Болалар матбуотсиз улғаймасин!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғовага мактуб

Ассалому алайкум, Муҳтарама опа!

“Hurriyat” газетасининг шу йил 1 майдаги 18-сонида “Болалар ўз нашрларини ўқияптими?” сарлавҳали мақолангизни қаттиқ ҳаяжон билан ўқидим. Ўқиб, юрагимдаги сандиқ қулфини парчалаб, дард қоғозга тўкилди. Ўқидим-у, юракнинг ҳар зарбида оғриқ бераётган дардлар қўзғалди. Эҳтимол, кўпчилик учун аҳамиятсиз, аксар одамлар учун майда масаладир бу. Бироқ касаллик бартараф этилса-да, асорати қолишини ёдда тутишимиз лозим. Бу “дард”нинг асорати оғир, бадали катта бўлиши мумкин.

Муҳтарама опа! Кимдир сезяпти, кимдир сезмаяпти — шу кунларда бола бўлиб, газета ё журнал ўқимаган, ўқиш тугул газета-журналларни умрида кўрмаган янги авлод катта ҳаётга кириб келмоқда. Бу — жуда оғриқли масала.

Аввало, айтай, “мажбурий обуна”га мен ҳам қаршиман. “Юқори” ташкилотнинг амри билан эмас, ҳар ким ўз хоҳишига кўра, ихтиёрий обуна бўлсин! Аммо обуна бўлсин! Ўқисин!

Бизнинг мактабларимизда бўлса, “мажбурий обуна”га қўшилиб обунанинг ихтиёрий шакли ҳам йўқ қилинди. Майли, ўқитувчилар гарчанд маънан мажбур бўлсалар-да, ёппасига обуна бўлсин, газета-журнал ўқисин, демайман. Аммо болаларнинг айби нима?

Бундан бир неча йил аввал бир муддат мактабда ишладим. Таълим даргоҳида обуна тизими шу қадар издан чиқиб кетганки, “обуна”нинг “о” ҳарфини эшитган заҳоти барча кўздан ғойиб бўлади. Бола дегани бу дунёда “Ғунча” ё “Гулхан” деган журнал ёки “Тонг юлдузи” деган газетанинг борлигини билмаса, қандай қилиб обуна ҳақида ўйлай олади? Ота-оналарнинг аҳволи барчамизга маълум бўлса! Ҳатто боласининг мактабдаги ўқиши билан қизиқмайдиган ота-оналарнинг борлиги ёлғон эмас-ку!

Педагогик жамоа ва ўқувчилар ўртасида обуна тарғиботи билан шуғулландим. Аммо бари бенаф кетди, Муҳтарама опа. Биргина она келиб, обуна бўлмоқчилигини айтди-ю, бадар кетди.

Мактабни битирганимизга ҳам шу йил 10 йил тўларкан. Кечагидек эсимда, ҳар йили кузда бутун синф обунага пул йиғардик. Жамғарилган маблағдан 1-4-синфда “Ғунча”, 5-9-синфда “Гулхан” учун обуна бўлардик. Ўқитувчи бўлиб ишловчи онам мен учун алоҳида обунани расмийлаштирарди. Буни кўрган тўрт синфдошим уйига арз-дод билан бориб, обуна учун ота-онасидан пул олиб келарди. Қарабсизки, 18 ўқувчи ўқийдиган синф­­га ҳар йили 6 тадан журнал келарди. Ўқув йили мобайнида синфдан ташқари ўқиш­ларда саҳифалари уринган журналларни ҳар ёзги таътилда синф раҳбаримиз Ирода опа Манбетова мустақил ўқиш учун ҳар биримизга тақсимлаб берарди. Ва янги ўқув йили бошида ўқиган ҳикоя-ю мақолаларимиз тўғрисида сўзлаб берар, тенгдош­ларимиз ёзган шеърлардан ёдлаб берардик. Биз мана шундай улғайган авлодмиз…

Афсуски, энг сўнгги газета-журнал ўқийдиган авлод бўлдикмикан, деган қўрқинчли ўйларга ҳам бориб қоламан, Муҳтарама опа.

Мақолангизда ғузорлик ўқувчининг журналда шеъри чиққани-ю, аммо, журналга обуна бўлмагани учун ўқитувчиси нашрнинг электрон шаклини телеграм ижтимоий тармоғи орқали юборишини сўраганини куюнчаклик билан баён этгансиз. Таассуф, бугунги кун учун бу табиий ҳол бўлиб қолди. Шундай пайтда баъзан матбуот нашрларининг электрон шаклларини тарқатаётганлардан хафа бўлиб кетади, киши.

Негаки, ўз номи билан босма нашр ҳисобланган газета ё журналнинг электрон шаклини тарқатиш қайси мантиққа мувофиқ келади?

Қадрли Муҳтарама опа!

Болалар матбуоти — болаларнинг энг яқин ҳамроҳи бўлиши лозим! Китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти, энг аввало, газетхонлик орқали шаклланишини унутмаслик керак. Қолаверса, ҳар қандай ахборот қоғоз ҳолида ўқилса, таъсирчанлиги ва хотирада қолиши ортиши халқаро илмий-тадқиқот марказлари мутахассислари томонидан исботланган бўлса!

Аслида таълим мажбурий бўлгани ҳолда болалар нашрларини ўқиш ҳам мажбурий бўлиши шарт!

Муҳтарама опа, нима учун бу ишга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги беписанд қарайди?

2023 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида босма нашрлар обунасига тўхталиб, жумладан, шундай деди:

— Ҳозирги вақтда матбуот нашрларининг обунаси билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлигини биламиз. 2022 йил 27 июндаги Президент қарорида бюджет ташкилотларига кутубхона фонди харажатлари орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади, деб кўрсатилган. Демак, масаланинг аниқ ечими бор. Фақат буни амалга оширишимиз керак.

Қолаверса, худди ўша қарорнинг 2-бандида:

“Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади”, — дея қатъий белгиланган эди.

Муҳтарама опа, яна ўша ҳужжатдан Сиз каби кўчирма келтираман:

“2023 йил январдан бошлаб:

  • даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловаси яратилади;
  • 2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10 фоиз, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20 фоиз миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади (“Cashback”), реклама хусусиятига эга бўлган даврий босма нашрлар бундан мустасно. Бунда, ушбу харажатлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х.Шерматов) ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А.Ходжаев) 2022 йил якунига қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловасини яратсин ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилсин ҳамда унинг доимий равишда модернизация қилиниши, техник қўллаб-қувватланиши ва фаолият юритишини таъминласин”.

Аммо минг афсуски… масала ҳамон ижобий ечимини кутмоқда.

Мен бир вақтлар “Ғунча” қўлма-қўл бўлиб ўқилганини, “Гулхан” болаларнинг севимли нашри бўлганини, “Ёш куч” журнали таҳририяти жойлашган пойтахтнинг Қатортол даҳасига мактублар қанот қоқиб келганини наинки эшитганман, ана ўша гўзал тасвирлар муҳрланган матбуот саҳифаларини кўрганман ҳам.

Ўйлайманки, нафақат болалар нашрлари, балки республикамиздаги энг муҳим оммабоп нашрларни қўллаб-қувватлашнинг вақти аллақачон етди. Умид қилиш — инсонга хос фазилат.

Кутаяпмиз. Насиб этса, бу масалалар ҳал бўлар.

Азиз Муҳтарама опа!

Сизни оташнафас шоира ва жамиятнинг дарду ташвишлари билан яшовчи фаол публицист сифатида яхши танийман ва ҳурмат қиламан!

Сизга ижодий қувват ва куч-ғайрат тилаб, Ўзбекис­тон болалари матбуотсиз улғаймасликларини чин дилдан хоҳлашимни яна бир карра баён этмоқчиман.

Отабек ИСРОИЛОВ,

Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳар ҳокимлигининг “Машъал” газетаси

бош муҳаррири ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − fifteen =