Газета ўқимайдиган ҳоким

Аввало, шуни айтишим керакки, “Hurriyat” ёруғ дунё юзини кўрган 1996 йилдан буён бир қаламкаш сифатида унда ёритилаётган тишли-тирноқли мақолаларни, ижод аҳлининг  чиқишларини  мунтазам кузатиб бораман.  Анча йиллар муқаддам  шу нуфузли нашрда  баҳоли қудрат чиқишлар қилганман. Жамоатчилик фикрини уйғотишда  озми-кўпми ҳисса қўшганимдан фахрланаман.

Газетанинг шу йил 31 май 21-сонида босилган таниқли ижодкор Ҳаким Сатторийнинг “Туман газетаси нега ёпилди?”  мақоласидан сўнг шунга акс-садо сифатида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Машъал” газетаси ходими  Маъмуржон Бозоралиевнинг “Туман газеталари ҳам керак!” сарлавҳали даъваткорона  чиқиши, мени фахрий мухбир сифатида бефарқ қолдирмади. Ўз ҳаётий тажрибамга таяниб,  бир-икки жумла айтишга жазм этдим.

Мулоҳазаларимга шу сарлавҳани қўйдим-у, кўз олдимдан ҳамкасбларим ўлароқ, “газетага обуна бўлинг”, деса етмиш икки томири тортишиб кетадиган катта-кичик мартабадаги амалдорлар ўта бошлади. Обуна ахир ихтиё­рий эмасми, нега мажбурлайдилар, деган сийқаси чиқиб кетган иддаодан қулоқларимиз батанг бўлган бир вазиятда… булутлар орасидан қуёш мўралаб заррин нурларини соча бошлади. Журналистларнинг меҳнатини  қадрлаш, оммавий ахборот воситаларини жонлантириш учун замонавий технологияларни олиб киришга қаратилган ҳаётбахш қарорлар чиқарилди. Журналистларнинг касбий маҳоратини даврга мос даражада  ошириш масалалари кун тартибига қўйила бош­ланди.

Камина бир кекса матбуотчи сифатида турли важ-карсонларни айтиб газетанинг обрўсини тўкаётган, ҳозирдан болалаб кетган турли-туман алоқа воситаларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида оғиз кўпиртириб ваъзхонлик қилаётганлар билан сира келишолмайман. Назаримда шундай: менга рўпара келган амалдорми ёки оддий обуначими, улар кундалик шиддатли ҳаёт оқимидан орқада қолган  деб ҳисоблайман. Бундай анойилар ҳеч вақт замона зайли билан  яшай олмайдилар. Болаликдан китоб варақламаган, ундан олинадиган  бир олам завқни ўзида туя олмаган кишига, газета ўқинг дейиш бефойда бир сафсатадир.

Инкор этиб бўлмайдиган яна бир ҳақиқат бор. Матбуот ўз аравасини ўзи тортсин  деб  аксарият нашрлар хўжалик ҳисобига ўтказиб қўйилди. Қайси газетанинг  обуначиси кўп  бўлса, демак, ходимлар ўз вақтида ойлик маошларини олишяпти. Обуначиси етарли бўлмаган  газета-журналларда ҳаттоки малакали, иқтидорли журналистлар ҳам моддият томонидан қийналмоқдалар. Дастлаб қуйи оммавий ахборот  воситаларида кузатилган молиявий тақчиллик бора-бора юқумли касалликдек вилоят, ҳатто республика нашрларида ҳам кузатила бошланди.

Аҳвол шундай давом этса юзлаб, минглаб журналистларга иш топиб беришдек оғриқли муаммо юзага қалқиб чиқмайдими? Журналист кадрлар тайёрлаётган олий ўқув юртлари-чи? Уларни битириб чиқаётган юзлаб ёш кадрлар қаёққа боради? Нима, ҳаммалари сайт очиб олишадими ё блогер бўлишадими?!

Ахир, ҳақиқий мотбуот энг ишончли манба, яна минг йил ўтса ҳам, интернет қанча ривож топса-да, барибир газета ва журналлар бўлиб қолади-ку! Бунга бутун дунё тажрибаси яққол мисол, далилдир, билсангиз.

Шу ўринда бир воқеа ёдга тушиб қолди. Газетамизнинг янги муҳаррири:  “Сиз кекса журналист сифатида устозимизсиз. Газета обунасида озроқ қўл қоқишиб юборсангиз, ҳокимимиз сизнинг ўғлингиз ёшида экан. У обунани қўл остидаги ташкилотлар раҳбарларига тайинласа, бироз ёрдам бўлармиди”, — деб илтимос қилди. Йўқ демадим, ҳоким қабулида бўлдим. Вазиятни тушунтирдим. Ростдан ҳам кенжа ўғлим  тенги раҳбарнинг ҳамма нарсага ўта лоқайд қарашига, яна ўта  димоғдорлигига таажжубда қолдим.  Наҳотки тумандаги юз мингдан зиёд халқнинг бугуни ва эртаси, қолаверса, бутун тақдири шу тепса-тебранмас, масъулиятсиз, кўзи очиғу басирдан фарқи йўқ бир болага ишониб топшириб қўйилган бўлса?!

Ниҳоят, ҳоким бола ўриндиқдан қўзғалиб ҳам қўймай жавобини нақд қилди:

— Мен газета ўқимайман, менга қизиғи йўқ, керакли маълумотни мана бундан оламан, — дея  қўлидаги саб­­зи тахтасидай катталикдаги телефонига ишора қилди.

— Сиз майли, тумандаги кўп сонли ишчи-хизматчилар-чи, улар газета ўқишлари керак-ку? – дедим қайсарлик билан

— Шартмас. Улар ҳали  телефон  сотиб олишади, – деди ҳоким.

Ўшанда  ҳоким қабулидан  жалада қолган йўловчидек бир аҳволда  чиққаним ҳали-ҳануз ёмон тушдек ёдимда сақланиб қолган.

Биласизми, газетанинг “қаттиқ нон”ини нари-бери қирқ йил тотиб, ҳеч қачон нолимабмиз, бирор кун ҳам  кўнглимизни чўктирмабмиз.  Борига- йўғига қаноат қилиб яшадик. Дўппидек туманда чиқадиган газетамизнинг обрўси баланд эди. Бутун республикага  маълуму машҳур бўлган, Иккинчи  жаҳон  уруши қатнашчиси   Мажид ака Самадов қарийб чорак аср бизларга оталарча  талабчан ва меҳрибон бўлиб газетага раҳбарлик қилди. У пайтлар газета ҳафтада уч марта чиқарди. Ҳар икки сондан  бирида тишли-тирноқли бир танқидий мақола ёки фельетон босилар, газета тезда қўлма- қўл ўтиб ўқиларди. Ҳар бир танқидий  мақола туманда кескин муҳокама қилиниб, жавобгарга жиддий чоралар кўриларди. Баъзан ишдан  олиб ташлаш ҳолатлари ҳам кузатиларди.Кейинчалик  Тўхташ Қосимов, Анвархон Аҳмедов, Тўхтамурод Ҳасанбоев каби ўз касбининг устаси бўлган  забардаст журналистлар раҳбар бўлганида ҳам  газетамиз ўз нуфузини мус­таҳкам сақлаб қоди.

Узоқ йиллик  тажрибамга  таяниб шуни айта оламанки,  оддий туман газетасидан тортиб, вилоят, тармоқ ҳамда республика нашрларининг обрўсини ҳам, умрини ҳам, эл-юрт олдидаги жиддий ва самарали фойдали хизматини ҳам оширадиган манба — бу холис ва соғлом танқиддир. Тан олиш керак, бугунги кунда катта-кичик нашрларда  фельетон у ёқда турсин, дуруст­роқ танқидий мақолани кундуз куни чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз. Худдики ҳамма нашрлар келишиб олишгандек жиддий, айни пайт­­да долзарб бўлган ечимга муҳтож масалалар, хатоликлар қаламга олинмайди. Ҳамма замонда ҳам газетхонга ур- қарсак, сур-қарсак қабилидаги фақат олди-қочди мақтовларга тўлган газета  керак бўлмаган. Кичик туманда  муаммолар,  ечимга мухтож долзарб масалалар очилмаган қўриқдек қалашиб ётганида устма-уст мақтовга  ҳожат борми!?

Гўёки ҳамма жой танқиддан холи жаннат дейсиз. Ваҳоланки, юзлаб, минглаб журналист ҳамкасбларимиз фақат ҳамду санодан бўшамай, ўзларининг ўша “қаттиқ нон”ларидан бу кетишда  бенасиб бўлиб қолмасалар эди, деб хавотирга тушасан киши. Холис ва ҳаққоний танқид ёзишдан бир зум бўлса-да, тўхтамаган қалам аҳли шоядки ҳали йўқ эмас. Лекин улар журналистларнинг  катта сафида жуда озчиликни ташкил  этади.

Ҳамкасбларимга юрак ютиб шундай дегим келади:

“Азизларим, кекирдакузар мақтов ва олқишлардан  иборат мақолалар ёзишдан бир муддат чекиниб, жамият дардига малҳам бўладиган, эл юкини енгиллаштирадиган, басир бўлган кўзларни очадиган, қалб ичидаги кирларни ювадиган, ғараздан холи танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишдан сира тўхтаманг! Ана шунда қаламингиз чархланади, атрофингизда  сизга хайрихоҳ, сизга маслакдош, ҳамфикр, дардкаш, тоза қалбли инсонлар кўпаяди. Муҳими, жамият иллатлардан  халос бўлади. Янги Ўзбекистоннинг эртаси ва келажаги учун бу жуда муҳимдир.

Собиржон ИНОМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 1 =