“OYINA.UZ” портали — меҳмонимиз

Ҳозир жаҳон ахборот майдонида бир эзгу фикрга ўнта, балки юзта чалғитувчи маълумот тўғри келиши ҳеч кимга сир эмас. Лекин интернетни чеклаш, блоклаш тескари натижа бериши, энг тўғри йўл эса ўша битта яхшиликни бугун иккитага, эртага учтага кўпайтириш экани тажрибада исботланган. “Oyina.uz” маънавий-маърифий портали шу йўлдан боришни мақсад қилган.

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган электрон портал жамоаси ахборот оламида муносиб ўрин эгаллашга интилмоқда. Дастлабки қадамлари билан афкор омма эътиборини, эътирофини қозонмоқда.

“Oyina.uz”да тезкор ва долзарб янгиликлар, маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, илғор зиёлиларнинг ташаббуслари, мафкуравий жараёнлар таҳлили, фото-видеомаҳсулотлар, электрон ҳамда аудиокитоблар, тақдимот ва инфографикалар бериб борилади. Маънавий-маърифий порталнинг энг сара материалларидан сиз азиз газетхонларга ҳам илиндик.

Ўйлаймизки, қадрли юртдошларимиз, муштарийларимиз “Hurriyat”ни мунтазам ўқиб бориш баробарида “Oyina.uz”ни ҳам доимий кузатиб борадилар.

Шамсиддин КАМОЛИДДИН:
“Ўзбеклар Ўрта Осиёнинг суперэтноси бўлган

Тарихчи юртдошимиз Бахтиёр Алимджанов ўзининг “Ўзбек”дан “ўзбекистонлик”кача… ёхуд ўзликлар тўқнашувида тарихнинг роли” мақоласида ўзбек халқига “ўзбекистонлик­лар” деб аталмиш янгича ўзликни таклиф қилган. Бошқача қилиб айтганда, энди биз ўзимизни “ўзбек” деб эмас, “ўзбекистонлик” деб аташимиз керак экан. Муаллифнинг фик­рига кўра, “ўзбекистонлик” атамасига энг мос келувчи модель “қадимги суғдий модели” эмиш. Менимча, бу ўхшатиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Ҳар қандай олим ўзи билмаган нарса ҳақида фикр юритмагани маъқул. Фикримизча, муаллиф (Б.Алимджанов, таҳ.) суғдлар даври тарихи ва географиясини чуқур билмайди. Шунинг учун унинг мулоҳазаларида қўпол хатолар мавжуд. Хато маълумотларга асосланган хулоса ҳам шунга яраша бўлади, албатта.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, XVI-XIX асрларда Ўзбекистон аҳолиси ўзларини “ўзбекистонликлар” деб эмас, “ўзбеклар” деб атаганлар. XVII асрда яшаган бир ўзбек тарихчи ва географ олими Маҳмуд ибн Вали ўзининг “Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-ахёр” асарида бу ҳақида шундай ёзган: “Туркистон халқлари турли даврларда турли номлар билан аталганлар: Турк ибн Ёфас ҳукмронлиги даврида “турк”, Мўғулхон ҳукмронлиги даврида “мўғул”, Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида “ўзбек”. Лекин атрофдаги бошқа халқлар уларни илгаригидек “турк” деб атайдилар”. Бу гапнинг тасдиғини бошқа манбаларда ҳам кўриш мумкин.

Ва ниҳоят энди “ўзбекистонликлар” атамасига ҳам етиб келдик. Хўш, бу атама қачондан бошлаб ишлатила бошлаган ва кимларни англатган? Авваламбор шуни айтиш керакки, ўзбек тилида “ўзбекистонликлар” атамаси ҳеч қачон ишлатилмаган, ҳар қалай, советлар даврига қадар. Бу атама 1924 йилдан кейин рус тилида “узбекистанец” шаклида ишлатила бошлаган ва Ўзбекистонда яшовчи руслар ҳамда рус тилида сўзлашувчиларни англатган. Ҳозир ҳам худди шу маънода ишлатилади. Ўзбекистонда яшовчи руслар ва рус тилида сўзлашувчилар ўзларини “узбекистанец” деб атайдилар. Бу билан улар ўзларини маҳаллий ўзбеклардан ажратиб кўрсатадилар. Ҳужжатларда миллатини кўрсатиш керак бўлганда эса, ўзларининг келиб чиқишини кўрсатадилар. Бундай ёндашув советлар даврида қабул қилинган эди.

Жонли тилда, масалан, Францияда яшовчи барча одамлар келиб чиқишидан қатъи назар (арман, араб, яҳудий, рус ва ҳоказо) “французлар”, Англияда яшовчилар “инглизлар”, Германияда яшовчилар эса “германлар” (французчада “олмонлар”, русчада “немислар”) дейилади. Советлар даврига қадар Россия империясида яшаган барча машҳур давлат, фан ва маданият арбоблари “рус” деб аталган. Масалан, келиб чиқиши ҳабаш бўлган Александр Пушкин “буюк рус шоири”, келиб чиқиши татар, немис ёки яҳудий бўлган давлат, маданият ва фан арбоблари “рус олимлари”, “рус саёҳатчилари”, “рус дворянлари” ва ҳоказо деб аталган. Ўзбекис­тонда ҳам советлар даврига қадар шундай бўлган. Келиб чиқиши турли бўлган давлат, фан ва маданият арбоблари “ўзбек” деб аталган. Масалан, самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий, бухоролик Абдурауф Фитратнинг она тили форс тили бўлган, лекин улар ўзларини “ўзбек” деб билганлар.

Шундай қилиб, юқорида келтирилган маълумотлар асосида хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқимизнинг асрлар давомида ишлатилиб келган ўз номи бор — “ўзбеклар”. Буни XVII-XVIII асрларда Ғарбий Европада чизилган хариталар ва ясалган глобусларда ҳам кўриш мумкин. Уларда Ўрта Осиё ҳудудлари USBEK, USBEKIA, USBEGISTAN, унинг аҳолиси эса Usbeks (инглизчада), les Ousbek (французчада), Uzbeсiis (лотинчада), яъни “ўзбеклар” деб кўрсатилган. Ҳозирги кунда бундай ҳолатни ўзгартиришнинг ҳеч қандай ҳожати ҳам, зарурати ҳам йўқ. Аксинча, буни Ўзбекистон аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш керак. “Ўзбек” атамаси ўтмишда турли халқларни бирлаштирувчи этносиё­сий ва этномаданий маънога эга бўлиб, Ўрта Осиё минтақасида яшаган барча халқлар учун суперэтнос вазифасини бажариб келган бўлса, бугун ҳам бу атама Ўзбекистон ҳудудида яшовчи барча халқлар учун худди шундай суперэтнос вазифасини бажариши керак. Халқаро майдонларда Ўзбекистон давлати номидан ҳаракат қилувчи барча ўзбекистонлик ватандошлар “ўзбек” деб аталиши керак: ўзбек олимлари, ўзбек спортчилари, ўзбек тадбиркорлари ва ҳоказо. Қолаверса, бутун дунё тажрибаси ҳам айнан шуни тақозо этади.

 

Муаллиф: Шамсиддин КАМОЛИДДИН.

Батафсил ўқиш учун қуйидаги ҳавола ёки QR код орқали веб-сайтга ўтинг:

https://Oyina.uz/kiril/article/2443

 

Партияни титратган масал

Иброҳим Раҳим ва Неъмат Аминовнинг “Муштум”дан ҳайдалиши, ўлганнинг ортидан тош отганлар шармандали қисмати

“Сизнинг 1986 йили ёзилган “Кўнгул озодадир” қиссангизда: “Агар менинг сўзларимга шубҳа қилсангиз, масалчининг ҳолини, ана, Зоҳиджон Обиддан сўрангиз”, деган жумла бор, у нимани англатади?”

(Бир учрашувда менга шундай савол берилди.)

1983 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ССРга 24 йил раҳбарлик қилган Шароф Рашидов 66 ёшида вафот этди. Икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ва энг юксак Ленин мукофотига, ўнлаб орден-медалларга сазовор бўлган бу атоқли давлат ва сиёсат арбоби, таниқли ёзувчининг хотираси ўзи бир умр садоқат билан хизмат қилган коммунистик партия ва совет давлати томонидан қандай таҳқирлангани кўпчиликка яхши маълум.

Бу жирканч ишни, асосан, “Марказ”дан юборилган партия ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат “десантчилар гуруҳи” амалга оширди. Аммо уларнинг қонли пичоғини қайраб берган маҳаллий арбоблар ҳам оз эмас эди.

Буларнинг барчаси, табиийки, ўзбек халқи, айниқса, зиё­лиларнинг ғазаб ва нафратига дучор бўлди.

1984 йил июль ойида “Муштум” журналида фронтчи шоир Зоҳиджон Обидовнинг “Арслоннинг ўлими” масали босилиб чиқди ва бутун Ўзбекистонда ғулув қўзғади.

…“Арслоннинг ўлими” Марказком бюросида ғоявий қўпорувчилик сифатида муҳокама қилинди. Зудлик билан ташкилий чоралар ҳам кўрилди.

Журнал фаолиятида кечириб бўлмас сиёсий хатога йўл қўйгани учун бош муҳаррир Иброҳим Раҳим, бош муҳаррир ўринбосари Олим Қўчқорбеков, адабиёт бўлимининг мудири Неъмат Аминов ва унинг ходими, асар муаллифи Зоҳиджон Обидов ишдан ҳайдалди.

“Муштум”нинг ўша сони барча кутубхона ва матбуот дўконларидан йиғиб олинди. Бу шеър XX аср “Зарбулмасал”и ўлароқ шуҳрат топди. Кечагина ўртамиёна шеърлар ёзиб юрган Зоҳиджон Обидов умуммиллий қаҳрамонга айланди.

Ҳаётда ижтимоий адолат доим ҳам қарор топмаслиги мумкин, аммо илоҳий адолат бундан мустасно: Шароф Рашидовнинг хотирасини оёқости қилганлар кўп ўтмай ўзлари хор бўлди. Қай бирлари ишдан олинди, қай бирлари қамалди, яна баъзилари урилиб-сурилиб, шармандаликка учради.

 

Муаллиф: Хайриддин СУЛТОН.

Батафсил ўқиш учун қуйидаги ҳавола ёки QR код орқали веб-сайтга ўтинг:

 https://Oyina.uz/kiril/article/266

 

Армонларнинг юки эзса, кулиб ўламан… —

ШАРОФ БОШБЕКОВНИНГ “ФЕЙСБУК”ДА ҚОЛГАН ФИКРЛАРИ

Шароф Бошбеков турли тўдаларга қўшилмасдан, манфаатлар тўқнашувида мураккаб ролларни ижро этмасдан (чунки театр саҳнасида ўйнаган роллари бас эди унга), бировга малол келмай деб қисиниб-қимтиниб (ҳолбуки, бу дунёда мавжудлигинг кимларгадир халақит бериб қолар экан), ўзича яшаб, ўзича ижод қилиб ўтди (“Менинг мучалим йўлбарс”).

Шундай катта драматург биз билан замондошлигини биров билди, биров билмади. Охирги йилларда “Фейсбук” ижтимоий тармоғининг ҳадисини олиб, куйдирадиган-кулдирадиган фикр-мулоҳазалари билан кунда-кунора кўриниш бера бошлагач, минглаб мухлислари яна ижодкорни топиб олди. Бундан қувончини билдирган кўп эди.

“Ш”дан бошланувчи буюклар” ҳангомасига маддоҳликнинг жуда инжа йўлини топибсиз, деган ҳазилнамо изоҳ қолдирганимда, нозик ишорани илғаб жиғибийрон бўлиб қолгани эсимда. Ўйлаб қарасам, олтин ялоққа бош суқмай, борига қаноат қилиб, қўл учида яшаб ўтаётган ижодкорни бундан ортиқ таҳқирлаб бўларми?!

Шарофсиз дунёда Шароф Бошбековнинг интернет саҳифаларидан қуйидаги ёзмишлари, кечмишларини тўпладик.

* * *

Мен туғилмасимдан олдин бу дунёнинг расвоси чиқиб бўлган экан. Менинг сираям айбим йўқ.

* * *

Мен одамларнинг бахшиси, бахшиларнинг яхшиси устоз Фозил Йўлдош билан деярли ҳамқишлоқ эдим. “Деярли” дейишимга сабаб қишлоқларимиз ёнма-ён, жуда яқин эди. Айни қиш. Фозил ота “Кўмир, ўтин-чўпдан қийналиб қолдим, уйимдан чакка томяпти, ҳеч ким хабар олмайди”, деб Ёзувчилар уюшмасига, Олий Советга, Марказқўмга устма-уст шикоятлар ёзаверибди. Ўша пайтдаги Олий Совет Президиуми раиси Шароф Рашидов янги йилни кутиб олиш учун Самарқандга боради. Қайтишда “Оқсоқолдан бир хабар олиб кетайлик”, деб Фозил отанинг уйига кириб ўтади. Бахшининг хонадонида ҳурматли меҳмон шарафига қўй сўйилиб, катта зиёфат берилади. Қишлоқнинг бообрў одамлари қаторида бизнинг отамиз ҳам айтилади (отамиз ўша пайтлар “Қорамўйин” қишлоқ советида котиб бўлиб ишлаганлар). Аллоҳнинг қудрати билан ўша кечаси қалин қор ёғиб, уй эшиклари очилмай қолган, машинани кўмиб юборган (отамизнинг айтишларича, “от юролмас қор босган”). Меҳмонлар яна бир кеча қолишга мажбур бўлишади. Вақт ярим кечадан оққанда қўшнилардан бири деразани чертиб:

— Бошбек ака, ўғилли бўлдингиз! — деган хабар олиб келади.

— Нима исм қўясиз, Бошбекбой? — дейди Фозил ота.

— Ўзларингиз бир нима дейсизлар-да… — дейди отамиз бошини эгганча.

— Бўлмаса, ҳурматли меҳмонимиз шарафига “Шароф” деб қўясиз-да! — дейди бахши ота ва савол назари билан Шароф отага қарайди…

 

Тайёрловчи: Фаррух ЖАББОРОВ

Батафсил ўқиш учун қуйидаги ҳавола ёки QR код орқали веб-сайтга ўтинг:

https://Oyina.uz/kiril/article/2457

 

“Журналларнинг энг биринчиси ва яхшиси…”

…Сарлавҳадаги эътироф Абдулла Авлонийга тегишли. Унинг тўлиқ кўриниши қуйидагича: “Бу журнал “Ойина” чиққунча чиққон журналларнинг энг биринчи ва яхшиси эди” (Абдулла Авлоний. Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи // “Туркистон”, 1924 йил 24 июнь).

Ўзбек миллий матбуотида журналчиликка асос солган инсон Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳисобланади. Нашрнинг номланиши муқовада — араб, ўзбек, форс ва рус тилларида ёзилган: “Миръот”, “Кўзгу”, “Ойина” ва “Зеркало”.

Беҳбудий Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторига ёзган аризасида журнални ўзбек, тожик ва рус тилида чиқаришга изн сўраган. Лекин мустамлакачилар тилида фақат эълонлар берилган. Афтидан, русчани ҳам қўшгани Беҳбудийнинг арзи ижобий ҳал бўлишида муҳим роль ўйнаган.

“Ойина”нинг илк сони 1913 йил 20 август куни “Самарқанд” газетасининг 37-сони билан баробар чоп этилган. Бу ҳақда “Самарқанд”да “Арзи туҳфа” сарлавҳаси остида шундай сўзларни ўқиш мумкин: “Самарқанд” жаридасининг барча муштарийлариға ийди саъид муносабати-ла ушбу рақам ила “Ойина” мажалласи “Самарқанд” идораси тарафиндан ожизона туҳфа юборилди. Қабули маржуъдир”.

…“Ойина” ўз номига яраша иш олиб борди. Бўлиб ўтган ва содир бўлаётган, кутилаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатини мунтазам билдириб турди, уларнинг мазмун-моҳиятини муштарийларга тушунтиришга ҳаракат қилди.

Беҳбудий, аввало, ўзи ҳаммага ибрат бўлиб долзарб мақолалар ёзди. Журнални варақласак, сара публицистик асарлар муҳаррирга тегишли эканини кўрамиз: “Икки эмас, тўрт тил лозим” (1-сон), “Майда қарз, мулки кредит” (1-сон), “Миллатни ким ислоҳ этар?” (12-сон), “Оҳ, бонклар бизни барбод этди” (19-сон), “Туркистон тарихи керак” (38-сон) каби таҳлилий мақола, публицистик асарлари фик­римиз далилидир.

…Чор Россияси нашри бўлган “Туркистон вилоятининг газети” эса миллий журналда чоп этилган фикрларга қарши чиқишларни кўпайтиради. “Ойина”да ҳам бу газетадаги муносабатларга муносиб жавоб бериб борилади. Масалан, “ТВГ”да маҳаллий халққа “сарт” деган тамға босишга ҳаракат қилинади. “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат” газеталари ёпилишига бош бўлган миссионер Н.Остроумовнинг пуч даъволарига Маҳмудхўжа Беҳбудий “Сарт сўзи мажҳулдир” (“Ойина” журнали, 1914 йил, 22-26-сонлар) мақоласи билан асосли эътироз билдиради.

“Ойина” журнали таҳририяти фаолияти доимий назоратда сақланган. Ўзбекистон Марказий давлат архивида бизга далил бўлгулик кўпгина ҳужжатлар бор. Масалан, Туркистон ҳарбий округининг штаб бошлиғи имзоси билан Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига 1914 йил 19 август куни 100-рақамли хат юборилган. Мазмуни шундан иборатки, Биринчи жаҳон уруши даврида “маҳаллий матбуотда Россия манфаатига зид мақолалар пайдо бўлиши мумкинлиги боис” Туркистон ҳарбий цензураси Самарқанддаги нашрларни назорат қилиб туришни штабс-капитан Отаевга топширади. “Ойина” журнали корректураси учун кўчирма (оттиск)дан журнал босмадан чиқишига икки кун қолгунча юборилиши бош муҳаррир зиммасига юклатилади. Беҳбудийни ҳарбий округга чақиртириб, ушбу “ўта махфий хат” остига “Ўқидим ва маълумот учун қабул қилдим”, дея имзо чектиришган.

…Нашрни Россия ва мусулмон Шарқи зиё­лилари мутолаа қилишгани тўғрисида маълумот мавжуд. Беҳбудийнинг шогирдларидан бири Ҳожи Муиндан қисқача иқтибос: “Ойина” халқни уйғотиш учун яхшиғина хидмат этди… “Ойина” Туркистондан бошқа Тотористон, Коф­коз, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Мисргача тарқалар ва ҳар ерда суйиб ўқилур эди” (Ҳожи Муин. Самарқанд матбуотининг тарихи // “Зарафшон” газетаси, 1923 йил 23 июнь).

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз маблағи ҳисобидан очган, кўз нурини тўккан, қалб қўрини берган “Ойина” журнали миллат қайғуси, юрт озодлиги ва халқ маърифати учун кураш майдонига айланган нашрлар аввалида туради.

Муаллиф: Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори.

Батафсил ўқиш учун қуйидаги ҳавола ёки QR код орқали веб-сайтга ўтинг:

https://Oyina.uz/kiril/article/107

 

РЕКТОР МУТОЛААСИ

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА “Отамдан қолган далалар” романини ўқишни тавсия қилди

ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қуд­ратхўжа ҳамма ўқиши керак деб билган китоблар рўйхатини эълон қилиб, талабаларни бўш вақтдан тўғри фойдаланишга чақирди. Рўйхатга ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, соҳа бўйича қўлланма ва мотивацион китоблар ҳам киритилган.

Миллий адабиётимиздан:

  • Абдулла Қодирий — “Ўткан кунлар”;
  • Тоғай Мурод — “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Отамдан қолган далалар”;
  • Одил Ёқубов — “Кўҳна дунё”…

Жаҳон адабиётидан:

  • Фёдор Достоевский — “Телба”, “Жиноят ва жазо”, “Ака-ука Карамазовлар”;
  • Эрих Мария Ремарк — “Уч оғайни”;
  • Габриел Гарсиа Маркес — “Ёлғизликнинг юз йили”, “Ошкора қотиллик қиссаси”…

 

Батафсил ўқиш учун қуйидаги ҳавола ёки QR код орқали веб-сайтга ўтинг:

http://Oyina.uz/kiril/article/413

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =