Болаларимиз китобни эмас, нега телефонни танлашмоқда?

“Ишчи отам адабиётга қизиқишим, кўп китоб ўқишим билан фахрланардилар. Китоб мутолааси – кундалик одатим. Болаларим ҳам ёшликдан китоб ўқишни яхши кўришди. Биргалашиб эртаклар, чет эл адабиёти намуналарини ўқидик. Ҳозир ўғлим еттинчи, қизим тўртинчи синфда ўқишади. Шу ке­йинги йилда (аниғи, синфдошларининг орасида ўксинмасин, деб телефон олиб берганимиздан кейин) ўғлим китобдан узоқлашяпти, деган ташвишда эдим, яқинда билдимки, деярли узоқлашиб кетибди.

“Шу китобни ўқигин, жуда яхши асар”, деб ёзувчи Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасини бергандим, ярим соатлар ўтиб кўрдимки, яна телефонига тикилиб ўтирибди” –  бу бир шифокор аёлнинг гапи.

Юқоридаги сатрларни ўқиб: “Яна телефон, яна кўпчилик болаларнинг китоб ўқимаслиги ҳақидаги гаплар…” деган ўй кимларнингдир хаёлидан ўтган бўлиши мумкин. Ҳа, “азага борган кампир ўз дардини айтиб йиғлайди”, чунки у дардига даво топишни истайди. Зеро, жуда кўп фарзандларимиз телефон, интернетга “ипсиз боғланиб қолиб”, жисмоний соғлигидан тортиб соғлом фикрлаш тарзини, соғлом турмуш тарзини йўқотиб бораётганини, ўз оила аъзоларидан, таниш-билишлари ва ҳатто дўстларидан узоқлашиб ўзига биқиниб қолаётганини кўриб, билиб турибмиз.

Илгари синфларда камида беш-олтита ҳуснихатли, диктант, баён, иншони деярли хатосиз ёзадиган ўқувчилар бўларди. Қолганлар ҳам анча саводхон, битта-иккита ўз исму шарифини нотўғри ёзадиганлар чиқиб қоларди. Ҳозир бу нисбатларнинг боши оёқ, оёғи бош бўлди. Чунки аксарият ўқувчилар китоб ўқимайди, мазмун-моҳиятидан тортиб имлосигача қайта-қайта текширилиб ўқувчиларга ҳавола этиладиган босма оммавий ахборот воситаларининг хонадонларга неча ўн йилликлар давомида узилмаган шиддатли ва кенг кўламли “оқими”  “қуриб қолди”.

Каттаю кичик алмойи­алжойи SMSлар ёзади, ўқийди. Турли фаолият “кўчалари”дан чиқиб келган ўзларини ўзи “блогер” деб атаб олганларнинг нечтаси гапини ўзбек тили қоидалари асосида қуради, товушларни адабий тил меъёрларига  мос талаффуз қилади – булар  тилимиз мавқеи, қадр-қимматини юксалтиришда қанчалар аҳамиятли бўлмасин, амалда шу қадар эътиборсизликка учраётган масалалар. Эсимда, мактабда ўқиган пайтларимизда уйимизда “Имло луғати” бўлмаса-да, катталар ҳар куни жиддий варақлаб кўриб чиқадиган, ўқийдиган газеталар биз учун имло китоби вазифасиниям ўтарди. Уларни ўқиб, тўғри ёзишниям ўрганардик.

Шу боисдан оғриқли ўйларимни мамлакатимиз зиёлиларининг энг катта қатлами – ҳурматли устозу муаллимлар билан ўртоқлашиб, уларни мулоҳазага чорламоқчиман.

Тўғри, ҳозирги ёшлар орасида билими, маданий-маърифий савияси юксак, ибратга ло­йиқлари кўп. Улар замонавий дунё билан тенг одимламоқдалар. Шу билан бирга… айтайлик, шу ёшлар ўзлари яшаётган ҳудуддаги одамлар, уларнинг ҳаёти, меҳнати, муаммоларини қай даражада биладилар? Ўйлаб кўрайлик: оиласи, маҳалласи, шаҳар ёки қишлоғидаги ҳамюртлар оғирини енгил, дардини ҳис қилишни билмаган одам умумбашарий хайрли ишларга ҳисса қўшишга тайёр бўладими? – бу маҳаллий матбуот нашрларининг ҳаётимиздаги ўрни билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳати.

Кейинги пайтларда мактаб ўқитувчилари билан ўқувчилар орасида юзага келаётган нохуш ҳолатларнинг аксариятида сиз – устозлар тарафингиздаман,  меҳнату машаққатларингиз фақат ҳурмат, эъзозга лойиқ. Лекин масаланинг яна бир нозик жиҳати бор: ўқитувчи ҳар бир боланинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, унга таълим беришнинг ҳам ўзига хос услубларини билиши, қўллаши керак. Ўқиш, ўрганиш, ибратланиш билан бу борадаги тажрибасини  орттириб бормаган ўқитувчи ўқувчисини дарсга, фанга қизиқтира олмаса, бола билан мулоқотга киришолмаса, ҳурмат қозонмаса, ким айбдор? Адашмасам, чин устозлик мақомининг шайини – катта муҳаббат; бир паллада болаларга, иккинчи паллада илм­­га муҳаббат тенг тарози (!) бўлиши керакдир… Айни шу жиҳатдан ҳам, республикамизда неча ўн йиллар давомида ҳар бир ўқитувчи мунтазам равишда билими, савияси, маҳоратини ошириб бориши учун катта мактаб сифатида шаклланган таълим-тарбияга оид нашрларнинг адади одам айтишгаям истиҳола қиладиган даражада кама­йиши, ёпилиб кетиши оқибатларини жонкуяр устозлар афсус билан гапирмоқдалар. Бу жараёнга республикамиз устозу муаллимларининг асосий қисми кузатувчи бўлиб турдилар, ҳатто энди обунага пул сарфламасликлари мумкинлигидан хурсанд бўлдилар. Тўғри, барчани бир қолипда ўлчаб бўлмайди, бироқ лоқайдлик, масъулиятсизлик, муҳимни номуҳимдан фарқ этмасликнинг овози, қўли баланд келмасин экан!

Бизнинг авлод, яъни устозларнинг катта ва ўрта авлоди ҳам юртимиз ҳаётини, жамият нафасини маҳаллий газета, журналларни қизиқиб ўқиш орқали ҳис этиб улғайдик. Уларда босилган бадиий асарлардан парчалар қалбимизга мисоли асал каби суюкли, тотимли эди. Болаликнинг фазилатлари ҳамиша муштарак: ҳозир ҳам ёш болаларнинг, бошланғич синф ўқувчиларининг китобга, газета ва журналларга муносабатини кузатаман. Айниқса, ёш болалар уларни ҳеч кимга бергиси келмайди, иштиёқ билан варақлайди, завқланади. Беғубор гўдакнинг мана шу бебаҳо хислатини камол топтирмаслик унинг қалбида ниш урган зиёсеварликни жувонмарг қилишмасми?

Яна бир савол дилда кўп айланади: синф раҳбарларининг, ўқитувчиларнинг мактаб таъмирига, ҳар хил тадбирлар ўтказишга, ҳаттоки саёҳатлар уюштиришга моддий жиҳатдан ёрдам берадиган имкониятли ота-оналар борлиги ҳақида хурсанд бўлиб гапирганларини кўп эшитганмиз. Балки, ўша ўқитувчи саховатли ота ёки она дилини, тилини топган. Эҳтимол, саховатпеша инсон ўзи келиб ёрдамини таклиф этгандир. Бундай инсонлар кўпайсин. Аммо… синф кутубхоналари ташкил этиш, ўқувчилар газета ва журналларига обуна ҳақида гап кетганда, тўқсон тўққиз фоиз синф раҳбарлари, устозлар ота-оналар бу масалада умуман ёрдам беришни хоҳламасликларини айтадилар. Ажаб, ота-оналарга синфнинг эшик-деразаларини бўяш, ҳар хил тадбирлар ўтказишнинг зарурлигини тушунтира олган устоз, наҳотки, боланинг китоблар, болаларбоп нашрлар билан дўст бўлиши қанчалар аҳамиятли, манфаатли эканини англата олмаса?! Боринг, битта синф биттагина “Ғунча” ёки “Гулхан” журналига, “Тонг юлдузи” газетасига обуна бўлиши учун ўқувчилар дўконлардан йўл-йўлакай олиб эрмак қилиб кетадиган (соғликка фойдасидан кўра зиёни кўпроқ) ширинликлардан бир-икки кун ўзларини тия олмайдиларми? Наҳотки, республикамиздаги ўқитувчиларнинг айни кундаги 547,7 минг нафарли армиясидан атиги 1 фоизгинаси ҳам ўзининг кўзига тикилиб турадиган, уни яхши кўрадиган ўғил-қизлар билан мана шу ғоят хайр­­ли масалада тил топишолмайди?!

1992 йили Фарғона вилояти бўйича “Йил ўқитувчиси” танловининг ғолиби бўлган қувалик Фазлиддин Абдуназаров эслайди: “Ўшанда танловда иштирок этган муаллимларнинг қайси газета, журналларга обуна экани ва уларни мунтазам ўқиб бориш-бормаслиги, қандай йўналишдаги мақолаларга қизиқишига ҳам алоҳида эътибор қаратиларди. Бу бўйича чуқурлаштирилган саволлар бериларди. Биз, ўқитувчилар, ўз фан йўналишимизда чоп этиладиган нашрларга ва албатта, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларига обуна бўлардик”.

Bилоятлардаги эътиборли ташкилотларда ишлайдиган таниш-билишларимдан: “Сиз яхши таниган, иқтисодий томондан имкониятли зиёлилар орасида уйига газета ёки журналларга обуна бўлганларни биласизми?” – деб сўрагандим, жавоблар қисқа бўлди: “Саволингизга жавоб тополмай хижолатдаман. Бу йил обунага оиламиз билан эътиборли бўламиз, Худо хоҳласа”. “Жуда кўп эмас…” “Урганчда мен шахсан таниган зиёлилар ичида учта: иқтисодчи ва адиб Баҳодир Бобожонов, АОКА бошлиғи Дилбар Бекжонова, тележурналист Шуҳрат Маткаримов”. “Тўрт кишини биламан: иккита ўқувчим, мактабим ва ўзим…” Лекин саволни эшитиб индамай қўйганлар, кулиб бош силкитганлар кўпчилик…

Юқоридаги мулоҳазалардан мурод шуки, ўқувчиларни саводхон, чуқур билимли, илмга интилувчан қилиб тарбиялаш биринчи навбатда устоз ва муаллимларнинг зиммасида. Бунинг учун муаллимларнинг ўзлари ҳам доим билим, савия, таж­риба, маҳоратларини ошириб боришлари шарт. Бу жараённи матбуот нашрларисиз, китобларсиз тасаввур этиб ҳам бўлмайди.

Қадрли устозлар, халқимизнинг, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, маърифати, маданияти, маънавиятини юксалтиришда юз йиллар давомида асосий воситалардан бўлиб келган газета, журналларнинг яна хонадонларимизга қайтиши учун, ўқувчиларини топиши учун ҳамкорликда нималар қила оламиз?

Тўғри, эшитганмиз, хабаримиз бор. Ўтган йилларда обунага гўёки “хавфли душман”га қарши курашилгандек қаттиқ ҳужумлар бўлди. Нашрларга обуна бўлинглар дегани ёки обуна бўйича тавсиявий режа бергани учун қанча халқ таълими фидойилари, раҳбарларига дакки-дашномлар берилди, ҳатто айримлари вазифаларидан озод қилинди. Саллани ол деса, каллани оладиганларга “мажбурий обуна” зўр баҳона бўлди-да ўзиям. Аммо муҳтарам Президентимиз неча бор “Болаларимизни телефон тарбия қиляпти”, “Мажбурий обуна деб ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик”, дея кўп бора куюнчаклик билан гапирдилар.

Шундай экан, ана шу хайрли мақсад йўлида юртимизнинг ҳар бир зиёлиси, ўзини маърифатли инсон деб билган ҳар бир ватандошимизнинг ҚАЛБ  ЭШИГИ очиқ бўлсин!

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 − two =