КЎЙЛАКДАГИ ЯНГИ ФАСОН

ТАХАЛЛУС

Кечки оқшом телевизор кўриб ўтиргандим, бешик кўрпача тикаётган хотиним сўраб қолди.

— Дадаси, қўшниларимиз: “Эрингиз ёзувчи экан. Қанақа ёзувчи?”, деб сўраб қолишди. Нима дейишни билолмай қолдим, – деди у тикаётган кўрпачасини нари суриб. Бу савол мени ҳайрон қолдирди.

— Оддий, – дедим гапининг давомини кутиб.

— Оддийликка оддийку-я, катта ёзувчимисиз ёки ўртача?

— Албатта, катта ёзувчиман, – дедим мақтангандай.

— Нега унда ҳалиги, нимайди-я, ҳа, эсимга тушди, тахаллусингиз йўқ?

— Тахаллус?

— Ҳа, ҳа, тахаллус. Катта ёзувчиларда бўлар экан-ку. Мана, масалан, ҳмм… Ойбек, ҳа, ҳа, Ойбек, – деди у ўзининг топқирлигидан севиниб. – Ойбек, бу ёзувчининг тахаллуси. Тўғрими?

—Тўппа-тўғри. Шу масалани ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, – дедим ҳазиллашиб.

— Ўйланг, дадаси, ўйланг. Ўзингиз Абдулла Қодирийни айтгансиз-ку, тахаллуси кўп бўлган деб.

— Ҳа, буюк ёзувчининг тахаллуси кўп бўлган: Жулқунбой, Думбул, Овсар…

Хотиним шу ерга келганда ўзини кулгидан тутиб тура олмади.

— Нега куляпсан? – дедим ҳайрон бўлганча.

— Охирида нима дедингиз?..

— Овсар, нимайди?

— Жуда зўр тахаллус экан.

— Ўзимга шундай тахаллус қўйсаммикин?

— Зўр бўлади! Овсар! Қодирий ҳам хурсанд бўларди.

Хотинимнинг бу гапига ҳайрон қолганча қараб қолдим. У бирдан жиддий тортди.

— Йўғ-е, бу тахаллус сизга тўғри келмайди.

— Ҳозир ўзинг мақтаётгандинг-ку.

— Тўғри, лекин ўйлаб қарасам, қўшни хотинлар мени Овсарнинг хотини келяпти, дейиш­ларини хоҳламайман.

— Ундай бўлса шафқат дейман.

— Бўлмайди, сизда шафқат йўқ.

— Севикли ёр, дейми?

— Севикли ёр?! Кўнгилни қаранг-у! Жуда бачкана.

— Нега бўлмас экан? Қўшни хотинлар сени “Севикли Ёр”нинг хотини келяпти дейди. Нимаси ёмон?

— Ўйлаб гапираяпсизми? Қаёқдаги гап­ларни топасиз-а. “Севикли Ёр” эмиш…

— Топдим! Исмимнинг ёнига Шоҳ сўзини қўшаман.

— Шоҳ?! Қанақа шоҳ?! – ҳайрон бўлиб сўради у.

— Нима, шоҳ кимлигини билмайсанми? Шоҳ бу Шоҳда.

— Ҳа… Подшоҳ дегандай, – деди суюниб ва ўрнидан туриб қўлларини ўйнатганча ёнимга яқинлаша бошлади.

— Ҳой, ҳой, хотин, ўзингни бос. Ўғлимиз келиб қолади-я.

— Келса келаверсин, дадаси. Ана энди зўр тахаллус топдингиз. Қойилман!

У айланиб ўйин­­га тушар даражада хурсанд эди.

— Ниҳоят орзуйимга эришдим, – дея тепамга келиб кулди. – Энди мен маликаман.

— Нима, қанақасига малика бўласан?

— Сиз шоҳ бўлсангиз, мен малика бўлмай ким бўламан?.. Ахир шоҳларнинг хотини малика бўлади-ку! Ё эсингиздан чиқардингизми?.. Ахир тарихни зўр билардингиз-ку!

Бундан кейинги воқеалар нима билан тугашини ўйлаб, бу тахаллусдан воз кечишга қарор қилдим, аммо Малика сира унамаяпти. Бу энг зўр тахаллус эмиш. Нима қилай?.. Бошим қотди… Тезроқ бошқа тахаллус топишим шарт. Бўлмаса, уйимдаги Малика бошимда ёнғоқ чақади…

МАҚТАНЧОҚЛИК ОҚИБАТИ

Эрталаб чой ичгани ошхонага кирсам хотиним деразага қараб бир нуқтага тикилганча хаёл сурарди.

— Нечун эрталабдан хаёлингиз паришон? Нималарни ўйлаб ўтирибсиз,  хоним? – дедим кайфиятини кўтариш мақсадида ҳазиллашиб.

— Э… – деди у хомуш оҳангда. – “Ипподром”дан бешик учун олиб келадиган материалларим бор. Шуларни қандоқ олиб келсам экан, деб ўйлаб ўтиргандим. Мундоқ сиз ёрдам бермасангиз.

— Ўғлингга айт.

— У ишга кетди.

Бу гапдан сўнг суҳбат ёпилмаслиги учун мавзуни ўзгартиришга қарор қилдим. Чунки бозорга боргим йўқ эди.

— Аммо кечаги қариндошингникидаги тўй ва одамларнинг гапи зўр бўлди-да, – дедим чойдан ҳўплаб.

— Нимаси зўр бўлди?

— Одамлар ҳам қизиқ. Анови қариндошинг бор-ку, Шоди олифта. Кеча менга ёқадиган зўр гап айтди-да. Эшитсанг, қотасан.

— Нима деди?

— Хафа бўлмайсанми?

— Айтақолинг. Жа, резинкадай чўздингиз-да гапниям.

— Сени кўрсатиб: “Бу опачангизми?”, – дей­ди.

Хотиним бу гапдан ҳушёр тортди. Қошлари чимирила бошлади.

— Хўш, сиз нима дедингиз? — деди у бироз ўқрайганча.

— Сендан ёш кўринсам айб мендами? “Ҳа, топдингиз, мен унинг укасиман”, – дедим.

Хотиним бу гапдан кейин ўрнидан турди ва менга алам билан қаради-да:

— Шундай дедингизми? Наҳотки шундай дедингиз?

Унинг ғазаби ошгани сари жиғига баттарроқ тега бошладим. Чунки у ғазабланганда тамомила ўзгарар, чиройига чирой қўшиларди.

— Йўқ, йўқ. Ундай демадим. Укаси эмас, укажонисиман, — дедим янада қувониб. Хотиним бу гапдан кейин бирдан жаҳлдан тушди-ю, менга айёрона қараб кулди.

— Ҳали мен опача-ю, сиз укасимисиз?

— Янглишдинг, укажониси, – дедим тантанавор оҳангда.

— Ҳали шундайми?

У нима учундир хурсанд бўла бошлади.

— Бу менинг гапим эмас. Ўша Шоди новча, қилтириқ, олифта қариндошингни гапи.

— Опача укажондан каттами? – деди у катта-катта кўзларини сузганча жилмайиб.

— Албатта. Чунки у опа-ку, – дедим гап нима билан тугашини ўйлаб ҳам ўтирмай. Чунки ўша пайтда масрур эдим.

— Опанинг айтгани қонун, ука бўйсунадими?

— Бўлмасам-чи. Ахир опа катта-ку. Хўш, нега буни қайта-қайта сўраяпсан?

Ғалаба мен томондалигига тўлиқ ишонардим.

— Ундай бўлса, – деди хотиним қувониб, – ука, йўғ-е, нималар деяпман ўзи, укажон. Мана сизга пул. Чойингизни ичинг-да, “Ипподром”дан менга керакли нарсаларни олиб келинг. Хўпми? Мушкулимни осон қилган Худойимдан ўргилай. Қани туринг, дадаси, йўқ, укажон!

Ошхонада хотинимнинг ғолибона шодон кулгиси янграр, мен эса нима дейишни билолмай гаранг эдим…

КЎЙЛАКДАГИ ЯНГИ ФАСОН

Ишдан келсам, хотиним хурсандлигидан ўзича минғирлаб ашула айтиб ўтирибди.

— Ҳа, хотин, намунча, лотереясига машина ютган одамдай шодсан?

— Келдингизми, дадаси, қаранг туғилган кунингизга нима обкелдим?

У шундай дея целлофан идишдаги янги кўйлакларни қўлимга тутқазди.

— Қалай, ёқдими? – деди у севинчи ичига сиғмай.

— Яхши, барака топ. Раҳмат сенга. Мени ўйлаганинг учун, – дедим кўнглим тоғдек кўтарилиб.

— Сизни ўйлайман-да, дадаси, сизни. Бош­­қа кимни ҳам ўйлардим?

— Унда нега иккита бир хил кўйлак олдинг?

— Ҳа, энди биттаси ўғлингизга-да. Ота-бола бир хил кийиб юрсангиз деган мақсадда олгандим. Сиз каттасиз, ўзингизга ёққанини танланг. Дазмол уриб қўяман. Эртага ошга кийиб кетасиз.

— Танлаб нима қиламан? Иккаласи ҳам бир хил ўлчамда бўлса, фасони ҳам, ранги ҳам копия деяпсан-ку.

— Э… танланг дегандан кейин танланг-да. Ўғлингиз танлаб ўтирмайди.

— Ҳа, майли, – дедим ноилож. – Мана буниси менга бўла қолсин.

— Яхши. Буниси ўғлингизга қолади. Бозорда очиб ҳам кўрмовдим. Қани бир кийиб кўринг-чи.

Кўйлак қадди-қоматимга мос келди. Ёқалари ҳам ажойиб.

— Сизга жуда ярашди, – деди хотиним яна ҳам суюниб.

— Ўзим ҳам чаккимасман-да, – дедим мақтаниб.

— Тўғри, тўғри. Келинг, бу енгига белги қўйиб қўямиз.

У шундай дея қўлига нина билан ип олди.

— Белги нимага керак?

— Ҳа, энди ўғлингизнинг кўйлаги билан адашмасин дейман-да.

Эртаси куни янги кўйлакни кийиб ошга кетмоқчи бўлсам, енгидаги белги йўқ. “Оббо, ўғлимнинг кўйлагини кийиб олибман-ку”, дея ўйладим.

Шу пайт ҳовлиққанча хотиним келиб қолди.

— Шуни сиз кия қолинг, – деди у бироз хижолат бўлгандай.

— Нега энди? – дедим ҳайрон бўлиб.

— Кеча айтдим-ку, бозорда кўрмовдим деб. Мана бу ерида озгина дефекти бор экан, – деди кўйлакнинг елка қисмини кўрсатиб. – Унча билинмайди.

Қарасам… Кўйлакнинг елка қисми яхши тикилмаган. Етмаганига иккита жойида доғ бор эди.

— Нима бу? – дедим жаҳл билан.

— Ана шунақасиз-де, – деди хотиним тўнғиллаб. – Кўйлак олиб келсам ҳам гап эшитаман. Ахир болангизнинг елкалари кенг, ҳамма қарайди. Сизнинг ихчам елкангизга ким ҳам қарарди? Ундан кейин бу доғни кўрганлар кўйлакнинг фасони шунақа экан, дейди. Бемалол кийиб кетаверинг. Мен сизга атайлаб янги фасонли кўйлакни кийинг деяпман. Тушундингизми, дадаси?

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − twelve =