Болалар ўз нашрларини ўқияптими?

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев йиғилишларнинг бирида куюниб айтган қуйидаги гаплари тез-тез ёдга тушади: “Фарзандларимизни телефон “тарбия” қиляпти”. Яна: “биз мажбурий обуна деб ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик”.

Дарҳақиқат, оғриқли гаплар. Бор гаплар. Бугун қўлига ақалли бир бора китоб ушлаб қўрмаган, газета-журнал — дея гап очсанг энсаси қотадиган кишиларни қўя турайлик, бундайлар катта-кичик амалдорлар орасида ҳам учраётгани юракни оғритади. “Газета-журнал нимага керак, мана телефон бор-ку?”

Шукрки, Юртбошимиз раҳнамолигида маънавий-маърифий соҳаларга жуда катта эътибор, ғамхўрликлар қилинаётгани, китобхонликка рағбат учун жуда  катта ишлар рўёбга чиқарилаётгани сир эмас. Аммо оғриқли мавзулигича қолаётган масалалардан бири бу барибир кўпгина матбуот нашрларининг халқимизга етиб бормаётганидир. Албатта, қўллаб-қувватланаётган нашрлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ададлари ҳам ярашиқли. Бироқ  мамлакатимизда ҳар бир хонадонда, маҳаллада, идорада бўлиши лозим бўлган шундай нашрлар ҳам борки, уларнинг номини келтириб ўтирмасак ҳам ўзини зиёли деб атайдиган кишилар яхши билишса керак.

Энг оғриқлиси, ўн мингдан зиёд ўрта таълим масканларига ҳатто болалар нашрларининг мутлақо етиб бормаётгани, бораётганларига ҳам бир-икки дона бораётгани ачинарли ҳол.

Ўйлаб кўринг, болаликдан газета-журнал ўқимаган авлод… катта бўлганида китоб мутолаа қилишига ишониш мумкинми?

…“Гулхан” журналининг 2022 йил июнь ойи сонида Фарғона вилояти Қува туманидаги  8-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилдора Йўлдошеванинг шеъри босилиб чиққанди. Дилдоранинг ҳая­жони, қувончининг чеки йўқ, яқин йилларда мактаб ҳаётида бундай воқеа бўлмагани учун ўқитувчиларнинг хурсандчилигию ўқувчиларнинг мактабдошларига ҳавас­ларини кўрсангиз! Ота-оналарнинг шодлиги қўшнилару қариндош­ларга ёйилди.

Янгилик тезда маҳаллага, яқин-орадаги қўшни мактабларга ҳам тарқалди ва у мактаб­ларнинг ҳавас­манд ўқитувчилари ўша журнални кўрсатиб, ўз ўқувчиларининг юрагига ўт солмоқчи бўлишди: “Мана, бадиий китобларни кўп ўқисаларинг, ўргансаларинг… ўзларинг ҳам машқ қилиб, шеър, ҳикоя­лар ёзсаларинг, Дилдорага ўхшаб вилоят, республика матбуотида номларинг, машқларинг эълон қилиниши мумкин”. Лекин кўпчиликнинг бу нияти дилида қолиб кетди, чунки туманда 66 та мактаб бўлса, шундан санасанг бармоқларинг ортиб қоладиган миқдордаги мактаблардагина битта-­яримта “Гулхан” журналига обуна бўлганлар бор эди, холос.

Кўпчилик эшитган латифа: бозорда эшагини йўқотиб қўйган Афанди ҳаммага эшиттириб: “Тезда эшагимни топиб беринглар, бўлмаса, мен ҳам отам қилган ишни қиламан!” – деб дағдаға бошлабди. “Отаси нима қилган экан?” – деб ташвишга тушганлар роса излашибди, лекин Афандининг эшаги топилмабди. Умидини узган Афандининг ўзи ҳам аста-секин ҳовуридан тушибди. Индамай уйига қайтиш тадоригини кўра бошлабди. Шунда одамлардан бири: “Эй, Насриддин, отангиз эшагини йўқотганда, нима қилганди?” – деб сўрабди. “Отам уйга пиёда кетган”, – дебди хуржунини елкага олаётган Афанди.

Хуллас, ўша “Гулхан” журналини кўришга жуда қизиққанлар ҳам (пойтахтнинг имтиёзлари кенг, катта даргоҳларида раҳбар бўлиб, олий унвонлар олиб ишлайдиган ҳурмат-эътиборли айрим бошлиқлар босма оммавий ахборот воситаларида чиққан мақола, суҳбатларини  кўриш учун газета (журнал) ёки унинг электрон шаклини таҳририятдан сўраб олганлари каби) 8-мактабнинг тил ва адабиёт ўқитувчисидан Телеграмм тармоғи орқали “Гулхан”нинг саҳифаларини юборишни илтимос қилишганди.

Тарихни ўқисак, дунё таниган олим ал-Фарғонийнинг юртида… бозор иқтисодиёти устувор бўлган бугунги кун призмасидан қарасак, тадбиркорлик борасида республикамизнинг энг илғор, топармон-тутармон ҳудудлари қаторида бўлган, мавсумда бир тупгина анорнинг ўзидан камида 100.000 сўм даромад қиладиган (“Гулхан” журналининг бир йиллик обунаси почта хизмати билан 250.000 сўм; “Ғунча” журнали почта хизмати билан 200.000 сўм) қувалик­лар юқоридаги тафсилотларим (сирни кўпга ошкор қилганим) учун мендан хафа бўлишлари мумкин. Аммо хижолатликка ўрин йўқ, чунки айни шундай ҳолат такрорланиши… йўқ, такрорланмаслиги аниқ бўлган мактаблар туман ва шаҳарларда нечта топиларкин? Қанийди, шу фикрда ноҳақ бўлсам, узр сўрашга, етказган маънавий озоримни ўша мактаб кутубхонасига китоблар совға қилиш билан қайтаришга тайёрман.

Кейинги икки йилда бу борада о-озгина силжиш бўлди: силжишки, уч-тўрт йил олдин тамоман “ўтириб” қолган “Гулхан” журнали айни пайтда 3700,  “Ғунча” журнали 2500 ададда босилмоқда.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 майда чиқарилган “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида аниқ белгилаб қўйилган:

“…ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини ва миллий қадриятларни сингдириш, бой маданий-тарихий мерос, миллий урф-­одатлар, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш­лари учун шароитларни яратишда сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотларни кенг жалб этиш; соҳа ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог­ларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги шахсий ҳиссаси, ўқувчиларни ҳар томонлама етук авлод этиб тар­биялашдаги масъулиятларини ҳис этишлари учун тарғибот ва тушунтиришлар олиб бориш; раҳбар ва педагог кадрлар томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, соҳада жорий қилинаётган янгиликларнинг янада кенгроқ тарғиб этилиши, ўқувчиларнинг касбий ва шахсий ривожланишлари учун керакли бўлган маълумотларни олишлари учун имкониятларни кенгайтириш, уларнинг билими ва тафаккурини ошириш мақсадида халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш вазифалари юклансин”.

Шу ўринда айтиш жоизки, ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, комил инсон бўлиб вояга етиши учун фақат педагоглар эмас, ота-оналар ҳам биргаликда қайғуриши лозим. Улар бугун, айниқса, кенг урф бўлаётган дабдабали тўй-томошалар, гап-гаштак­лар, зиёфатларга сарфлаётган пулларини озгина тежаб, болажонларга маънавий озуқа берадиган газета-журналлар обунасига ҳисса қўшса, фарзандларини мутолаага ўргатишса, фойдадан холи бўлмасди.

600, 800, 1000 та журналларни ўқиб, улардан илму одоб, маънавий-­эстетик сабоқлар олиб, дунёқараши кенгайиб, қалби улғайиб, орзу-умид­лари куч-қувватланган минг­лаб ўғил-қизларни кўз олдимизга келтирайлик! Аслида, келажак авлодимиз қалбида китобсеварлик, маърифатсеварлик, ҳикматсеварлик, халқсеварлик, ватансеварлик фазилатлари шу каби моҳияти теран одат, анъаналардан бош­ланмайдими?!  Бу гап­лар билан бировларнинг “чўнтаги”ни кавлаётганим йўқ. Шунчаки, ота-оналар орзу-ҳавасга сарфлаётган маблағларини янада эзгу мақсадларга ҳам ажратиши мумкинлиги тўғрисида ўйлаяпман.

Бундай орзунинг ўзидан қалбдаги ҳаяжон тўлқини кўзга тўлади. Бу каби ниятлар рўёбига, томчидек бўлса-да, ҳисса қўшмоқ интилганларга насиб этсин. Худди шу холис ният ҳурматидан азиз юртдошларимиз юқоридаги мушоҳадаларни  тушунадилар, деган умиддамиз.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 10 =