МАТТИ МАПИЙ

Муаллиф ҳақида:

Шуҳрат Маткарим — 1960 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз туманида туғилган. 1985 йили Хоразм Давлат педагогика институти (ҳозирги УрДУ)нинг филология факультети инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган.

Таниқли ўзбек  шоири  Матназар Абдулҳаким  ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира–эссеси, “Кун шундай бошланади” (2017 йил) қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган.

“Йилон”, “Салав”, “Қум этагида Оқ уй”, “Мақар” каби қиссалар муаллифи.

Машҳур инглиз адиби Эрнест Хэмингуэйнинг новеллалари ва таниқли рус адиби Василий Шукшиннинг қатор асарларини аслиятдан ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Шуҳрат МАТКАРИМ

(ҳикоя)

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари.

Куз қуёши атрофни эринибгина қиздирар, шўрдан нураб тирноғи тешилган бетон плитали девор тагида “полк ўғли” – семиз Мош ётарди. Қалин, ғуж бўлиб ўсган, сарғайиб битган  ажриқ устидаги мушук ҳам сап-сариқ, уни тўшаги –  сариқ ажриқдан бирданига ажратиб олиш  ҳам мушкул эди. У ҳозиргина қорнини яхшилаб тўйдирган, кўзлари беихтиёр юмилиб-­юмилиб кетарди. Мушук  ўт устига бор бўйи билан чўзилган, ҳар вақт-ҳар вақт узун думини эринибгина ўйнатиб-ўйнатиб қўяди.

Шавкат мушукка Матти мапий деб лақаб қўйган.

Шавкат ёш мутахассис –  ветврач. Ориқ ва бўйдор йигит. Матти – Матқурбон улар ишлайдиган “Паррандачилик фабрикаси”нинг кушхона цехи бошлиғи, фабрикадаги энг катта “авторитет-мапий”. Фабрикада Матқурбоннинг отини эшитган ҳар ким ҳам бир тискинади. Унинг салдоми шу даражада.  Ўзи нақ 150 кило келади, салобат билан юрса қорни тоғорадан ошган хамирдай баланд-паст, ўнг-чап­­га салдирайди. Овози бўғиқ, хирилдоқ. Ҳар сўзи ҳукм каби янграгани учун унинг оғзидан энг яхши гаплар ҳам қандайдир ёқимсиз эшитилади. Матқурбон одамларга ҳам лақаб қў­йишни хуш кўради. Бу унинг ёқимли эрмаги. Шавкатга қотирмоч, қозоқчирой директорга Шеше, гавдали бош бухгалтер опайга К-750 деган ва ҳакоза. Халқ уни Мапий – мафия, деб қўйган.

Фабрикадаги ҳамма Матти мапий ташлаган суякни ғажийди. У ҳар кимга вазни ва хизматига яраша улуш беради.  Айтиш керакки, бу улуш ўйнаб-кулиб оила тебратиш, жой солиб, машина минишга бемалол етади. Ҳамма маош билан тирикчилик қиладиган замонлар учун бу жуда катта гап эди, албатта. Матти мапий бегона аёлларга илакишган эркакларни жинидан баттар ёмон кўрарди. Бу гапнинг дарагини эшитганданоқ “айбдор”нинг “паёк”и шартта ярмига қисқарарди. Бир оғиз эътироз ва “паёк”нинг яна тенг ярми куйиб кетар эди. Аёллар билан ўйнашаман деганлар ярим  “паёк”ка рози бўлар, бўлмаса, оқ тавба-қора тавба қилиб,  дарров тузалиш йўлига ўтиб олардилар. Тўғриси, бундайлар кам эди. Одатда,  “ўйнаш суйган”ларнинг кўпи эт қизувида тўрва халтасини йиғиштириб фабрикадан жўнаб қолар, кейин сувга тушган мушукка ўхшаб Маттининг пойида тиз чўкиб ўтирар эди. Матти бу масалада аёвсиз эди.

Шавкат ҳар сафар мушукни “Матти мапий” деб чақирганда орияти ором оларди. Мушукни у, албатта, минғилаб чақирарди. Овози шу даражада паст бўлардики, баъзан ўз овозини ўзи ҳам эшитмасди. Бу жуда хавфли иш эди-да. Мапий  бунинг  шонглоқини эшитса ҳам Шавкатнинг икки оёғи осмондан келарди. Шундай. Мапийнинг кўнглига ўрнамаганлар аста-аста ўринларидан йилишиб кетаверар, директорми, бош инженарми ё бошқами, бунинг фарқи кам эди. Матти мапий эса мана минг йилдан бери шу ўтирган ерида муқим. Уни ҳеч ким ва ҳеч нарса  ўрнидан жилдиролмайди. У фабриканинг ҳам ўраси, ҳам гўри, ҳам кафани. Бир сўз билан айтганда, мапий — мафия.

Шавкатнинг  фабрикада иш бошлаганига тўрт-беш йиллар бўлди. У бу ердаги ишларнинг қочиқларини деярлик ўрганиб бўлди. Комбинат шунчалик катта, муносабатлар шунчалик чигил эдики, киши онгқилдоқ  бўлса бир кунда чувалашиб, адашиб  кетиши ҳеч гап эмас эди. Масалан, баъзи шу ерда ўн-ўн беш йиллар ишлаган кишиларни кўзини боғлаб улкан корхонанинг бир чеккасига олиб бориб ташланса, йўлини тополмай қолар эди. Лекин бу ерда бир нарсада асло адашмас эдилар: олди-берди ва ҳақларини санаб олишда. Асосий шиор, “Олдим ғўз-бердим гўз”. Буни ҳамма  яхши билар ва бу шиорга асло қасд қилинмасди. Чунки унга шак келтириш ўз оёғига ўзи болта уриш билан баробар эди. Ишчилар ўз цехларидан олти одим нарига чиқмас, ишга бир йўналишда бориб, шу йўналишда қайтар эдилар. Улкан фабрика ичида қонғиб-изғиб  юришга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам, зарурати ҳам, иштиёқи ҳам йўқ эди. Чунки ҳар кимнинг иши маълум, оладиган “паёк”и маълум, юрадиган “чиззиғи”  маълум эди.  Ким сал адашса, унинг устида Мапийнинг таҳдидли овози янграб қолар эди: “чиззиғингдан юри, чиззиғингдан!” Бу ерда ойлик маош яқин атрофдаги корхона ва ташкилотлардагидан анча юқори, “паёк”ни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, манглайига “Паррандачилик фабрикаси” деб ёзиб қўйилган бу дарвозадан кириб-чиқувчилар – хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичкина бўлсин, ҳар бирининг “гулдай ўнгишиғи”и бор эди. Фабрикага  ишга жойлашиш қийин эди. Шу сабаб бу ерда ҳар ким ўз иш жойига мушук тирноғини сичқонга ботиргандек ботирар ва ҳеч бир сабаб билан уни бўшатиш ва ўзи ишдан бўшаб кетишни истамас эди.

Лекин Шавкат худди мана шу Матти билан бир “ташлашиб кўришни” кўнглига туккан эди. Бу фикрга у фабрикадаги ҳамма кирди-чиқдиларнинг тагига аниқ кетканидан кейин келди. Мапий Шавкатга “қонуний” тегишли бўлган “паёк”ининг ўндан бирини ҳам бермас экан. Шавкат пулнинг ичида ўсган бола, бу нарсаларни яхши билади. Отаси бир вақтлар Мапийдан кам бўлмаган рутбада бўлган — катта бир савдо ташкилотининг омборчиси эди.

“Мош худди шу Матти мапийга ўхшайди”, ўйлади Шавкат мушукнинг ётишига қараб. “Кўринишдан жуда юввош, лекин ўлжасига шундай тез ва  сассиз ташланадики…” Шавкат ташвиш­ли жилмайиб қўйди. Ҳа, Мапий билан ўйнашиш ўйин гап эмас эди. Бу курашда ё ғолиб чиқиш ё йитиб кетиш керак бўлар, учинчи йўл йўқ. Лекин Шавкат ғажир бола эди ва унинг йигит юрагидаги ғужур онги ва вужудини тобора курашга шайлаган эди. Ётса ҳам, турса ҳам Шавкатнинг кўз олдида бир кўриниш намоён эди: шу бугунги мағрур Матти унинг қошида бош эгиб турибди.

Айни туш пайти эди. Ҳар ким ини -инига уриб кетган. Ким овқатланар, ким тушлик қилиб бўлиб, чекка-чеккада мизғир, дам оларди.

– Ҳаа, на гап? – деди Шавкат тушликни тамом этиб четроқдаги бос­тирма тагида қарта ўйнаб ўтирган уч-тўрт ишчи ёнига яқинлашар экан. – Бекорчиликми?

Ишчилар Шавкатга бир қараб қўйдилар-да, саволга жавоб бермай ўйин­­да давом этдилар. “Сен Мапиймисанки, биздан ҳол сўрасанг”.

– Қарта ўйнаганча бир фойдалироқ иш билан шуғуллансангизлар бўлар эди.

Йигитлар энди унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамадилар. “Нердан келиб қолди бу мағзава?”

Шу пайт кичкинагина, бурни юзининг деярли ярмини эгаллаган Комил асабийлашиб қўлидаги сўнгги қартани ерга тортиб урди.

– Ҳей, ан-нанг-нии… – кейин қалтироқ қўллари билан тўзғиб кетган жонсиз, сариқ сочларини текислаган бўлди. – Инди сен билан ўйнамиймай, Режжи. Ҳеч қўлни қўшиб ўйнаб билмийсан.

– Ҳо-ҳо-ҳоо! – кулди Режжи – Ражаб­бой. – Калланг қурсин сани Комми! Агар сен бўлмасанг мен эйём беш марта тузга чиқар эдим. Ўзи сани ўтингга ёниб ётибман. Уттирдингми, икки товуқ санинг бўйнингга.

– Жиллимисан-ай, сан! – баттар асабийлашди Комил. – Бугун эмас, эртанг инди. Мапийдан сўраб кўраман. Берса берди, бермаса юмурта бераман.

– Иби, иби, – деди Ҳамро –  буларни ютган томон. – Юмуртангни уйингга олиб бориб хотинингга бостир. Юмурта ўзимизда ҳам бор. Сен бизларга икки товуқ уттирдинг. Шуни чиқар.

Шавкат бу йигитларнинг ҳар кунги “паёки” бир коробка юмурта эканлигини билар эди. “Демак, улар бу сафар товуқдан ўйнабдилар-да”. Ўйинчилар ютуқ ҳақида қирқилишар, бир қарорга кела олмас эдилар.

– Менга қаранглар, эй уттирганлар! Сизларга бир таклиф бор.

Шу пайтгача одаммисан – йўқмисан, демаган қартабозлар, айниқса, икки товуқ уттириб,  не қиларини билмай турган жуфтлик Шавкатга кўз ташлашди.

– Нн.. ничик таклиф? – сўради Комил иложсизликдан бўйни зўрға ёр бериб. – На гап?

– Деловой гап, –  деди Шавкат қўл соатига қараб қўяр экан. – Ҳозир иккинчи цехга борамиз. Шу ерда айтаман не гаплигини. Бир иш этамиз. Ҳар қайсингизга икки товуқ. Бўлами?

– Уҳ! – деди Ҳамро тиржайиб. – Зўр-ку! Мапий билами?

– У билан ишингиз бўлмасин. Сизлар ишни битирасизлар, икки товуқни оласизлар. Бошқаси “Ўрага сичқон тушди – гулдур-гуп!”

– Гулдур-гуп! – Шавкатнинг Мапий тилга олинганда мутлақо тискинмагани ҳамиша хавфли ишларга хуморвоз Ҳамрога ёқиб тушди. –  Кетдик!

Ҳамро шаҳд билан йўл бошлаган бўлса-да, бошқалар бироз ишончсизлик билан қўзғалдилар.

– Яна бир гап чиқиб қолмасин, – Комил бу ерда қандайдир ёмон иш бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Қўрққанидан овози ҳам сал-пал қалтираб чиқди. – Матқурбон оға билиб қолиб…

— Аййй, – Ҳамро Комилнинг калласидан “шапка учирди” – енгилгина ҳаракат билан Комилнинг бош кийимини уриб туширадигандек харакат қилди. – Қўрқавармасанг-а!

– Бир гап бўлса, сени айтаман, – Ҳамрога чақчайди у. – Яхши, яхшии…

Шавкат ўриндиқлари олиб ташланган “Запорожец”га тўрт йигитни тиқиб фабриканинг бир чеккасига олиб борди. Ҳамма ерни оқбош, ёнтоқ ва қамиш босиб ётганлиги бу ерларга бу яқин орада одам оёғи тегмаганлигидан дарак берар эди.

– Даа, – деди Ҳамро теварак-атроф­­га ҳайрон тикилар экан. – Фаб­риканинг иккинчи цехи қуриб бош­ланди, деб эшитган эдик. Ина, ничик акан иккинчи цех.

Ҳақиқатан ҳам бу ерда фабриканинг иккинчи қисми, катта мажмуа қурилган, ҳамма нарса ишга тахт бўлиб, фақат унинг очилиш маросини ташкил этиб, қизил лентани кесишгина қолган эди. Аммо шу ерга келганда юрт ағдар-тўнтар бўлиб, бу бўлак ишга тушмай қолган ва мана йиллар давомида аста-аста чириб битмоқда эди.

— Бугунги ишимиз, – деди Шавкат қамиш босиб ётган биноларга ишора қилиб. – Ина шу газ трубаларни уч метр­дан 10-15тасини кесиб, “Заппи”нинг устина тахлийиз.

—  Биров кеп қолсаа, – Комил қош­ларини  кериб турганларга бир-бир қараб чиқди. – Ҳаммамизнинг кетимизга тепадилар.

– Ҳеч ким келмийди, ҳеч ким тиймийди, – Шавкат уларнинг ҳар бирига аввалдан тайёрлаб қўйган темир кесадиган майда тишли арраларини тутқазди. – Агар мабодо биров келиб қолганда ҳам ветврач Шавкат айтди, ина, устимизда турибди, деб мени кўрсатиб тураверасизлар. Бошқаси билан ишингиз бўлмасин. Ҳар қайсингизга икки товуқ, ина, мошинда тайёр турибди.

Йигитлар аввал ҳайиқиб, у ёқ бу ёққа қараб, қўрқа-писа иш бошладилар.

–  Тез-тез бўлинглар! – деди Шавкат. – Ярим соатдан сал кўп вақтимиз бор. Мен ҳозир келаман

– Нн…нерга?! – сўради Комил қўрққанидан тишлари таккиллаб. – Биров кеп қолсаа..

– Ҳеч ерга кетмийман, анави зданиенинг орқасини кўриб келаман, – деди Шавкат Комилнинг чумчуқюраклигидан истеҳзоли кулиб. – Кеч-печда кўчага ҳам чиқмасангиз керак.

– Чиқади! – Хохолаб кулди Ҳамро. – Қурвонжон билан бирга чиқади.

– Айй, харропп, –  деди Комил тиришиб. – Ўзингнинг хотинингга маҳкам бўлавар.

– Хо-хо-хоо!

Шавкат жангал, тикан, шўра ва қамишларни оралаб улкан бинонинг орқа томонига ўтди. Шўр очган, пўлсилдаб ётган майдонда улкан машиналарнинг излари бисёр эди. Бу ердаги бинолар каламуш кемирган пиш­лоқ бўлакларидай бир бошдан емириб, кўчирилаётган эди. “Булар беш-ўн метр трубадан қўрқиб ўтирибдилар”, ўйлади у унинг топшириғи билан ишлаётган ишчилар ҳақида. “Эҳ, ишчи халқи барибир содда бўлади-да”.

У айланиб машинасининг олдига келганда йигитлар ишни якунлаган эдилар. Яна тиқилишиб “Запорожец”га миндилар. Уларни олган ерига туширар экан, Шавкат уларнинг ҳар бирига икки товуқ солинган  халтача узатди.

– Эртанг ҳам шу вақтга тайёр бўлинглар, – деди у . – Эртанг батария оламиз. Оғирроқ иш. Шунинг учун эртанг ҳар кимга уч товуқдан.

– Ҳай, – деди Комил. – Буларни қоровул сўраса новви диймиз?

– Ветврач берди, денглар!

Шавкат ўғирлик трубалар устига ортилган “Заппи”сини олиб бориб тўғри фабриканинг темир дарвозасига тиради. Будкасида ўтирган қоровул “Запорожец”нинг устига намойишкорона уюлиб боғланган трубалар ҳақида суриштиришни режалаштириб ўрнидан оғир қўзғалди. Шавкат чўзиб сигнал берди.

– Тез бўл! – деди Шавкат буйруқ оҳангида қўрслик билан. – Бу на қиймилдомийсан?

Қоровул қандай чаққонлашганини ўзи ҳам билмай қолди. Тезлик билан темир дарвозани бир томонга куч билан сура кетди.

– Қўзғал, қўзғал! –  деди Шавкат. – Ухлаб ётибсанми ё?

Машина деярли дарвозадан чиқиб бўлгандагина қоровул ўзига келди.

– Ббу… на труба, не ерга борётир?

– Улли “Камаз”лар нерга борган бўлса шу ерга! – деди Шавкат. – Маҳкам бўл!

Шавкат машинасини асфальт йўлда шамолдай елдириб борар экан, “Бу Матти мапийсини ҳам қуёшламада ётмийдовун этаман”, деди ўзига ўзи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 4 =