Туркман булбули

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 февралдаги “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қароридан руҳланган таниқли шоир ва адиб Тўлқин ЭШБЕК яқинда улуғ туркман шоири Махтумқули ҳақида янги достонини ёзиб тугатди. Қуйида ана шу асардан парча муштарийлар ҳукмига ҳавола этилмоқда.

 

Туркман булбули

(Достондан парча)

 

“Жайҳун билан Ҳазар баҳри ораси,

Чўл устида эсар ели туркманнинг.

Гул-ғунчаси қаро кўзим қораси,

Қора тоғдан энар ели туркманнинг”.

Махтумқули

 

Саҳройи улусга азиз булоғи,

Ора-сира карвонлар қўнғироғи.

Тақирда етишган қовун, ғалласи,

Оналар шом чоғи айтган алласи.

Аммо шоир сўзи бу элга тотли,

У бир паҳлавондир – дўмбира отли!

Туркман манглайига шоирлар битган,

Қанчаси ўтмишда йўқолиб, йитган.

Танқис, ноёбликда саҳро лоласи,

Элни ҳушёр этган наъра, ноласи.

Шоир Озодий бор, бор яна Мастон,

Турди шоир ёзган марсия, достон.

Зунубий, Ўроз Хон, Маъруфий бахши,

Айтишув қилсалар эшитган яхши.

Анча назм қолган Муллонафасдан,

Холи айлар шеъри қайғу-қафасдан.

Махтумқули назми уларга дарға,

Маҳдудликни қилгай дилдан бадарға.

Ўз ҳолига қўйиб фикру оёқни,

Кезгандир Ҳинд, Озар ила Ироқни.

Махтумқули назми қилгач элни ром,

Туркман булбули деб қолдиргандир ном.

 

* * *

“Мағрур бўлиб кезма умринг гулига,

Дуч бўларсан бир кун хазон елига,

Юз йил яшаб, тушсанг ажал қўлига,

Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас”.

Махтумқули

 

Атрек дарёсида соҳил серёвшан,

Кафтдаккина овулдир Хожиговшан.

Бобо – Махтумқули шунда мусофир,

Ўрганган ҳар неки ҳунарга доир.

Деҳқончилик қилган – қовуну ғалла,

Тўқим тиккан қишда ишсизлик палла.

Шунда битта боши иккита бўлган,

Болалари билан ўтови тўлган.

Шеър айтган дўмбира чертиб гоҳида,

Ўғил-қиз етишган умр шохида.

Бир ўғлининг Давлатмамаддир исми,

Шеър бўлган ҳаётин катта бир қисми.

Таълим олган жойи Хива шаҳридир,

Оралиқда улкан Аму наҳридир.

Овулга қайтганда уйлаб қўйишган,

Туркманча тўй қилиб, туя сўйишган.

Кейин фарзандларни берган худойим,

Яшаган ҳамиша деб “уйим-жойим!”

Махтумқули ибн Давлатмуҳаммад,

Катта оилада учинчи фарзанд.

Бобосининг номи унга қўйилган,

Таъби назми жуда эрта туюлган.

Бободан шеър ила дўмбира мерос,

Шоир Озод номи отасига хос.

Руҳий тарбияда отаси – пири,

Маҳлиё айлаган шеърият сири.

Мол боқиб, отага тиргак бўлган ул,

Таёқни мингандир бамисли дулдул:

Ўланлар куйлаган барханлар ошиб,

Хаёли оламни олмоққа шошиб.

Ўн беш ёшларида она кўз юмган,

Кун бўйи йиғлаган кўтармай ўмган.

Илк шеъри марсия бўлди онага,

Қамалиб олганча якка хонага.

Куй чиқар куйгандан ёки суйгандан,

Олим чиқар билимга бино қўйгандан.

Ота ўз ўғлига олгани таълим,

Катта муллолардан тутган муаллим,

Маблағ ила доим уни қўллаган,

Хива томонларга қўрқмай йўллаган.

Улуғ мадрасадир бунда “Шерғози”,

Етишгандир қанча олиму қози.

Бозорида Хитой, ўруслар моли,

Марғилон адраси, ангор рўмоли.

Савдо аҳли сўйлар турлук шевада,

Уста пўстиндўзлар бордир Хивада.

Изиллайди қишнинг шамол, совуғи,

Музлаб қолар ҳатто тўқай товуғи.

Осма қовунлари етгай то баҳор,

Минораси азон таратар наҳор.

Ёш шоирнинг ошар илми, илҳоми

Шеърларида эрди Фироғий номи!

Тунлари ухламас шоир ва чароқ,

Шеърлари тарқалар вароқма-вароқ.

Аммо келиб қолди шунда шумхабар:

Оила бошига ёғилмиш хатар…

 

* * *

“Макон айлаб уч йил едим тузингни,

Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”

Ўтказдим қишингни, наврўз, ёзингни,

Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози”.

Махтумқули

(Хивадаги “Шерғозихон” мадрасаси билан хайрлашув)

 

Хивани бир кўриб тўйган бормикан?

Ўзга жойни яна суйган бормикан?

Устозлардан кўнгил бўлурми узиб,

Кетмоқ мумкин фақат кўнгилни бузиб.

Миноралар атлас кийган кошиндан,

Гул унар тупроққа қўшиб тошиндан.

Асрий гужумларнинг сояси қуюқ,

Қанча зотлар чиққан бу ердан буюк.

Аммо сафар қариб, шумхабар етди,

Ёш шоир ноилож бош олиб кетди.

Афғон томон кетган икки оғаси,

Бошдан жудо мисли қамиш қўғаси.

Элчи касби шундай хатарли юмуш,

Насиб ҳам этмабди уларни кўмиш.

Абдулло оғаси, Муҳаммадсафо

Ёвуз душманлардан топдилар жафо.

Икки устунидан айрилган ота,

Кўзлари йиғидан бошлабди бота.

Шоир ўғил етиб келган ҳамони,

Кекса отанинг ҳам узилди жони…

 

* * *

“Замин юзин сиёҳ тумон айладинг,

Айтгил, фалак, кимни омон айладинг,

Фироғийни, боқ, беамон айладинг,

Номусим, иймоним – Озодим қани?..”

Махтумқули

(отасига бағишланган марсия)

 

Бирдан уч айрилиқ шоирни эзди,

Девонадай саҳро бағрида кезди.

Бу ёқда укалар ҳали эди ёш,

Уйланмасдан катта оилага бош.

Акалардан қолган тирноғу бева,

Тирикликка қолган на мол-ҳол, тева.

Бобосидай тўқим тикар бигизда,

Ўтиришу ётиш – нақ қоқ кигизда.

Уч-тўрт овулдошга берар дарс, сабоқ,

Маошига ошдир ойда бир табоқ.

Пўстин, тўқим тикиб қайнатар қозон,

Ғимир-ғимир фақат субҳдан то азон.

Кафтдак даласида тўкар эди тер,

Ёш жиянлар йиғлар: “Оғажон, нон бер!”

Қирқ ҳунар оз деган айнан шу ўзи,

Ақли тинмас, тиниб кетса ҳам кўзи.

Темирчига – шогирд, заргарга – толиб,

Шеър ёзганда қўяр озгина нолиб…

 

* * *

“Элларининг донғи достон,

Зилол суву яйловга кон,

Гўкланглик – гўзал Менглихон

Отлик дилдордан айрилдим”.

Махтумқули

 

Бешиккерти бўлган хола қизига,

Кўпам зор қилмаган эди изига.

Ёшлигидан борди-келди мўлгина,

Оралари бирор соат йўлгина.

Бирда йигит борар, бирда келар қиз:

Кўнглидагин айтмасидан билар қиз.

Хивадан неча бор мактуб юборган,

Чиройли шеърларин қўшиб юборган.

Жавоблар жўнатган гўзал Менглихон,

Тилидан қўймаган масал Менглихон.

Учрашсалар кўзлар чақнар чақиндай,

Иккисига гўё висол яқиндай!

…Аммо қаттиқ бўлди тақдирнинг қасди,

Қисқа бўлиб қолди шоирнинг дасти.

Хеш хешга боқмаган бу қандай замон?

“Ким қайда бўлсанг ҳам, бўлсанг бас омон…”

Қизнинг акалари узатди бойга,

Бу ерлардан жуда узоқ бир жойга.

Шоир шеърларига тўкди додини,

Ҳаргиз ўчиролмас Менгли ёдини.

Юртчилик, юпунлик кўрсатди кучин,

У энди эр бўлар бевалар учун.

Акасидан қолган аёлни олди,

Қўш фарзандга тўлди орқаю олди.

Аммо фарзандлари қолмади яшаб,

Қишлоғини кетди охир у ташаб.

Ечим топмас мисол тириклик чоҳи,

Ботқоқдек қаърига чўктирар гоҳи.

Танигин йўлларни отинг борида,

Элларни танигин тўнинг борида.

 

* * *

“Қисмат бўлмас, кетсам узоқ йўлларга,

Насиб қўймас, кетар йўлим боғлар, ҳей!

Ҳайрон Мажнун бўлиб чиқай чўлларга,

Бориб маскан тутай сизни тоғлар, ҳей!”

Махтумқули

 

Қўлида ҳунари, дилида зори,

Ёлғизнинг Оллоҳдир бошпаноҳ ёри,

Юртма-юрт юрарди шоир дарбадар,

Кўрган, билганлари шеърида асар.

Бухорода таҳсил олди, ишлади,

Шу ерда бир муддат қолиб қишлади.

Яна олисларга чорлади баҳор,

Йўл босди гоҳида шундоқ оч-наҳор.

Афғонда акалар қабрин излади,

Яна ўзни олис йўлга хезлади.

Ҳиндлар ўлкасида ўтказди йилни,

Кейин Фарғонага бурди у йўлни.

Кейин Яссавий деб Туркистон кезди,

Сўнг эса Хиванинг соғинчин сезди.

“Шерғози”да яна дарс олди бир йил,

Арғамчига қувват бўлар эмиш қил.

Кейин овулига бурди у юзин,

Сув ичди тешганча Амунинг музин.

Бирор йил қарашиб ота маконга,

Қўшилди йўл усти ўтган карвонга.

Зиёрат, тижорат, қисқаси сўзни:

Дунёни кўрсин ва кўрсатсин ўзни!

Эрондан сўнг ўтди Озарбайжонга,

Шоир етишганди юксак бир шонга.

Машҳур эди элда унинг шеърлари,

Кутиб олар эди туркий эллари.

Ҳазар денгизининг соҳили бўйлаб,

Юрар дўмбирада шеърларин куйлаб.

Озар ошиқлари баҳслашар бирга,

Таржимон керакмас мусиқа, шеърга.

Қорақумдир магар қарши қирғоғи,

Ғарбий соҳил яшил Кўҳи Қоф тоғи:

Жуда ҳам кўп экан дарёси, сойи,

Сув узилмас сира ўн икки ойи.

Топса овулига жўнатар мол, пул.

Ўзини бу ишда тутарди масъул.

Овулдан хат кутиб, кўзи йўл пойлар:

Ҳар жойда манзили – карвонсаройлар.

Ўтирган – бўйромиш, юрганлар – дайро,

Йўл унса, дардлардан бўлгайсан айро.

Астрахан, Дарбанд, Ганжани кўрди,

Кўҳна Рум элида анча пайт юрди.

Ироқдан сўнг етди баҳри уммонга,

Туркманлар очишар қучоқ меҳмонга.

Туркманлар сочилган ернинг юзига,

Ўнтаси йиғилса хондир ўзига!

Салжуқий туркларнинг яқин аждоди,

Ҳамон ардоқдадир Туғралнинг ёди.

Алп Арслон давридир ўзи бир китоб,

“Ғарбга!” – дея қилган элига хитоб!

Кейин ҳукм сурди Усмоний турки,

Остида – тулпори, бошида – бўрки!

Ярим Оврўпани илкида тутган,

Не шоҳлар уларни таъзимда кутган.

Шундай қардошларга ҳаваси келди,

Дилда эса фироқ нафаси елди.

Яна юрти сари бурди йўлини,

Дилни – Ёрга, ишга бериб қўлини!

 

* * *

“Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

Маъракада ўтириб-туришин кўринг.

Биров билан ошно бўлай десангиз,

Аввал иқроринда туришин кўринг”.

Махтумқули

 

Юриб қанча ёт юртларда мастона,

Тортди охир қадрдон юрт, остона.

Ўзга юртнинг боғи билан боғчаси,

Ўз юртингнинг чумчуғию зоғчаси!

Тили ола оғзидагин олдирар,

Бирлашмаган аро йўлда қолдирар.

Шоир қайтгач, кўнгли лаҳза чоғ бўлди,

Харобликдан аммо дили доғ бўлди.

Беклар тортар юртни турли томонга,

Жанг онида ўқ топилмас камонга.

Уч томондан ўраб олган уч хонлик,

Хоразму Бухоро ва эронлик.

Саҳро тушган туркманларнинг чекига,

Халқ уюшмас сира беклар кекига.

Бир-бирига қилич солган, талаган,

Бирлашма, деб ёвлар қалов қалаган.

Асл жангчи туркман эли азалдан,

Жанг онида тап тортмайди ажалдан.

“Мен билан бўл!” – дейди уч ён баробар,

Уч томонга тортар беклар саросар.

Турди Фароғийдек шоир Фироғий,

Дерди: “Бирлашмасак, енггайдир ёғий!”

Шоир энди юрар овулма-овул:

“Бирлашган халқ эрур қудратли довул!”

Бунёдкор меҳнатга айтади алқов:

“Юртнинг катта ёви, аввало, ялқов!”

Исломий одобга чорлар улусни:

Кичик ҳурмат қилсин доим бўлисни!

Лафзига содиқлик эр йигитга хос,

Бўлмаса ҳаммаси бўлар эски тос.

 

Тўлқин ЭШБЕК

 

2024 йил 27 февраль

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − six =