Миллий контент ҳаётимиз кўзгуси бўлсин!

Иш хонамнинг ойнаси мана шу майдон тарафда экани ҳам айни муддао бўлди. У ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам деразани очиб ташқарига қарайман, майдон ўртасида салобат билан турган Навоий ҳазратлари ҳайкалига кўзим тушади. Куннинг ўрталарида ҳайкал олдига одамлар, асосан ёшлар йиғилишди, тушунишимча, гул қўйиш маросими бошланяпти. Уларнинг сафида бўлгим келди, шошилиб кийиниб, ташқарига чиқдим. Лекин мен бинони айланиб катта кўчани кесиб ўтиб боргунимча, тадбир тугаган экан: ҳайкал пойида гуллар, у ер-бу ерда уч-тўрттадан ёшлар йиғилиб гурунглашиб туришибди. Доим так­рорлаб юрадиган Навоий сатрларини дилдан ўтказиб, ишхонага қайтдим.

Назаримда, энди университет кираверишида ҳозирлаб қўйилган замонавий саҳна олдида одамлар тўпланиб, тадбир бошланадигандек эди. Кун асрдан ўтганда ўша томондан узуқ-юлуқ хорижий мусиқалар эшитила бош­лади. “Ҳа, техникани созлаб, овозларнинг баланд-пастлигини текширишяпти, шекилли”, – деб ўйладим. Йў-ўқ… адашдимми?.. Сал фурсат ўтмай, асосан ёшлар ёки хорижий сайёҳлар учун уюштириладиган ўйин-кулги кечаларида қўйиладиган, миллий мусиқаларимизу миллий чолғу асбобларимизга бегона куйлар, қўшиқлар жаранглай бош­лади. Ҳарчанд тушунишга уринсам-да, ҳеч идроким етмасди: “Бугун – 9 февраль, Алишер Навоий таваллуд топ­ган кун. Шу муносабат билан, айниқса бугун, юртимизнинг барча ҳудудларида шоирни, унинг ўзбекни дунёда шарафлаб яшаётган асарларини эслаб руҳини шод этиш, эҳтиром кўрсатиш, ўрганиш ва ибратланиш куни.

Ёпиқ деразалардан-да даранг-дурунг қилиб эшитилаётган мана бу мусиқалар… балки, балки шу йўл билан ёшларни даврага чорлашмоқчидир?..” охирги гапимга ишончим қаттиқ эди: “Бугун — 9 февраль. Рўпарада Алишер Навоий номидаги университет. Майдон ўртасида Навоий ҳазратлари сиймоси… ахир бошқача бўлиши мумкинми?” Лекин мен бошқача бўлиши мумкинмаслигини дил­­­­да қатъий такрорлаганим сайин, ташқаридан айрим ўзбек эстрада қўшиқлари ва хорижий мусиқалар бир-бирига уланиб авжланиб борарди. Ниҳоят, иш вақти тугаб, ташқарига шошдим. Шом қоронғуси тушган, Алишер Навоий сиймосини тикилиб қарасанг кўз илғайди. Аммо унга орқа қилиб турган юзлаб ёшлар кучли чироқлар ёритиб турган саҳнадаги баланд бўйли, сочлари ёйиқ, костюм-шим кийган қизнинг қўлларини гоҳ икки ёнга ёйиб, гоҳ осмонга бигиз қилиб хорижий тилдаги хонишига юз тутишган.

— Бу тадбир ташкилотчилари ким? — деб сўрадим қатор турган ички ишлар ходимларининг биридан.

Улар бир йигитни, у эса баланд бўйли, ўз ишидан ғоят хурсандлиги юзидан кўриниб турган бошқа йигитни кўрсатди. Ўзимни таништирдим, у ҳам ҳокимиятда ишлашини айтди. Тўғриси, қиёфаси шундоқ кўз ўнгимда қолган ўша йигитнинг исму шарифини тўлиқ билишгаям тоқатим етмай, “Бу қанақа тадбир?” деб сўрадим. “Ёшларда ватанпарварлик туйғусини тарбиялашга бағишланган кеча”, деб жавоб берди у.

— Бугун, ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, Алишер Навоий таваллуд топган кун, мана шу тадбирни улуғ шоир ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказса бўлмайдими? Чунки…

— Биз кундуз куни Навоий ҳайкалига гуллар қўйдик, — гапимни бўлди суҳбатдошим.

— Яхши. Ёшларда ватанпарварлик туйғусини тарбиялашда Навоийдек ҳар жиҳатдан ибратли шахслар кам топилади…

— Биз бу кечага фалончи (йиғилганларни жўровоз қилиб шиорлар айттириши, қарсак устига қарсаклар чалдириши билан танилган воиз номини айт­­ди)ни таклиф қилганмиз. Нима, сиз қаршимисиз?

Мен ўша лаҳзаларда ўзимни эзгу, жуда муҳим мақсадини тушунтиролмаётган, аммо қаршимдаги навқирон йигитга ғаразгўй одам бўлиб кўринаётган кимсадек ҳис этдим. У ёқ-бу ёққа қарадим: кимлар  мусиқадан ҳам кўра шовқин-суронга ўхшаган садоларга монанд гавдасини тебратади, кимлар қўлидаги идишчасидан нимадир чўқилайди, ёнгинамдаги  қизларнинг бири иккинчисига ишора қилди: “Кетдик!” Мен ҳам ноилож ўз йўлимга кетарканман, ҳолатимга ечим Навоийнинг ўзларидан бўлди:

Мени мен истаган ўз суҳбатига

                                           аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин

                           кўнглум писанд этмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекис­тон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг шу йил 12 январда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида айтган: “Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз”, деган фикрлари республикамиз ахборот маконида хизмат қилаётган ижодий ходимлар олдига жуда долзарб, жиддий, масъулиятли, осон бўлмаган вазифаларни қўйди. “Долзарб, жиддий, масъулиятли” ифодаларини кўп ишлатамиз, ҳатто улардан ўйлаб-ўйламай навбатчи сўзлар қаторида фойдаланишга ўрганиб қолганмиз. Бу ўринда улар асл маъносидаги юкни кўтариб турибди. Зиммамиздаги бу долзарб масъулиятнинг осон бўлмаган жиҳатлари кўп ўйлантиради.

Илмий луғатларда янги бўлган контент сўзига “ўз-ўзини ифода этиш, тарқатиш, маркетинг ва / ёки нашр этиш учун нутқ, ёзув ёки турли хил санъат турлари каби бирон-бир восита орқали ифодаланиши керак бўлган ахборот воситаси” деб изоҳ берилади. Демак, контент яратиш ҳар қандай журналист, қаламкаш, блогернинг ўз-ўзини ифода этиши учун нутқ, ёзув ёки турли хил санъат турлари каби воситалар ёрдамида ахборот маҳсулоти ижод қилишидир. Бу қоида дунёдаги барча оммавий ахборот воситалари ходимлари учун бирдек тушунарли ва бирдек мезон.

Бизнинг олдимизга ўзбек ахборот маконида миллий контент яратиш,  дунёдаги воқеаларга  миллий манфаатлар нуқтаи назаридан баҳо бериш топшириғи қўйилди. Яъни, ахборот маконидаги маҳсулотларимиз она Ўзбекистон заминидаги ўзбекистонлик­ларнинг тарихи, маданияти, маънавияти, миллий менталитети, қадриятлари, урф-одатлари, неча асрлик илдизларидан ҳаёту ҳикмат олган замонавий анъаналарга кўзгу бўлиши керак. Миллий контент яратишнинг бошқача йўли йўқ, тўғрими?

“Ўзбекистон жуда катта тарихга, маданиятга, санъатга, билимлар ва илмларга бой мамлакат. Телевидение, интернетда берилаётган контент ҳам шунга мос бўлиши керак”, –  дейди Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси Шерзодхон Қуд­ратхўжа.

“Бугунги глобализм даврида кўряпмизки, ҳозирда ҳақиқатдан ҳар бир давлатнинг ўзига хос жиҳатлари, ҳамма нарсаси ўзиники бўлса яхши экан”, – бу “Фикрат” нашри журналисти Ғайратхўжа Сайдалиев фикри ва шу каби мулоҳазаларни кўп келтириш мумкин. Бу масаланинг ечими кимларгадир унча қийин эмасдек: тайёрлаган медиа маҳсулотининг қаеридадир бешикни эслаш ёки дўппининг расмини қўйиб қўйиш; қизалоққа атлас кўйлак кийдириб шеър айттириш ёки реп қўшиқчиси концерти ўтадиган саҳнани миллий нақшлар тасвири билан безаш (ва ҳоказо) билан уддалаб қўя қолса бўладигандек.

Аслида, дунё ахборот маконида ўзбек миллий контентини яратишдан мақсад – медиа оламида хорижликлар учун ўзбекона ҳаёт шаклу шамо­йилини чиройли, мафтункор, жозибали қилиб чизиб, тасвирлаб, ҳикоя қилиб бериш эмас; балки бу ота маконда, аввало, боболаримиз, момоларимиз, ота-оналаримиз неча асрлик синовлар, тажрибалар, меҳнату изланиш самаралари асосида тамо­йилга айлантирган, ибрат излаганга ибрат бўлишга муносиб ҳаёт тарзига, қадриятларга, урф-одатларга садоқатли турмушимизнинг ахборот воситаларида далилу исботлари билан қизиқарли, ёрқин, моҳирона акс этишидир.

Глобаллашув даврида глобал маданият ўзининг ташқи “ялтир-юлтур”лари, “бир мартагина бериладиган ҳаётда яшаб қолиш кераклиги”га кимларнидир ишонтира олиши, енгиллиги, осонлиги билан миллионлаб қалбларни юҳодек ютиб юбормоқда. Мана шу даврда она Ўзбекистонимизни шараф билан асраб-авайлаш; ўзбек халқининг ўзлигини байроқ мисоли юксалтириш; ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида жисм ва қалб саломатлигини, жамиятни эзгу мақсадлар йўлида жипслаштириб, унга жисмоний ва маънавий куч-қувват ато этадиган ўзаро меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик туйғуларини, оилаларда ҳақиқий баркамол авлод улғайтиргувчи сабру ирода, ҳалоллик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, каттага ҳурмату кичикка иззат фазилатларини бардавому барқарор этадиган реал ўзбекона ҳаёт тарзининг инъикоси бўлган ахборотларгина ўзбек миллий ахборот контентини ташкил этиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан қараганда… Наздимда, масаланинг жон томири ва юқорида қайд этилган осон бўлмаган томони шунда. Чунки “қозонда бўлса, чўмичга чиқади”. Ҳаёт қозонимиздан ахборот дастурхонларига тортиладиган (қўпол ўхшатиш бўлса-да) “масаллиқ”ларнинг аксариятида глобал маданият қиёфасию оқибатлари “барг ёзиб, гуллай бошлади”.

…Танишимнинг ҳикояси: “Қўшнимиз  – оила бош­лиғи чет элга ишлагани кетиб, аёли учта қизи билан қолди. Кўп қаватли бинода ҳам уйлари бор эди, ижарачи қўйишди. Бир-икки йилда иккита қизига енгил машина сотиб олишди, улар ҳовлидан машинада чиқиб, машинада кириб кетишарди.  Фурсат ўтиб, бир куни қўшни эркакни ҳовлиси олдида кўриб қолдим, у жуда асабий эди. Кўришдик, соғу омонлик сўрадим. Қўшним тўлиб турган эканми, ўз-ўзидан ёрилди: “Кўрмайсизми? Мен у ёқларда кимларгадир хизмат қилиб пул топиб юбораверибман… бу ерда булар… Кеча кечқурун келдим. Бугун эрталабдан дам олмоқчи эдим, қизларим ишга кетишган. Ишонасизми… ҳовлидаги ошхонаю омборхонани айланиб, бир марта овқат олиб келишга ишлатилган ювиқсиз елим идишлардан бир машинасини ахлатга олиб чиқиб ташладим…”

Кимларгадир тақлидан кўчадан овқат ташиб таомланиш билан гўёки аёллар юмуши камайганидан хурсанд бўлдик. Аслида, бу хурсандчилик бекани оила аъзолари орасида эъзозли қилган, улар ҳар куни миннатдорчилик билан эътироф этган, рўзғорга барака киритган, қариндош-уруғлар орасида ҳурматга сазовор этган пазандалик, саранжом-саришталик хислатларининг юпқариб, йўқолиб бориши эвазига келди. Бир донишманд ақли ўткир болага тикилиб ўтириб: “Агар унга қирқ кун кўчадан овқат ташиб едирилса, зеҳни ўтмаслаша бошлайди”, – деган экан.

…Бундан ўн беш-йигирма йиллар олдин қиз узатиладиган хонадонда тўйдан олдин маҳалла аёлларидан фурсати, имконияти борлари “кўрпа қоп­лади” маросимига йиғилишарди. Улар ўша куни бўлажак келиннинг кўрпа-тўшакларининг авра-ас­тарини тикиб, пахта солиб қоплаб, қавиб тахт қилиб чиқиб кетардилар…

Қўни-қўшниларнинг ўзаро аҳил, оқибатли, яхши-ёмон кунларида елкадошлиги шаклланишида шундай одатлардан ўтадиган “устоз” топилмаса керак. Илгари деярли барча уй бекалари енгил-елпи кўрпа-тўшакларини ўзлари қоплаб, қавиб олганлар, чунки улар бу ишни қўшниларидан ўрганганлар.

…Момолар, оналар назоратида янги чақалоқли уйга йигирма кунгача (баъзи жойларда 40 кунгача) қўни-қўшни, қариндош-уруғлар киришмас, аммо эмизикли аёлнинг аҳволи-ҳолатини билганлари учун иссиқ таомлар билан дарвоза олдидан йўқлаб туришарди…

Чунки оқила буви ёки она гулбаргдан ҳам нафис­роқ бўлиб турган икки жон – янги кўзи ёриган аёл ва чақалоқни уринтиргиси, безовта қилгиси, уларни ҳар хил назар-нафасларга дучор қилгиси келмайди-да! Кейинги пайтларда марказий шаҳарларда (айниқса, Тошкентда) она-боланинг туғруқхонадан чиқиб келишига қизнинг онаси бир нечта аёллар билан тоғора-тоғора егулик, қатор-қатор ки­йимчалар, куёв ҳамда қудаларга саруполар билан келиши ва уларни куёв томон уялмай қабул қилишида айрим кишиларнинг нафси роҳатланишидан бошқа қандай маъно-мақсад бор?!

…Ҳомиладор аёллар, қўшнию бегоналарни қўя туринг, ўзининг жигарлари, оиласидагилар олдида ҳам ийманиб, тортиниб кенг ва сипо кўйлаклар кийиб юришарди…

Ҳомиладор аёлнинг хунуги бўлмайди. Зеро, бу фаслда аёл шу қадар маъсум, мулойим, ҳимояталаб бўлади – ақлимизни таниганимиздан буён аксиомага айланганди бу хулоса. Энди… баданини сириб кўйлак, шим, европача кийим кийганча, тортиниш-ийманиш нималигини билмай ўтиб бораётган ҳомиладорни кўрганда ориятли аёллар уялиб ерга қарайдиган бўлди.

…Водийда қизлар 9-10 ёшга етгач, оналари ипак-сабоқ, иш кўрпача тайёрлаб бериб, дўппи (тўн, қийиқ, камзул) тикиш ўргатиларди. Ўсмир қизларнинг қўли нина-ипга ҳимарилиб ёпишмаслиги уят саналарди…

Ҳа, ҳунармандчилик маҳсулотларининг жамият ҳаёти ва иқтисоди учун қадр-қиммати юксак, шу билан бирга, ҳунар ўрганиш ва уни фаолиятга айлантириш баробарида ўсмир, ёш фарзандларда шакл­ланадиган меҳнатсеварлик, вақтни қадрлаш, сабр­-қаноатлилик, ижод қилишга, ўз меҳнати билан бошқаларни хурсанд этишга одатланиш ундан ҳам қимматлироқ, юксакроқ аҳамиятга эга.

…Дарвоза олдида гаплашиб турган иккита аёл узоқдан ёши улуғнинг қорасини кўриши билан ўз уйларига зувиллаб кириб кетишарди…

Бу билан бекорчиликдан келиб чиқадиган бемаънигарчиликлар камаярди, олди олинарди.

…Атлас ва адрасдан миллий бичимда тикилган либослар асосан саҳналарда қолди. Бу ўхшаши йўқ матоларимиздан тикилиб подиумларда намойиш қилинаётган айрим кийимларнинг бичими чет давлатлар ресторанларида қўшиқ айтадиган хонимларнинг либосигаям ўхшаб кетади. Уни кўриб “Эсиз мато!” – дейсиз.

Турли кимёвий ҳид ва таъмлар қўшиб тайёрланган ҳар хил идишлардаги емишларни туриб, юриб, телевизор кўриб ёки телефонга тикилиб чўқилаш; ўлганнинг устига чиқиб тепган каби бир мусибат ё муаммога учраб турган одамни видеога олиб элга овоза қилиш; ўсма, сурма, хиноларни эскилик сарқити атаб, лабларни дўрдайтириб, қош-кўзу юзларни бир қолипга солиш; ярашмаган қилиқларни рақс деб намойиш этиш – бу кабилар глобал маданият дунёсининг нуқслари. Улар инсон жисмию руҳиятидан саломатликни, қалбидан одамийликни, юз-кўзидан андишаю истарани ювиб, ўчириб ташлайди. Бундай аҳволга тушган инсон бахт­­ли бўлиши мумкинми?

Эҳҳе, мен билганларимдан саралаб айрим йўқотганларимиз, йўқотаётганларимизни тилга олдим. Билмаганларим, турли ҳудудларнинг ўзига хос анъаналари, одатларининг саноғи бормикин? Уларнинг ҳар бири моҳиятида қанча ҳикмату ибратлар мужассам. Буни халқимизга англатмасак, мағзини чақиб кўришга ўргатмасак, уларга кундалик турмушда онгли равишда риоя қилмасак, ахборот маконида ўзбек миллий контентини нимага асосланиб яратамиз?

Яна бир гап: ҳозир айрим видеороликлар, видеолавҳаларда миллийлик маъносида пахта йигираётган, пахтани чархда ипга айлантираётган, қозонда қайнаб турган пилланинг ипагини чувиб олаётган, ариқ ва дарёдан чархда сув чиқараётган момолар, боболарни кўрсатиш бугунги Ўзбекистон учун умуман ярашмайди. Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига мос қадамлари, тараққиёти, замонавий қиёфаси бугунги одамлар ҳаёти орқали акс этиши керак.

Қиссадан ҳисса деганларидек, дунёда ўзларини алоҳида имтиёзларга лойиқ деб ҳисоблаб, бизнинг миллий қиёфамиз ва ўзлигимизни йўқотиб ташлаб, ота макондаги ҳақ-ҳуқуқларимизга рахна солмоқчи бўлганлар қўйган мафкуравий тузоқлардан ҳушёру ғолиб бўлишимиз учун нималар қилишимиз керак? – мана шу ҳақда биргалашиб мулоҳаза юритсак, сўзлардан амалларга ўтсак…

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 8 =