Минг афсуски…

Журъатли ва жасоратли газетамиз “Hurriyat”нинг 2024 йил 17 январь сонида эълон қилинган таниқли пуб­лицист Нуриддин Очиловнинг “Уй-музейларнинг “бегона”си йўқ!” сарлавҳали мақоласи ўзининг ўта долзарблиги, очиқ ва холислиги билан нафақат соҳа мутахассисларининг, балки биз, матбуот ходимларининг ҳам қалбимиздаги чўғни янада алангалатиб юборди. Муаллиф айтганидек, музейшунос бўлмаса-да, журналист сифатида пойтахтдаги уй-музейларнинг бир қанчасининг, шу жумладан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор уй-музейи фаолиятини чуқур ўрганиб, яқин йигирма йиллардан буён ҳеч кимни ташвишга солмаган қатор муаммоларни худди музей билимдони ва тажрибали ходимидек куюнчаклик билан таҳлил ва танқид қилиб, ечимини кутаётган қатор масалаларга республика мутасаддилари эътиборини қаратишни ният қилган.

Айрим уй-музейлардаги йўлкираси-ю тушлигидан ортмайдиган ходимлар маоши, шу боис уларнинг қўнимсизлиги, малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, шунинг­дек, таъмирлаш сингари қатор етишмовчиликларга узоқ йиллардан бери “бор отангга, бор онангга”дан нари ўтмаётганлигининг сабабларини кимдан сўраш керак, дея бонг ургани бежиз эмас. Мақола чоп этилгандан бери уч ойдан кўпроқ вақт ўтди. Бу муаллиф томонидан айтилган камчиликларни қонун доирасида ҳал этишга, уй-музейларга амалий ёрдам кўрсатиш учун бел боғлашга етарли фурсат.

Минг афсуски, бугунга қадар мазкур масалада на Маданий мерос агентлиги, на Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва на бош­­қа мутасадди идораларнинг фикрини бирон-бир нашрда кўрмадик. Демак, тилга олинган нуфузли ташкилотлар раҳбарлари Н.Очиловнинг бу ва “Жамият” газетасининг 2023 йил 18 май сонида берилган “Вазирлар ва ҳокимларга бегона манзиллар” номли танқидий мақоласини ўқимаганлар. Ўқиганларида масалага лоқайд қарамаган бўлур эдилар. Бу эса Нуриддин Очилов “Hurriyat” газетасининг 2023 йил 14 июнь сонида “Матбуот бонг урмоқда, лекин… ёхуд раҳбарлар газета ўқияптиларми?” номли яна бир мақоласида раҳбарларнинг газета ўқимаётганлигини адолатли танқид қилганлигининг яққол далили. Ростини айтганда, бу мақолага ҳам бирон-бир ташкилот раҳбарининг муносабати билдирилгани йўқ.

Шу ўринда савол туғилади. Тилга олинган ташкилотлар раҳбарларининг газета ўқишга вақти бўлмаса, уларнинг матбуот котибларичи? Ахир газеталарни мунтазам кузатиб бориш уларнинг вазифси эмасми? Балки, қовун–қовундан ранг олар деганларидек, улар ҳам газета ўқишни аллақачон унутиб юборишгандир. Ёки давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида билдирган танқидий фикрлари мақолада келтирилган агентлигу ҳокимликларга тегишли эмасми?! “Уй-музейларнинг “бегона”си йўқ” мақоласи Президентимиз томонидан Кенгашда билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалардан сўнг эълон қилинишига қарамай, соҳага бевосита раҳбарлик қилаётганлар ҳозирга қадар сукут сақлаётганларини қандай тушуниш керак? Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, уй-музейлар бундан кейин ҳам муаллиф таъкидлаганидек, “ўз ёғига ўзи қовурилиб” ўтираверади, шекилли.

Ростини айтганда, бу борада бизнинг Наманган вилоятида ҳам илиқ гап айтишга арзигулик иш қилинаётгани йўқ. Ўн беш йиллар муқаддам Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғида болалар шоираси, Халқ таълими аълочиси Тўхтахон ая Раҳимова мингдан зиёд экспонатли “Истиқлол” уй-музейини ташкил этиб, ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фидойилик кўрсатиб келаётган эди. Экспонатлар сони ортиб, музейни кенгайтиришга тўғри келганда, Тўхтахон ая ҳокимиятга мурожаат қилиб, ташландиқ бинодан бир неча хона олишга муваффақ бўлди. Бироқ кўп ўтмай, бино бошқа бир ташкилотга расмийлаштириб берилди. Саксон уч ёшли ая не-не азоблар билан уй-музейни яна ўз хонадонига кўчиришга мажбур бўлди. Аммо янги жойни таъмирлашга ишлатган 30-40 миллион сўмга куйиб қолгани билан ҳеч кимнинг иши бўлмади.

Худди шунингдек, Чортоқ туманидаги Короскон қиш­лоғида филология фанлари номзоди, журналист Маҳмуджон Маъмуров, Пешқўрғонда болалар шоири, фольк­лоршунос Оташ Холмирзаев, Янгиқўрғонда шоир Робиддин Исҳоқов уй-музейлари ҳам маҳаллий ҳокимликларнинг беписандлиги туфайли “бўлса-бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” деган аҳволда. Бу уй-музейлар ҳатто рўйхатга ҳам олинмаган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Президентимизнинг ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор бераётганлиги ёшларимизни кенг дунёқарашли, билимли, ўз ўтмишига ҳурмат билан қарайдиган, ташаббускору тадбиркор қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлган уй-музейлар фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш, ҳақиқий маънавий-маърифий масканга айлантириш кимнинг вазифаси, кимнинг бурчи? Уй-музейларнинг эгаси борми ўзи? Республика Маданий мерос агентлиги мутасаддилари яна қанча уйқусираб ўтирмоқчилар?! Мабодо ишни нимадан бошлашни билмай бошлари қотаётган бўлса, Н.Очиловнинг “Hurriyat” ва “Жамият” газеталарида чоп этилган мақолаларини ўқисалар кифоя бўлармиди?

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

Наманган вилояти,

Учқўрғон туманидаги

“Ёрқин ҳаёт” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 2 =