Олис бўлди мен кўзлаган манзиллар

Яҳёхон ФАЁЗ

Муаллиф ҳақида:

Яҳёхон Фаёз (Маҳмудов) — 1988 йил Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. “Бахтимизнинг зар туморлари” номли  шеърий китоби нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

КЎНГИЛ…

Кўнгил тарафларга…

Усмон АЗИМ

Атиргулни алмашиб бўлмас

Ифорсиз гул ё алафларга.

Дилим ёнар, бевафо келмас

Кўнгил тарафларга…

 

Бир бор келгин, келмасанг бўлмас,

Кўзёш тўлар, юрагим тўлмас,

Меҳр демиш қадамингни бос

Кўнгил тарафларга…

 

Топганларим фироқ бўлди,

Манзилинг хўп йироқ бўлди,

Истакларинг сўроқ бўлди,

Кўнгил тарафларга…

 

Рашким томон манзилинг бор,

Ашким томон манзилинг бор,

Ишқни кўмгин шарафларга,

Келгин кўнгил тарафларга!..

 

ОТА

 

Ота, кўрмагандим сочингда оқлар,

Балки улгурмаган тушмоққа оқлар.

Чалғитди орзулар, алдади боғлар,

Кўнглимдек тош йўлда толди оёқлар.

Ота, соғинчларга тўлиб яшаяпман.

Тирикман, ҳар лаҳза ўлиб яшаяпман.

 

Ҳар саҳар кўзларинг гирён кутардинг,

Айт, бу соғинчларни қандай кўтардинг?

Биламан, дардларинг бўғзингда қолган,

Жимгина кутардинг, ғамлар ютардинг.

Шул ғамлар кўйида толиб яшаяпман.

Бардошим етмайди қолиб яшаяпман.

 

Бошим пана эди, бошпанам эдинг,

Йўлларим чароғон машъалам эдинг.

Ўздан бошқа дардим йўқ эди менинг,

Дуогўйим эдинг, сен малҳам эдинг.

Ота, суратингга боқиб яшаяпман.

Қара, кўзёшимга оқиб яшаяпман.

 

Армонлар ипида қолган бандиман,

Ўзни эплолмаган телба андиман.

Асрадим ўзимни, асрадим дилни,

Мен шундай нотавон сўқир бандаман.

Ота, саратонда қотиб яшаяпман.

Умримни арзонга сотиб яшаяпман.

 

Кўрган тушларимни сувларга айтиб,

Кўнглимнинг каъбаси – қишлоққа қайтиб.

Изларинг қўмсайман, исинг қўмсайман,

Йўлларда кезаман девона, дайдиб.

Юракни чокидан ситиб яшаяпман.

Сен томон манзилим кутиб яшаяпман.

 

КЕЛДИМ-А…

 

Олис бўлди мен кўзлаган манзиллар,

Шамол каби югурдим-а, елдим-а.

Ростга кўчди мен ўйнаган ҳазиллар,

Севгим, сени соғиниблар келдим-а!

 

Йўлим тўсди қовжираган хазонлар,

Йўлим кесди қанча нархи арзонлар,

Сочларимга қўниб-қўниб мезонлар,

Севгим, сени соғиниблар келдим-а!

 

Ой тўлишди, тинглаб-тинглаб дардимни,

Юлдузларнинг ҳасратдоши бўлдим-а.

Бир ўзингда баланд кўриб қадримни,

Севгим, сени соғиниблар келдим-а!

 

Кечиб бўлмас, унутиб ҳам бўлмагай,

Ошиқ ўлар, муҳаббати ўлмагай,

Қайтавердим юрагингдан сўрамай,

Севгим, сени соғиниблар келдим-а!

 

Гапларим кўп, лек қандайин айтаман?

Саволлардан кетолмадим илдам-а.

Мен ёнингга шеърларимда қайтаман,

Севгим, сени соғиниблар кетдим-а!

 

СУРХОНДАРЁ

 

Қишин-ёзин офтоб елканг жимирлатар,

Саратонда шовқин солиб оққан дарё.

Соғинчлари сўзга сиғмас, жим йиғлатар –

Сурхондарё, Сурхондарё, Сурхондарё.

 

Манглайига термизийлар битган диёр,

Алпомишин етти йиллаб кутган диёр,

Мозийдан сўз – илму ҳикмат тутган диёр,

Сурхондарё, Сурхондарё, Сурхондарё.

 

Доим далам, дея шошган деҳқон бобо,

Майса каби нурлар эмган чўпон бобо,

Келисида минг армонинг туйган момо,

Сурхондарё, Сурхондарё, Сурхондарё.

 

Бор ҳаёти оқшомгача заҳмат оғам,

Тақдирига мудом кўнган жўмард оғам,

Елкасига офтоб инган келбат оғам,

Сурхондарё, Сурхондарё, Сурхондарё.

 

Аллоҳ азал неъмат билан сийлаган юрт,

Бахшилари  таърифидан сўйлаган юрт,

Фарзандлари  тинчлигини ўйлаган юрт –

Сурхондарё, Сурхондарё, Сурхондарё.

 

Той-той бўлиб илк бор изим ботган тупроқ,

Олис кетсам, мени интиқ кутган тупроқ,

Азизларим, отам-онам ётган тупроқ,

Сурхондарё, Сурхондарё, Сурхондарё!

 

КЕЧИРГИН, СЕВГИМ

 

Дилда сўнмас муҳаббат ҳаққи,

Андуҳларни ўчиргин, севгим.

Мен ғарибни дилдаги аҳди,

Ошиғингни кечиргин, севгим.

 

Дардларинга бўлмасам дармон,

Баъзан-баъзан ранжитсам ёмон.

Аразламай топиб бир имкон,

Ошиғингни кечиргин, севгим.

 

Ҳа, эсимда гуллар тутганим,

Висолингга ашъор битганим,

Мен телбани шу юпатганинг,

Ошиғингни кечиргин, севгим.

 

Самолардан топган юлдузим,

Танҳогинам, якка-ёлғизим,

Дилда алам, бўғзимда бўзим,

Ошиғингни кечир, севгилим.

 

Ишққа вафо қилганми очун,

Барчаси ҳақ, барчаси оҳ, чин,

Сени жондан севганим учун,

Ошиғингни кечир, севгилим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 3 =