Дўппи

(Ҳикоя)

Муҳайё ЎРОҚОВА

Муаллиф ҳақида:
Муҳайё ЎРОҚОВА — 1980 йилда Тошкент вилояти, Бекобод туманида туғилган. 1999 йилда Бекобод педагогика билим юртини, 2021 йилда Чирчиқ Давлат педагогика институтини битирган. Бекобод туманидаги 2-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди.
Ижод намуналари республика матбуотида эълон қилинган. “Эзгулик дарахти” номли китоби нашр этилган.

Бугун байрам. Қуёш чиққунча юмушларимни саранжомлаб бўлдим. Дўкондан дадам яхши кўрадиган мева ва ширинликлар олдим-да, йўлга тушдим. Шошган сари йўлим унмайди. Аксига олиб, бирор улов ҳам учрамади. Маҳалламизга кириб борганимда ёнимга бир машина келиб тўхтади. Ойнаси қора бўлганидан фақат ҳайдовчини танидим.

— Ўтиринг, опа, беш минг берасиз, ташлаб қўяман, — ҳазиллашди машина эшигини очган қўшнимизнинг шаҳарлик набираси.

— Борингга шукур! Сал эртароқ келмайсанми? Оёқларим узилай деди…

Машинага ўтиришим билан қўшни холадан ширингина танбеҳ эшитдим:

— Сендайлигимда шу йўлдан ҳар куни уч марта қишлоқ марказига пиёда бориб келардим. Сен ҳозирдан оёғим дейсан…

У елкамдан қучиб сўрашар экан, димоғимга гуп этиб қалампирмунчоқ иси урилди. Бирам ёқимли ифор! Бувимнинг кийимидан ҳам шундай ис келарди. Чунки, кўйлагининг ёқасига доим қалампирмунчоқ тақиб юрарди-да.

Машина бирпасда ғизиллатиб ота уйимга етказиб қўйди. Холани қучиб хайрлашдим. Йиллар давомида соғинган ифорни яна бир бор тўйиб ҳидлагим келганди.

Дарвоза ланг очиқ. Дадамнинг қизиқ одатлари бор-да, уйда бирор йиғин бўлса ёки байрам кунлари дарвозани катта қилиб очиб қўядилар. “Келган одам дарвозанинг тагида чақириб турмасин, ҳижолатсиз кирсин”, дейдилар.

Мени кўриб, укамнинг қизчаси:

— Аммам келди! Аммам! — деди-да, сўрашиш ҳам эсидан чиқиб, ҳовли томон чопиб кетди.

— Қайси амманг, каттасими, кичиги?

Аям набирасининг қўлидан тутганча менга пешвоз чиқдилар. Аям билан сўрашиб улгурмай, дадам кўриндилар.

— Яхшиям, бир маҳаллада яшаймиз, агар узоқроқ бўлса, билмадим, йилда бир келармидинг?

Дадам доим шундай. Ҳар ҳафта келсам ҳам шундай гина қиладилар. Сўраша туриб, ногоҳ кўзим дадамнинг бошидаги дўппига тушди. Яқиндагина кийганлиги билиниб турган, ҳали тахи яхши очилмаган марғилон дўппи. Эсимни танибманки, бошидан дўппини ечмайдилар. Ҳозир фақат масжидга борадиган ёки бўлмаса таъзияли хонадон эгаларигина дўппи кийишади.

Шу куни кечгача аямларникида қолиб кетдим. Уйга қайтгач, кечаси алламаҳалгача ухлолмадим. Хаёлим дадамнинг янги дўпписида. Бирам ярашиб турибди. Кўз ўнгимдан ўтган йили касалхонада кечган воқеалар ўта бошлади…

Дадам тўсатдан шифохонага тушиб қолдилар. Икки ойдан ошиқ шифохонада ётдилар. Докторлар операция қилиш кераклигини, охирги умид шу эканлигини айтишди. Операция куни аниқ бўлгач, қариндош-уруғ — ҳаммамиз шифохонага келдик. Аммам врач бўлгани сабаб, кўп нарсадан хабари бор. Укам билан ичкарига кириб кетишди. Анчадан кейин укамнинг кўзлари қизарган ҳолда чиқди. Бизнинг ёнимизга келмай, нарироқда турган амакиларимнинг ёнига қараб кетди. Аям билан синглим дадам ётган хонага кириб кетдилар. Мен шифохонанинг узун йўлагида қолдим. Ҳамширалар кўпчилик киришига рухсат бермади. Йўлакдаги стулда кутиб ўтирибман. Шу вақт бир врач келиб, ҳамширага:

— Бешинчи хонадаги беморни операцияга тайёрланг, ярим соатда операция… — деди.

Дадам… Бешинчи хонада дадам ётади. Кеча ёнидаги беморларга жавоб берилганди.

Ҳамшира аям билан синглимни ташқарига чиқарди. Менга эса яна киришга рухсат бермади. Ҳамширанинг нариги хонада иш билан чалғиганидан фойдаланиб, дадамнинг ёнига кириб олдим. Аллақачон дадам операцияга тайёр бўлибди. Икки оғиз гаплашиб улгурмай, хонага врач кирди. Дадамнинг кўнглини кўтарадиган гаплардан гапирди.

— Этингизнинг озгина ошиқча жойи бор экан. Шуни олиб ташлаймиз. Қийналмайсиз, бирпасда бўлади. Енгил операция.

Дадам индамадилар. Чунки, касалиниям, нима учун операция қилишаётганиниям жуда яхши биларди.

Хонадан чиқаётиб, бошини ушлади-ю, менга қаради:

— Дўппимни олиб бер! Дори қутиларининг устида.

Кийдиришимни истамай, дўппини қўлимдан олди. Қўли қалтираб бошига зўрға кийди. Инсульт таъсирида ўнг қўли яхши ишламасди.

Шифокор бир дадамга, бир бошида қийшайиб турган дўпписига ажабланиб қаради.

— Сиз операцияга киряпсиз! Дўппи керакмас!

— Биламан. Кейин ечиб қўярсиз.

Дадамнинг овози титраб чиқди. Кўзларидан икки томчи ёш сизиб ёноғига тушди.

Операция яхши ўтди. Дадам ўзига келганда ёнига кирдик. Бошида дўппилари бор эди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 8 =