Экология “посбон”лари нега жим?

Газетамизнинг жорий йил 17 январь 3-сонида “Ҳаво — ҳаммамизнинг насибамиз” деб номланган мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолани мутолаа қиларканман, каминанинг ҳам кўнг­лидан экологик аҳволимиз хусусида бир қатор фикрлар ўтди.

Камина пойтахтдан олисда туғилганман. Болалигим қиш­лоқда, тенгдошларим қатори тўп тепиб, сигир, қўй боқиб ўтган. Қишлоғимиз тоғли ҳудуд бўлгани боисми, ҳамиша ҳавомиз мусаффо эди. Айниқса, баҳор фаслида, енгилгина ёмғирдан сўнг шунақанги гўзал ифор таралар эдики… Буни сўз билан тушунтириб бўлмайди. Бунинг учун сиз қишлоғимизда туғилган бўлишингиз, яшашингиз, ўзингиз ҳис қилишингиз керак-да.

Худога шукурки, бугун ҳам она қишлоғимда ҳаво мусаффо, тоза. Ҳар гал борганимда тўйиб-тўйиб нафас оламан. Беихтиёр Тошкентнинг ҳавоси билан таққослайман. Шунда яхшиямки, пойтахтимиздагидек қишлоғимизда осмонўпар бинолар қурилмаётганидан, қурилиш деб ҳар йили минг-минглаб дарахтлар кесилмаётганидан, қисқача айтганда “цивилизация” ҳали бу ерларга кириб келмаганидан хурсанд бўлиб кетаман…

Маълумки, кейинги пайтларда Тошкентда ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши кузатилаётгани сир эмас. Шаҳримиз ҳавонинг ифлослиги бўйича IQAir рейтингида Деҳлини ҳам ортда қолдириб, дунёда 1-ўринга чиқди. Бироз ўтиб эса жаҳондаги энг нотоза шаҳарлар орасида кучли  учлик, бешликни банд этиб турибди. Қани эди, бу кўрсаткичлар бошқа нарсада, айтайлик, спортда бўлса эди!

Футболда ана шундай ўринларни банд этсак эди!

Шубҳа йўқки, кейинги йилларда пойтахтда мисли кўрилмаган даражада уй-жойлар қуриш катта бизнесга айланиб кетди. Бунинг оқибатида минг-минглаб дарахтлар, ҳатто ёши асрлардан зиёд чинорлар қўпориб ташланди. Атрофга чанг-тўзон кўтарилди. Пойтахтни яшиллик аста-секин тарк этаётганини сезмай ҳам қолдик. Бу — биринчидан.

Энг ачинарлиси, қўпорилган, кесилган дарахтларнинг ўрнига экилган кўчатлар аксарият ҳолларда  фақатгина ҳисобот учунгина амалга оширилди. Йўқса, сўнгги 10 йилда “экилди” дейилган кўчатлар бўй кўрсатганда эди, Тошкент Тайга ўрмонига айланиб кетмасмиди?! Бу — иккинчидан.

Пойтахтда фаолият кўрсатаётган завод ва фабрикалар, улардан чиқаётган чиқиндилар, оқова сувлар умуман олганда назоратдан четда қолмоқда. Экологик хавф-хатарларнинг олдини оладиган замонавий мосламалар ишга туширилмади. Ҳар куни ҳаракатланаётган миллионта техникаларга қуйилаётган ёқилғининг сифати билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Улардан чиқаётган заҳарли газлар шаҳар ҳавосини тобора булғаб, заҳарлашда давом этмоқда. Бу — учинчидан.

Албатта, аҳволимизга маймунлар йиғлагудек ҳолга келдик. Энди айбдорларни ахтариш, сабабларни қалаштириб ташлаш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмаслиги ҳам аён. Фақат нима қилмоқ керак? Қандай йўл тутмоқ керак? Ана шу ҳақда кўпроқ бош қотирилса, ўринли бўлар эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида беш ярим миллион киши вафот этади. 2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши айтилади. Шундан тенг ярми Ҳиндистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келар экан. Ифлос ҳаво оқибатида 2013 йилда Хитойда 1 миллион 600 минг, Ҳиндистонда бир ярим миллионга яқин, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин киши вафот этгани қуруқ гаплар эмас.

Демак, аҳвол ўта жиддий. Тезкор чоралар кўрилиши шарт. Эртага кеч бўлиши мумкин. Тўғри, ҳозир ҳам кеч қолдик. Лекин аниқ механизмлар, чора-тадбирлар белгиланмаса, экологик муаммо ўз-ўзидан ижобий томонга ўзгармайди. Давлатимиз раҳбарининг “Қонун устувор, жазо муқаррар” деган ташаббусларини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бу борада ишлаб чиқилган қонунларга ҳам жорий этиш лозим. Ахир, юзлаб дарахтларни ҳеч қандай рухсатсиз  кесиб ташлашлар қачонгача давом этади? Айбдорлар номигагина жазоланади. Арзимаган жарима тўлаш билан қутулиб қолишмоқда. Шундай бўлгач, қонунчилигимизда бундай хатти-ҳаракатлар учун жиддий чоралар белгиланишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Таассуфлар бўлсинки, “отнинг калласидек” ойлик оладиган депутат ва сенаторлар жим. Лекин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини видео ёки расмга олиб, уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетга жойлаганлик учун 15 суткагача қамоқ жазосини назарда тутувчи қонун лойиҳасини бир неча марта муҳокама қилишда улар анча фаоллар. Ана шу фаоллик экологиямизга оид бўлганда эди…

Адашмасак, бизда давлат бюджетидан маош олиб, не-не имтиёзлардан фойдаланадиган Ўзбекистон Экологик партияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деган ташкилотлар ҳам бор. Аммо уларнинг фаоллиги йўқ ҳисоби, овозлари ҳам “битиб” қолган. Шамоллаган бўлишса керак.

Тўғри, охирги пайтларда сал-пал ҳаракатга тушишган, айрим таклифларни ҳам илгари суришмоқда. Улардан бири аҳолига арзон нархда сотилаётган 80 маркали автобензиннинг сотилишини тақиқлаш экан. Бу эҳтимол тўғридир. Аммо нега бу жаноблар АЁҚШларда 80 маркали бензинни ҳатто 95 маркали деб сотаётган учарлар ҳақида миқ этишмайди? Қолаверса, аҳолини нисбатан арзонроқ автоёқилғи билан таъминлаш борасидаги катта эҳтиёжни унда қандай қондириш лозимлиги ҳақида бирор фикр билдиришмаяпти? Агар “80” сотилмайдиган бўлса, унинг нархида “92”ни сотиш йўлга қў­йиладими? Бунинг қандай имкони бор?

Хуллас, экологик аҳволимизни ўнглаш учун қанчадан-қанча омиллар, имкониятлар мавжуд. Уларни бу қадар енгил-елпи таклиф ва мулоҳазалар билан ўнглаб бўлмайди.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Ҳар каллада — ҳар ҳаёл деганларидек,  қайсидир ақлли пойтахтга кириб чиқаётган машиналарни чеклаш керак, вилоятлар кесимида “навбатли паспорт” ташкил қилиш керак деса, бошқаси “80” маркали автобензинни тақиқлаш керак дейди…

Бизнингча, аҳволимизни тажрибали  мутахассислар ёрдамида чуқур ўрганиш зарур. Ундан кейин пойтахт­­да хусусий тадбиркорлар учун кўп қаватли уйларни қуришни келгуси 10 йил давомида бутунлай тақиқлаш зарур. Улар бизнес қиладиган бўлса, уй-жой қуришдан бошқа бизнес қолмаганми ё?!

Яна пойтахтда бирорта дарахтнинг кесилишига йўқ қўймаслик шарт! Битта дарахтни тегишли рухсатномасиз кесаётган болта тутган кимса эса, жуда қаттиқ жазога тортилиши лозим. Шу ўринда дарахт кесишга рухсат берган ҳолатларни эса ваколатли идоралар, албатта, текшириши лозим.

Энг муҳими, экилаётган дов-дарахтлар статистика учун эмас, уларнинг эртага тутиб кетишини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланиши керак. Йўқса, бугун экилиб, икки ойдан кейин қуриб қоладиган кўчатлардан бизга не фойда? Аксинча, бу давлат бюджетига ҳам катта зиён келтиради, холос. Давлат бюджети дегани эса сиз билан бизнинг чўнтагимиз деганидир.

Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик тафаккурини ўстириш ҳам жуда муҳим масала, албатта. Нетонгки, бугун кўчаларимизга куппа-кундуз куни чиқиндиларни ташлаб кетиш, шаҳар ичидаги ариқ ва каналларга ахлат тўкиш ҳолатлари давом этмоқда.

Демак, биз ўз-ўзимизни заҳарлашда давом этмоқдамиз. Бежизга Термиз, Тошкент ва Жиззах ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида турмаяпти. Жорий йилнинг 22 январь ҳолатига кўра ҳаво сифати таҳлилларини Ўзгидромет тақдим қилган. Унга кўра, юқоридаги шаҳарларда РМ2,5 заррачалари ва азот диоксиди меъёрдан ошиб бораётгани кузатилган.

ЖССТ тавсияларига кўра ҳавонинг ифлосланиши саломатлик учун хавфли бўлиб, инсульт, юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш тизими хасталиклари, ўпка саратонини келтириб чиқарадиган хасталиклар ва турли аллергик касалликларни кўпайтиради.

Ҳа, юртимизда ана шундай хасталикка чалинаётганлар кун-кунора кўпайиб бораётгани сир эмас-ку!

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов шундай дейди:

“Янги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳавонинг меъёрдан ортиқ ифлосланиши ҳатто саратон касаллигини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, мазкур муаммо сабаб инсонларда астма ва аллергик касалликлар кўпаяди. Кўчада юрсангиз ҳаво ифлосланишининг шаҳар аҳолисига таъсир қилаётганини реал сезасиз. Чунки ҳар 10 кишининг 2-3 тасида йўталиш ҳолатлари учрайди. Бу ҳавонинг ифлосланиш даражаси меъёрдан ортганидан ҳам далолат беради”, — дейди тадқиқотчи.

Шунингдек, мутахассис, муаммони бартараф этиш бўйича бир қатор тавсияларни ўртага ташламоқда:

“Аввал ҳавони нима ифлослантиряпти, чанг қаердан кўтариляпти аниқлаш керак. Агар табиий омиллар таъсири кучли бўлса, чўл ҳудудларида яшил фитомассалар ҳосил қилиш лозим. Электромобилга секин ўтил­япти, бу жуда ҳам керак. Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун кўплаб илмий ишлар қилинган. Уларни амалиётга жорий этиш муҳим. Завод-фабрикалар мўриларига фильтрловчи мосламаларни ўрнатиш ва уларни доимий техник кўрикдан ўтказиш зарур. Ҳавони асосий хавфли ифлослантирувчи моддалар завод-фаб­рикалардан чиқади”.

Дарҳақиқат, ЖССТнинг Онкологик касалликларни ўрганиш халқаро агентлиги (IARC) 2013 йил эълон қилган ҳисоботда эса ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабчиси экани таъкидланади. Демак, бутун дунё иқлим ўзгаришлари оқибатлари билан аллақачон тўқнаш келиб турибди. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатида ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ оғир вазият ҳукм сураётган бир даврда АКТдан фойдаланиш, иқлим ўзгаришларига мослашишга ва унинг оқибатларини юмшатишга ёрдам бериши мумкин.

Нисбатан арзон масофавий зондлаштириш технологиялари, сунъий йўлдошлар ва ҳатто мобиль телефонлар иссиқхоналар газлари чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини оширишда экологларга атроф-муҳит ҳолатини мониторинг қилиш ва уларни бошқаришга ёрдам беради. Шу боис атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилиш ғояси жуда катта аҳамиятга эгадир.

Халқаро электралоқа иттифоқи бошқаришнинг электрон усуллари, экологик барқарорликни таъминлашда АКТдан фойдаланиш нуқтаи назаридан мамлакатлар тайёрлик даражасини баҳолаш учун турли кўрсаткичларни бирлаштириш масалалари бўйича БМТ томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида Атроф-муҳитни электрон ҳимоя қилиш учун тайёрлик индекси (EERI)ни ишлаб чиққан.

EERI доирасидаги кўрсаткичлар таркибий индекс сифатида АКТ инфратузилмаси, инсон салоҳияти, дастурий таъминот, табиатни электрон муҳофаза қилиш дастурлари, шунингдек, миллий сиёсат ва ташаббуслар, биохилма-хилликни рағбатлантиришга қаратилган йўналишлар, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ошириш ва бу кўрсаткичларнинг узоқ муддатли истиқболлари каби жиҳатларни ҳисобга олиш атроф-муҳитни электрон ҳимоя қилишга тайёр эканлигини кўрсатади.

EERIнинг дастлабки натижалари МДҲ мамлакатлари тайёргарликнинг турли даражаларида эканлигини кўрсатмоқда, лекин кўплаб давлатларда ҳукумат ва аҳолининг юқори даражада хабардорлиги ҳақидаги маълумотлар бу борадаги муҳим қадамни англатади.

Атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун энг муҳими етарли инфратузилмага, инсон салоҳияти ва сиёсий муҳит қўллаб-қувватловига эга бўлиш талаб этилади. MДҲ мамлакатларининг кўпчилигида глобал халқаро ҳамкорликда муҳим ҳисобланган экологик режалаштириш фаолияти учун ҳали инсон ва институционал салоҳият кам. Шу боис масалан, Беларусь турли халқаро экологик дас­турларда фаол иштирок этяпти. Аммо атроф-муҳит масалаларини мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишларига киритиш муаммоли бўлиб қолаётир. Шунинг учун атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилиш ғояларида табиатни ҳимоя қилишда АКТ ёрдам бериши мумкин бўлган соҳалар таҳлили билан бир қаторда энг кенг тарқалган усуллардан фойдаланиш жуда муҳимдир.

“Сайёрамиздаги ҳаво барча инсонларга тегишли эканлигини англаб етадиган пайт етиб келди. Биз ҳавонинг тозалиги учун масъулиятни ҳис этишимиз керак”, дейди Дана Лумис, ЖССТ Онкологик касалликларни ўрганиш халқаро агентлиги вакили.

Ҳозирги шароитда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муҳим давлат дастурларини бажариш ва экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, экотизимларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва қулай яшаш муҳитини шакллантириш учун АКТ соҳасидаги турли техник воситалар ва йўналишлар, жумладан, геоахборот тизимларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Хуллас, ўзимиз яшаб турган, фарзандларимиз камол топаётган шу курраи заминни муҳофаза қилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллашни тартибга солишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, соҳани юқори малакали ходимлар ҳамда илғор технологик ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш бугунги куннинг энг муҳим, кечиктириб бўлмас вазифаларидан биридир.

Барибир бир аччиқ ҳақиқатни такрор айтмасак бўлмайди. Йиллар давомида тинимсиз дарахтлар кесилаётганига, ўрнига фақат бизнес учун уйлар қуриб ташланаётганига, завод ва фабрикаларнинг зарарли ва заҳарли моддаларни экологик нормаларга амал қилмасдан чиқараётганига, чиқинди сувларнинг оқар сувларга қуйилаётганига ва бошқа табиатни муҳофаза қилиш қонунларига зид хатти-ҳаракатларга экологияга масъуллар аксар ҳолларда жим. Қонунчиликни назорат қиладиган органлар ҳам жим. Ҳар қалай, улар фаолиятида лоқайдлик, ҳаракатсизлик жуда юқори.

Бизнингча, ҳаммасига ана шу сабабчи.

Не ажабки, экологияга масъул вазирлигимиз яқинда Ўзбекистонда ҳаво сифатининг стандартларига эришиш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рухсат берган кўрсаткичларга эришиш қийинлигини маълум қилиб чиқди. Бу нимани билдиради? Буёғини ўзингиз тушуниб олаверинг.

Вазирлик баёнотига кўра, дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги кўрсаткичлар ЖССТ тавсия этган стандартларга мувофиқ эмас, кўп давлатлар ўз миллий стандартларини қабул қилган.

Демак, энди ўзимизнинг стандарт бўйича нафас олаверамиз. Қойилмисиз?

Нима ҳам дердик, ҳавомизнинг энг ифлос кўрсаткичини “яхшилаш”га уриниш, уни бартараф этишга қўйилган қадамлар-да бу.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =