Халқаро ҳамкорлик — ривожланиш асоси
Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек “Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласи” бўлиб турган вақтда дунёвий замонавий университет қандай бўлиши керак? Глобал олий таълим бўйича етакчи мутахассис Жамил Салми: “Дунёвий нуфузга эга замонавий университет, бу — мўл-кўл молиялаштирилган, истеъдодлар бир нуқтага тўпланган ва қулай бошқарув тизимига эга даргоҳдир”, деб таъриф беради. Бу дунёвий нуфузга эга олий таълим муассасасининг модели ҳисобланади. 2017 йилда Давлатимиз раҳбарининг қарори билан ташкил топган, 89 нафар профессор-ўқитувчи ва 800 нафар талаба билан иш бошлаган Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиали жамоаси юқорида таърифланган дунёвий университет мақомига эришиш йўлида бутун бир жамоа биргаликда бир куч бўлиб меҳнат қилмоқда.
Илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб бориш, бунинг натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш олий таълим тизимига маълум ва аниқ вазифаларни қўймоқда. Ташкил этилганига олти йил бўлган олий таълим муассасамиз илмий салоҳиятни юксалтириш, илмий иш ҳимоялари сонини ошириш мақсадида белгиланган режа асосида самарали иш олиб боряпти.
Профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчиларнинг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда чоп этилган мақолалари ва уларда иқтибослик кўрсаткичларининг ошиши ҳар бир тадқиқотларнинг илмий, инновацион ва долзарб маълумотларга асосланган бўлишини талаб этади.
2023 йилда халқаро кўрсаткичларга кўра ТДТУ Олмалиқ филиали профессор-ўқитувчиларининг илмий изланишларига (“Web of Sciense”, “Scopus”, “Google Scholar” ёки бошқа халқаро эътироф этилган базаларда мавжуд бўлган журналлар бўйича) кўрсатилган иқтибослар сони — 3751тани, “Web of Sciense”, “Scopus” ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси рўйхатига киритилган журналларда чоп этилган илмий мақолалар сони 240, 201 тани ташкил этганини эътироф этишни истардик.
Шунингдек, ўтган йили давомида ТДТУ Олмалиқ филиали профессор-ўқитувчилари томонидан 3 та дарслик, 14 та ўқув қўлланма яратилди.
Илмий-ўқув лабораториялари академик муҳитнинг ривожланиш маркази бўлиб, ўқитувчи, тадқиқотчи, докторант ва талабаларнинг турли хил йўналишда яратадиган ихтироларининг бошланиш нуқтасидир.
ТДТУ Олмалиқ филиалида таълим йўналишлари бўйича 21 та лаборатория фаолият юритади. Уч йил аввал Жаҳон банки кўмагида 1 млрд. 859 минг сўмга харид қилинган лаборатория жиҳозлари бугунги кунда кўплаб тадқиқотлар учун хизмат қилмоқда. 2023 йилда металлургия ва кимёвий технологиялар факультети учун янги лаборатория биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мавжуд 21 та лабораторияда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш билан бирга ўқув жараёнида ҳам кенг фойдаланиляпти.
Яна қувончлиси, Тошкент вилояти Қизилтоғ шаҳарчасида жойлашган ТДТУ Олмалиқ филиали ҳузуридаги академик лицейнинг 44 нафар битирувчисидан 38 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Мунтазам икки йил мобайнида мазкур лицей ўқувчилари республика ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида ўтказилаётган “Заковат” турнирида пешқадамликни қўлдан бермай, гран-при соҳиби бўлмоқда.
Кончилик иши факультети талабалари учун 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар-жойи қурилиши якунланиш арафасида. Қишки таътилдан сўнг металлургия ва кимёвий технологиялар факультети ошхонаси иш бошлади. Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 6 гектар майдон ажратилиб, янги маъмурият ва ўқув биноси ҳамда ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади — малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари билан халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу орқали юртимиздаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимларининг хорижий университетлар, илмий тадқиқот муассасаларида илмий ва академик тажрибасини орттиришига имконият яратиш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда.
ТДТУ Олмалиқ филиали бугунги кунда 6 та хорижий давлат — Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидаги 17 та олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бормоқда.
Йирик ҳамкоримиз Россия Федерациясининг етакчи олий ўқув юрти — Урал федерал университети Янги материал ва технологиялар институти билан илмий, ўқув, амалий ҳамкорлик фаолияти йўлга қўйилган. УрФУ делегациясининг таълим масканимизга ташрифи давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали аниқ тизим асосида магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг стажировка ўташи, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, шунингдек, республикамизнинг етакчи металлургия корхонаси “Олмалиқ КМК” АЖ базасидаги мавжуд тоғ-кон саноати муаммоларини уч томонлама ҳамкорлик асосида ўрганиш ишларини амалга ошириш режалаштирилди.
Яқинда Германия давлатининг Фрайберг Кончилик академияси Тоғ-кон институтининг директори, Саксония Фанлар академияси ва бошқа халқаро илмий академиялар аъзоси, профессор Карстен Дребенштедт бошчилигидаги бир гуруҳ профессор, аспирант ва талабалардан иборат делегация ташриф буюрди.
Қозоғистон Республикаси Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети йирик ва кўп тармоқли олий таълим муассасаси бўлиб, илмий-таълимий, интеллектуал, маданий марказ ҳисобланади. ТДТУ Олмалиқ филиали мазкур ОТМ билан узвий ҳамкорлик доирасида академик мобилликни йўлга қўйган. Университет олимлари филиалимиз талабаларига маърузалар ўқиш билан бирга, ёш тадқиқотчиларга маҳорат дарсларини ҳам ўтишди.
Ўқув ва илмий лабораториялар, ОТМ моддий-техник базаси билан танишиш мақсадида Жаҳон Хитой инвестиция фондининг Марказий Осиё бўйича мутахассислари Чен Чен ва Вуу Янг Киу филиалга ташриф буюрди. Мазкур халқаро фонднинг мақсади Ўзбекистонда истиқболли саноат лойиҳаларини ўрганиш, қўллаб-қувватлаш, молиявий сармоя киритиш бўлиб, мутахассислар саноатнинг металлургия ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда таълим тизими билан танишдилар.
Халқаро ҳамкорлик ҳар бир олий таълим муассасасининг мақсадидир. Бу орқали улар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга, жуда кўп нарсаларни ўрганиш имконига эга бўлади. Хитой Халқ Республикасининг “Beijing International Chinese College” томонидан олий таълим йўналишларида фаолият юритувчи раҳбар-кадрлар учун хитой таълим тизимини ўрганиш ва тажриба алмашиш бўйича ташкил этилган семинар-тренингда филиал директорининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари ҳам иштирок этди. Хитойнинг Гендан институти билан келгусида тегишли соҳалар кесимида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди. Пекин халқаро Хитой коллежи билан келгусида хитой тилини ўқитиш, таълим соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
2023 йилнинг 6-10 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ШҲТ Ёш олимларининг иккинчи конклави бўлиб ўтди. Конклавда Ўзбекистондан 6 нафар ёш олим иштирок этди, улар қаторида ТДТУ Олмалиқ филиали профессор-ўқитувчиси ҳам йирик халқаро илмий анжуманда қатнашди.
Бундан ташқари, Томск политехника университети Энергетика инженерлик мактаби доценти (Уфа) ТДТУ Олмалиқ филиали талабалари учун ўқув машғулоти олиб бориб, ўзи фаолият юритаётган университет ҳаёти, илмий ишлар, университет нуфузи ва бугунда эришилаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, халқаро хорижий мутахассислардан шри-ланкалик олим, фалсафа фанлари доктори, профессор Муҳаммед Рифки филиал фаолияти ҳамда илмий ва ўқув лабораториялари билан танишди. Талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларга Муҳаммед Рифки томонидан “Озиқ-овқат технологияси” мавзусида инглиз тилида маъруза ўқилди.
Иқтидорли талабалар жамиятнинг, ҳар бир оиланинг фахри, келажаги ҳисобланади. Профессор-ўқитувчиларимизнинг барча саъй-ҳаракатлари талабаларга чуқур билим бериш ва иқтидорли ёшларни саралаш, илм-фан йўлига йўналтиришга қаратилган. Бунинг натижасида 2023-2024 ўқув йилида 1 нафар талаба Президент стипендияси ва 3 нафар талаба номдор давлат стипендияларини олишга сазовор бўлишди.
ТДТУ Олмалиқ филиали ўз қадриятларига эга бўлган илм-фан даргоҳидир. Профессор-ўқитувчилар, талабалар билан амалга оширилаётган шундай лойиҳалар борки, унинг мазмун-моҳияти инсон қадрини улуғлашга қаратилган. “Маърифатга бахшида умр”, “Талаба ўқиган мактаб”, “Мен бир кунлик талабаман” лойиҳалари ана шундай кенг қамровли тадбирлардандир.
Мақсадимиз тадқиқотчилик салоҳиятига, ўз устида ишлаш ва лидерлик қобилиятига эга, касбий чегаралардан ташқарида ҳам бемалол фаолият олиб бора оладиган, ўзгарувчан дунё талабларига жавоб бера олувчи, ўз устида ишлашга интилувчи, ҳар томонлама ривожланган баркамол шахсни шакллантиришдир. Жамоамизнинг ҳар бир аъзоси бугун давлатимиз томонидан олий таълим тизими олдига қўйилаётган вазифаларни чуқур англаган ҳолда, масъулият билан ислоҳотларни амалга оширишга ҳисса қўшишни ўз бурчи деб билади.
Алишер САМАДОВ,
Ислом Каримов номидаги ТДТУ
Олмалиқ филиали директори,
техника фанлари доктори,
профессор.