўқ,
Нега сен бефарқсан, сендан йўқ садо…
Дунёга назар сол…
Фидойи ҳам бор,
Тонг билан уйғониб, шомни кузатар.
Ҳар ишнинг кўзини билгувчи саркор,
Қадами етган жой гулдир муаттар.
Қара, биноларнинг чўзганини бўй,
Юлдузлар сочилган оқшом бошида.
Ғурурлан, фахрлан, чиройидан тўй,
Гўзаллик мужассам унинг ёшида.
Болалар шодлиги гўё бир жаҳон,
Ёниқ нигоҳида кулги беғубор.
Уларнинг боридан келажак омон,
Бу замин эртаси ёруғ, бахти бор!
Ҳавасу ҳайратда ҳатто табиат,
Бу боғлар намойиш этади кўркин
Экилган ниҳоллар ўсмоқда беҳад,
Майсалар тебраниб яйрайди эркин.
Дунёга назар сол…
Олчоқлар қанча,
Бировлар ризқини юрибди қийиб.
Балолар ёғдириб, ташвиш солганча
Айбсизни айблар қийноққа қўйиб.
О, улар қурдирган саройлар сонсиз,
Ўзгалар ҳаққидан кўкрак керганлар.
Улар-ку виждонсиз, ғурур, имонсиз,
Уларни айтарлар: Худо урганлар…
Қай бири мажруҳу, қай бири майиб,
Ором йўқ кечаси уйқуларида.
Ўзининг ёғига ўзи қоврулиб,
Файзу барака йўқ ҳеч уйларида…
Сўрасанг, бу қинғир йўллар мен эмас,
Шайтону лаиннинг қилмиши дейди.
Осуда яшашга қўймас бир нафас,
Одамнинг ғўр нафси одамни ейди.
Бу дунё аталмиш ўйноқ қайиқда
Ким таловчи, кимдир эзгуликка кўрк.
Сени алқагувчи ётдан ҳайиқма,
Асли ичингдаги душманингдан қўрқ.
Замондош!
Ўйлаб боқ!
Ахир бор нажот —
Гар билмоқ истасанг, бир зум кўз ташла.
Қизингга дарс берсин номусу сабот,
Ўғлингни эзгулик, илмга бошла.
Унутма!
Бугундан гўзал сабоқ ол,
Аслида равонмас, паст-баланд ҳаёт,
Яхшиликка йўлдош қалбга қулоқ сол,
Нажот кўнглингдадир,
кўнглингда нажот!