Чироғи ёниқ ҳамкасбларим
Эсимда, талабалик йилларимда юртимизда чоп этиладиган деярли барча нашрларни ўқиб борардим. Саноқлигина бўлган, кўпчилик яхши биладиган газеталарнинг эл-юрт меҳрини қозонган мухбирлари қаторида бўлиш биз учун ушалмас орзу бўлиб туюларди. Орзуга эса айб йўқ. Қашқадарёдек олис юртнинг тоғли бир чекка қишлоғида ўсиб-улғайган содда ва тўпори йигит бўлсам-да, публицист сифатида элга танилиб, моҳир журналист бўлиш учун тинимсиз ҳаракат қилдим.
Ўтган аср 80-йилларининг ўртаси эди. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг кундузги бўлимида таҳсил олаётган кезларим фарзандли бўлдим. Ўғлим Ҳумоюн туғилганди. Ўша пайтда рафиқам аспирант, мен эса талаба эдим. Ўқишдан ажралмаган ҳолда ишлашга мажбур бўлганлигим сабабли таҳсилни кечки бўлимда давом эттирадиган бўлдим. Дастлабки иш фаолиятимни қайси таҳририятдан бошлашни билмай, бошим қотди. Маслаҳат олиш учун элимизнинг ардоқли ва атоқли шоири Абдулла Ориповнинг олдига югурдим. Ўша вақтлар “Гулхан” журнали бош муҳаррири бўлган шоири калон бир неча таҳририятларга сим қоқди. Хуллас, хорижлик ўзбеклар учун нашр этиладиган “Ойдин” газетаси таҳририятидан иш топилди. Бош муҳаррир Миад Ҳакимовнинг қабулига кирдим. Салом-аликдан сўнг Миад ака: “Эски ўзбек ёзувини биласанми? Лотин грамматикасини-чи?”, деб савол берди. Ростини — билмаслигимни айтдим. Ишга олишмади. Бор гапни устозга етказгандим, Абдулла ака телефонга яна қўл чўзди. “Ёш ленинчи” — (ҳозирги “Ёшлар овози”) бош муҳарририга сим қоқди. Хайрият, ёшлар таҳририятининг хатлар бўлимида мухбирлик штати бор экан. Газета раҳбарига учрадим. Бош муҳаррир устозни жуда ҳурмат қилар экан, шу куниёқ ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди.
Хуллас, устоз Абдулла Орипов тавсиясига кўра, 1985 йилда “Ёш ленинчи” газетаси таҳририятининг хатлар бўлимида дастлабки иш фаолиятимни бошладим. Ҳозирги “Матбуотчилар уйи”нинг 5-қаватида жойлашган ёшлар нашрида устоз журналист Абдуҳамид Фозилов бошқарган хатлар бўлимида (у киши кейинчалик кўп йиллар “Қибрай садоси” газетасида бош муҳаррир лавозимида хизмат қилган, бугунги кунда пенсияда) ишга тушиб, бу қутлуғ даргоҳ нақадар табаррук маскан эканига чин дилдан амин бўлдим. Ҳамкасб оғаларим — бош муҳаррир ўринбосари Абдураҳим Абдуллаев, масъул котиб Фаррух Раҳимов, бўлим мудирлари ва мухбирлар Сафар Остонов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Маҳкам Раҳмонов, Карим Раҳимов, Турғун Назаров, Сувонқул Рустам, Зайниддин Мамадалиев ҳамда мусаҳҳиҳ Қурбон Эшматовдек ажойиб инсонлар билан ҳамкору ҳамқадам бўлиб ишлаганимдан доимо фахрланиб юраман. Таҳририятнинг ижодий ходимларидан — адабиёт ва санъат бўлими мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари — таниқли шоира ва публицистлар Муқаддас Абдусаматова, Умида Абдуазимова, зукко шоир ва мутаржим (машҳур “Авесто” китобининг таржимони) Асқар Маҳкам, шоир ва журналист Шавкат Туроб, истеъдодли публицистлар Зайниддин Рихсиев, Ислом Усмонов, Лола Соатова, Гулнора Мирзаҳошимова, фотомухбирлар Муҳаммад Амин (Алимурод Мамадаминов), Эркабой Ботиров сингари таниқли ижодкорлар газетанинг нуфузини ошириш учун заҳмат чекиб ишлар эдилар.
Назаримда, энг кўп ва машаққатли юмуш мен хизмат қиладиган хатлар бўлимида эди. Тасаввур қилинг, таҳририятга бир кунда 7 қопгача хат келиб тушар, биз уларни саралаб, махсус дафтарга қайд этиб, сўнг тегишли бўлимларга тарқатар эдик. Одамларни ўйлантираётган ташвиш ва муаммоларни дадил ёритгани, газетхонларнинг эътиборига тушиб, уларнинг кўнглига йўл топгани учун аксарият хатлар Сафар Остонов мудирлик қилаётган спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлимига тааллуқли бўларди.
Нимасини айтасиз, собиқ шўро тузуми даврида ҳамма жойда ечимини кутаётган чигал масалалар ошиб-тошиб ётарди. Шунинг учун ҳам кўпгина хатлар газетхонлар меҳрини қозониб улгурган, куюнчак журналист Сафар Остоновнинг шахсан ўзига аталган бўларди. Сафар ака хатларни синчиклаб ўқиб, мазмунига кўра саралаб, бир нечтасини рўйхатдан ўтказиб, раҳбарият топшириғи билан хизмат сафарига жўнаб кетар ва аҳолини безовта қилаётган ўткир муаммоларни ўрганиб, таҳлилий-танқидий мақолалар тайёрлаб келарди.
Ёшлар бўлимидаги иш фаолиятим мобайнида зукко публицист, “Жасорат” медали соҳиби Қурбон Эшмат билан орамизда бўлиб ўтган қизиқ бир воқеани ҳануз эслаб юраман.
Ёшлар таҳририятида ишлаётганимга ҳали бир ҳафта бўлмай, хатлар бўлимига газетанинг мусаҳҳиҳи — таҳририят “комсорги” Қурбон кириб келди. (У анчадан бери ишлар, шунгами, жамоада ўзига яраша ўрни бор эди). Менга қараб, дабдурустдан: “Ҳой бола, кимнинг эркатойисан, тўғридан-тўғри бўлимда иш бошлаяпсан? Кўзимнинг нурини тўкиб ҳозиргача саҳифа ўқияпман (ўша вақтда газета ҳафтада 5 марта чиқар, адади ҳам ярим миллиондан ортиқ эди)”, деди жиддий қиёфада.
Қурбон Эшматов мени “таъқиб” қилишда давом эта бошлади: “Ҳой бола, комсомолмисан? Нега значогингни тақмайсан, ҳозирги сиёсат шунақа, комсомолга содиқ бўлмаганлар ҳисобдан чиқариб ташланади. Тезда “учёт”ингни Киров райони (Юнусобод тумани)дан олиб, Ленин райони (ҳозирги Миробод тумани)га қўясан, йўқса, комсомолдан ўчираман! Ишга беш минут кечиксанг, бас, комсомолдан…”
Тўғриси, ҳар кунги бундай дағдағалар жонга тегди. “Ўчирсанг, ўчир, бир йўла қутулай сенданам, комсомолингданам!” дейишимни биламан: “Қамалиб кетасан, комсомольский наказания олиб!” деса бўладими? Азбаройи қўрққанимдан ишга кечикмасдан кела бошладим. Шу зайл бир ҳафта қатнадим. Қурбон бизнинг хонага кириб келди. Бундан кейин ўн минут кам тўққизда ишхонада бўлишим кераклигини уқтириб кетди. Нима эмиш, “комсомольский задание?!” Шундан сўнг ҳайрон бўлиб хатлар бўлими мудири Абдуҳамид Фозиловдан: “Бу “ўпкаси катта” ким бўлиб ишлайди ўзи?” деб сўрадим. “У газетамизда ҳам корректор, ҳам комсорг”, деди.
— Шу боланинг попугини пасайтириб қўйсак, сиз ҳам профсоюз раисисиз-ку, — дедим Абдуҳамид акага қараб. — Ўзингиз гувоҳсиз, ҳар куни вақтида келиб-кетсам, таҳририятга келган хатларни бекаму кўст ишласам. Мени бу “Азроил”дан ҳимоя қилинг, жон ака, — дедим ялингансимон.
Абдуҳамид ака мийиғида кулди-да:
— Хўп, сизни ўзим “поддержка” қиламан, — деб қўйди.
Эртаси куни ишга келиб, ўн дақиқалар ишлаган эдимки, “комсомол вожаги” Қурбон Эшматов яна ваҳима билан, ҳе йўқ, бе йўқ, салом-аликсиз хонамизга бостириб кирди. Кеча бўлим бошлиғимизни бу “хавф”дан огоҳ этганим учунми, унчалик ҳайиқмасдан бамайлихотир ўтирган эдим. Афсуски, хотиржамликка эрта берилган эканман. Қурбон ҳаммамизга (шоира Умида Абдуазимова ва Вазира Солиҳова деган қиз ҳам бизнинг бўлимда ишлар эди) қараб чиқди-да, бўлим мудиримизга қараб:
— Абдуҳамид ака, туринг ўрнингиздан! — дейиши билан мудиримиз худди солдатлардай шахт билан ўрнидан турди. — Бу ходимингизни (мени кўрсатиб) контроль қилинг! Йўқса, сизнинг ҳам масалангизни ўртага қўямиз, — дея чиқиб кетди.
Мудиримиз “хўп-хўп” деганча қўлини кўксига қўйиб қолаверди (кейин маълум бўлишича, Қурбон Эшматов Абдуҳамид акага “шундай қилсангиз, бир эрийман”, деган экан). Шундан сўнг муҳаррир муовини Абдураҳим Абдуллаев (раҳматли ажойиб йигит эди)нинг хонасига кирдим. Бўлим мудири Сафар Остонов билан гаплашиб турган экан. Бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтдим. Гап орасида ариза ёзиб кетиш ниятида эканимни ҳам яширмадим.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, Қурбонга маоши кўпроқ, юмуши камроқ иш топганимни айтиб: “Менинг ўрнимга ўтиб ишлайверинг”, дедим. У эса: “Шу ерда ишлайвер, жўра, кетсанг хафа бўламан, “просто” сен билан ҳазиллашгандим”, деди.
Қурбон Эшмат кўп ўтмай бўлимга ўтди. Қалами анча ўткирлашди, катта-катта мақолалар ёзиб, элга танила борди. Айниқса, ҳуқуқий мавзуда ёзган мақолалари газетхонларнинг эътиборига тушиб, унга арзи ҳол қилувчилар сони кундан-кунга орта бошлади. Ҳуқуқ мавзусида дадил ёза оладиган кам сонли журналистлар қаторидан жой олди.
Кейинчалик бу табаррук даргоҳда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Қулман Очил, Аҳрор Аҳмедов, Норқобил Жалил, Қўчқор Норқобил, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи-публицист Тўлқин Ҳайит, шоир ва журналист Амирқул Карим, журналист-ҳуқуқшунос, истеъдодли шоир Сирожиддин Рауф, хоразмлик ёшулли, истеъдодли ижодкор Рўзимбой Ҳасан ва бошқа маҳоратли журналистлар фаолият олиб боришди.
Пировардида, айтмоқчиманки, ёшлар газетаси таҳририяти ижодий жамоаси билан ҳамкору ҳамнафас бўлиб, қисқа муддат бўлса ҳам бақамти ишлаганимдан ҳамон фахр ҳиссини туяман. Ҳар бир ижодий ходимнинг ўзига хос бетакрор хислати, савт-сумбати бор эди. Қаламкаш устозларимизнинг ўгитлари, панд-насиҳатлари туфайли камтарона хизматларимиз билан ижодкорлар сафига қўшилиб, шундай дориломон кунларга етиб келганимизга шукроналар қиламан.
Таниқли ижодкор дўстимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, зукко ёзувчи-публицист Тўлқин Ҳайит эзгу ишга қўл уриб, “Вақтдан ўзган одамлар” китобини нашр эттирди. Ушбу китобда ҳамкасбларимнинг эссе-хотираларини ўқиб роҳатландим. Яқинда Алишер Навоий номидаги кутубхонада ана шу китобнинг тақдимоти ҳам жуда чиройли ўтганидан кўнглим яйради.
Ана шундай нурли, завқли хотиралар ҳам инсонга бурмунча таскин беради. Газета таҳририятининг аҳил ижодий жамоасида ўтган шавқли-шиддатли кунларимни ҳамон фахр ҳисси билан эслайман.
Йиллар… оқар сувдек ўтиб кетаверар экан. “Ёшлар газетаси”да ишлаган пайтларимни ўйласам, ҳудди кечаги кундагидек туюлаверади. Аммо орадан 35-40 йилча вақт ўтиб кетибди. Минг афсуски, юқорида тилга олган ҳамкасб-у устозларимиздан бугун кўпчилиги бандалик қилишган. Нетонгки, Сафар Остонов ҳам, Асқар Маҳкам, Қурбон Эшмату, Сувонқул Рустамлар ҳам орамизда йўқ. Аммо уларнинг номи, ижоди, чироғини ёқиб ўтиришган аҳли оиласи, фарзандлари, изи бор. Ана шу таскин беради кишига.
Азамат СУЮНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.